ИШҚНИНГ СУРАТИ
Бугун уни ҳақорат қилишди. Гўзал туйғуларини торозига солиб, қийматини ўлчамоқчи бўлишди. Гўё уни ҳиссиз хасга менгзашди. Оғир, вазмин одамлиги юраксизлик бўлиб туюлди. Ичига, қалбига кириб чиқишибдимики, шундай дейишса...
Ҳар доимгидек Малах бошлади. Ўзи исми - Малоҳат. Ҳамкасб қизлар “Малах” деб чақиради. Бу лақаб унга шунчалар моски...
Билсангиз, тарихий асарларда пиёда аскарларни мўр-малахга ўхшатишади. Бу Малах ҳам худди шундай. Рўпарасида ўтириб олиб, писанда гапларини мўр-малахдек ёпириб, “ҳужум”га ўтади.
Тўладан келган, кўзлари катта-катта, қаҳ-қаҳ отиб кулувчи бу жувон кўринишидан мулойим, камгап, камтариндекгина. Эрталаб ишга келган чоғида ўзини шундай кўрсатади ҳам. Кейин бирдан Малахлиги тутади. Уни пистирмадаги душман каби бироз жим кузатади-да, ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ бир кулиб олиб, “ҳунари”ни бошлайди.
Бир сафар унинг топиш-тутиши эрмак бўлса, бир гал рўзғори, тушлик қилиши бир кунлик овунчоғи бўлса, феъл-атвори икки-уч кунлаб муҳокама қилинади. Хуллас, хонадаги тўрт ожиза не деса ҳам у мардлик қилиб сукут сақлайди.
— Достон ака, ҳеч қизларга гап отганмисиз? Умрингизда бир марта бўлса ҳам сиз гап бошлаганмисиз? — бугунги у томон отилган “малах”лари негадир ҳақоратдек туюлди.
У жавоб бериб улгурмасидан Малахнинг ёнида Санобар пайдо бўлди. Унинг жилмайишида бир дунё маъно, қоп-қоп гап мужассам. Дугонасининг ўнг томонидан серрайиб туриб олди-да, одатдагидек жилмайганча ундан кўз узмади.
Бу табассум Достонга шундай деётгандек туюлди: “Қани сўзланг! Журъат борми, ўзи сизда?”
— Вой, мени қизиқтирган саволни бердингиз, Малах опа, — баланд пошнаси билан японлардан ҳам майдароқ қадам ташлаб, “таққилаб” югуриб келди Зиёда.
— Тинч ўтирсанглар-чи? — бурчакдаги Шоҳида опанинг бу гапи “Менам қуруқ қолмай” дегандек эшитилди.
Достон жавоб бериш ўрнига жаҳлданми, аламданми қизариб кетди. Юзлари ловуллади.
— Вой, — Зиёда туғилаётганида ҳам шу сўзни айтган бўлса керак сира тилидан қўймайди. — Достон ака қизариб кетди. Менимча, ҳеч кимга гап отмаган!
Санобар ҳамон табассумли чеҳраси билан “сўзлаяпти”: “Ростдан ҳам гап отмаганмисиз?”
Вазмин одам - қарида вулқонни яшириб ётган тоғ, тубида асов тўлқинларни беркитган уммон деяверинг.
Достоннинг ҳам ичидаги вулқон ҳаракатга келгандек, тўлқин бир кўтарилгандек бўлди. Лекин ўзини босди. Рўпарасидаги ҳар куни бирга ишлайдигани, доим шу каби гаплар билан асаб толаларини чертиб яйрайдиганларига яна ён берди. Сезди, юзидаги қизиллик ҳам, йиғила бошлаган аччиғи ҳам тарқагандек гўё. Чунки кўз олдига унинг гўзал чеҳраси, кулиб турувчи кўзлари, шодон кулгиси келди. Бирдан қалби ёришиб, бор ғашлик тарқади. Ҳақорат деб ўйлагани - Малахнинг гапи ҳам ҳазилдек туюлди.
— Вой, ҳечам қизларга биринчи бўлиб гапирмаганмисиз, Достон ака? — деди Зиёда эркалик билан.
— Йўқ, — деди Достон жиддий қараб.
— Билувдим, — Шоҳида опанинг овози эшитилди бурчакдан.
— Ана бўлмасам, — ҳафсаласи пир бўлди Малахнинг ҳам. — Ҳечамми?
— Ҳечам. Фақат, кампирларга биринчи бўлиб гапирган бўлишим мумкин, — деди у янаям ўзини жиддий тутиб, компьютер экранига қараркан.
Малахнинг эндигина оғзига олиб борган чинни идишдаги чойи қалқиб кетганидан устига қуйилиб кетай деди:
— Кампирларга?
— Ҳа, кампирларга! Биринчи бўлиб салом берганман-да! Буям биринчи гапиришга киради-ку! — пинагини бузмай сўзлади Достон.
— Ўлманг! Бўлмаса, ҳар куни менга гап отаётган экансиз-да! — Шоҳида опа жим туролмади.
— Ҳмм! — деб қўйди Достон ишида давом этиб.
Аввалига финжоннинг “тарс” этиб столга қўйилгани, сўнг пошнанинг полга жаҳл билан урилгани эшитилди, бу — Малах ва Зиёда. Хўрсиниш ва “шип-шип” этган овоз Санобарнинг ҳам юзидан табассум ариганини билдирарди.
У илк бор аёлларга ҳақиқатни сўзлаб, мағлуб этди. Ҳар гал гапга нўноқлиги, ихтиёридан ташқарида бўлган ўта тортинчоқлиги сабаб, ўзини оқлашга, зўр қилиб кўрсатишга уринарди. Жувонлар эса баттар авжига олишарди. Бугун бир деганда тўғрисини айтди ва зафар қозонди. Аммо барибир дили ёришмади. Чунки уларнинг наздида Достон муҳаббатсиз, ҳиссиз инсонлигича қолди.
Аслида борлиғи унинг ишқида аёвсиз ёнишини, ҳеч бир лаҳза кўз олдидан кетмайдиган қувноқ чеҳрасини ўзгаларга гапириш тугул қиё боққани ҳам қўймаслигини улар қаёқданам билсин?!
Ҳа, мана ўн йилдирки, фақат уни севди, уни билди, уни деди.
Очиғи, ҳатто унга ҳам гап отмаган экан! Ҳозир шуларни ўйлаб, йўлда мийиғида кулиб кетяпти. Кўрганлар жиннига, одамовига чиқаришаётгандир?
Илк учрашуви ёдига тушди.
У онаси топган қиз эди. Ўзи тополмагач, бошқа нима ҳам бўлсин.
— Битта қиз топдим. Сени одам қилади? — деганди онаси ўшанда. — Эртага кўришасан у билан.
Учрашишди. Ёнига бориши билан қиз бошини бирдан кўтариб салом берди-ю, яна эгиб олди. Бу сохта сиполик кулгили туюлди унга. “Шайтон қиз” деб қўйганди ичида. Аммо юзини яхши кўролмагани учун зимдан қараганди. Ҳамон ердан бош кўтармай, майда қадам ташлаб борарди қиз. Достон камгап эмасми, нима дейишни ҳам билмасди. Анча юришди. Оҳиста хўрсингани эшитилди қизнинг. Яна юришди. Бошқа сабри қолмади, шекилли, қиз бирдан шиддат билан очилган гуляпроқ каби бошини кўтариб, елка силтади:
— Бошқа бунақа юролмайман! Уйланмасангиз ҳам майли. Лекин эсли қиз ролини бошқа ўйнолмайман! — бу гапларни шу қадар табиий ва самимий айтдики, ҳатто юзида ғазаб учқунлари ҳам кўринди.
У эса қизга тикилганча мийиғида кулди.
— Нега куласиз? Мен унақа сузили-и-иб юрадиган қиз эмасман. Менга айтишдики, сизга мулойим қизлар ёқаркан. Мен унақа эмасман! — деди кўзларини олиб қочиб қиз.
Ҳа, у мулойим, сипо эмас. Аммо ўзига ярашган болаларча шўхлиги қизларга хос ибо билан йўғрилган. Мана шу ҳислати уни ҳаммадан гўзал этади. Ҳа, у учун бу қайсар қиз ҳаммадан чиройли!
Ўзидан ҳам гўзал қалби, самимияти бор.
Ёдида, тўйларидан бир ҳафта ўтиб, келинчагини аммаси меҳмонга чақирди. Уйи ҳувиллаб қолгандек туюлганди Достонга ўшанда. “Аввал усиз қандай яшаган эканман-а?”, деб ўйлаб қолди. Кечга яқин келди келинчаги. Ҳовлилари, уйлари, юраги нурга чўлғангандек бўлди.
— Кулмасангиз бир гап айтаман, — деди келинчаги хобгоҳга киришганида.
— Нима?
— Аммамларникидан сизга бир нима яшириб олиб келдим. Ўғирламадим. Аммам мана бу шоколадни менга мажбурлаб тутқазди. Есам, жуда бошқача мазали экан. Бир тишладим-у, қолганини сизга олиб келдим. Атай сиз учун дастурхондан яна битта олгани уялдим. **** кўринг, — келинчаги узун енги ичидан қоғозга авайлаб ўралган шоколад чиқариб, унинг қўлига тутқазди. Унда ҳатто иккита тиш изи ҳам бор эди.
— Тишлаган жойимни олиб ташлай... — деди келинчак ўрғайсизланиб. — Ўзи кичкина шоколадлиги учун шу ҳолда олиб келавердим.
Достон кафтидаги кишмиш узум донасидек келадиган ширинликда шунчалар улкан, буюк муҳаббатни кўрдики, ўзининг меҳри ғариб ва ночор туюлди. Лекин келинчагининг муҳаббатидан юксалди, ўсди. Бағрига қаттиқ босди-ю, “Сени яхши кўраман!” деган сўзни айтишга журъат топа олмади.
Тўйларидан кейин дарров кунлар совуди. Ёмғирли кунлар бошланди.
— Неча дақиқаларда ишдан чиқасиз? — деди бир куни қўнғироқ қилиб келинчаги.
— Чиқяпман. Ўн беш дақиқада уйда бўламан! — деди у.
Жуфти ҳалолининг саволини шунчаки деб ўйлаганди. Ёмғир томчилари шивалаб оқаётган автобус деразасидан ташқарига боқиб келаркан, ўз бекатида аёлига кўзи тушиб, ҳайрон бўлди.
— Бу ерда нима қиляпсан?
— Эрталаб соябонсиз кетгандингиз-ку! Уйгача анча йўл, ивиб кетасиз! — деди у чақноқ кўзларини яшириб.
— Ойимга нима дединг? — келинчагининг шўхлиги, болаларча соддалигидан хавфсиради Достон. Аммо ҳазил билан яна сўради. — Яна “Эримга соябон олиб чиқай”, демадингми?
— “Ўғлингиз қўнғироқ қилди. Бирор кимдан бекатга соябон бериб юборарканмиз”, дедим. “Ўзингиз олиб бора қолинг, кимга ялинамиз”, дедилар ойим...
Жуфти ҳалолининг меҳри, ғамхўрлиги, фаросати уни лол қолдира бошлади.
Рўзғорда нималар бўлмайди. Уришиб қолишди. Келинчаги ўзгаларга ўхшаб бақирмади, аразламади, тугунини тугишга киришмади. Уйнинг бурчагида ўтириб, эзилиб йиғлай бошлади. Нозанин жуфтининг шу ҳоли ҳам адолатсизликдан ўкинган болакай аҳволини эслатди унга. Чидолмади.
— Кет! Майли, бор онанглариникига бора қол! Мени ёмонласанг ҳам, “Аразлаб келдим”, десанг ҳам майли, — ёрига нисбатан кўпчиётган раҳми ва меҳрини сохта ғазаб билан ёпмоқчи бўлди эр.
— Кетмайман! Кейин олиб келмасангиз нима қиламан? — болаларча баттар ҳақиллади келинчак.
Достон ортиқ ўзини босолмади. Бир бор ростгўй, самимий ёри олдида ғурури букилса-букилар!
Ёнига борди-ю, маҳкам қучоқлади.
— Кетма! Асло кетма! Бир умр мана шу уйда, ёнимда, юрагимда яша! — деди зўрға.
Келинчаги индамади! У шунақа! Номига бўлса ҳам хушомад қилиб қўймайди! Тўйғуларини борича кўрсатади, эрини борича қабул қилади!
Агар Достонга ишқнинг суратини чиз десалар, аёлини чизарди. Чунки муҳаббат ҳақида гап кетса, кўз олдига аёли келади! Юрагида содда, шўх, самимий, тўғрисўз, фариштамисол аёл билан яшаётган ҳолда у қандай қилиб бошқаларга қарасин? Нима учун қизларга гап отсин? Унинг соф ҳисларини қанақасига сохтасига алишсин? Афсуски, буни ҳамкасблари тушунмайди. Дилини хира қилади. Ҳечқиси йўқ! Мана, уйига етиб ҳам келди. Ҳозир уни кўради-ю, ҳаммаси унут бўлади!
ТАМОМ.
#Наргиза_Усенбаева https://t.me/Ibratlihikoyavaqissalaruz
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев