(Дам олиш кунида мазза қилиб дам ололмаганлар учун 😉😁)
Ўтиб мана олти кун,
Кириб келди якшанба.
Оёқ узатиб бугун,
Дам оламан, эҳ мазза.
Ҳар кун ҳар ёнга чопиб,
Иш кўринар кўзимга.
Бугун фурсатин топиб,
Оро берай ўзимга.
Ширин ҳаёллар билан,
Тайёрладим нонушта.
Бироз беҳи бор эди,
Мураббо қилдим қишга.
Ширинтомоқ бир болам,
Пирог егиси кепти.
Ичига соласиз деб,
Олма олиб келипти.
Сазасини ўлдирмай,
Тайёрладим ширинлик.
Тўрттагина бўлагин,
Қўшнига ҳам илиндик.
Гап бошлади бир болам:
- " Бугун уйда экансиз.
Вақтим бўлганда манти,
Пишираман дегансиз! "
Синиқ жилмайиб қўйдим,
Ҳа, эсга тушди ваъдам.
Икки соатга қолмай,
Тайёр бўлди манти ҳам.
Таомландик бўлиб жам,
Дам олишга ҳали бор.
Эртага иш, ўқишга,
Кирларни ювиш даркор.
Кир ювиб босдим дазмол,
Супурдим ҳовли, айвон.
Телевизор қўйгандим,
Ёрим қилди телефон.
- " Балиқхўрлик қилмоқчи
бўлдик дўстларим билан.
Қара ўчоқ бошига,
Дастурхон ёз, тайёрлан."
Мен югурган ҳизмат-да,
Иш-ла одам ўлмайди.
Ахир ўзбекнинг куни,
Меҳмонларсиз бўлмайди.
Кечроқ ёздим конспект,
Дарс қилдим ўғлим билан.
Топшириқ шу- пиширдим,
Балиқ ўз қўлим билан.
Иссиқ балиқни тортдим,
Соуси билан атай.
Дедим, улар бўлгунча,
Ўзимга вақт ажратай.
Қизимнинг ўтинч билан,
Боқиши недан дарак?
Дейди: - " Ойи, боғчамга,
Гербарий қилиш керак. "
Йиғдим беш- ўнта барг,
Очилсин деб чиройи.
Ясадик гербарийни,
Бир ажойиб, киройи.
Раҳмат айтиб меҳмонлар,
Тарқалишди бирма- бир.
Йиғиб- териб идишни,
Ювдим қилганча сабр.
Ҳамма ишга улгурдим,
Энди бўлдим бемалол.
Уйга кириб соатга,
Кўзим тушиб қолдим лол.
Тун. Ўн бирдан ўтган вақт,
Соат чиқ- чиқ юради.
Ҳадемай, ҳализамон,
Душанба ҳам киради.
Яна иш, яна ўқиш,
Яна минг ҳил юмушлар.
Навбат кутиб туради,
Гап-у гаштак юришлар.
Якшанба- дам олишдир,
Бу аниқ факт, чин манба.
Икки кун бўлмайсанми,
О, бевафо якшанба.
Бугун дам олмаганим,
Майли ичга ютаман.
Олти кун санаб яна,
Якшанбани кутаман !
ВаллохуАлам
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев