Менга тошлар отиб, асрадинг кимни?
Ким учун бу қадар ғазаб ва итоб?
Наҳотки севгисиз диллар олдида
Тоза севгим учун берурман жавоб?
Бир ўтдай куйдириб ўтдинг шиддаткор,
Бир кескир қиличдай санчилдинг нохос.
Наҳот кўнглим учун адоват даркор?
Наҳот севгим учун олурсан қасос?
Кўзингда томчидай яшаган бўлсам,
Бир умр тўкилиб сўрайман узр.
Адашиб бир меҳр ташлаган бўлсам,
Қароғимни юлиб тилайман ҳузур.
Фақат, айт, кимларга бўлади қурбон
Менинг бор дунёмни ловуллатган Ҳис?
Ким эди?
Мен уни оғритдим ёмон,
Ким эди
Сен учун шу қадар азиз?..