Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишидир».
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: Қуйидаги тўртта хислат кимда бўлса, аниқ мунофиқ бўлади, кимдаки улардан биттаси бўлса, уни тарк этмагунча мунофиқликдан бир хислати бор экан, дейиладир:
- омонатга хиёнат қилади;
- сўзласа, ёлғон сўзлайди;
- шартнома тузса, шартида турмайди;
- уришиб қолса, кек сақлайди ва ноҳақлик қилади.
Аллоҳ таоло ояти каримасида: «Жаннат- қилган амали солиҳларингиз эвазига берилгандир», - дейди. Бошқа бир оятда эса: “Роббинг, муқаррарким, барчадан «Ла илаҳа иллаллоҳ»га қандай амал қилганларини сўрамай қўймас”, -дейилади. Яна бир бошқа оятда: «Нажот истаганлар амал қилсинлар!», -дейилган.
Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: «Қайси амал афзалдир?». «Аллоҳ ва унинг Расулига ишониш», -деб жавоб бердилар. «Ундан кейин қайси?», -дедилар. «Аллоҳ йўллида жиҳод қилиш», -деб айтдилар. «Ундан кейин- чи?», -деб сўрадилар. «Қабул бўлгучи ҳаждир», -деб жавоб қилдилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қуйидаги 3 нарса кимда бўлса, у иймондан ҳаловат топади:
- кимки Аллоҳ ва унинг Расулини бошқалардан яхшироқ кўрса;
- яхши кўрган кишисини фақат Аллоҳ яхши кўргани учун яхши кўрса;
- кофирликка қайтишликни худди ўтга тушгандек ёмон кўрса”