Хикоя.
Низомбек онаси топган қизга уйланди. Бу оила шаҳарда ном чиқарган бадавлат ва зиёли сулолага оид бўлиб, энг кичик мансаб эгаси ҳисобланган вакили ҳам жилла қурса банк бошқарувчиси ёки қайсидир ташкилотга раҳбарлик қиладиган одамлар эди.
Низомбекнинг оиласи ҳақида ҳам бироз тўхталсак, Туҳфа опа узоқ йиллар аёл киши бўлишига қарамай катта бир ташкилотнинг бош ҳисобчиси бўлиб ишлади. Катта қизи ҳозир банкда бош ҳисобчи, кичиги эса ҳусусий фирма раҳбари. Оила бошлиғи Матлаб ака узоқ йиллар трестда ишлади.
Низомбек олийгоҳни битирадиган йили-онасига яхши кўрган қизи борлигини айтди. Туҳфа опа у бешинчи марта айтганидан сўнг ўғли берган манзилга қизнинг оиласини бир назардан ўтказиш учун борди.
Борса, камбағалгина бир оила, қиз ўғлининг курсдоши экан.
Ҳуллас, бу оила Туҳфа опанинг назарига ҳам кирмади. У қилди-бу қилди ўғлини ўзи истаган оиланинг қизига уйлантирди.
Аслини айтсак, Раъно-келин бўлиб келган куниёқ ундан қайнона бўлмишнинг ичи сал ҳижил бўлди. Ўзи истаб олган келин, аммо ишни жуда секин қилади. Худди уйқуси чала одам мудраб эшик супургандек эзмаланиб кўча супуради, идиш ювса ҳам соатлаб дегандек...
"Ҳа энди қўлини совуқ сувга урмай катта бўлган қиз-да!"- деб ўйлади.
Кейин эса ўзи ўхшатган нарсани Раънога лақаб қилиб қўя қолди: "мол ёғи!"
Ҳа, унинг наздида Раъно тезда тўнгиб қоладиган мол ёғига ўшарди. Муомаласи ҳам, ғимирлаши ҳам, чой қуюш-овқат қилиши ҳам тўнгиб қолган ёғга ўхшайди. Қани, бу тўнгиб қолган келиннинг орқасидан қайноққина чой ичишнинг иложи бўлса...
"Ҳа имилламай... Ҳар нарса бўлгур!"
Туҳфа опа узоқ пайт келинини кузатиб ўз асабларини ўзи **** яшади. Ўғлининг ҳолига ҳали қиё ҳам боқмабди!
Низомбек ишдан кеч қайтади, қайтганидан сўнг ҳам бир соат машинасининг ичида ўтиради. Билмаган одам машинасини қоронғуда қолдиришга кўнгли бўлмай ўтирибди деб ўйлайди.
Туҳфа опа қараган пайтда ҳали унда ўтириб мусиқа эшитаётган бўлади, ҳали бир жойларини чуқулаётган...
-Менга қара! Машинанг кўп ҳунар чиқаряптими дейман?
-Сал шунақароқ...
Бу мавзуни Туҳфа опа атай Раънонинг олдида очди. "Қаний, фаросати ҳам тўнгиган эканми буни?"
Йўқ, Раъно тушмагур гапнинг мағзини уқибди! Низомбекка қайнотаси қайсидир байрамни баҳона қилиб туриб, янги машина совға қилди...
-Ҳа битта бўлса ҳам плюси бор!
Туҳфа опа мамнунона келини тарафга қараб қўйди. Аммо бу севингани узоққа бормади.
Бойнинг қизи деб шошиб олаверган экан, Раъно иккиқат бўлди-ю, боши касалдан чиқмай қолди. Ҳали оғироёқ ёшгина қизнинг қон босими ўйнаб қўрқитади, ҳали буйраги иш кўрсатиб...
-Кимсан фалончисан! Ҳа, қизингни илигини бақувват қилиб ўстириб қўймайсанми? Ҳе, ўзи чимсада буни! Мана энди касал-касал-касал...
Раъно бир амаллаб ўғли Имронбекни туғди. Яхшиям ўша кесерово деган нарса чиқибди! Дўхтирлар энди уч йилдан кейин иккинчисига урин деб айтишибди...
Уч йил ҳам шип дегандек ўтди кетди. Низомбекнинг ҳаёти ўша-ўша машинаси ичига қамалиб қолган аридек ўтмоқда...
Ғинғ-ғинғ-ғинғ...
Туҳфа опа мана энди ўғлига тузукроқ эътибор қилди, чунки билди Раънонинг бўлиши шу экан!
Низомбек билан Раъно худди бегоналарга ўхшашади. Келин ҳам тўнг-тўнг-тўнг, ўғил ҳам...
Туҳфа опа ўйлаб қараса, тўрт йилда ҳам эр-хотиннинг бир-бирига қилган яримта қочиримини кўрмабди. Ўғли жим, келини жим. Раъно уйига уялайди, ўғли машинаси ичига. Имрон-Туҳфа опанинг этагида!
Лайлак ташлаб кетгандек бўлиб, иккинчи набираси Райҳон туғилганда -Туҳфа опанинг сал бўлса ҳам кўнгли таскин топди. Қиз болани-отага меҳрибон бўлади дейишади, отани-қизга! Ажаб эмас анави машинаси ичига қамалиб қолган ўғил-жонивор ҳам энди сал қизига ийиб, ўзига келиб қолса...
Аммо ҳаёт, турмуш тарзи деган нарсалар бу иккинчи неъматнинг ташрифидан кейин ҳам ўзгармади!
Туҳфа опа кейин "икковингни ҳам кўрмайинам-куймайинам" дедими ё алоҳида яшаса сал аҳвол ўнгланар деб умид қилдими ёлғиз ўғлини қачонлардир олиб қўйган квартирасига чиқариб қўйди.
Набиралари кўзидан ўтиб, икки кундан сўнг ўзи ўша квартирага борди. Борса, ўғли бир ҳафта уйни таъмирладим деб алдаган экан. Ҳов ўша икки мингинчи йили ўзи арзимас пулга қилган таъмири!
-Қизиқ, бир ҳафта уста боқяпман деб қаёқда санғиб юрди бу ўғил?
Туҳфа опа бу ишни ўзи бош бўлиб қилмаганига энди ўзидан хафа бўлди.
-Вой тавба, ўзбегимнинг мақолидан ўргилай! Бўйнидан боғланган ит-овга ярамас деган мақол бормиди? Бу иккисини гугурт чўпдек бир-бирига суяйман деб сочимга оқ тушди-я. Яшамайсанми, ҳаётнинг чангини чиқариб, ниманг кам? Ниманг етмаяпти? Ўғил деса ўғлинг бор, қиз деса қизинг, уй деса уйинг бор, жигар десанг жигаринг, пул десанг пул бор, берадиган қўл десанг-қўл! Ё қудратингдан...
Туҳфа опанинг бу маломатида "кўнгил десанг-кўнгил!" деган ибора йўқ эди...
Ҳар ким суйган ошини ичади, кўнгилнинг эса иши қийин!
Бир куни Туҳфа опа тушунмаган ҳақиқатни осмондан тарақлатиб ташлагандек катта қизи Умида айтиб қолди:
-Ойи, келинингизни у дейсиз, бу дейсиз. Уям нима қилсин, Низом ўзи билан ўзи! Эридан ширин гап эшитмаган аёл шунақа қўли ишга бормай қолади. Ўша сиз айтаётган жаз-жуз келинлар энергияни қаердан олади деб ўйлайсиз? Кўнглига биров ўт қаламаса, яйратмаса-у бечора яна нима қилсин?
Туҳфа опанинг кўзи мошдек очилди, аммо энди кеч. Қолган икки йил ўзи билан гапи ҳеч қовушмаган қудаларига поҳол солиш билан ўтди. Барибир яхши одамлар экан, ўзларини ҳеч нимани билмайдигандек тутишди.
Эҳ бу Раъно...
Туҳфа опани телефон овози бемаҳалда жиринглаб уйғотиб юборди. Қараса, ўғлининг рақамидан.
-Ойи, келинингизнинг мазаси қочиб қолди. Ҳозир дўхтир чақирдим. Сал аҳвол чатоқ дейишяпти.
Бир ўзи пайпасланиб чироқни ёқди.Соат икки. Шу маҳалда нима бўлдийкан. Ўғлига яна қайтиб телефон қилди:
-Менга қара ўзи нима бўлди?
-Қон босими бирдан тушиб кетган дейишяпти. Оёқ буткул фалажланиб қолибди. Ҳозир укол қилишяпти, аммо...
-Сен шу пайтгача қаёқда эдинг, нега вақтида дўхтир чақирмадинг?
-...
Бомдодга яқин Раъно абадий уйқуга кўз юмди. Шу йил ўттизга тўлиши керак бўлган жувон икки боласини ортида қолдириб кетди.
Туҳфа ҳола маърака чоғи қудасидан ғалати бир гапни эшитиб қолди:
-Низомбекка ачиниб кетяпман. Раънога қандай меҳрибон эди. Қизим эрини шунақа мақтарди, шунақа мақтарди. Қуда раҳмат, қизим сизнинг қўлингизда маликалардек бахтиёр яшади. Энди жаннатларда ҳам шундай юрсин!
-...
Туҳфа опа тушунди. Нега қудалари шунча йил унга ҳеч нарса демаганликларини...
Раъно-ўша мол ёғидек тўнгиган келини ҳаммасини ичига солиб яшаган. Ичига!
Уч ойдан кейин Низомбек квартирада таъмир бошлади. Туҳфа опа жим. Матлаб ака ҳам. Фақатгина Умида келиб, ҳамма жойни чанг-у тўзон қилиб кетди!
-Ойи, домга бордингизми? Низом ҳамма нарсани янгилаб ремонт қиляпти. Қиммат эшиклар ўрнатибди, қиммат обойлар... Бунинг бир балоси бор!
Ўн беш кундан кейин Туҳфа опа ўша "бир бало" ни ўз кўзлари билан кўрди.
Раънодан қолган ёдгор - Райҳон скамейкада уч ёшли бир қизчани ўйнатиб ўтирибди. Имрон аммасиникида.
Қизчадан кимни ўйнатиб ўтирибсан деб сўради. У эса мунг тўла кўзлари билан бувисига боқиб "синглимни!" дея жавоб берди.
Алҳазар, бу кўзлар- Раънонинг кўзларига жуда ўхшаш эканлигини шу жойда билибди...
Туҳфа опа ўз квартирасига ўғли янги эшик қўйдирганидан ҳам бехабар экан. Ажаб... Низомни бир кўраман-у, "уйга бор!" деб бир оғиз айтиб кетаман дея келганди.
Эшикни сочлари қорага бўялган, олифтагина бир жувон очди. Посонгина! Бўйнида қўш-қўш тилла...
-Ассалому алайкум!
-Узр, Низомбек керак эди. Сиз кимсиз?
-Аёллариман. Улар ишда эдилар.
-Ҳм, исмингиз нима?
-Малоҳат!
-Ҳа раҳмат. Келса, менга телефон қилсин. Рақамим....
Зинадан тушаркан, Туҳфа опа ўгирилиб яна ортига қаради.
Ортидаги эшик аллақачон ёпилиб бўлганди.
Тамом.
Ummu Zaynab Ummu.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев