Рус.
Табло
Статистика
Минбар
Криштиану Роналдунинг буюклигига шубҳа қилганлар ва уни хуш кўрмайдиганлар учун
23 октябрь 2014, 14:45 10413
Криштиану Роналду – замонавий футболнинг энг ёрқин намоёндаларидан бири. У чексиз маҳорат, улкан қобилият ва иқтидор эгаси. Роналду бир қатор рекордлар эгаси бўлибгина қолмай, амалдаги “Олтин тўп” соҳиби ҳамдир. Португалиялик футболчининг ижобий хислатларини таърифлайдиган илиқ сўзлар беқиёс. Аммо шу билан бирга Роналдунинг хуш кўрмайдиганлар ҳам кўп.
Португалиялик футболчи “Реал Мадрид”даги ўйини билан барча мухлисларни ҳайратлантириш билан биргаликда, буюк эканини исботлаб улгурган. Зеро, янги мавсумда ўтказилган учрашувлар бунинг яққол исботидир.
Қўриб турганингиздек, Ла Лиганинг 7 учрашувида Роналду 15 маротаба гол киритишга (гарчи 4 таси пенальтидан бўлса ҳам) улгурган. Бу эса, баъзи жамоаларнинг чемпионат давомида киритган голларидан кўпдир.
Ҳамон унинг буюклигига шубҳа қиляпсизми? Кеча, “Энфилд Роуд”да Роналду яна катта саҳнага чиқди ва ушбу мавсумда ЕЧЛдаги учинчи ва еврокубоклардаги 70 голини киритиб, Раулнинг рекордига деярли етиб олди. Таъкидлаш жоиз, “Барселона” ҳужумчиси Лионель Месси (унинг ҳисобида 69 та гол) ҳам Роналду ортидан қувиб бормоқда.
Ундан ташқари, Роналду киритган голлари "Барселона" етакчилари Месси ва Неймар урган голлар йиғиндисига тенг. Роналду Европа топ-5 чемпионатлари ичида энг тез гол киритаётган ягона футболчи. Португалиялик юлдуз 1 та гол киритиши учун ўртача 42 да дақиқа вақт зафрлаяпти. Бошқа ўйинчиларнинг натижаси билан қуйида танишинг ва ўзингиз учун хулоса чиқаринг.
Аммо футболчининг буюклигини тан олмайдиганлар дарров унинг терма жамоадаги ҳаракатларини танқид остига олишади. “Нима учун “Реал”да зўр ўйнайдиган Роналду терма жамоада ҳеч нима қила олмайди”, дейдиганлар ҳам топилади.
Тўғри, Роналду термада “Реал”даги сингари порламаслиги мумкин, аммо бунинг бир нечта сабаблари бор. Ана шу сабабларини биз сиз билан ўрганиб чиқамиз.
“Реал”даги ўзгача муҳит
Роналдунинг ҳар икки томонда икки ҳил ўйин кўрсатишининг биринчи сабаби – “Реал”даги “ўзгача муҳит”. У ердаги мухлислар далдаси ва жамоадошларининг тинимсиз захматлари унинг доимо “порлаб юришига” қисман бўлса-да, таъсир ўтказади. Мисол учун Гарет Бэйл имкон бўлди дегунча майдонда Роналдуни қидиради. Бэйл томонидан ақлбовар қилмас даражада аниқлик билан етказилган тўпларни Роналду осонлик билан рақиб дарвозасига жойлайди.
Бэйл бўлмаса мана Хамес Родригес бор. Яна кечаги ўйинга қайтадиган бўлсак, колумбиялик футболчининг "сеҳрли" узатмаси Роналдуни бир зумда топди ва португалиялик футболчи нишонда адашмади.
“Ўрганган кўнгил ўртанмас”, деб шуни айтишса керак. Зеро, Португалияда “Реал”даги каби Роналдуни доим тўп билан таъминлайдиган, уни тушинадиган ва унга далда берадиган футболчилар йўқ. Роналду эса бир ўзи бутун терма жамоа учун тер тўка олмайди.
Шундай бўлса-да, Роналду имкон қадар терма жамоа шаънини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади ва бутун зиммани ўз елкасига олади. Бундан бир неча ҳафта аввал Франция терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида португалиялик футболчиларга афсуски, омад кулиб боқмади. Роналду ҳам ўша учрашувда ўзини кўрсата олмагач, бош мураббий томонидан алмаштирилди.
Керакли вақтда керакли натижани қўлга кирита оладиган Роналду тинимсиз ҳаракатлари, етакчилик ҳислатлари ва ғалабага бўлган ишончи эвазига Евро-2016 саралаш баҳси 3-турида, Дания термаси билан кечган учрашувнинг 90-дақиқасида у терма жамоасига 3 очко олиб келди. Шундан сўнг ҳам у буюк ўйинчи эмасми?
“Реал”даги “юлдузли” рақобат
Роналдунинг “Реал” сафида терма жамоадан кўра яхшироқ ҳаракат қилишининг яна бир сабаби бор. “Мадридликлар” сафида дунёнинг энг сара ва кучли футболчилари йиғилган – Гарет Бэйл, Хамес Родригес, Карим Бензема, хуллас, иқтидорлар жуда кўп. Ана шулар орасида “сўниб” кетмаслик учун ҳам Криштиану Роналду жуда кўп тер тўкишга мажбур.
Ёдингизда бўлса “Ливерпуль”да “гуллаган” Майкл Оуэн, “Манчестер Юнайтед”да “яшнаган” Дэвид Бекхам ва шу каби бир қатор юлдузлар “Реал”даги рақобатга дош бера олмай, ўз фаолиятининг асосий қисмига катта нуқта қўйишган. Аввал заҳира ўриндиқларида кун ўтказган ўша “юлдузлар” кейинчалик “Реал”ни тарк этишга мажбур бўлишади. Роналду эса сай-ҳаракатлари эвазига ўз статусини ушлаб келяпти ва ҳозирча у ўз вазифасини аъло даражада ўтаб келмоқда.
Балки гап мураббийдадир?
Ким билади, дейсиз, Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернандо Сантос Роналдуга бераётган кўрсатмалари нотўғридир? Аммо айтиш керакки, Фернандо Сантос терма жамоани бошқарганига кўп бўлмади (атиги бир ярим ой). Мутахассис Роналдунинг “муваффақият калити”га йўл топиши учун вақт керак. Умид қиламизки, Роналду терма жамоада сафида ҳам кутилаётган натижаларни қайд этади. Португалиялик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ Карло Анчелотти Роналдуни қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда ишга солишни билади ва бу амалда ўз самарасини кўрсатмоқда.
Сўзимиз сўнггида португалиялик буюк футболчига келгуси фаолиятида улкан зафарлар, муваффақиятлар ва янги рекордларни амалга оширишни тилаб қоламиз.
SPORTS.uz
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 19