Бу дунёнинг қувончи кам,
Дарду ғами — зиёда,
Аммо ғамдан қочмоқнинг ҳам
Тадбири кўп дунёда.
Кимнинг дилдош бор улфати,
Дардин унга тўкади.
Ёлғизларнинг бор кулфати
Дил тубига чўкади.
Ким нажотни сокин туннинг
Уйқусидан сўрайди.
Ким ғамини никотиннинг —
Тутунига ўрайди.
Дил заҳмига малҳам топар
Ким ҳабиб, ким табибдан.
Ким қочмоққа айлар сафар
Ғам аталган рақибдан.
Гар буларнинг йўқ имкони,
Сўнгги чора этмоқ бор.
Кулфат тўла бу дунёни
Шартта ташлаб кетмоқ бор.
Лек оламда бир дард борки,
Унга сира нажот йўқ.
Бу азобга ким дучорки,
Унга кун йўқ, ҳаёт йўқ.
Бу машаққат ичган билан
Дил тубига чўкмайди.
Уни ҳеч ким юрагидан
Ҳеч кимсага тўкмайди.
Халос этмас битта арқон,
Нуқта қўймас битта ўқ