Абдулазизов
ЛАҚАЙНИНГ ХОЛОСКОРИ МАМАТҚУЛ ОҚСОҚОЛ
“Ҳар бир савоб ва ҳатто мубоҳ ишларимиз ҳам шу ватаннинг озодлиги ва ободлиги учун бўлсин”.
Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой ўғли.
Кириш
Маматқул Имомбердиев 1880 йил баҳор пайти Бош-Қайнар қишлоғидаги, Эсанхўжа уруғининг оқсоқоли Имомберди бой оиласида дунёга келди. Отасининг бир сурув қўю эчки ва бир уюр йилқиси Жетимтов ўнгирларида қишлаб, кўкламда, Ромитнинг Канасидаги Зулҳайдар авлодига тегишли яйловга чиқиб кетарди. У, бундан кўп йиллар олдин Фахробод жулгесининг Жермечит қишлоғидаги моли сувлайдиган чашманинг қуриб қолиши натижасида, қабиласи учун қулай жой излаб, Бош--Қайнар ёнидан оқиб ётган шўр сувни учратади. Бу сойдан моли сувлаши, қишлоқнинг юқори қисмидаги адир устида учратган ширин сувли чашмадан уруғдошлари баҳраманд бўлишини кўзда тутиб, шу ерга кўчиб келади.
Маматқул етти ёшида қишлоқ мактабига қатнай бошлайди. Имомберди бой, ҳафтиякни тугатган ўғлини Ҳисор мадрасасига, ўқишга юборади.
1910 йил Маматқулнинг отаси бандалик қилгандан кейин, Эсонхўжа уруғининг энг баланд обрўга эга кишиси Маматқул бўлгани учун амирлик томонидан унга мингбоши унвони берилади.
Амир Олимхон тахтини ташлаб қочган вақт Маматқул мингбоши, мадрасани тамомлагандан кейин яшай бошлаган Оқ уйли (ҳозирги Оқули боло) қишлоғидан Бош қайнарга кўчиб келади. Маматқул нафақат уруғдошлари, балки, Ҳисор беклигига қарашли бошқа қабила вакилларининг орасида ҳам ҳурмати баланд бўлгани учун уни- Оқсоқол деб номлардилар.
Ёв ичида
Лаганбардорлик, мулозамат ва тавозеъ қулларга хос одат. Бу қусурларни бизнинг элга тенг кўрманглар.
Муҳаммад Иброҳим бек Чақабой ўғли. 1922 йил. Куз. Айни экин-тикин маҳали. Бош-Қайнарлик деҳқонлар, хотин-халаж билан тиним билмай ерга ёпишган. Бел, кетмону чўқир кўтарганлар ором билмас. Чунки, Аралтўғай томондан қизил босмачилар кўриниш бериб қолгудай бўлса, қишлоқ аҳолиси жон ҳолатда ўзини Жетимтов бағрига уриб, жабру зулмдан ҳимояланарди. Орқароқда қолган баъзи бир бечораларни ушлаган босқинчилар улоқ тортиб ўлдиришу ёки чопиб ташлаш ҳоллари ҳам бўлди. Кейинги вақтлар қизил босмачилар анча ваҳшийлашиб, одам овлашнинг янги усулларини қўллардилар. Мужоҳидларга озиқ-овқат ва бўзбола ёшига етган йигитларни жўнатиб турган халқдан ўч олмоқчи бўлиб, Муҳаммад Иброҳим бекни очиқ жангда енголмаслигига кўзи етди. Энди қишлоқларни аҳолиси билан бирга кулини кўкка совура бошладилар. Безиб қолган тинч аҳоли додини кимга айтишни билмас. Бу ҳолдан халқнинг ўзи йўл топмаса, келгуси ҳосилдан умид йўқ. Мана, бугун ҳам деҳқонлар чамалаган иш, жой-жойида қолди. Чунки, қизил босмачилар ҳар вақтдагидек Аралтўғай томондан чиқиб келарди. Экин-тикин билан банд аҳоли қий-чув қилиб, адир сари зўр беришдилар. Кўпчиликдан ажраб қолган Маматқул мингбоши қораси кўринган босқинчиларга пешвоз чиқди. Малла юзли аскарлар адирда қочиб кетаётганлардек, қўрқмаган «басмач»нинг атрофини ўраб, қизиқсиниб кузатардилар. Бу вақт олдиндан келишилган ҳолда, Маматқул мингбошидан бир неча қадам нарида: Мусо, Иноят, Ҳусан қора, Мамасохон ва укаси Холмурод ботирлар усти шох-шабба билан беркилган киши билмас, чуқурликда босқинчиларни қуролдан нишонга олиб ўтиришар. Агар Маматқулга ҳамла қилишса, қараб турмас эдилар.
--Ҳа, нима бўлди? Улгурмадингми қочишга? -деди сариқ юзли босқинчи ярим рус, ярим татар тилида. Намойишкорона қиличини қинидан суғираркан.
--Ниятинг нима болшавой? Бу ишингдан бирон хил мақсад кўрмаётибман. Иложини қилиб деҳқонларни тинч қўйсанг. Бу ҳолатда келгуси йили дон масаласи чатоқ бўлади. Одамларни ҳам тушиниш керак. Булар яна қаерга кўчини кўтаришади. Ҳамма жойда аҳвол шу куй. Деҳқонлар ўз ҳолига қўйилса-ю халқ ерга дон ташлаб олса, -деди мингбоши қизил командирга, хавотирли нигоҳини қилич яланғочлаган босқинчига қаратмасликка ҳаракат қиларкан.
Бу вақт қўрқитиш учун яланғоч қиличини бир неча марта оқсоқол бошидан ошириб, у ён-бу ён сермаган малла сочли босқинчи, ниятига ета олмай, тиғини ғилофига солиб қўйди-да, бошлиғининг оғзига тикилди.
--Ҳа, жонингга тўйган кўринасан «басмач». Сенга ўхшаганларни учратган жойда, қилич дамидан ўтказаверсак тўғри бўларди-ю, - деди камарига тўппонча таққан, қора чарм яктак кийгани, қошларини маънодор чимириб. Тунов кунги мажлисда:”Жойларда террорни камайтириш керак. “Қора”ларнинг ҳурматли қисмини ишга жалб қилиш йўлини тутмасак бўлмайди. Кейинги тозалаш ишларимиз аҳолининг кўп қисмини бездириб, бир қисми тоғма-тоғ изғиб юрган бўлса, бошқалари эса кўчини Афғонга кўтаришди. Мақсадга эришиш учун қора халқ уйларига қайтиб меҳнат билан банд бўлиши керак,-деган бошлиқнинг гапини эслаган зобит,-- майли, бетга чопарлигингни биринчи мартасига кечираман. Гапларинг менга маъқул бўлди. Тўғри тушинган бўлсак, сен бу ёввойиларга бош бўлмоқчисан. Шундайми?! Майли, биз рози. Лекин, ҳозирнинг ўзида халқни орқага қайтарасан. Кўзимизча, ишларини давом эттиради. Шу билан сен ҳам синовдан ўтасан,-деди буниси соф ўзбек тилида, айёрона кўз қисиб.
Жетимтов бағридан кузатиб турган одамлар кутганидек, қўлга туширган ўлжасини босқинчилар улоқ тортишмади. «Ўлжа» қизиллар орасидан соғ-саломат чиқиб, адир ёқалаганча, халойиқ томон юра бошлади. Яқинроқ келганда унинг Маматқул мингбоши экани маълум бўлди. Холмурод ботирлар яширинган жойида қимирламай душманларни кузатиб турарди.
--Оғаинлар! Омон-омон бўлди. Болшавойлар билан гаплашдим. Энди бошқа безовта қилмайди. Қишлоққа қайтиб, рўзғор ишларингиз билан машғул бўлаверинглар,-деди Маматқул ота нафаси бўғзига тиқилиб.
--Нима, қизиллар ҳозир ҳам турибди-ку?! Олдин улар кетишсин. Кейин борамиз. Бўлмаса, алдаб, қўлга олмоқчи бўлса-чи?! Бешбулоқ қишлоғидаги қатлиом ҳеч кимнинг эсидан чиққани йўқ. Халқни ошу нонга чақирган кофирлар, нон-насиба ошаб ўтирган оломонни пулемётдан ўққа тутганда, ўшалар орасида мен ҳам бор эдим. Қий-чув авжига чиқиб, ҳар томонга қочиб қутилганнинг бири менман. Қишлоқ кўчаларидаги қип-қизил қон ариқча бўлиб оққани ҳозир ҳам кўз олдимдан кетмайди, -деди, бунақа алдовларнинг кўпини кўрган киши. Уни қўллаб-қувватловчилар кўпчилик эди.
Ҳа, босқинчиларга ишониш қийин. Лекин Маматқул мингбоши иложини қилиб, болшавойлар билан алоқа ўрнатиши ва халқнинг оварагарликларига чек қўймоқчи эди.
“Ким билади. Балки, босқинчиларнинг нияти, командирининг чарм яктагидек қорадир. Нима бўлса ҳам, таваккал қилиш керак. Ваъдага-жафо қилишса, пистирмадаги ботирлар кўмагида, душман сафини сийраклата олармиз, балки. Ажал етган бўлса, киндик қоним томган ерда жон бераман-ку!” деган ўй мингбоши хаёлида чарх ураркан:
--Ким менинг гапимга ишонса, мен билан юрсин! Пушаймон емайди! – деди ва орқасига қайтиб, душманлар сари дадил қадам босди.
Тинчиб қолган одамлар орасидан биринчи бўлиб: Дува, Жанике, Дане, Иззет ва Норбой ажралиб чиқди-да,
--Бир бошга, бир ўлим! Қачонгача қўрқиб яшаймиз,-дейишди-ю эргашдилар.
Кўпчиллик орасида бузилиш пайдо бўлди. Одамларнинг бир қисми оқсоқол орқасидан юрди. Жойида серрайиб қолганларининг кўнглида бир гап кезинарди:”Наҳотки, оқсоқолимиз қизилга сотилган бўлса?! Унга тегмаганларини қандай тушиниш мумкин?!”
Шартини бажарган Маматқулга нисбатан қизил командирда, ҳурматга ўхшаган нимадир пайдо бўлди:”Майли, бу қишлоққа оқсоқол бўласан. Энди аҳолининг увол-савобига жавобгарсан, ҳам”, деди мамнун ҳолда.
Орадан уч кун ўтиб, Аралтўғай томондан чиқиб келган босқинчилардан ҳеч ким қочмади. Лекин, ер чопаётганнинг кўпида қурол шай эди. Болшавойлар ҳужумга ўтса, яхшигина жавоб қайтаришга таёр ҳолда иш билан машғул эдилар. Уларга пешвоз чиққан Маматқулга, командир: “Кийиниб чиқ. Душанбега борасан. Оқсоқоллик гувоҳномангни олиб келишинг керак”, деди.
Уйига қайтган Маматқул оқсоқол укаси Холмуродни четга имлаб,
--Мени Душанбе шаҳрига олиб кетмоқдалар. Бир ҳафта кутасан. Келмасам, худоимни ўтказавер, -деди-да, укасининг ҳай-ҳайлашига қулоқ солмай ўзини ташқарига олди.
Маматқул оқсоқол беш ўзбек забонли отлиқ ҳамроҳлигида кетаркан, Мўлла Эш қишлоғидан ўтар жой-жарликлар орасида, нохосдан олдиларидан чиқиб қолган бир тўда қуролли кишилар қуршовида қолишди. Йўловчиларни тутганлар, уларни отдан тушириб, қўлларини орқасига қилиб боғларкан: “Сотқинларни Боботоғга олиб кетамиз, Бек ўзи ажримини чиқарсин” деди, бир-бирига. Ва ўлжа тушган халталарни титкилаган пайт сочилиб қолган нон урвоқларига эътибор қилмай, тепиб-тепкилаган йўлтўсарни кузатган Маматқул оқсоқол: “Бек билан тилим бир бўлса, яна қайсисининг олдига олиб бормоқчи?! Йўқ, булар ғозий эмас, Худо бехабарлар-ку. Мени синаш учун бу масхаравозликни ўйлаб топишганмикан? “Язиди”ни ҳам миниб олибди. Чунки, аҳли муслим борки ранги сариқу думи оқ отдан йиқилса дўзахи бўлишини яхши билади”, деган ўй хаёлидан ўтди. Йўлтўсарлар ниманидир маслаҳат қилган бўлди-да, эшиттириб, сўзлай бошлашди.
--Қароргоҳда ортиқча нонхўрларга нима бор. Бари бир Бек буларни қуйиб юборади. Келинглар шу ерда тинчитиб қўя қолайлик,-деди, йўловчиларга қурол ўқталгани. Ва Маматқул ёнидаги қизил аскарнинг пешонасини кўзлаб, тепкини босди. Гумбирлаган садо ва порох тутини дод-войга қўшилиб қулоқни қоматга келтирди.
Юзига сачраган қондан сесканиб кетган Маматқул, ўзини четга оларкан, агар ҳозир қочса, қутилиб кетишини ич-ичидан сезди-да, олдида турган рақибни бир калла қўйишда йиқитди-ю ўзини уй бўйи жарликка отди. Ўмбалоқ ошиб тушган Маматқул орқасидан ола-тасир отилган ўқлар ва бақириқ-чақириқ садосида, йиқила-сурина, қочиб қолди. Оқсоқол нафаси тиқилиб қолгунча тўхтамай югурди. Қўлларининг боғлоқлиги югуришига анча халақит берар, у панароқ жой-қўюв чакалакзор ичига ўзини ташларкан, ётиб нафасини ростлади. Тақибчилардан қутилиб кетганига ишонч ҳосил қилгач, орқасига боғланган қўлини тошнинг қиррасига ишқалаб, арқонни кесди. Жонсиз бўлиб қолган билакларини ишқалаб ўйга толди:“Булар мени синамоқчи бўлиши мумкин. Ўз оёғим билан чоҳга тушмайин тағин. Аммо, бунча машмашани ўйлаб топган қизилларга мен нима учундир керакка ўхшайман. Таваккал қилиб шаҳарга бориш керак. Бир бошга бир ўлим! Аттанг, Жийрон Қашқадан ҳам ажралиб қолдим-да. Бош омон бўлса, от топилар”, деб ўйлаган оқсоқол, такеки этиги юришга халақит бераётганини энди ҳис қилиб, ечди. Яланг оёғини тош порраси кесмаслиги учун қизилқияни юлиб, пайтава остидан мўкки монанд қилиб ўради-ю Душанбе сари дадил қадам қўйди. Аср намозидан кейин шаҳарга етган Маматқул оқсоқол, ОГПУ идорасини қийналмай топиб борди. Чунки, бу идора Қўнғирот оқсоқоли Абдурасул бойнинг ҳовлисида жойлашган деб эшитгани бор. Кофирлар босқинидан олдинги замонда бой билан борди-келдилари бор эди. Ҳозир оқсоқол ўғиллари билан мужоҳидлар сафида жанг қилиб юрибди.
Юзлари тирналган, уст-боши бир ҳолатда чекистлар идорасига кириб борган Маматқул оқсоқол эшик олдидаги қуролли аскарга, қаердан ва нима истаб келганини тушинтирар экан, уни бир хонага таклиф қилди. Хона ичида лойдан сўри бор экан. У, ўтириб нафасини ростлади. Бир соатлардан кейин таниш аскар бошқа хонага олиб ўтганда, шерикларини учратди. Эмишки, оқсоқол қочган вақт улар ҳам ҳар томонга титилган экан. Олдин-кейин манзилга етибдилар. Лекин, Маматқул бу чўпчакларга ишонмади. Чунки, йўлдошлари ўзларини, бир-неча соат олдин ўлимдан қутилгандек эмас, тўйдан қайтгандек мамнун тутишарди. ОГПУчиларнинг ўз мақсадига эришиш йўлида, содиқ хизматда бўлган аскарини ҳам қурбон қилиши, мингбошини сергаклантирди. Чекист номли шайтончалишларнинг макри бир эмас, уюр эшакка юк бўлишига амин бўларкан, буларни доғда қолдириш учун одам ўз терисидан чиқа оладиган устамон бўлиш кераклигини тушунди, у.
Номаълум сабабларга кўра, уни тўрт кун қамаб қўйишди. Бешинчи куни саҳарлаб сўроққа тутган чекистга, унинг кейинги икки йил ичида қаерларда яшагани қизиқтираркан. Ходимнинг айтишича, Маматқул мужоҳидлар сафида қизилларга қарши жанг қилган, болшевикларга атай юборилган жосус эмиш. “Эртага, басмачлар сафидан одамимиз келиб, сени таниса, ўлдим деявер” деди.
Мингбоши ўз ихтиёри билан душманлар чангалига тушганидан минг пушаймон бўлди, ўзиям. Укаси Холмурод ҳам, “Шаҳарга бориш –хато! Бирон хоин таниб қолиши мумкин,” деганига эътибор қилмаганди.
Аслида, бу ишлар Муҳаммад Иброҳим бек маслаҳати билан бўлганди. Ўшанда: “Маматқул мингбоши ҳозир сизнинг жойингиз халқ орасида. Болшавойнинг бу кетиши бўлса, ерга дон ташлай олмаймиз. Захирасиз жиҳодни давом эттиришимиз қийинлашади. Оғир аҳволдан чиқиш учун босқинчилар билан алоқа ўрнатасиз. Сиз халқ билан бирга бўлишингиз керак. Элимиз эса--Оқсоқолсиз қолмасин. Биз жиҳодни давом эттириб, босқинчилардан ватанимизни тозалашимиз керак. Лозим бўлса, қиёматгача ҳам курашни тўхтатмаймиз”, дейилганди, хуфия алоқачи келтирган номада. Майли, мени мужоҳидлар сафида кўрган одамни тополмасалар, балки, қалтис ишимиз бароридан келар, ҳам. Ҳаммаси Худонинг қўлида. Фақат Ўзи айтган ва маъқул кўрган ишларгина содир бўлади”, деган оқсоқол, мустаҳаб учун таёрланарди.
Эртасига Маматқулни ҳеч ким безовта қилмади. Еттинчи куни пешин намозидан кейин сўроққа кирган ОГПУ ходими бир кишини гувоҳ тарзида кўрсатди. Унинг айтишича, бундан икки ой олдин, Июлнинг охирисида, Қассоб дўқ қишлоғидаги қизилларнинг карвонига ҳужум қилган “басмач”лар сафида кўрган эмиш. Бу гувоҳнинг гапларига Маматқулнинг кулгиси қистади. Чунки, сотқин айтган вақтда, у, ўз ишлари билан бошқа тарафда бўлгани аниқ эди. Сотқин гапларини рад қилган Маматқулга, ходим бир-икки дўқ қиларкан, “қасир-қусир”, ўқ овози эшитилди.“Ана, кўрдингми, қўшни хонада “басмач”лар отиляпти. Сенга бир сония вақт, тўғрисини айт ёки ҳаёт билан видолашавер”, деган чекист пича кутган бўлди-да, қўриқчига, маҳбусни отиб ташлашини буюрди. Маматқул жаллодхонага кирганда, ерда икки иштончан, соқолли одам қонга беланиб ётар. Алвон кўлмак ҳосил қилган вужудлар танидан қон булоқлари кўз очиб, сиртга сизарди. Даҳшат кўзларига қотган маҳбусни хонанинг тўрига итариб юборган жаллод тўппончасини қўлига оларкан:
--Деворга ўгирилиб тур басмач. Устки кийимингни ечиб бер. Тез бўл,-дея ўшқирди.
Оқсоқол ичида усти-устига калимаи шаҳодатни қайтараркан, укасининг:”Шаҳарга бориш-хато”, дегани-ю унинг орқасидан умид билан қараб қолган қишлоқ аҳли кўз олдидан кетмасди. Бирдан бир армони, етти қулф осилган хотира сандиғидаги бисот, сувга томизган ёғдек юзага қалқди.
Ўшанда, Маматқул Ҳисор беклигида ишлаб юрган пайтлар эди. Уйларига келганида тўй устидан чиқди. Қари қиз бўлиб, ўтириб қолган опаси Данегулни, Оқсари уриғининг илик тегмаган қулига бераётган эканлар. Гап нимада эканини сўраб-суриштирган Маматқул, Тарлон бошини орқага бурди-да, уйдан узоқлаша бошлади. Ўғли дарагини эшитган қария Имомберди, истиқболига чиқиб, арзандасининг аразини тушунди. Ва тўйга келган меҳмон отига минган бой, ўғилини қишлоқдан анча узоқлашганда қувиб етди.
--Ҳа, қаяққа? Бойбачче?! Сенде бар номус, менде жўқма?! Қизимди қулға узатиш асан кечмеди. Шу кунлер минг ўлиб, тирилдим, ўзимем. Жоним бўғзимға тиғилиб турибди. Ҳазир жер жарилса ҳич экиленмесден кириб кетемен. Лекин, неча кунлигим бар, Ўзига аяну шу муштипардин обалиға қомайин дедим. Қулам Худанинг –ули. Мени десенг уйга жиресен, уккағар!-деган қария зор қақшаб, дағ-дағ титрарди.
Опасининг турмуши обод бўлиб кетди-ю лекин, “илик тегмаган” куёвни, меҳмонликка келганида, хизматкор-қуллар ёнига жойлагани учунми, қовоқ-тумшиқ қилиб, борди-келдини узди. Оқсоқол хаёлида опасидан кечирим сўраркан, сингиллари: Бибигул, Пардегул, Гулчирай, Гилосай, Мамегул, Ойбинос, Бибилойиқлар тасвири кўз олди-да жонланди, гўё. У, усти-бошини ечиб жаллод қўлига тутқазаркан, қон кўлмакчаларини кечиб, хона тўри-деворга суяниб турди-да: “Бек, қўлимдан келгани шу бўлди. Яхши-ёмон гапларимни кечиринг. Дийдор кўришиш қиёматга қолди”, дея ғозийлар сарваридан ғоибона ризолик сўради, ҳам. Қуролининг ўқловлигини текширган жаллод ўнг қўлини хиёл кўтариб, оқсоқол пешонасини кўзлаганча, тепкини босиш арафасида эшик очилиб: “Отставить!”, деган хитоб эшитилди. Хонага ҳовлиқиб кирган холоскор Маматқул билан биринчи учрашиб мулоқот қилган ва шу тарафга юборган одам эди. Унинг айтишича, англашилмовчилик бўлибди. Маматқулни бошқа одам ўрнига сўроқ қилинганмиш. У, юборган одами кечиккани учун ўзи сўроқлаб келибди. Командирнинг гапи анча ишонарли бўлсада, унинг айорона нигоҳлари овоз эгаси самимий эмаслиги ва этигининг ялтирашидан оқсоқол шубҳаланди. Чунки, узоқ йўл юрган одамнинг оёқ кийимида, отда келган тақдирда ҳам чанг гардлари учраши керак. Аксига олиб, хона ичини қон ҳидига қўшиб, хром этик ёғининг маълум иси ҳам тутди. Оқсоқол чўпчакларнинг давомини эшитаётганига қайта-қайта амин бўлса-да, тил учида, раҳмат, дея олди холос.
Маматқул оқсоқолни кузатиб турган командир, унинг бошқа, “ишлов”га олинганлардек этигини тавоф қилиб, кўз ёшларини оқизганча, раҳматлар ёғдирмаганидан ажабланди.“Бунисини қўрқитиш қийин бўлди-ку?! Ғурурлиси тўғри келмаса ҳам, биз келмасдан “орқаси қора”ларга мингбоши ва оқсоқол сайлангани учун, майли вақтинча, қовоқ-тумшуғига чидаймиз. Фақат уни кузатадиган қўриқчи қўшиб қўйиш керак. Токи, ортиқча қадам қўя олмасин. Агар ўшанда ҳам ювош тортмаса, ишларни йўлга қўйгандан кейин оҳиста ковушини тўғирлаб қўямиз. Бизга бу ёввойилар орасидан, фақат икки қўли кўксида-ю товонимизни ялайдигани керак. Пичоққа соп бўладиганини каллаклайверсак марра бизникидир”, деб ўйлаган командир, айёрона нигоҳларини анча юмшатган ҳолда,
--Сиз дамингизни олинг. Мен бошлиғимга кўриниш берайин. Бир бўлса, шу бугун қишлоққа қайтамиз,-деди.
Командирнинг ваъдаси, афт-амолига мос тушиб, Маматқул оқсоқолни яна икки кун Душанбеда ушлаб қолди. Бу орада шаҳар атрофларида колхозлаштириш ишларини ҳам кўрсатган бўлдилар. Ўн биринчи кун деганда Маматқул Рангон тоғи оша Бош-Қайнар қишлоғига ўнта ўзбек забонли аскарни эгаштиб кириб келди. Бу аскарлар унинг қўриқчилари экан. Аслида, чекистлар тарафидан қўйилган кузатувчилари эди.
Маматқул тайинлагандек, укаси Холмурод унинг худойисини ўтказмабди. Оқсоқолнинг катта аёли хўжайини тирик, соғу-саломат эканини ич-ичидан ҳис қилгану, қандай иш тутишни билмай турган қайнини сабр-тоқатга чақирган экан. Лекин, унинг йўқлигида фалокат юз бериб, қизиллар мулло Тожиддиннинг бўй етган қизини зўрлик билан олиб кетишибди.
Бир ҳафта олдин Аралтўғай томондан келган қизилларга ҳеч ким эътибор қилмай, катта хатога йўл қўйишган экан. Босқинчилар кўринганни чопиб, хас капаларга ўт қўя бошлаганда, халқ уй-жойни ташлаб, тум-тарақай бўлибди. Бари бир кофирларнинг назарига мулланинг қизи тушиб қолибди. Холмурод, Мусо, Иноят ва Мамасохонлар ҳужум қилмоқчи бўлибдилару Маматқул душманлар илкидалиги қўлларини боғлаган экан.
Оқсоқол вазият билан танишгандан кейин қўриқчилари билан маслаҳатлашиб, Аралтўғайга, қизиллар маҳкамасига боришга аҳд қилдилар. Шомда Маматқул ота мулло Тожиддиннинг қизини қутқариб олиб келди.
Кўпнинг дуоси-қўл!
1922 йилнинг кеч кузида Маматқул йигирматача уруғдошлари ва ўнта қўриқчисидан тузилган ”Қизил таёқчи”лар отряди билан бутун Ёвон ва Султонобод жулгесининг қочиб юрган деҳқонларини экин-тикинга жалб қилди. Ва бу жулгеларга Маматқул- халқ оқсоқоли этиб сайланди. Бир тарафдан мужоҳидлар, бошқа ёқдан қизил босмачиларнинг бер-беридан абгор халқ, қувди-қочдидан тинчиб, рўзғор ишлари билан шуғиллана бошладилар. Ўша йилнинг охирисида Лақай-Тожик райони ташкил бўлди. Бу районга Кофарниҳон ва Вахш дарёси оралиғи, Файзободдан Панжгача бўлган ерлар кирар. Район маркази Султанобод эди. Болшавойлар ҳеч иккиланмасдан Маматқул оқсоқолни бу районга Ревком, укаси Холмуродни Норин қишлоқ советига раис тайинлашди.
Орадан йиллар ўтди. Маматқул оқсоқол ташшабуси билан кўпгина қишлоқлар обод бўлиб, минг-минглаб одамлар рўзғорини бут қилиб олди. Оқсоқолнинг нафақат Умумлақайда (ҳозирги Файзободдан Панжгача, Кўлоб воҳасининг ярмиси) балки, бутун Тожикистон республикасида обрўйи ошиб, Халқ оқсоқоли дея номлай бошлашди. Маматқул оқсоқол Тожикистон Республикасини РСС Ўзбекистондан ажратиб, янги давлат тузишда Нусратулло Махсум ва Шириншо Шотемурлар сафида катта хизмат кўрсатди.
Оқсоқол ва укаси Холмурод 1-чи ва 2-чи Умумтожик съезди ва РСС Ўзбекистон Марказий Ижроия Комитетининг аъзоси бўлдилар. Ва ака-ука қўлларига гувоҳнома берилди. Бу ҳужжат қоидасида:” Гувоҳнома эгаси Советлар давлатининг ҳамма идораларига бе тўсиқ кириш ҳуқиқига эга”, деб ёзилган эди.
1926 йил. Июнь. Муҳаммад Иброҳим бекнинг хуфия чопари бир энлик хат келтирди. Унда: “Лақайимни сизга, сизни Яратганга топширдим”, деган ёзув бор эди. Оқсоқол, бекнинг Афғонга ўтиб кетганини тушунди.
Иброҳим хўжа
Маматқулни ОГПУга тавсия қилган командир, оқсоқол устидан назоратини юмшатмади. У, бари бир Лақайларга ишона олмасди. Маматқул оқсоқол кузатув остида бўлса ҳам, ўз ишига пухта. Тоғу-тошни кезиб, Ватан ҳимоясида юрган мужоҳидларга ёрдамини айамас. Асосийси, назоратчиларини чалғита олса, бас. Бирида: ”Пирингиз, Иброҳим хўжани қизиллар қараб юрганмиш”, деган хуфия хабар олди. Ва назоратчи-қўриқчиларга эшиттириб: ”Мусо Аралтўғайга, Холмурод олдига борасан. Укам Хўжамастон тоғидан бир неча ўғрини ушлаганмиш. Шуларни Душанбега еткизиш керак”, деди.
Қанча вақтдан бери бошлиқларига янги хабар еткизмаган назоратчиларга баҳона топилди-ю улар Мусо командирга эргашдилар.
ОГПУ хуфияларидан осонликча қутилган Маматқул оқсоқол оти хўржинига егуликни тўлдириб, пири Иброҳим хўжани излаганча, у киши паноҳ топган Етим тоғдага ғорга йўл олди. Хўжани соғу-саломат кўрганда Худога шукроналар айтди. Бир неча соат муршид билан бўлган мулоқотдан олам-олам таассуротлар олган оқсоқол анча хурсанд бўлди. У, ғор оғзини хас-хашак билан ёпиб, узоғи билан икки кун ичида қайтиб келишини уқтирди-да, орқага қайтди. Бир кундан кейин хизматкори Ҳусен қора ёрдамида Иброҳим хўжани Боботоғдаги хуфия жойга, соғу-саломат ўтказиб қўйдилар.
Холоскор
1931 йилнинг Май ойида Самарқанд шаҳрида РСС Ўзбекистон Марказий Ижроия Комитетининг бенавбат съездига аъзолари чақирилди. Унда, Сталиннинг махсус кўрсатмаси билан келган бутун иттифоқ оқсоқоли Калинин ва Йўлдош Охунбобоев босмачиларга моддий кўмак берадиган Лақай элатини битта қўймай сургун қилиш ёки қириб ташлаш таклифини ўртага ташлайди. Бу съездда Калининни қўллаб-қувватловчилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Лақай элатини қатоғон қилиш тўғрисидаги таклифга съезд аъзоларининг кўпчилиги тарафдор чиқади. Шунда, мажлисни бошқарувчи раис, Лақайнинг оқсоқоли Маматқул Имомбердиевга сўз беради:
--Раҳмат,-деган оқсоқол, съезд раисига қараб олди-да, тамоқ қириб, ўктам овозда,--Лақай элати болшевикларга душман эмас. Асл душманлар тоғу тошни кезиб юрган босмачилардир. Яқин орада, Умумлақай ерларидан қуролли тўдаларни бутунлай тозалаймиз. Лақайдан босмачи чиққан бўлса, уни ушлаб берадиган командирлари ҳам бор. Нафақат Лақайда, балки, бутун Ўрта Осиё минтақаларида босмачи тўдалари Шўро ҳокимиятига қарши чиққан эди-ку. Фарғонада Кўршермат, Қўқонда Мадаминбек, Эргашлар. Туркманларда: Жунаидхон. Тожикларда: Раҳим додхоҳ, Фузайил махсум,- деган оқсоқол чолмасининг чувалиб, эгнига илондек ўралган-у бошида фақат тақияси қолганига этибор қилмасдан,--агар босмачи чиққан элни сургун қилгудай бўлсак, Ўрта Осиёда одам қолмаслиги керак эди-ку?! Россиянинг ўзида ҳам Симян, Деник, Брангол ва Колчаклар ҳам Советларга қарши чиқмаганми?! Шунинг ҳаммасини ҳисобга олиб, адолатли қарор чиқариш керак. Майли, менга икки ой мўҳлат беринглар. Иброҳим галлини ўзим бир ёқли қиламан, -деяркан, уч кун олдинги бекнинг номасини эслади:“Оқсоқол, хатингизни олдим. Ёт ўлкаларда яшириниб яшаш –мужоҳидга тўғри келмас. Ахир биз жонимизни Ватан озодлиги учун тикмаганмидик. Лақайга нисбет(зафар) берилмаган кўринади. Ватанга қайтайлик, ҳеч бўлмаса ғариб мозорликдан қутиламиз. Мен ўзимни кофирларга топширмоқчиман. Хоҳласа қайнатиб есин, хоҳласа қовуриб. Токи элим зардоб ютмасин, қон қусмасин. Бу охирги хабарнома. Лақайимни-сизга, Сизни эса--Оллоҳга топширдим!”, деган ёзув бор эди.
Тилмоч, Маматқул Имомбердиев нутқини оқизмай-томизмай Калининга ўгираркан, бутун иттифоқ оқсоқоли эчки соқолини селкиллатиб, кўз ойнаги йилтираганча, мамнун бош қимирлатарди. Ўшанда, Маматқул Имомбердиев ОГПУ тазйиқидан қўрқмай, жасурона нутқи билан Лақай элатини сургундан олиб қолганди.
Орадан бир ой ўтиб, Иброҳим бек ўзини Шўро ҳокимитига топширди. Маматқул оқсоқол устидан назорат қилувчилар ОГПУга, оқсоқол ваъдаси устидан чиқди, деб ҳисобот беришдилар.
Иймон
1934 йил “миллатчи” тамғаси билан халқ душмани аталиб, Нусратулло Махсумни қамоққа олишади. Унинг тўн ёпишган дўсти Холмурод ревком ҳам “халқ душмани” тамғасини босиб, Сибир қилиб юборадилар.
1937 йил Маматқул оқсоқолнинг комунистлар партиясида эмаслигини эслаб қолган чекистлар, у кишини партияга киришга ундайди. Кучли имон эгаси бўлган Маматқул ота бу таклифни--ҳақоратдек тушунди. Оқсоқолдан рад жавобини олганлар, қўл остидаги одам “халқ душмани”нинг акаси бўлгани учун ҳам бажариб турган вазифасидан бўшатилиб, Норин қишлоқ советига раис қилиб тайинлайди.
Маматқул Имомбердиев устидан назорат олиб бораётган ОГПУ ходимига, оқсоқолнинг Калинин қатнашган съезддаги оташин нутқи( чекистлар учун бетга чопарлик ҳисобланган) ёқмаган эди.
Иккинчи Улуғ Ватан уруши йилларида барча вазифа-ю имтиёзлардан маҳрум этилган Маматқул Оқсоқол тушкинликка тушмади. У киши биринчилар қатори ҳарбий комиссариат эшигини қоқиб, немисга қарши урушга ўзини ҳам олишларини илтимос қилди. Лекин, у рад жавобини эшитганда, қўйин чўнтагидан, Фрунзенинг совғаси, ўз номи ёзилган Маузер пистолетини « Ҳеч бўлмаса, қуролим фашистни қирсин», деб фронтга юборишларини сўрайди.
Ёши бир жойга бориб қолган Маматқул оқсоқол уйда тинчиб ўтира олмасди. Қишлоқ оралаб, уйма-уй юрганча, одамлар аҳволидан хабардор бўлиб турди. Маматқул ота 1948 йил Бош-Қайнар қишлоғида, фарзандлари ва ҳисобсиз шогирдлари қуршовида жон берди. Унинг жанозасига минглаб одамлар йиғилган бўлиб, туғилиб ўсган қишлоқ қабристонига дафн қилдилар.
Орадан йиллар бир-бирини қувиб ўтса-да, Лақайни сургундан олиб қолган--Холоскори Маматқул оқсоқол одамлар хотирасида абадул-абад яшаб қолади!!!
Ҳозирги кунда «Бош-Қайнар» қишлоғини «Маматқул Имомбердиев» номига қўйишмоқда. Бу ишнинг ташшабускори ва уни қўллаб қувватловчиларни боболар руҳи қўлласин!!!
КГБ архивидан.
Маматқул 1880 йил Бош-Қайнар қишлоғида, ўрта ҳол деҳқон Имомберди оиласида дунёга келган. Қишлоқ мактабида ҳафтиякни тамомлагач, Ҳисордаги мадрасага ўқишга қўядилар. Амир Олимхон тахтини ташлаб қочган вақтгача, амирлик ишларида ишлаб, мингбоши унвонига эга бўлган.
. У, 1922 йил Шарқий Бухоронинг Султонобод кентига Революцион Қўмита раиси этиб сайланади. 1924 Советлар съездига аъзо бўлиб, РССА Тожикистонни Ўзбекистондан ажратиб, алоҳида давлат тузувчилар сафида иштирок этади. Оқсоқол, Нусратулло Махсум ва Шириншо Шотемурлар қатори янги тасис бўлган ёш Тожикистон Республикасига бебаҳо хизмат қилган. Уни 1925-27 чи йиллар Фахробод жюменига раис сайлашади. Шу йиллар мобайнида оқсоқол ўзининг қишлоқ хўжалик ишида асл мутахасис ва ташкилотчи эканини кўрсатади.
Маматқул Имомбердиев 1927-29 йиллар Умумлақай (ҳозирги Файзободдан Панжгача бўлган ерлар ва Кўлоб минтақасининг бир қисми)га қўмита раиси этиб тайинланади. Маматқул оқсоқолнинг обрўси нафақат Лақайда, балки бутун Тожикистон Республикасида кундан-кун ошиб бораркан, у кишини одамлар -Халқ оқсоқоли дея номлай бошлашадилар.
Маматқул оқсоқол 1924-26 йиллар укаси Холмурод билан 1 ва 2-чи Умумтожиклар съездининг аъзоси ва 1926 РСС Ўзбекистон марказий комитетининг 2-чи съезди қатнашчиси ва ЦИК РСС Ўзбекистон аъзоси этиб сайланди( 1927 йил 189-рақамли шаҳодатнома ).
1931 йил Тожикистон марказий комитети Маматқул Имомбердиевни, қишлоқ хўжалиги бир оз қолоқ бўлган Эсанбой районига раис этиб тайинлайди. Ва 1933-34 йиллар Лақай-Тожик (ҳозирги Рўдакий, Ҳисор, Ваҳдат, Хуросон, Ёвон) районига қўмита раиси бўлди.
1934-37 йиллар Фахробод районининг қўмита раиси вазифасида фаолиятини давом эттирди. 1934 йил «миллатчи» тамғаси остида, халқ душмани деб, қамалган Нусратулло Махсумнинг маслакдоши бўлгани учун Маматқул оқсоқолнинг укаси Холмурод Имомбердиев ( ўша вақт у Орол районинг РЕВКОМи эди) ҳибсга олинади. Шу воқеалар сабаб бўлиб, Маматқул оқсоқол вазифасидан четлаштирилади ва Норин қишлоқ советига раис этиб тайинланади.
Маматқул Имомбердиев 1948 йили оламдан кўз юмди. Оқсоқол Бош-Қайнар қишлоқғининг қабристонага дафн қилинган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 5