Абул Фараж ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Хато-камчиликларни кўриб-кўрмасликка олиш олийжанобликнинг энг юқори чўққиси бўлиб қолаверади. Чунки хато қилиш, нуқсонга йўл қўйиш инсонларнинг фитратида бор. Киши ҳар бир кўринган камчиликка эътибор бераверса, ўзи ҳам чарчайди, бошқаларни ҳам чарчатади.
Оқил, закий инсон оиласи, яқинлари, дўстлари ва қўшниларининг каттаю кичик хатоларини синчиклаб текшириб юрмайди.
Шунинг учун Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: «Чиройли хулқнинг ўндан тўққиз қисми камчиликларни кўриб-кўрмасликка олишдадир», деганлар»
Аллоҳ таоло еру-осмонлардаги ажойиботларига боқишни буюргандан кейин Қоф сурасининг 8-оятида: "(Роббисига) қайтувчи ҳар бир бандага (уларни) кўргазма ва эслатма қилдик", дейди. Эътибор қилинг, кўргазма ва эслатма Хожасига тавба билан қайтувчи бандаларгагина хос бўларкан. Чунки эслатмадан манфаат оладиганлар фақат ўшалардир.
Суранинг давомида неъматларини санаб ўтгандан кейин: "Бандаларга ризқ қилиб бердик" дейди (11-оят). Эндиги "банда" сўзини эса сифатсиз ҳолда, ўзини келтирди. Чунки ризқ ҳаммага ҳам берилади. Лекин тавба қилувчи банда уни зикр ва шукр этувчи ўлароқ еса, бошқалар ҳайвон каби ейди.
Бир муаммони ҳал қилиш учун кўп ўйлаб, фикрлаш баробарида истиғфорни ҳам кўпайтиринг. Чунки ўй-фикр билан очилмаган эшикларни (ҳал бўлмаган муаммоларни) Аллоҳ истиғфор билан очиб қўяди.
Қушлар ҳаётлик пайтида чумолини ейди. Қушлар вафот топгач, чумолилар уни ейди. Ҳолат бир лаҳзада ҳам ўзгариши мумкин. Шундай экан, бирор кишининг қадрини паст санама! Эҳтимол, бу кунда кучлидирсан, лекин, замон сендан кучли эканини унутма!