Видеода соқол қўйган ва ҳарбий бичимда кийим кийган йигит даштга ўхшаган жойда ўтириб сайрамлик ўзбеклар шевасида “ўрисни динига кирган аëлимнинг баданига мана шу пичоқни охиригача тиқиб олдим” дея, кўринишидан яхшилаб чархланган, тиғи тахминан 40 сантиметрлик қўлбола ҳанжарни намойиш қилади.
Маълум бўлишича, Жанубий Қозоғистон вилоят ички ишлар бошқармасининг видеода акс этган воқеадан хабари бор. Бошқарма вакилининг Озодликка билдиришича¸ Сайрам туманида яшайдиган 34 ёшли Н.Х. ўтган ҳафта охирида ўз хотинини пичоқлаб, жиноят жойидан қочиб кетган. Мулозимга кўра, эркак ҳали қўлга олинмаган¸ аëл эса тез тиббий ëрдам бўлимига олиб келинган.
Ички ишлар бошқармаси вакилига кўра, воқеа юзасидан жиноят иши очилган ва тергов давом этмоқда.
- Жиноятчи қидирилмоқда. Бошқа маълумотларни сешанба куни ëзма тарзда сизга етказамиз,- деди мулозим.
Озодлик мухбири касалхона билан боғланиб¸ эри пичоқлаган аëлнинг "кўп қон йўқотгани ва аҳволи стабил оғир" эканлигидан бошқа тафсилот ола олмади.
Сайрамлик ўзбек йигит ўз хотинини пичоқлаган йигитни таниганини Озодлик мухбири билан суҳбатда айтиб берди:
- Ҳа. Сайрамлик бола. Хотинини пичоқлаб, қочворди. Танирдим уни¸ масжидга намозга чиқиб турарди. Бундан олдин бировни ҳафа қилган бола эмас эди¸ лекин хотини динини ўзгартирганидан пушаймон эди, деди сайрамлик йигит.
Хотининимни пичоқлаганини мақтаниб видео чиқарган Н.Х. “Буни амалга ошириш учун Оллоҳга ваъда берганини” ўз видеомурожаатида айтади.
Сайрам туман ҳокимлигининг ўзини Айдар, деб таништирган мулозими бу "масаланинг диний ва этник жиҳатлари туфайли нозиклиги боис жиддий назоратда" эканлигини билдириш билан кифояланди.
Мулозимга кўра¸ Сайрамда тўртта христиан жамоаси мавжуд бўлиб Қозоғистон ватандошлари виждон ва эътиқод эркинлиги доирасида хоҳлаган динига кириши ëки чиқиши мумкин.
- Сен фалон динга кирдинг, деб хотинига пичоқ тиқиш бу жиноятдир ва жиноятчини ушлаш учун барча ресурслар сафарбар қилинган, деди ҳокимлик вакили.
Сайрамдаги христиан жамоаси вакили Озодлик билан суҳбатда бўлган воқеани “одатдан ташқари”, деб атади.
- Одатда сайрамликлар кишининг диний танловига ҳурмат билан қарашар эди. Бунақаси бўлмаган ҳали. Ҳар ҳолда мен эсламайман. Бир неча ўзбек ва қозоқ христиан динини қабул қилганида оила аъзолари уларни тушуниб тоқатли муносабатда бўлишган. Бўлиб ўтган воқеадан таассуфдамиз ва бу аëл тузалиб кетиши учун дуо қиляпмиз, деди Сайрамдаги христиан жамоаси вакили. https://www.ozodlik.org/a/sayram-dinini-ozgartirgan-ayol-va-unga-tajovuz-qilgan-er/28851412.html
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 390