Мирзиёев Назарбоевни кутиб олиш учун аэропортга шахсан ўзи чиқиб, қозоқ ҳамкасбини "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлади. Назарбоев марҳум ҳамкасби Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Назарбоевни шахсан Мирзиёев кутиб олди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди.
Мирзиёев аэропортга чиқиб, Назарбоевни шахсан ўзи кутиб олди. Бу Қозоғистон раҳбарининг Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан буён Ўзбекистонга иккинчи ташрифидир.
Учрашув Байтқўрғонда эмас, Кўксаройда ўтди
Назарбоев Мирзиёевнинг Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Байтқўрғон қишлоғидаги янги қароргоҳида кутиб олиниши режалангани айтилган эди.
Бироқ ЎзА хабарларига кўра, Мирзиёев билан Назарбоев музокаралари марҳум президент Ислом Каримов ишлаган Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган.
Назарбоев Ислом Каримовни “йўқлади”
Назарбоев Тошкентга ташрифи доирасида Оқсарой олдига ўрнатилган марҳум президент Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди.
Шунингдек, шаҳардаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилиб, ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Мирзиёев қозоқ ҳамкасбини орден билан сийлади
Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлади.
«Казинформ»агентлигига кўра, Мирзиёев Назарбоевни икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун ушбу орден билан тақдирлаган.
Ўндан зиёд ҳужжат имзоланди
Расмий хабарга кўра, Кўксаройдаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг турли соҳаларига доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланган.
Жумладан, давлат чегаралари ўтказиш пунктлари ва автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича йўл харитаси, сувга оид муносабатлар соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари тўғрисида битим, Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси билан Қозоғистон Молия вазирлиги ўртасида контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисида битимлар, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти билан "Қазақстан темир жоли" Миллий компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида битим каби бир қанча ҳужжатлар имзоланган.
“Ўзбек-қозоқ чегарасидаги вазият 2-3 йилда яхшиланиши мумкин”
Остонадаги Евроосиë иқтисодиëт университети доценти Сапарбой Жубаев Озодлик билан суҳбатда икки давлат муносабатларини янада яхшилаш учун имкониятлари етарли эканлигини таъкидлади.
Суҳбатдош ўзбек-қозоқ чегарасидаги муаммоларга эътибор қаратар экан, бу муаммолар барҳам топиши учун яна 2-3 йил зарурлигини айтади.
- Чегарадан ўтиш вақтида муаммолар жуда кўп. Асосан, машина ўтиш масалалари анча мураккаб. Буни Россия билан Қозоғистон ўртасидаги чегара сингари бўлса жуда яхши бўларди. Биз учун Россияга бориб келиш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Лекин Ўзбекистонга бориш учун машинани ташлаб пиёда ўтамиз. Буни ҳал қилиш учун, агар Ўзбекистон бошқарувидагилар астойдил ҳаракат қилса, 2-3 йилда яхши натижа бериши мумкин. Лекин ҳозир бирданига қийин, - дейди Сапарбой Жубаев.
Қозоғистонда 2018 йил Ўзбекистон йили деб эълон қилинди
Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи пайти маълум қилинди.
Қозоқ расмий матбуотига кўра, Ўзбекистон йили доирасида Қозоғистонда ўзбек рассомлари кўргазмалари ташкил қилинади, халқ усталари ҳунармандлик ярмаркаларида иштирок этишади, мусиқа ва театр жамоаларининг гастроллари уюштирилади.
Ўз навбатида 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилиши маълум қилинди. https://www.ozodlik.org/a/uzbek-kazakh-uzbekistan-kazakhstan-mirziyoyev-nazarbayev/28739350.html
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 150