Алишер Усмонов “Пахтакор” клуби акцияларини сотиб олмаган. Матбуот Ўзбекистонда хусусий киностудиялар ишлаб чиқараётган кўплаб кино маҳсулотлари ахлоқсизлик, бетгачопарликни тарғиб этаётганини иддао қилди.
________________________________________________________________
Терминалсиз тадбиркор жазога тортилади, аммо банклар терминал аппаратини вақтида етказиб бермаяпти
Жорий йил 1 мартдан Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар аҳолидан тўловларни пластик карта орқали қабул қилишлари шарт, акс ҳолда жазога тортилади (“Даракчи”, 20 апрель). Аммо терминал аппарати учун икки ой аввал ариза берган минглаб тадбиркорларга ҳам банклар ўз вақтида аппаратни етказиб бера олмаяпти. Оқибатда тадбиркорлар жаримага тушмаслик учун юрак ҳовучлаганча фаолият олиб бормоқда. Давлат солиқ қўмитаси ходими Жасурбек Давлятовга кўра, жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг 17 мингтаси терминал аппаратига муҳтож. Марказий банк вакили Олим Шадиев терминаллар танқислигини янги тартиб жорий этилгач, талаб ва буюртма кескин ортгани билан изоҳлаган.
Миллиардер Алишер Усмонов “Пахтакор” клуби акцияларини сотиб олгани рад этилди
Россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмонов Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби акциядори бўлгани ва жамоа раҳбари ўзгаргани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ. Бу ҳақда бир қатор газеталар клуб матбуот хизматига асосланиб хабар тарқатди. Қайд этилишича, бугунги кунда “Пахтакор” футбол клуби 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида бўлиб, А.Усмонов жамоа акцияларини сотиб олгани йўқ. Эслатиб ўтамиз, қониқарсиз ўйинлари боис жорий йил апрель ойи бошида бош мураббий Григорий Колосовский лавозимидан олиниб, унинг ўрнига Равшан Ҳайдаров тайинланган.
Матбуот: Хашаки сюжетли фильмлар устидан назоратни кучайтириш лозим
Ўзбекистонда хусусий киностудиялар ишлаб чиқараётган кўплаб кино маҳсулотлари ахлоқсизлик, бетгачопарликни тарғиб этмоқда (“Ҳуррият”, 19 апрель). “Бири кўча жаргонларида пайдарпай айтиб, “масхарабозлик” қилса, бири футболка устидан галстук тақиб, “замонавий имиж” яратади, яна бири кекса бўлса-да, “майка-шортик”да чопқиллаб, кимнингдир қитиқ-патига тегади”, дея хашаки сюжетларга асосланган хонтахта фильмларни танқид қилади газета. Қайд этилишича, хусусий фильмларда ишлатилган “Ҳозир шу туришингда запчас қип ташийми”, “Короче, бўттан сирпан”, “Ҳў, нима дивоссан, тирпила”, “Ўтируриб занглаб қомадингми” каби жаргон иборалар ҳам ўзбек тилига ҳурматсизлик саналади. “Фикримизча, хусусий киностудияларда кузатилаётган юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш учун “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш аъзоларига тижорий фильмлар назоратини тўла топшириш лозим. Шу йўл билан фильмларни саралаб, томошабинга муайян озуқа берувчи, мақбул киноасарларни катта экранга олиб чиқиш мумкин”, деб ёзади газета. http://www.ozodlik.org/a/press-review-15-17-2/28443627.html
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 51