Абдураҳмон Отамуродов Озодликка қилмаган жиноятни бўйнига олдириш учун ИИБ терговчилари уни қийноққа солгани, экспертиза сохта хулоса бергани ҳақида 19 февралда айтган эди.
Отамуродовнинг айтишича, у ИИБ терговчилари тазйиғига чидолмаган ва 17 февралда заҳарли дори ичиб ўз жонига қасд қилган, касалхонада унинг жони сақланиб қолган эди.
Абдураҳмон Отамуродов гарчи оқланган бўлса-да, аммо "унга нисбатан асоссиз жиноят иши очган, қийноққа солган ИИБ ходимлари жазоланмай қолганини" айтмоқда.
Абдураҳмон Отамуродов маҳалладоши Насриддин Донаевни уриб, кўзини кўр қилганликда айбланиб, унинг устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104 – моддаси, биринчи қисми ("Қасддан баданга оғир шикаст етказиш") билан айбланган эди.
Озодликка берган интервьюсида Абдураҳмон ва воқеа гувоҳлари бу айбловни кескин инкор этиб, унга нисбатан жабрланувчи ва терговчи томонидан туҳмат уюштирилганини айтган эди.
Озодлик мақоласидан сўнг Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси мазкур воқеа юзасидан хизмат текшируви олиб борган ва Косон туман ИИБда хизмат сафарида бўлган катта терговчи Б.Худойқуловнинг имзоси билан бу жиноят иши ҳаракатдан тугатилгани ҳақида Абдураҳмон Отамуродовга мактуб юборилган. 2020 йил, 19 мартда ёзилиб, 2019 - 159 рақами билан қайд этилган (қуйида хат фотонусхаси эълон қилинмоқда) мактубда бундай дейилган:
“Косон туман ИИБ ҳузуиридаги Тергов бўлими томонидан Н.Донаевнинг тан жароҳати олганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104 моддаси, 1-қисми билан қўзғатилган 10229-1/2019-159-сонли жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, Н.Донаевнинг тан жароҳати олганлиги ҳолати бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда сизнинг ҳаракатларингизда қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш жиноят таркиби йўқлиги сабабли Ўзбекистон ЖПК 83-моддасининг 1 ва 2 бандларига асосан ҳаракатдан тугатилди”.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 70