Аллоҳга ширк келтириш
Ҳаром нарсаларнинг энг буюги шубхасиз Аллоҳга ширк келтиришдир. Абу Бакра розияллоҳу анҳу ривоят қилган хадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Энг катта гуноҳ ҳақида сизларга хабар берайми? Деб уч мартта айтдилар. Саҳобалар: "Ҳа хабар беринг ё Росулуллоҳ”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳга ширк келтириш... ” дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкин, аммо ширкни кечирмайди, унга алоҳида тавба қилиш лозим: "Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг)шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур”. Нисо: 48.
Ислом миллатидан чиқарадиган катта ширклар бор, унинг соҳиби агар шу ҳолатида вафот этса дўзахда абадий қолади. Кўпгина мусулмон юртларда тарқаган шундай ширк турларининг кўринишларидан:
Қабрларга сиғиниш
2. Ўликлардан мадад сўраш
Вафот этиб кетган авлиёлар ҳожатларни қондириб, ғам ташвишларни кеткизади деган эътиқод билан, улардан ёрдам, мадад ва қўллаб-қувватлашни сўраш. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло айтган: "Роббингиз сизни фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингизга амр қилди”. Исро:23
3. Ўликларга дуо қилиш
Шунингдек ўтиб кетган Пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва бошқалардан, шафоат истаб ёки бошига тушган кулфатлардан халос қилишни сўраб дуо қилиш, Аллоҳ таоло деди: "(Аллоҳга олиҳаларни шерик қилиб ибодат қилишингиз яхшироқми?) ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва(унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?!”. Намл: 62.
Баъзилар турса ҳам, ўтирса ҳам қоқилса ҳам бирон бир пир ёки авлиёнинг исмини зикр қилишни ўзига одат ва дин қилиб олади. Оғир аҳволга тушиб қолса ёки мусибат ва ғам-ташвиш етса: баъзилар ё Муҳаммад, баъзилар ё Алий, ё Ҳусайн, ё Бадавий, ё Жийлоний, ё Шозалий, ё Рифоий, ё Айдарус, ё саййида Зайнаб, ё Баҳоуддин ва ё Зангибува деб илтижо қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундай деган: "Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга: сизлар илтижо қилаётган нарсалар ҳудди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга дуо қилинглар, улар сизларга ижобат қилсинлар-чи?!”. Аъроф: 194.
4. Қабрларни тавоф қилиш, улуғлаш
Баъзи қабрпарастлар, қабрларни тавоф қиладилар, устун ва бурчакларини силаб, юзларини суриб, остонасини ўпадилар. Қабр олдида бўйинларини эгиб, ўзларини хор тутиб, тазарруъ билан ёлвориб талабларини, ҳожатларини сўрайдилар. Беморлар дардларига шифо тилаган, бефарзандлар фарзанд талаб қилган, ҳожатини енгиллашини сўраган ва гоҳо қабрда ётган кишига нола қилиб: "Эй саййидим, ҳузурингизга узоқ шаҳардан келдим, мени ноумид қилманг” дейди. Аллоҳ таоло айтади: "Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) ижобат қила олмайдиган олиҳаларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам адашганроқ ким бор?! Ҳолбуки улар (жонсиз олиҳа)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдурлар”. Аҳқоф:5.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадис шарифда: "Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилиб вафот этса дўзахга киради”, деб хабар берганлар. (Имом Бухорий)
5. Қабрни улуғлаб унинг олдида соч қирдириш
Баъзи кишилар қабр олдида сочларини қирадилар, қўлларида "Зиёрат қилиш одоблари” номли китоблари ҳам бор бўлиб, бу билан улар авлиёлар қабрларини зиёрат қилишни мақсад қиладилар.
6. Ўликларни Аллоҳнинг рубубиятида шерик қилиш
Баъзилар: "Авлиёлар коинотни бошқара оладилар, улар фойда ва зарар беришга қодирлар” деб, эътиқод қиладилар. Аллоҳ азза ва жалла айтади: "Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир...”. Юнус: 107.
7. Мақбараларга шам ва чироқлар назр қилиш
Шунингдек, қабр эгаларига шам ва чироқларни назр қилувчилар каби, Аллоҳдан бошқа учун назр қилиш ҳам ширкнинг турларидандир.
8. Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш
Яна катта ширк турларидан: Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш. Аллоҳ таоло деди: "Роббингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”. Кавсар: 2. Яъни Аллоҳ учун ва Аллоҳнинг номи билан сўйинг!
Ҳадисда келган: "Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилган кимсага Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. (Имом Муслим)
Жонлиқ сўйиш гоҳида икки ҳаром нарсани ўзида жамлайди: Аллоҳдан бошқа учун сўйиш ва Аллоҳдан бошқанинг номи билан сўйиш.
Бу иккала хил сўйилган жонлиқни истеъмол қилиш ҳаромдир. Бизнинг асримизда тарқалган жоҳилий қурбонликлар жумласидан: "Жинларга атаб сўйиш”- бунинг кўриниши, баъзилар ҳовли сотиб олсалар ёки уй қурсалар ва ё қудуқ қазисалар, унинг ёнида ёки остонасида, жинларнинг зарар етказишидан қўрқиб қон чиқарадилар.
(Аллоҳдан бошқаси учун сўйиш турларидан бири; ҳоким ёки каттароқ шайх келиши муносабати билан унинг оёғи остида сўйилган жонлиқ. ИНТ)
9, 10, 11. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиш ёки
Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиш
Ва ёки Аллоҳдан бошқа бирон кимса бу нарсада хақга эга дейиш ёки жоҳилий ҳукм ва қонунларга ўз ихтиёри билан рози бўлиб ҳукм юритиш ва буни жоиз деб эътиқод қилиш. Аллоҳ азза ва жалла бунинг катта куфр эканини зикр қилиб шундай деган: "Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини Роб қилиб олдилар”. Тавба:31. Адий ибн Хотим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу оятни эшитганида: "Ахир улар, уларга ибодат қилмас эдилар”, деганида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Тўғри, лекин уларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишса ҳалол дейишар ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишса ҳаром дейишарди. Мана шу уларга бўлган ибодатларидир”, деб жавоб бердилар”. (Имом Байҳақий)
Аллоҳ таоло мушрикларни сифатлаб шундай деди: "Аллоҳ ва унинг Расули ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдилар, хақ (яъни Ислом) динига эътиқод қилмайдилар”. Тавба: 29.
Яна Аллоҳнинг сўзи: "Айтинг, хабар берингизчи (эй, мушриклар) Аллоҳ Сизлар учун нозил қилган ризқдан (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз. Айтинг: (бундай қилишга) Аллоҳ сизларга изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўхтон қилмоқдамисизлар?!”. Юнус: 59.
12, 13. Сеҳр, коҳинлик ва фолбинлик
Сеҳр - куфрдир ва етти ҳалок қилувчи гуноҳи кабиранинг биридир. Сеҳр зарар беради, фойда бермайди. Аллоҳ таоло сеҳрни ўрганиш ҳақида шундай деган: "Уларга фойда бермайдиган, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар”. Бақара:102.
Бошқа оятда эса бундай деган: "Сеҳргар қаерда бўлмасин нажот топмас”. Тоҳа:69.
Сеҳр билан шуғулланадиган киши кофир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: "Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар.— Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар ..”. Бақара:102..
Сеҳргарлик ҳаром ва жирканч бўлиб, сеҳргарнинг ҳукми эса уни қатл қилишдир. Баъзи жоҳил, иймони заиф кишилар, бошқалар билан ҳисоблашиб қўйиш ёки ўч олиш учун сеҳргарга борадилар, бошқа баъзилари эса сеҳрни қайтариш учун сеҳргарга мурожаат қилиб, унга таяниб ҳаром ишга қўл урадилар. Аслида эса Аллоҳ таолога илтижо қилиб, шифони ҳам Аллоҳдан сўраб, Қуръон оятларидан сеҳрни қайтарувчи ҳамда мўъминлар учун шифо бўладиган: "Фотиҳа”, "Ихлос” ва "Муаввизатайн” ("Фалақ”, "Нос”) каби сураларни ўқиш лозимдир.
Ғайбни билишни даъво қилганлари учун коҳин ва фолбинлар ҳам Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлган кимсалардан бўладилар, зеро Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмайди.
Фолбинлар содда, ишонувчан одамларнинг пулларини олиш учун турли: қумга чизиқ тортиш, чиғаноқда фол кўриш, кафт, пиёла, чинни идиш ва кўзгудан ўқиш каби ҳийла-найрангларни ишлатадилар. Агар бир марта тўғри топсалар, тўқсон тўққиз мартта ёлғон айтадилар. Ғофил, қалб кўзи кўр одамлар эса буни фаҳмига бормай, ўша битта тўғри айтганини ушлаб олиб, келажакларини, бахтлилик ёки бахтсизлик, оила ва тижорат ишларида ҳамда йўқотган нарсаларни топишлари учун ва яна шунга ўхшаш турли масала ва муаммолари билан фолбинлар ҳузурига борадилар.
Фолбинлар ҳузурига бориш ҳукмига келсак, агар улар айтаётган сўзларни тасдиқласа киши кофир бўлиб, Ислом миллатидан чиқади. Бунга далил Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: "Ким коҳин ёки фолбиннинг олдига бориб, у айтган нарсаларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”. (Имом Аҳмад)
Аммо фолбинга борувчи, уларни тасдиқламай, шунчаки бир синаш учун борган бўлса, кофир бўлмайди, лекин намоз ўқиш ва тавба қилишнинг фарзлиги билан бирга, қирқ кун намози қабўл бўлмайди. Бунга далил ушбу ҳадисдир: "Ким фолбинга бориб, бирон нарса ҳақида ундан сўраса, қирқ кун унинг намози қабул қилинмайди”. (Имом Муслим)
14. Бурж ва юлдузларнинг ҳодисалар ва инсонларнинг ҳаётида таъсири бор деб эътиқод қилиш
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний айтди: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияда бомдод намозини бизларга ўқиб бердилар. Тунда ёмғир ёғган эди. Намоз тугагач инсонларга юзландилар ва "Роббингиз нима деганини биласизлар-ми?!” дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ”, дейишди. Аллоҳ айтди: "Бандаларимдан менга мўъмин бўлувчилари ва кофир бўлувчилари бор. Ким Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан бизга ёмғир ёғди деса, менга мўъмин, юлдузларга кофирдир, аммо ким фалон ва фалон навъи билан (яъни юлдузлар туфайли) деса, менга кофир ва юлдузларга мўъминдир”. (Имом Бухорий)
Рўзнома ва ойномаларда чиқадиган бурж ва мунажжимлар башорати каби жаҳолатларга мурожаат қилиш ҳам шулар жумласидандир. Агар ундаги нарсаларда юлдуз ва фалакларнинг таъсири бор деб эътиқод қилса, мушрик бўлади. Агар шунчаки бир эрмак учун ўқиса осий, гуноҳкор бўлади. Сабаби шайтон алайҳи лаъна инсоннинг қалбига, шунга ишонишни солиб ва бу нарса ширкка олиб бориш эҳтимоли борлиги учун, ширк бўлган нарсаларни ўқиш эрмак учун ҳам жоиз бўлмайди.
15. Аллоҳ азза ва жалла манфаатсиз қилган нарсаларда манфаат бор деб, эътиқод қилиш
Баъзи инсонлар тумор, исириқ, тақа, кўзмунчоқ, чиғаноқ ва шунга ўхшаш нарсаларнинг манфаати бор деб ишонадилар. Буни улар сеҳргар, фолбин ва ёки ёши катталардан эшитганлар. Шунинг учун бу нарсаларни кўздан сақлаш ёки балоларни қайтариш мақсадида, иморатларига, сўриларига, сайёраларига, бўйинларига ва болаларига осиб, ҳатто кийимларига тикиб қўядилар. Баъзилар эса ҳар ҳил тошлардан ясалган узуклар тақиб оладилар. Бу шубҳасиз Аллоҳга бўлган таваккулни бекор қилади, инсонга заифликни зиёда қилади ҳамда бу ҳаром билан даволанишдир. Одамлар осиб олган туморларнинг аксари очиқ ширк, жин ва шайтонлардан ёрдам сўрашдир. Уларнинг баъзиларида ноаниқ расмлар чизилган ёки тушуниб бўлмайдиган ёзувлар бўлади. Айрим сеҳргарлар Қуръон оятларини ширк билан аралаштириб ёзадилар, баъзилари эса нажосатлар ва ҳайз қони билан ёзадилар. Бундай туморларни осиб олиш ҳаромдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ким тумор осиб олса мушрик бўлганлигида ҳеч шак-шубҳа йўқдир”. (Имом Ахмад)
Бу ишларни қилувчи киши, мана шу нарсалар Аллоҳнинг изнисиз ўзлари мустақил равишда фойда ё зарар беради деб эътиқод қилса, катта ширк қилган мушрик бўлади. Агар, улар фойда ё зарарга сабабдирлар деб эътиқод қилса - ҳолбуки Аллоҳ уларни сабаб қилмаган – кичик ширк қилган мушрик бўлади ва бу сабаблардаги ширк бобига киради.
(Таржимондан: Буларга қўшимча тарзда, бошқа бир ҳадисда: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг қўлида мисдан бўлган ҳалқани кўриб: "Бу нима? деб сўрадилар. У киши: "Заифликдан” деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Буни ечиб ташла, бу сенга фақат заифликнигина зиёда қилади. Агар шу нарса бўлган ҳолатда ўлиб кетсанг харгиз нажот топа олмайсан”, дедилар. Имом Аҳмад.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг қўлида истмадан ип тақиб олганини кўриб кесиб ташладилар-да: "Уларнинг кўпчилиги мушрик бўлган ҳолатда Аллоҳга иймон келтирадилар” деган оятни ўқидилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, У зот шундай дедилар: "Дам солиш, (париҳонлар, азайимхонларнинг дам солиши каби) тумор, иситма-совутма ширкдир”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд)
Тумор - кўздан сақлаш учун осиладиган нарса. Иссиқ-совуқ аёлни эрига, эрни аёлига яхши кўрсатади деган даъво билан қилинадиган амал. Саҳиҳ ҳадисда: "Ким бир нарса осиб олса ўша нарсага топширилади” дейилган. (Имом Аҳмад ва Термизий )
16. Ибодатда риё қилиш
Солиҳ амалнинг шарти риёдан холис ва суннатга мувофиқ бўлишидир. Бирон-бир ибодатни инсонларга кўз-кўз қилиш учун қилган одам, кичкина ширк келтирган мушрик бўлади, ҳамда қилган амали ҳам бекор бўлади, масалан, риё учун намоз ўқиш, садақа қилиш ва ҳоказо. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки Аллоҳ уларни "алдаб” қўйувчидир ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар”. Нисо:142.
Шунингдек бирон-бир амалининг хабари тарқаши ёки инсонлар уни эшитишлари учун қилган бўлса, бу ҳам ширк бўлиб, буни қилувчига қаттиқ ваъидлар ворид бўлган. Шулардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: "Ким бир амални одамлар эшитсин деб қилса, Аллоҳ уни шарманда қилур, ким одамлар орасида мўътабар бўлиши учун яхши ишни зоҳир қилса, Аллоҳ уни ҳаққиқатини очиб расво қилур”. (Имом Муслим)
Ким бир ибодатни Аллоҳ ва инсонларни қасд қилиб қилса, унинг амали бекордир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло айтди: «Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни шерик қилган нарсаси билан тарк қиламан» (Муслим ривояти).
Ким бир амални Аллоҳ учун бошлаган бўлса, сўнг унга риё аралашиб қолса, тезда уни даф қилса, амали дуруст бўлади. Лекин у хотиржам бўлиб, нафси у билан таскин топса, аксар аҳли илмларнинг сўзига кўра амали ботил бўлади.
17. Шумланиш (ирим қилиш).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтган: "Агар уларга яхшилик келса "Бунга ўзимиз ҳақдормиз” дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга (унга иймон келтирган) кишилардан бадгумон бўлдилар”. Аъроф:131
Арабларнинг одати, агар улардан бири бир ишни қилмоқчи бўлса, масалан, сафарга чиқмоқчи бўлса, қўниб турган қушни учирар, агар ўнг тарафга учиб кетса буни яхшиликка йўйиб, сафарини бошларди. Агар чап тарафга учиб кетса, буни ёмон аломат деб шумланарди-да орқасига қайтарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амалнинг ҳукмини баён қилиб: ”Шумланиш ширкдир”, деганлар. (Имом Аҳмад)
Ҳаром бўлган ҳамда комил тавҳидни йўқ қилувчи бундай эътиқодга: ойларда ирим қилиш - сафар ойида тўй қилмаслик каби, кунларда ирим қилиш – ҳар ойнинг охирги чоршанбасини нахс-шумлиги ҳеч кетмайдиган кун дейиш каби. Рақамларда ирим қилиш – 13чи рақам каби, исмларда ва айбли кишиларда ирим қилиш, масалан, дўконини очиш учун кетаётган киши, кўзи ғилай одамни кўриб қолиб, орқасига қайтиб кетгани каби ва шунга ўхшаш қилинадиган иримлар ва шумланишлар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳаром ишлар бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундайлардан безор эканликларини эълон қилганлар: ”Ким шумланса ва у учун шумланилса, фол очса ва у учун фол очилса ёки сеҳр қилса ва у учун сеҳр қилинса биздан эмас”. Табароний... Ким шундай ишларга тушиб қолса, бунинг каффорати Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилга ҳадисдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: "Кимни шумланиш бирон ишидан қайтарса ширк қилибди”. Саҳобалар: "Эй Расулуллоҳ, бунинг каффорати нима?” деб сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Парвардигоро, Сен яхшилик аломати этган нарсагина яхшилик аломатидир, Сен ёмонлик аломати этган нарсагина ёмонлик аломатидир ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир” деб айтишингиз” дедилар. (Имом Аҳмад)
Шумланиш нафснинг табиатидан бўлиб, озайиб ва кўпайиб туради. Бундан халос бўлишнинг энг катта йўли, Аллоҳ азза ва жаллага таваккул қилишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтганлар: ”Қайси биримизнинг нафсимизга мана шу шумланишдан бирон нарса тушиб қолса, Аллоҳ Таоло уни таваккул билан кетказар эди”. Абу Довуд.
18. Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзи яратган махлуқотларнинг хоҳлагани билан қасам ичади. Аммо махлуқлар Аллоҳдан бошқа билан қасам ичишлари мумкин эмас. Кўпгина инсонларнинг тилларида Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш жорий бўлиб кетган, ваҳоланки қасам улуғлашнинг бир тури бўлиб, Аллоҳдан бошқага лойиқ эмасдир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: ”Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ сизларни ота-боболарингиз номи билан қасам ичишингиздан қайтарган. Ким қасам ичса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин” дейилган. (Имом Бухорий)
Бошқа ҳадисда: ”Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, ширк қилибди”. (Имом Аҳмад)
Яна бир ҳадисда эса: ”Ким омонат билан қасам ичса, биздан эмас”. (Абу Довуд)
Каъба, омонат, шараф ёки фалончининг баракаси ва ё ҳаёти билан, пайғамбарлар ёки авлиёларнинг ҳаққи-ҳурмати билан, ота-она ва авлод билан қасам ичиш мумкин эмас. Буларнинг барчаси ҳаромдир. Кимда шулардан бири содир бўлиб қолса, яъни шуларнинг бири билан қасам ичиб қўйса, унинг каффорати "Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишдир. Саҳиҳ ҳадисда: ”Ким қасам ичса ва қасамида Лот, Уззо номи билан деса, ла илаҳа иллаллоҳ деб қўйсин”. (Имом Бухорий)
Ушбу бобнинг тахтига дохил бўладиган, баъзи мусулмонлар билиб-билмай айтиб юрган ширк ва ҳаром сўзлар ҳам бор. Масалан, «Аллоҳ ва сендан паноҳ истайман», «Аллоҳ ва сенга суянганман», «Аллоҳ ва сен бўлмаганингда», «бу Аллоҳдан ва сендан», «мен учун осмонда Аллоҳ, ерда сен», «Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида», «мен Исломдан безорман», «табият инжиқликлари», «табият шуни хоҳлади» ва «замон бузилиб кетди», «ёмон замон бўлди», «бу омадсиз (нахс) пайт», «замон алдовчи» ва ҳоказо замонни сўкадиган барча иборалар мумкин эмас, чунки буларнинг бари шу замонни яратган Аллоҳга қайтади.
Аллоҳдан бошқага бандаликни боғлаб қўядиган исмлар, масалан, "Абдулмасиҳ”, "Абдуннабий”, "Абдуррасул” ва "Абдулҳусайн”га ўхшаш. Буларнинг барини истеъмол қилиш жоиз эмас. Шунингдек янги пайдо бўлган ва тавҳидга хилоф истилоҳ ва иборалардан: Ислом социализми, Ислом демократияси, Халқнинг иродаси – Аллоҳнинг иродасидир, Дин Аллоҳ учун – Ватан барча учун, Араблар номи билан ва Революция номи билан.
Яна ҳаром бўлган лафзлардан: "олампаноҳ”, "шаҳаншоҳ”, "балогардон” шунга ўхшаш сўзларни инсонларга ишлатиш ва ҳамда "саййид” ва шу маънодаги сўзларни кофир ёки мунофиқ кишиларга ишлатиш (араб тилида бўладими ёки бошқа тиллардами баробар). Ғазаб, надомат ва ғам-қайғуга далолат қилувчи "агар” калимасини ишлатиш ("Агар ит бўлмаганда, уйни ўғри урарди” дейиш каби), чунки "агар” сўзи шайтоннинг амалини очади. "Аллоҳ агар хоҳласанг мени кечир” дейиш ҳам ҳаром. Юқорида ўтган барча сўзларнинг истеъмоли жоиз эмас.
19. Мунофиқ ва фосиқ кишилар билан улфат бўлиб бирга ўтириш
Иймон қалбларидан мустаҳкам ўрин олмаган кўпгина кишилар, фосиқ ва фожирлар билан бирга ўтирадилар. Ҳатто "баъзилар” Аллоҳнинг шариатини хақорат қиладиган, Аллоҳнинг дини ва дўстларини масхаралаётган кимсалар билан ҳамтовоқлик қиладилар. Шубҳасиз, бу нарса ақийдага путур етказадиган ҳаром амаллардандир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: ”Қачон бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришгунларига қадар улардан юз ўгиринг! Энди агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг”. Анъом: 68.
Бундай фосиқ ва фожир кимсалар, яқин қариндош ва яқин дўст ёки хушмуомала бўлсалар ҳам улар билан бирга ўтириш мумкин эмас. Лекин уларни даъват қилиш ёки ботилларини рад этиш ва уларни инкор қилиш мақсадида бўлса жоиз, аммо рози бўлиб ўтирса, ёки гапира олмай жим ўтирса мумкин эмас.
Аллоҳ таоло айтади: "Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу фосиқ қавмдан ҳеч рози бўлмайди”. Тавба: 96.
"Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: ”Қачонки, Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар”, деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз) демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир”. Нисо: 140.
20. Намозда хотиржамликни тарк қилиш
Энг катта ўғрилик – бу намоздан ўғирлашдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Инсонларнинг ичидаги энг ёмон ўғри, намозидан ўғирлайдиган кишидир”. Саҳобалар: ”Эй Росулуллоҳ, намозидан қандай ўғирлайди” дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмайди”. (Имом Аҳмад)
Намозда хотиржамликни тарк қилиш, рукуъ ва саждаларда белни текис қилмаслик, рукуъдан кўтарилганда қаддини ростламаслик ҳамда икки сажда орасида тик ўтирмаслик, буларнинг бари кўпгина намозхонларда топиладиган қусурлардир. Бугунги кунда намозларида хотиржамликни тарк қиладиганлардан холи масжидни топиш амри маҳол бўлиб қолди. Ваҳоланки, намозда хотиржамлик унинг рукнларидан биридир, усиз намоз дуруст бўлмайди, иш жиддийдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ”Рукуъ ва саждаларда орқасини текис қилмагунча кишининг намози ўтмайди”. (Абу Довуд)
Шубхасиз намозни тез, шошилиб ўқиш зажр ва ваъидга лойиқ бўлган мункар ишдир. Абу Абдуллоҳ Ашъарий айтадилар: ”Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан намоз ўқидилар. Сўнг уларнинг бир тоифаси билан ўтирган эдилар, бир киши кириб намоз ўқий бошлади ва рукуъ, саждаларни худди дон чўқигандек тез-тез қилди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Мана буни кўряпсизми? Ким мана шу ҳолатда ўлса, Муҳаммаднинг динидан бошқа динда ўлган бўлади, намозини худди қарға қон чўқиётгандек ўқимоқда. Худди дон чўқигандек тез-тез рукуъ ва саждаларни қилган кишининг мисоли, бир ё икки хурмо еган қорни оч кишига ўхшайди, бу эса унинг очлигини кетказа олмайди”, дедилар.
Зайд ибн Ваҳб ривоят қилади: Ҳузайфа разияллоҳу анҳу рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмаётган кишини кўриб унга деди: ”Сен намоз ўқимадинг, агар шу ҳолда ўлсанг, Исломдан бошқа динда ўласан”.
Намозда хотиржамликни йўқотганлар бу ҳукмларни билганларидан сўнг, намозни оҳиста, хотиржам ўқишлари ва ўтган намозларидаги камчиликларига Аллоҳга кўп тавба қилишлари лозим.
Davomi Bor....
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4
АЛЛОХНИНГ кайси мужизаларини инкор кила олурсиз???
Оёк, к,ули ишламаган кишиларники ишлаб кетади
доира билан ишлайди, улар