Кетмоқда жимгина буюк Рамазон,
Унинг кўзларига тикилмоқ қийин.
Кимдир пичирлайди жудаям арзон:
"Қайтади барибир бир йилдан кейин..."
Ҳа, олғир ҳаётнинг қоидалари
Ютиб юборади яна бизларни.
Овчидек эргашиб юрганимиз сари,
У секин йўқотиб босар изларни.
Гўё дил юртидан қувилган сургун,
Ичга тўкажакмиз кўз ёшларимиз,
У бизни қучоқлаб олади бир кун --
Тугаб битганида бардошларимиз...
Ҳа, шунда топамиз армуғон кучин:
"Эй юрак, оч қолсанг, ғамингни ейман!"
Тириклик шарафин сақламоқ учун,
Рамазон бир йиллик қувватми, дейман.
Алвидо сўзидан ясамам таскин,
Ахир, қайлардадир мангудир баҳор --
Рамазон тақвимдан кетиши мумкин,
Аммо юракларда қолмоғи ҳам бор.
Ул юрак юртида дарё бесоҳил,
Рисолат чашмаси тутқазар пайғом --
Шарафли зотларнинг уйида бир йил
Айём давом этар, илоҳий айём!!!
Хайрулло Ҳамидов.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев