У Исломдаги биринчи шаҳида аёл Сумайя бинт Хубботдир. Шояд унинг иймоний мавқеси бугунги муслима аёллар учун йўлчи юлдуз, машъал бўлиб, унинг изидан юрсалар ва уммат теварагида фаолият кўрсатаётган уйғониш жараёнида иштирок қилсалар. Ёсир ибн Омир Ямандан Маккага келган вақтда Абу Хузайфа ибн Муғира Махзумийни ўзига иттифоқчи қилиб танлади ва унинг ҳимоясида ҳаёт кечирди. Абу ҳузайфа уни ўзи кўнгил қўйган Сумайяга уйлантириб қўйди. Бу никоҳ меваси сифатида икки фарзанд - Аммор ва Абдуллоҳ дунёга келди. Бу оила то Маккадаги ва бутун жазирадаги ҳаётни ларзага солган хабар келгунча тинч, осуда ҳаёт кечирди. Шу пайтда одамлар бир-бирларига бир Пайғамбар зуҳур қилганлигини, у Муҳаммад ибн
Абдуллоҳ эканлигини ва у якка-ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга даъват қилаётганлигини сўзлай бошладилар. Ёсир Пайғамбарнинг даъватидан ғоят қаттиқ таъсирланди ва улуғ Пайғамбарга иймон келтирди. Шунингдек унинг жуфти-ҳалоласи ва икки фарзанди ҳам иймон келтирдилар ва мушриклик ақидасидан воз кечган одамларга
нисбатан Қурайш ўтказаётган даҳшатли зулм, азобга қарамасдан иймонларини очиқ эълон қилдилар. Шунда дунё остин-устун бўлди... Чунки Бану Маҳзум мушриклари дарҳол Ёсир ва унинг оиласига етиб келишиб, агар иймон келтирган нарсаларидан қайтмасалар қаттиқ азоблаш билан таҳдид қилдилар. Бу улуғ оила кофирларга қаттиқ қаршилик кўрсатди ва Исломда мустаҳкам турди. Шунда зўравон тоғутлар Ёсирни, хотинини ва Амморни шошилинч кишанлаб, уларни қуёш куйдираётган қайноқ қумлик Макка атрофидаги водийга судраб бордилар, сўнгра улар устига қамчи зарблари билан ёпирилдилар ва оёқлари билан аёвсиз тепкиладилар. Улар Исломда маҳкам туриши ва иймонининг салобати билан адоват- ғазабларини қайнатган бу аёлнинг кекса ёшига ҳам эътибор бермадилар. Аммо буюк Пайғамбар (С.А.В) Ёсир оиласи
жароҳатлари учун шифобахш малҳам ва кофирлар қаршисида улар учун меҳрибон мунис дўст бўлди. Зеро, улар Росулуллоҳ (С.А.В)нинг уларга қарата айтган: «Эй Ёсир оиласи, сабр қилинглар, чунки сизларга ваъда қилинган жой жаннатдир», деган сўзларини эшитган вақтларида саодат денгизига ғарқ бўлдилар. Бу жонбахш сўзлар уларнинг иймоний ва руҳоний қувватларини янада зиёда қилиб, уларнинг жисму-жонларида оқадиган қатъийят туйғуларини қуйди,
шунинг учун улар озорларга сабр қила олдилар. Жаннатни соғиниш, қумсаш ҳисси уларнинг қалбларини титратар, тортган аламларини енгиллатар ва сабрларини зиёда қилар эди. Бу ерга Маҳзум етакчиси, куфрнинг боши ва ана шу даврнинг Фирoавни Абу Жаҳл етиб келди. Сумайяни иймон келтирган динидан қайтишга чақирди. Бу нарса Сумайянинг саботи ва матонатини зиёда қилди холос. Таҳдид қилиб, дўқ урди. Лекин унинг таҳдид-
дўқлари бу аёл саботини синдира олмади. Бу жирканч кимсанинг ақли бошидан учиб телбаланди ва найзасини аёл қорнига санчиб юборди. Шундай қилиб Сумайя онамиз Муҳаммад (С.А.В)нинг дини йўлида шаҳидлик топдилар, Абу Жаҳл эса дунё ва охират шармандалигини бўйнига олди. Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган инсонларнинг энг биринчиси аёл киши эканлиги аёллар шаънини юксакларга кўтармайдими? Бу нарса муслима аёлларни ўзларининг улуғвор шон- шарафларини эслашга ва уни ҳимоя қилишга чорламайдими? Аёлларимиз учун уйғониш ва бу асрдаги Ислом уйғонишига, унинг буюк жонланишига ҳисса қўшиш учун мадад қўлларини чўзиш фурсати етмадимикин?...
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1