Бугунги кунда юртимизда аҳоли саломатлигига қаратилаётган эътибор ва бу йўлда олиб борилаётган саъй-ҳаракат, шунингдек, бир қанча қуриб битказилган соғлиқни сақлаш муассасалари, замонавий тиббиёт жиҳозлари, дам олиш масканлари ва бошқа сиҳатгоҳлар аҳоли саломатлигини сақлаш ва жамият ҳаёти учун келажак авлодни соғлом қилиб тарбиялашга қаратилгандир. Аҳоли саломатлигини сақлаш ва даволаш, унинг олдини олиш, шунингдек, жамиятда соғлом оила муҳитини яратиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан олиб борилмоқда ва шу билан бирга давлат етарлича маблағ сарфламоқда. Аммо шунга қарамасдан, бутун дунёда бу касалликларнинг камайишида салбий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мисол тариқасида, инсонни ногиронлик даражасига олиб келувчи инфаркт, инсульт ва оғир турдаги юқумли касалликлар бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солмоқда. Бу касаллик билан кўпроқ ўрта ёшдаги инсонларда учраши эса ачинарли ҳолдир. Дунё олимлари буни олдини олиш ва даволаш йўлида тинмай изланишлар олиб боришмоқда. Бугунги кунда тиббиёт соҳасига доир янгиликларни деярли ҳар куни кузатишимиз мумкин. Аммо шунга қарамасдан, замонавий техонология даврига келиб, XI аср халқ табобати жуда илгарилаб кетди десак хато бўлмайди. Янги замонавий ҳужайра даражасидаги нанотехнологиялар, жуда катта аниқликдаги диагностик асбоб- ускуналар, лабораторик текширишлар ва бошқа бир қатор шунга ўхшаш мисолларни келтиришимиз мумкин. Аммо бундай ривожланишга қарамасдан касалликлар ва беморлар сонида сезиларли камайиш сезилмаяпти. Бунинг сабаби нимада? Сабаблар кўп ва хилма-хилдир… Ана шундай долзарб муаммо бўлган, бугунги кун тиббиёт ходимларини ташвишга солган, жиддий эътибор беришни талаб қиладиган касалликларнинг бирига тўхталиб ўтишни лозим топдик. Депрессия – асаб касалликларидан бири бўлиб, одам руҳияти билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳозирги кунга келиб руҳий ва асаб тизими касалликлари билан оғриган беморлар сони ортиб бормоқда. Умумамалиёт шифокорлари ҳам бу касаллик билан жиддий иш олиб боришмоқда. Чунки бу касаллик шикояти билан келган беморлар дастлаб умумамалиёт шифокорларига мурожаат қилишади. Депрессия қандай касаллик? Депрессияга илмий таъриф берганда: Депрессия лотинчадан deprimo - «бўғиш», «бостириш» каби маъноларни билдиради ва қуйидаги учлик белгиларидан иборат бўлиб: – узоқ муддат давом этувчи, бирор ҳолатга боғлиқ бўлмаган бўғиқ кайфият; – ангедония – яъни, кизикишнинг йўқолиши, бефарқлик; – давомий, кучли чарчоқни сезиш. Булардан ташқари, яна бошқа бир қанча белгилари бўлиб, улардан қуйидагиларни санаб ўтишимиз мумкин. Пессимизм, ўзини айбдор, кераксиз бир буюмдек ҳис қилиш, диққат-эътиборини жамлай олмаслик ва қарор қабул қила олмаслиги, ўз жонига қасд қилиш каби хаёлларнинг пайдо бўлиши, баъзи ҳолларда иштаҳанинг йўқолиши, уйқунинг бузилиши сингари ҳолатлар ҳам учраши мумкин. Депрессия сабабларига кўра икки гуруҳга бўлинади. Реактив – яъни, ташқи таъссуротларга боғлиқ бўлиб, эндоген организмнинг ички сабабларига кўра боғлиқ бўлган депрессив ҳолат бўлиб, у юз берган вақтда организмда қандай ўзгаришлар кузатилади? Мутахассислар маълумотига кўра, мияда биоген аминлар, яъни, серотонин, норадреналин ва дофамин моддалари танқислиги кузатилади. Юқоридаги белгилардан кўриниб турибдики, бу инсонни нафақат ўзига балки оиласи ва яқин кишиларига, қолаверса жамиятга ҳам катта зарар келтириши кўриниб турибди. Дунё статистик маълумотларига қараганда, яна қўшимача ўрнида қуйидагиларни кузатишимиз мумкин: – Бутунжахон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ) депрессияни инсониятни қамраб олган «эпидемия»га тенглаштиради, ҳозирги кунда дунё миқёсида депрессия ишга бўлган қизиқишнинг йўқолиши ва турли сабабларни баҳона қилиш, ишга лаёқатнинг йуқолиши билан ифодаланади. – Ҳар йили 150 млн. га яқин одам депрессия туфайли ишга бўлган лаёқатини йўқотади. Биргина АҚШ иқтисодиётида йилига 50 миллиарддан кўпроқ зарар кўрмоқда. – БССТ нинг олдиндан белгиланган тахминий маълумотига кўра, 2020 йилга бориб депрессия, ҳозирги кундан энг кўп тарқалган юрак-қон томир ва юқумли касалликларга нисбатан биринчи ўринга бориш эҳтимоли ҳам мавжуд эканини таъкидлади. – Илмий тадқиқот натижаларига кўра, эркакларга нисбатан аёлларда бу хасталик кўпроқ учраши кузатилди. Аёлларда 20-26 фоиз, эркаклар 8-12 фоизни ташкил этади. – Инсониятнинг фақат 2-3 фоизи ташқи сабабларга боғлик бўлмаган депрессияга учрайди, қолган қисмида эса ташқи стресс таъсири ривожланади. – Ана шулардан, жонига касд килувчиларнинг 45-60 фоизини депрессияга дучор бўлган беморлар ташкил қилади. – Ҳар йили депрессияга қарши ишлаб чиқарилаётган дорилар каталогининг қалинлиги 3 см. га етади. Минг афсуски, булардан кутилган натижа бўлмаяпти. Сабаби шундаки, юқорида айтиб ўтилганидек, депрессиянинг асосий сабаби кўп ҳолларда ташқи таъсир остида ривожланиб бориб, доимий давом этувчи стресс, шунингдек, яқин кишисини йўқотиш сабабли юзага келадиган тушкун кайфият, оилавий муносабатларда эса (эр-хотин, ота-она ва фарзанд ўртасидаги) турли сабаб билан келиб чиқадиган келишмовчиликлар, ишсизлик ёки амалдан кетиш, молиявий муаммо ва шу билан бирга дунёда содир бўлаётган воқеалар ҳам сабаб бўлмоқда. Ачинарли томони шундаки, депрессия дастлаб 40-45 ёшдан кейин кузатилган бўлса, ҳозирги кунда эса буни 25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ҳам кўп кузатилмоқда. Бунинг натижасида, атроф- муҳитга бефарқлик, ҳаётидан нолиш оқибатида эса ҳаётга бўлган қизиқишини йўқолади. Ана шу сабабли, баъзи ёшларнинг қинғир ишларга аралашиб қолиши, турли экстремистик гуруҳ ва оқимларга қўшилиб колаётгани, наркоманияга берилиб кетиши ва ичкиликка ружу қўйиши каби ҳолатлар келиб чиқмоқда. Бу эса жамиятда турли жиноятларнинг содир бўлишига сабаб бўлаяпти. ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТ ДЕПРЕССИЯНИ ҚАНДАЙ ДАВОЛАМОҚДА? Депрессияни даволаш тури ва усуллари бир қанча бўлиб, улардан энг асосий даволаш йўли бу – антидепрессив дориларни қўллаш ва психотерапия усулидир. Булардан ташқари игна санчиш терапияси, гипнотерапия, мусиқа терапия, арт-терапия, медитация каби усулларни қўллаш ҳам самаралидир. Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, депрессияга қарши қўлланадиган дориларнинг бир қанча ножўя таъсирлари ҳам мавжуд бўлиб, баъзи беморларга бу дориларни истеъмол қилиш мутлақо манъ қилинади. Машойихларимиз айтганидек, дарднинг келиши ботмонлаб, кетиши мисқоллаб бўлишини таъкидлашган. Хасталикни даволашдан кўра унинг олдини олган яхши. Замонавий тиббиёт депрессия касаллигининг олдини олишда турли маслаҳатлар бериб, ўзини кўп койимаслик, ҳаётий воқеаларга эътибор бермаслик, кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилиш, доимий тарзда жисмоний машқлар билан шуғулланиш, ўзини-ўзи мақташ, баъзида ўзини эркалатиб туриш ҳам лозим. Психологлар маслаҳатига кўра эса, уни оддий инсонлар бажара олмаслиги ҳам мумкин. Тажриба ва ҳаёт шуни кўрсатадики, юқоридагилар кўп ҳам самара беравермайди. Шу ўринда аёллар ва эркаклар ўртасида депрессияга дучор бўлишнинг сабабларига бироз тўхталсак. Нима учун бу ҳолат аёлларга нисбатан эркакларда кам учрайди? Сабаби ҳам турлича бўлиб, асосийси улар шифокорга мурожаат қилмасдан, ўзлари мустақил равишда ҳар хил воситалар билан ўзини депрессив ҳолатдан чиқаришга уринади. Шунингдек, ўзи билар-билмас тарзда дориларни қабул қилиш, баъзан эса наркотик модда истеъмол қилиш орқали ўзидаги депрессив ҳолатни бартараф этишга бўлган уриниш, кўпчилик ҳолатларда спиртли ичимликка ружу қўйиши, ишга зўр бериб ишлаш, баъзан эса уйдан чиқиб кетиб улфатчиликка берилиши ҳам кузатилади. Юқорида келтирилган маълумотларни таҳлил қилар эканмиз, бу хасталикнинг инсонга келтираётган зиёни, нафақат ўзига балки оиласига ҳам ташвиш келтираётгани, агар инсонга шахс сифатида қарайдиган бўлсак жамиятга ҳам катта зарар келтираётгани кўриниб турибди. Айниқса бу хасталикнинг фожеали тугаши эса жуда ачинарли ҳолатдир. Шуларни мулоҳаза қилар эканмиз, наҳотки бу дарддан бутунлай фориғ бўлишнинг иложи бўлмаса? Иложи бор! Бўлганда ҳам жуда самарали йўли бор! Келинг энди асосий мақсадга ўтсак. Бу масалага ислом дини нуқтаи назари билан қарасак. Ҳар бир мўмин мусулмон одамда бу касаллик мутлақо учрамайди десак ишонасизми? Ишонаверинг. Барчамизга аёнки, ислом дини беш устун асосида қурилган бўлиб, иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатлари исломнинг асосий арқонидир. Мўмин кишининг иймони қандай бўлади? У Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига, қазои-қадарга, охират кунига, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллохдан эканлигига шак-шубхасиз ишонади. Бу одам ўзининг Роббисини танийди, Яратувчисини билади, шундай экан ҳар бир яхшилик ва ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигини қалбига сингдиради, қалбида сабр деган сифатни жамлайди. Агарда Аллоҳ таоло айтгандек ҳаёт кечирадиган бўлса унинг мислсиз, инсон ақл- идрокига сиғмайдиган мукофоти – ЖАННАТ кутиб турганлигини аниқ билади. Бир лаҳзалик бўлган бу дунё ғам-ташвишларига куйиниб ҳам ўтирмайди. Инсонга дунёда бериладиган ўртача 70-80 йил умрини охиратда ваъда қилинган чексиз роҳат- фароғатга тенглаштириб бўлармиди? Мусулмон одам ҳар куни 5 вақт намоз ўқийди. Намоз нима? Чексиз куч-қудрат соҳиби бўлган Парвардигорига қурбат ҳосил қилиб, ўзини бир ожиз банда эканлигини ҳис этган ҳолда сажда қилиб, ялиниб ёлворади. Бу мулоқот эса Аллох ва банда ўртасидаги мулоқот бўлиб, нажот кемаси томон кўрсатилган бир йўл кабидир. Намоз вақтида руҳнинг бутунлай ўзгариб қолишини ҳушуъ билан намоз ўқийдиган инсонлар яхши ҳис қиладилар, дунёдаги ҳеч бир роҳатни намоздаги топган ҳаловатига тенглаштириб бўлмайди. Буюк саҳобийларнинг намозини бир эсга олиб кўрсак, намоз ўқиётган пайтда бир оёғини кесиб ташласа ҳам сезмаган саҳоба, оёғига санчилган найзани суғуриб олса ҳам сезмаса бу жуда улкан фазилатдир! Намоз билан роҳатланувчи инсонда дунё ғам- қайғуси бўлмайди. Ҳаттоки, ғайридин тиббиёт олимлари ҳам инсоннинг намоз вақтида мия ярим шарининг бир хил ишлаши, миянинг альфа активлигининг бир хил частотада бўлишини таъкидлади. Бу эса мия жуда тоза режимда, жуда аниқ ва кучли, бир текисда ишлаётганидан дарак беради. Ташқи стрессларга турғун мия бу ўта соғлом мия деганидир. Энди ўзингиз айтинг, бир кунда беш вақт намозни канда қилмайдиган мусулмон киши миясида руҳий хасталик нима килсин?Молиявий аҳволи маълум бир даражага (нисобга) етган мусулмон закот деб номланувчи ибодатни бажаради. Закотни ўз қўли билан олиб бориб бериш эса улуғ савоб эканлигини яхши тушунган ҳолда, ўзининг молидан шариат кўрсатган миқдорда ўз ихтиёри билан муҳтожларга улашади. Бу ўринда муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ҳам бор. Ана энди ўзидан кўра ночор аҳволдаги одамнинг ҳолидан хабар олгани боради ва ўз ҳолига шукур қилади. Ўзининг ҳолига мамнун бўлган инсон, депрессияга учрамайди, бунга ишонаверинг. Ҳаж ибодатида эса дув-дув кўз ёш тўккан, қалблар чок-чокидан сўкилиб кетган, руҳлар ором олган, тиллар истиғфор ва зикрдан тўхтамаган, қалблар титраган ва тана ибодатдан чарчамаган, қўллар эса доимо дуога очилган бир пайт…. Буни тил билан изоҳлашга ожиз бўлсак-да, аммо ана шу вақтда қалб сокинлиги ҳар қандай ғам- ташвишни йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Биргина зам-зам сувининг ўзи барча касалликлардан фориғ қилади, уни қайси ниятда ичилса, иншаАллоҳ, нияти албатта амалга ошади. Мусулмон қалбида таваккул деган ҳис бўлиб, буни қандай таърифлаш мумкин? Аллохга таваккул қилиш ўзи нимани ифодалайди? Имом домлалардан бирининг маърузаларида шундай таъриф беради: таваккул бу тақдирга иймон келтирган инсоннинг натижа ҳақида ғам қилмаслигидир. Меҳнатни қилади, ҳаракат қилади, лекин натижаси ҳақида сиқилмайди, ғам қилмайди. Энди нима бўлар экан? Қандай қиламан экан? Бўлса-чи? Бўлмаса-чи? каби саволларни ўйламайди. Бир муаммо ҳақида тонг саҳарга қадар ўйлаб чиқиб, асабларини таранглаштирмайди. Бунинг аксида эса, муаммони ўйлаб ғам қилади, эрталаб турса яна ўша муаммо муаммолигича турибди, саҳар вақтигача ўйланиб чиққани билан ҳеч бир нарса ҳал бўлмаган, охир-оқибат фақат ўзининг асабларини кемиргани қолади. Таваккулга мисол келтириб шундай дейди: балиқчи анжомларини олиб қайиғига ўтириб дарёнинг балиқ бор деб ўйлаган жойига бориб ўтиради, тўрини текис қилиб ёйади. Балиқ тутиш учун керак бўлган ҳамма ҳаракатни қилади. Ана энди бўлса буёғини Аллохга таваккал қилиб топширади. Тўрига балиқ чиқса ҳам алҳамдулиллах, чиқмаса ҳам алҳамдулиллах. Нега бундай бўлди экан деб сиқилмайди ҳам. Буни эса қалб хотиржамлиги, яъни, Аллоҳга таваккул қилиш туйғуси дейилади. Инсониятнинг асосий ғам-ташвиши ризқ муаммосидан келиб чиқиб, “Энди нима қиламиз, ун қиммат бўлиб кетибди”, “Энди нима қиламиз, бу йил буғдой бўлмас экан”, “Энди нима киламиз, уйлар бузилар экан” каби ўй-саволлар билан қалбини ғаш қилмайди. Аллох таборака ва таоло айтдики: “Ер юзидаги ўрмалаган жамики жонзот борки, унинг ризқи менинг зиммамда. Ризқинг менинг зиммамда, ибодат сенинг зиммангга”, деса биз шунинг аксини қилиб, ризқни деб куйиб-пишиб югуриб юрибмиз, ибодатни эса кечирар, деб ташлаб қўйяпмиз... Аллоҳ таоло ризқни қаердан излашни ўргатаяпти, ана шу ризқни, тирикчиликни, хотиржамликни фақат пулдан излаганими, топганмиз баъзиларимиз, лекин бу пул билан хотиржамлик бўлмаяпти, аксинча пул кўпайгани сайин ғам-ташвишимиз ҳам шунча ортиб бораверади. Аллоҳ таоло шундай бир сабабларни кўрсатиб қўйганки, кутилмаган жойдан бир йўлини кўрсатиб қўйганганки, бизниг шариати исломиямизда, ана шу сабабларни қойим қилиб қўйсак, ўзимизни кўп ҳам ўтдан-чўққа урмасак ҳам ризқнинг келишини айтиб қўйган. Бир қаттиқроқ қотирилган гайка бўлса, уни бўшатишнинг йўли ключ, агар ключ бўлмаса, минг хил йўлини қўллаб кўрманг, ягона тўғри йўли бу ключ эди, шундай солиб бурасангиз бўшарди, лекин шу ключнинг йўқлигидан минг хил қийинчиликка кириб кетамиз. Ризқ деган “гайка”ни бўшатишнинг “ключ”и бор, у фақат бозордамас, бозор битта сабаб холос. “Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан изланглар, унга ибодат қилинглар, шукр қилинг”, дейди. Минг афсуски, биродарлар ана шу сабабларни билмаганимиздан ҳам ҳар турли қийинчиликларга кириб қолаяпмиз. Сабаблардан бири бу – таваккул. “Аллоҳга таваккул қилган эл, на талқонин, на қалқонин ғамин ер” деган экан, Ҳазрат Сўфи Оллоёр. Она қорнида, 121 кунга тўлгунга қадар, туғилгандан то ўлгунингача бўлган ризқи фаришта орқали ҳомила пайтидан ёзиб қўйилади.Қалбида Аллохга таваккул қилган инсон ҳеч қачон депрессияга учрамайди. Қалбида хотиржамлик бор инсонда руҳий тушкунлик бўлмайди. Ислом динида мусулмон кишининг муҳим таянч нуқтаси бу қалб поклигидир. Диний олимларимиздан бири, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Руҳий тарбия» номли китобида қуйидаги маънодаги гапларни айтади: «….инсон фақатгина жасаддан иборат эмас, балки унинг руҳи ҳам бор. Биз инсонни жасадини тарбиялашни, парваришлашни ўргандик, руҳ нима бўлади, руҳ ҳам тарбияга муҳтож…, инсон танасини даволашни ўргандик, қалб-чи, қалб ҳам касал бўлади, у ҳам даволашга муҳтож бўлади, қалбни ҳам поклаш керак…». Шунингдек, қалб ва руҳ бевосита ўзаро боғлиқ эканлиги, улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган, бир-бирини тўлдирувчи унсур эканлигини жуда содда, оммага тушунарли тилда баён қилганлар. Шу билан бирга, қалбни поклаш, уни сайқаллаш йўлларини босқичма-босқич тарзда бу асарда аниқ ва равшан тушунтирилган. Ўйлаб кўрсак, ҳасад, чақимчилик, ғийбат, фисқу-фасод, дунёга ҳирс қўйиш каби барча қалб касалликларидан халос бўлган инсон қандай бўлади. Шуни билингки, қалб ҳеч қачон бўш бўлмайди, покланган қалбни фақат Аллоҳга бўлган муҳаббат туйғуси билан суғориш лозим. Аллоҳни севиш эса қалби пок инсонда руҳий хасталикка сабаб бўладиган ҳеч қандай омилга йўл қолдирмайди. Хулоса қилиб шуни айтадиган бўлсак, руҳий ва жисмонан соғлом, хотиржам, бахтиёр ҳаёт кечиришни истаган инсон Исломда буюрилган тўғри йўлдан борсагина, дунёвий муаммолару, салбий воқеъликларга қалби томонидан бевосита барҳам беради. Ҳаётини ислом дини билан мунаввар қилган инсон, иншаАллоҳ икки дунё саодатига эришади. Аллоҳ барчамизни қалб хотиржамлиги ва икки дунё саодатига етказсин.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3