Mалоҳат Анвар ўз саҳифаларида шундай ёзадилар: "Суратдаги Шимолий Ғазодаги оила ифтори. Дастурхонда ўт-ўлан(ажриқ)дан пиширилган шўрва ва лимондан бошқа ҳеч нарса йўқ…
Суратга яхшилаб қаранг, сўнг, ифторлик пайтидаги дастурхонингизга назар солинг диндошим. Нималарни ҳис қиляпсиз?
Рамазон рўзасининг фарз қилиниш ғояларидан бири - мискинларнинг ҳолини тушуниш эди.
Аммо кўпларимиз буни тушунишга ўзимизга фурсат бермаяпмиз.
Негаки, кун бўйи емай-ичмай юрганимиз билан, ифторда албатта зиёфат бўлишини, бир эмас бир неча ҳил анвойи таомлар бизни кутиб турганини биламиз.
Бошқа ойларда кечки таом учун битта таом тайёрланган бўлса, Рамазонда ифторликка махсус тайёргарлик кўриш, суюқ-қуюқ, салат, сомса, ширинликкача қилиш, кунда кун ора ифторга меҳмонга бориш ё меҳмон кутиш одатга айланган.
Бечора ошқозон бир йилда бир дам олиш ўрнига икки баробар ишлашга маҳкум.
“Ифторга нима есак экан?…”
“Саҳарликка қайси таом ейилса кун бўйи тўқ тутаркин?” деган ташвиш билан Рамазон ўтиб кетади.
Бу туришда қачон оч қоламизу қачон мискинлар ҳолини ҳис қиламиз?!
Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари Рамазон ойида ғазотларда юрганлари, саҳарлик ва ифторликлари бир неча дона хурмо, сут ёки сув бўлгани ҳақида ривоятларни ўқисак ҳам озгина ибратланмаймиз.
Рамазон ойи таом ойи эмас ибодат ойи эканини унутгандекмиз.
Бугун бизларнинг барча ғайратимиз, шижоатимиз - ошхонада жавлон уриш бўлиб қолди гўё…
Аслида Рамазондан мақсад қоринни эмас, иймонни тўйдириш эмасмиди? Иймон таом билан эмас, Қуръон билан, илм билан, ибодат билан тўлмасмиди..?
Қоринларимиз тўляпти аммо иймонларимиз оч қолмоқда…
Йўқса, биродарларимиз ажриқ еб ўтирганда томоғимиздан луқма ўтмаган бўларди…".
🔹Аллоҳ бизга раҳми келсин!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8