________________
Ҳар бир жон ўлимни татувчидир.
Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз.
Бу дунёда ўлмайдиган жон йўқ. Шоҳ ҳам, гадо ҳам, пайғамбар ҳам, уммат ҳам ўлади. Шунинг учун ҳар бир банда дунёда абадий яшайдигандек бўлиб эмас, балки бошига бир куни ўлим келишини эслаб юрсин. Ўлим шаробини албатта татиш борлигини ҳисобга олиб юрсин. Ўша муқаррар ўлим келгунча эса:
«Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз...»
Аллоҳ таоло бандаларини гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синайди. Ёмонлик етганда, банданинг қийинчиликка чидаши, ўша оғирликка сабр этиши, Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бу синовларга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиш ҳам мумкин.
Аммо яхшилик билан синаш жуда қийин синовдир. Бу синовдан ўтиш душвордир. Кўплар камбағаллик ва йўқчиликка чидайди. Аммо бойлик ва сероблик келса, ўзидан кетади. Қўлига бойлик тушса, ҳовлиқиб, ҳаром-хариш ишлар қилишга ўтади. Шунингдек, заифлик ва жабр-зулмларга чидайдиганлар кўп. Аммо куч-қувват ва соғломлик синовидан ўта олмайдиган, ўша неъматларни нотўғри йўлда сарфлайдиган одамлар ундан ҳам кўп. Бошқа нарсаларни ҳам шунга қиёс қилаверишимиз мумкин. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатади. Исломий таълимотлар эса ёмонлик ва яхшилик синовидан саломат ўтишга тарғиб қилади. Ёмонлик етганда, сабр қилишга, яхшилик етганда, шукр этишга чақиради.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи «Саҳиҳ» китобларида ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг иши ажойибдир. Унинг ҳамма ишида яхшилик бор. Бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқдир. Агар унга яхшилик етса, шукр қилади. Бу унинг учун яхшилик бўлади. Агар унга ёмонлик етса, сабр қилади. Бу ҳам унга яхшилик бўлади», – деганлар.
«...ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз».
«Ҳеч ким Биздан ўзгага қайтарилмайди. Ўшанда Биз сизларга синов-имтиҳон натижасининг хабарини берамиз».
(Тафсири Ҳилол китобидан)
####################################
Аллоҳ лаънатлаган пардоз
Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай хабар беради:
“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).
Инсон шунга мувофиқ ўз даражасига қараб иш тутмоғи лозим бўлади. Ислом таълимотида инсон жисмини пок тутиши, тоза ва хушбўй бўлишига тарғиб ва ташвиқ қилиниб, гўзаллик белгиланган чегарадан чиқмаслиги ҳам алоҳида зикр этилган.
Азалдан аёллар пардоз қилишга мойил бўлганлар. Момоларимизнинг қилган пардозлари ҳам табиий воситалардан бўлган. Айниқса табиий мойлар, гул ва ифор ёғлари, сурма, хина, ўсмадан пардоз учун фойдаланиб келишган. Шунинг учун ҳам улар ҳатто 70-80 ёшларида ҳам ўз гўзалликларини йўқотишмаган.
Аммо кейинги вақтларда нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги аёлларда ҳам кўз, қош ва лабларни сунъий бўяш (татуаж, растушовка) қилдириш, танага расм солдириш (татуировка) русмга кириб бормоқда. Бу жараёнлар оғриқли бўлсада, аёлларимиз гўзаллик олдида ҳар нарсага тайёр эканликларини намойиш қилмоқдалар. Аслидачи, Аллоҳ таоло манъ қилган бу пардозларни соғлигимизга жиддий зарар келтиришини ўйлаб кўришармикан?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (У) деди: «Албатта, бандаларингдан белгиланган (маълум) улушимни олурман, уларни адаштираман, уларни ҳою ҳавасга чўктираман. Уларга буюраман – ҳайвонларнинг қулоқларини кесадилар. Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар». Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” Нисо сураси, 118-119 оятлар.
**“Татуаж”, “Растушовка”** - жараёни ҳақида соҳа мутахассислари ўз фикрларини билдирганлар. Татуаж — пермамент пардоз, яъни юздаги аъзолар — қош, кўз ва лабни узоқ вақтгача кетмайдиган қилиб бўяб, пардоз бериш. Пермамент пардозда санаб ўтилган аъзоларнинг терисига татуаж учун мўлжалланган игна ёрдамида махсус бўёқ юборилади. Бу пигментларнинг узоқ вақт ушланиб туришини таъминлайди. Пермамент пардоз муолажаси оғриқли бўлиб, бир-икки соатга чўзилади.
Аммо сохта зебнинг инсон организми учун зарарлари тузатиб бўлмас асоратларга олиб келиши ҳам мумкин..
Қош татуаж қилинганда қошлар илдизининг йўқ бўлишига олиб келиб, уларнинг тўкилишига сабаб бўлади. Кўзларга татуаж қилинганда эса кўзнинг кўриш қобилиятига, қовоқ териларининг сезувчанлигига салбий таъсир этади. Лаблар татуаж қилинганда эса оғиз атрофида шишлар пайдо бўлади.
Бу муолажаларда игна билан тери тешилгани боис организм турли инфекцияларга берилувчан бўлиб қолади. Тери тешикларига эса турли кимёвий бўёқлар киритилиши натижасида аллергия касалликларини келтириб чиқаради.
**“Татуировка”** - игна билан асаб томирларига зарар етказиб, танага сурат солдиришдир. Бу оғриқли жараён бўлиб, инсон ўз-ўзига шикаст етказади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича “татуировка” қилдирган инсонларда 20 дан ортиқ касалликка чалиниш кўрсаткичи юқори бўлар экан. Татуировка бўёғи таркибида саратонни юзага келтирадиган омиллар мавжуд. Бўёқлар ўзида инсон организми учун зарарли бўлган металларни, яъни симоб сульфиди, хром, кадмий, қўрғошин, титан, альюминий, кобальт сақлайди.
Татуировка асбоблари билан гепатит Б, С ҳамда ОИВ инфекциясини юқтириб олиш жуда осон. Татуировкаси бор инсонларнинг гепатит С касаллигига чалиниш хавфи, оддий одамларга қараганда, 9 баравар юқори бўлади. «Mycobacterium haemophilum» бактерияси сил ва мохов касаллигини чақиради, одамларда иммун тизимини сустлаштиради. Бу бактерия эса фақат татуировка чиздиргач юзага келади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳусн учун, игна билан аломатлар чизувчи ва чиздирувчи, қош терувчи, тиш орасини кенгайтирувчи аёлларга (яъни, Аллоҳ таоло яратган аъзоларни ўзгартирувчи аёлларга) Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин!”, - дедилар
Бухорий ривояти,.
Аллоҳ таоло ато этган ҳар бир неъматнинг қадрига етишимиз, Ўзи қайтарган ҳар бир ишдан қайтишимиз даркор.
###################################
Қуръони Каримнинг одамларга таъсири
Мазкур ишлар бўлиб турганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўз даъватларини давом эттирар эдилар. У кишининг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли даъват эди. Чунки тиловатни эшитган одам ўзи билмаган ҳолда мафтун бўлиб қолар эди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида Қурайшнинг бошлиқлари ҳам тинглашарди.
Аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриш, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди.
Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан бири, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳоқ аз-Зуҳрийдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бану Зуҳра қабиласининг шартномадоши Ахнас ибн Шарийқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқибдилар. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб, тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан.
Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилишибди. Бир-бирларига «Энди бошқа келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолишса, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз», дейишибди-да, тарқалиб кетишибди.
Иккинчи кечаси эса улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди.
Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.
Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга:
«Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг нима?» дебди. Абу Суфён:
«Нимаям эшитибман? Биз Бану Абдуманоф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом берганлар, биз ҳам берганмиз. Улар улов бердилар, биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон бердилар, биз ҳам бердик. Ниҳоят, тиз чўкиб, пойгага қўйилган икки отга ўхшаб қолдик. Шунда улар «Бизнинг ичимиздан Пайғамбар чиққан, унга осмондан ваҳий келади», дедилар. Биз бунга қачон етамиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».
Таассуб ва мансабпарастликкина уларни иймонга келишдан тўсиб турарди. Лекин аста-секинлик билан бўлса ҳам баъзи бир кишилар ҳақиқатни англаб ета бошладилар.
(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1