3-ҚИСМ
Тўйим ҳақидаги гап бирдан бутун қишлоққа тарқабди. Буни эшитган Холисхон опа уйга жанжал қилиб келса денг.
— Мана охири сиринг очилибди-ку! Ўзингча менинг қизимни дарс ўтишга олмагандинг. Ҳар балони баҳона қилгандинг. Аслида сенинг ўқишга тайёрлашинг ҳам ёлғон! “Танка”нг декан бўлади-ю, бош қотириб ўқитиб ўтирасанми? Бу бир ниқоб! Сен одам топиб берасан, деканинг ўқишга киргизади. Топдимми? Мен билмайман, менинг қизимни ҳам киргизасан ўқишга. Бўлмаса, устингдан ёзаман. Ўша деканинг билан тилинг бирлигини ёзаман. Исботи, мана — совчи бўлиб келди-ку!
— Нималар деяпсиз? — бошқа гап тополмай қолдим.
— Эртагаёқ, йўқ, бугуноқ қизим олдингга келади. Ўқишга киришнинг сир-асрорини ўргатасан, билдинг! Бўлмаса, борадиган жойимга бораман.
Бу хотинга гап уқтириб бўлмасди, шунинг учун индамай уйга кириб кетдим. Аввалига онам, кейин отам унга нималардир деди. Қани, бу аёлнинг жағи тинса?
Ўтириб-ўтириб унинг гаплари алам қила бошлади. Одамларнинг тили билан юриши чин экан. Ким нима истаса гапиравераркан? Сиқилиб ўтирганимда дугонам Зебо қўнғироқ қилиб қолди. Унга бор гапни айтдим. Ўзимни йиғидан тия олмадим. Зебо эса буни бошқача тушунди:
— Дугон, эрга тегаётганингни эшитиб ҳам йигитинг келмадими? Бўлди, унут уни. Сени ўйламаган одам учун куйиниб нима қиласан? Севгисиз ҳам билсанг турмуш яхши бўларкан. Мана, менам севишиб турмуш қурганим йўқ-ку! Битта фарзандли бўлсанг, шунақа оловли муҳаббат ичида қолиб кетасанки, ўша Куйдиргижонинг йўлда қолиб кетади.
“Куйдиргижон... Қани, у келса эди? Келадими? Мен ҳақимда биладими?”
* * *
“Севгилим ўқимас нома!
Моҳи, бугун дилимда илк бор сенга нисбатан нафрат туйдим. Бор ҳақиқатни билдим. Тақдирнинг туҳфасини қараки, жонажон ўртоғим Жасур бизнинг взводга ҳарбий хизматни ўташ учун келди. Уни кўриб қанчалар хурсанд бўлган бўлсам, сен ҳақингда айтган гапларини эшитиб, шу қадар ғамга ботдим. Бу дунёда биргина сенинг меҳринг мени ушлаб тургандек дилим вайрон бўлди. Сени севганимга пушаймонман. Қалбимни ўртаётган бу муҳаббат сен каби бевафога эмас, ўзимдек сева оладиган қизга муносиб эди. Эсиз, севгим! Энди сени асло эсга олмайман! Мактуб ҳам ёзмайман! СЕВМАЙМАН ҳам!
МАН. 03.06.2000”
* * *
Менинг қалбим ҳам худди шу хатдаги каби озорда эди. Ўзимни ҳеч нима деб овута олмасдим. Хатни беркитган жойимга қўярканман, ўпкам тўлиб йиғлашга тушдим.
“Дардларимиз ҳам ўхшашдек гўё. Мен ҳам буюк бир вафосизликка учрагандекман. Биз бир-биримиз учун яралган, бир-биримизга малҳам бўладигандекмиз. Аммо қайдан топай сени, муҳаббатим?”
Дунёга сиғмай бораётгандим. Кўз ёшимни артиб ҳовлига чиқдим. Холисхон опа аллақачон кетган, ҳамма ўз иши билан овора экан. Бироз овунарман, дея ҳовли этагидаги оқар сув бўйига йўл олдим. Ортимдан қараб қолган онам оғиз жуфтлади-ю, индамади. Хафалигимни қўшнимизнинг бақир-чақирига йўйгандир? Сув бўйига мук тушиб яна йиғлай бошладим. Қанча ўтирганимни билмайман, бир пайт орқамда кимдир борлигини пайқадим.
— Азиз ака?
— Нега мунча дардингни ичингга ютасан? Ма, боядан буён телефонинг роса жиринглаяпти. Шунга келгандим, — Азиз ака ҳам кайфиятсиз гапирди.
Телефонимга қарадим, Зариф беш марта қўнғироқ қилибди.
“Шу кам эди, менга? Бошимни оғритиб нима дейди, бу?”
Телефонимни индамай кўйлагим чўнтагига солдим.
— Гаплашмайсанми? Зарур иши бордир?
-— Курсдошим. Шунчаки қилгандир?
— Нимадан мунча қийналяпсан? Ота-онангга айта олмасанг, менга айт. Мени бегона, нотаниш сана. Эшитаман-у, унутаман. Айтавер, ҳарна енгил тортасан, — унинг кўзларимга тикилиб, чин кўнгилдан, ғамхўрлик билан айтган гапи яна кўнглим бўшатди. Унсиз йиғлашда давом этдим. Шу пайт яна телефоним жиринглади.
— Салом Зариф, — дедим ҳиқиллаб.
— Яхшимисиз? Моҳгул, эртага ота-онам уйларингизга бормоқчи. Манзилингизни олишга қўнғироқ қилаётгандим.
— Энди кеч, Зариф. Овора бўлишмасин, мени эрга бериб бўлишди, — охирги гапларни айтаётганимда хўрлигим келиб йиғим кучайди. Телефонни ўчирдим-у, ўтлар орасига жаҳл билан улоқтирдим. Бошимни қучиб, кўз ёшларга зўр бердим.
Азиз ака бироз ёнимда турди-да, кейин куймаланиб телефонимни қидирдими, ишқилиб бироз ўтиб уйга қайтиб кетди. Яхшики, мени бошқа саволга тутмади. Мен сув бўйида анча ўтирдим. Кейин ўзимга келиш учун юз-қўлимни ювдим. Энди уйга қайтмасам бўлмасди. Бошқа йиғламаслигимга ишонч ҳосил қилгач, ўрнимдан турдим.
— Моҳгул, ёнимга келиб ўтир, — бувим буйруқ оҳангидаги гапидан ажабландим.
Сўзсиз ёнига чўкдим.
— Домлангнинг келишини билармидинг?
Бувимга ҳайрат билан қарадим. Чунки нега бунақа савол бераётганини тушунмаётгандим.
— Жиянини аввалдан танийсанми?
“Йўқ”, дегандек бош чайқадим.
— Шунинг учун йиғлаб юрибсанми? Йигит ёқмадими, сенга?
“Нима дей? Алдайми, ростини айтайми? Қайси йўл тўғри?”
Бувимга жавдираб қарадим. У киши эса эшикдан кириб келган Азиз акага термулди.
“Худога шукр. Бувим энди унинг ёнида сўроққа тутмайди!” ўйладим ўзимча.
Ундай бўлмади. Қайтанга қатъийроқ оҳангда саволга тутилдим:
— Йигит нега ёқмади, сенга?
Кутилмаганда ўрнимга Азиз ака жавоб берди:
— Чунки ёқтиргани бошқа йигит!
Мен бутунлай ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир Азиз акага, бир бувимга қараб оларканман, ичимда қўрқув ва титроқ турганини сездим.
— Моҳгул, гапирасанми, йўқми? — бувимнинг гина аралаш айтган гапидан сўнг ўйлаб ҳам ўтирмай тилга кирдим.
— Деканнинг жиянини энди кўриб турибман. Уйга келишимда “сени келин қилмоқчиман”, деганди. Жияни ёмон йигит эмас экан. Лекин уйланган! — овозим титраб яна “эски қўшиғим”ни бошладим.
— Домлангдан яширинча уйланибдими? Уйдагилари билмасмикан? — бувимнинг қошлари чимирилди.
— Йўқ, ажрашган.
— Турмуши бузилган йигит учун оғиз солибдими, ўша... — бувимнинг домламни тилга олишни истамагани сезилди. — Сўзини икки қилолмаслигингни билган-да! Лекин қизим сен хафа бўлма, қизи бор уйга шунақа қилиб келаверишади.
Ўзимни йиғидан тиёлмасдим. Азиз аканинг олдида ҳолимдан уялиб ҳам кўз ёш тўкаётгандим. Худдики, ғурурим топталгандек. У киши ҳам буни сездими, ташқарига йўл олди.
— Азиз айтган бола ким унда? — бувимнинг бу ҳитоби мени йиғидан, Азиз акани йўлдан тўхтатди. **** қўйгудек қадалган нигоҳларим уни яна эшик сари одамлашга мажбурлади. Жим туролмадим. Ирғиб ўрнимдан турдим-у, қаршисига бориб кўзларига тикилганча алам билан дедим:
— Нега бунча мен учун жон куйдириб қолдингиз? Кимсиз менга? Отамми, акамми? Сизга айтинг, дедимми? Нима учун келган бўлсангиз, ўша иш билан шуғулланинг. Менинг ишларимга бурнингизни суқманг!
Ичимдаги исён босилгандек бўлгач, ундан олдин уйдан чиқдим. Азиз ака бувимнинг ёнида қолди. Менимча, бувим чиққани қўймади. Ким билсин, қўполлигим учун узр ҳам сўрагандир?
Кечки овқат вақтигача ҳеч кимнинг кўзига кўринмадим. “Орқа уй” яна жонимга оро кирди.
Қоронғи туша бошлаганида эса эшик очилиб, Азиз аканинг қувноқ чеҳраси кўринди:
— Овқат пишди, Маликаи Араз! Энг аввал ўзим хабар олай дедим.
Бир қараб қўйдим-у, индамай ўтиравердим.
— Моҳ, бўлди чиқ. Бутун олам зимистон бўлиб кетди-ку! Мен бировни хафа қилсам, нафас олишга ҳам қийналиб қоламан.
— Мен ҳеч кимдан хафа эмасман.
— Биламан. Шунчаки Исмалоқдан Чақиртиканга айландинг! — оғзини очмасдан ичида кула бошлади у. — Исмалоқнинг уруғи чақиртиканлигини биларсан. Тур, кетдик. Хавотир олма, бояги гапларни Абдулла тоғам ва кеннайим билмайди. Токи ўзинг айтмагунингча. Аннамга ҳам тайинладим.
Мен қимир этмай ўтиравердим. У бир пас тикилиб турди-да, чиқиб кетди.
Овқатланаётганимиздан ҳам, ундан кейин ҳам Азиз аканинг юзига қарамадим. У ҳам қандайдир тушкун. Ким билсин, барча аламимни у кишидан олаётгандирман? Гарчи айби бўлмаса-да.
Ухлашимдан олдин эса яна хатларимни титкиладим. Ўша роппа-роса ўн йил олдин ҳаётимга сўроқсиз кириб келган номаларни.
Хатлар 1999-2000 йилларда менга ошно бўлди. Ҳозир 2010 йил... Ўн йилдан буён кутаман уни. Воҳ, яна юрагим куя бошлади. Мавҳум тақдир ва муҳаббат қаршисида иложсизлигимдан хўрлигим келди. Ўқилавериб четлари увада бўлган, ёзувлари сал-сал ўчаётган қоғозга тикилдим...
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ойижон, сизга хат ёзмаганимга анча бўлди. Отамнинг уйланиш ҳақидаги хабари ва Моҳи тўғрисида эшитганларим ҳамма нарсадан совутгандек эди. Яна ўзимга кела бошладим. Чунки, ёнимга ким келганини таассавур ҳам қила олмайсиз. Синфдошим, қадрдон ўртоғим Жасур билан бирга хизмат қиляпмиз. Мен энди “черпак”ман. Ўзимга яраша ёзилмаган ҳақ-ҳуқуқларим бор. Жасур ўртоғим эканлигини барча “черпак”ларга маълум қилдим. Аммо, “дембль”лардан уни ҳимоя қила олмаслигим ёмон. Шукрки, у келганидан буён оғир вазиятга тушмаганди. Токи, кечаги кунгача. Кеча уни ҳимоя қила олмаганим сабаб ўзимни **** қўйгудек бўлдим. Бир “дембль” унга “анув лаганни узат”, дебди. Жасур қараса, лаган йўқ эмиш. “Лаган йўқ-ку”, деган уям. “Дембль” мана бу лаган бўлмай, қозонми?” дея унинг бошига тоғора билан туширибди. Бошқа вилоятларда тоғора — лаган дейилишини Жасур қаёқдан билсин. Жасур ўзимизнинг шева бўйича ликопни қидирган-да! Шу билан “дембль” жим кетар дегандим. Аммо эрталаб ўртоғимнинг қўлларини авайлаётганини кўриб, нима бўлганини тушундим. Унга “ош едириш”ибди. Яъни, Жасур бармоқларини жуфтлаб, учини тутиб турган “дембль” эса камарининг темир томони билан тирноқлари устига урган. Бу жуда азобли. Тиноқлар орқага қайтиб кираётгандек оғриқ беради. Қонталаш бўлади. Жасурнинг кўзларига қарай олмадим. Негадир ўзимни айбдордек сездим, ойи. Яна сизни соғиниб кетяпман.
МАН. 19.07.2000”.
* * *
Эрталаб Азиз ака отамга печни ўрнатаверишни тайинлаб, хайрлаша бошлади:
— Мен Тошкентга кетяпман. Ишни тўхтатиб қўймангизлар.
Унинг бу гапидан ҳамма қатори мен ҳайрон бўлдим. Отам оғиз жуфтлаганча қолаверди. Азиз ака дамасига ўтирди-ю, жўнади.
— Тинчликмикан? Нега тўсатдан кетадиган бўлиб қолди? — ҳайратини яшира олмаган отам акам ва бувимга тикилди.
— Ишни ташлаб қаерга ҳам борарди?! Хотини чақиргандир? Сен ишингни тўхтатма! — бувим Азиз аканинг ортидан қўл силкиди.
— Моҳгул, синглинг билан бориб, цехни тартибга келтиринглар, бир соат ичида печни олиб келиб ўрнатамиз. Оғир нарсалар бўлса, Жаҳонгир ёрдамлашади, — отам бирдан ишга киришиб кетди.
Моҳрўй аллақачон супургиси билан ёнимда. Ҳали дарвозага яқинлашмаган ҳам эдикки, Холисхон опа қизини етаклаб кирди:
— Мана, Сарвинозни сенга олиб келдим. Ҳозироқ ўтириб, ўқишга кириш сирларини ўргатасан.
— Мен цех ишига ёрдамлашгани кетаётгандим. Бир соатлардан кейин кела олсанми? — дедим Сарвинозга. Чунки онасига қарагим ҳам келмаётганди.
— Майли, сен билан цехга бора қолсин. Ёрдамлашади. Иш ўрганади. Мабодо, ўқишга кира олмаса, цехда ишлайверади. Ишчи қилиб оласизми, Абдулла ака? — бирдан мулойимлашиб қолди Холисхон опа.
— Бўлмаса, чоп, уйларингдан супурги олиб чиқ. Тезроқ бўлсак, тезроқ қайтамиз ва дарсни бошлаймиз, — қўшнимизга тақлид қилиб ясама юмшоқлик билан гапирдим.
Қишлоқ марказидаги дўкон биносининг бир томонини эгаллаган цех икки хонадан иборат, таъмирланган, кенг ва ёруғ эди.
— Азиз ака катта хонада хамир қилиниб, нон пиширилади, кичигига тайёр маҳсулот қўйилади, деди. Шунинг учун катта хонага ҳеч нарса қўймай, супуриб, артамиз. Кичик хонага эса манов столларни жойлаштирамиз, — Моҳрўй дарров ишга киришди. — Сарвиноз, сен кичик хонани супуравер. Мен каттасини супураман. Опам, ортимиздан артиб чиқади.
Уч қиз бир зумда ишни якунладик. Уйга келгач, Сарвинознинг билимини синаш учун бир-икки саволга тутдим. Яна кўнглим тўлмади. Шундай бўлса-да, тушунтирдим, вазифалар бердим.
Тушлик қилаётганимизда отам яна хавотирга тушди:
— Азизнинг бунақа одати йўқ эди. Нега индамай кетворди экан? Хафа қилиб қўймадиммикан? Доим бамаслаҳат иш қиларди. Бирдан кетиб қолгани ғалати.
— У ишини чала қолдириб кетадиган йигитга ўхшамайди. Ҳеч кўнглинг ўрнига тушмаётган бўлса, тилпон қилиб, қачон келишини сўра, — бувим яна тинчлантиришга уринди.
— Ўзи индамай кетгандан кейин сўраш ҳам ноқулай-да.
Отамнинг гаплари менинг ҳам дилимга ғулғула солиб қўйди.
“Мен хафа қилдим-ку! Меҳмонлигига, бизга кўмак бергани келганига ҳам қарамай қўпол гапирдим. Ўшандан кейин камгап бўлиб қолди. Эрталаб эса жўнаворди. Ҳа, мендан хафа у”.
Азиз аканинг бугун қайтиб келмаслиги тайин эди. Аммо эртаси ҳам дарак бўлмади. Ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Чунки отам цехни ишга тушириш учун керакли маҳсулотларни олиб келгани бозорга кетди. Азиз ака бўлмаса қандай нон пиширишади? Учинчи куни эрталабдан отамдан у кишининг телефон рақамини сўрадим.
— Нима қиласан?
— Бир дугонам билан учрашиб, керакли китобимни олиб келишини илтимос қиламан, — ёлғонладим.
“Азиз акани мен хафа қилиб қўйдим, кечирим сўраб чақираман”, дея олмайман-ку.
Рақамини тераётганимда нима учундир қўлларим титради. Азиз ака эса жавоб бермади. Яна тердим.
— Ало? — жаҳл билан деди Азиз ака.
— Мен Моҳгулман. Азиз ака, кечиринг. Келинг, — бошқа гап айта олмадим. Чунки у алоқани узди. Жуда ёмон аҳволга тушдим. Қайта қўнғироқ қилгим келмади.
“Йигит киши ҳам шунақа бўладими? Қиз болага ўхшаб аразлаб юрибди. Яна мендан! Мен кимман унга? Гапларимни кўнглига олмаса ҳам бўларди...”
Шундай деб овунмоқчи бўлдим. Афсуски, ўзимни у кишининг ўрнига қўйиб кўргач, виждоним баттар қийналди. Кимнингдир уйида ишига кўмаклашиб юрганимда, уй эгасидан бири менга бақирса, жаҳл қилса қай аҳволга тушардим?
Тоғдай бош кўтариб турган ғуруримни отам учун ер баробар қилиб хабар юбордим: “Кечиринг”.
Сал ўтмай жавоб келди: “Кечирмайман. Бир соатларда йўлга тушаман”.
“Ростдан ҳам мендан хафа экан. У ҳам ўйлаб кўриб отам учун йўлга тушишга қарор қилган. Келса юзига қандай қарайман?”
Азиз ака гапида турди, кечки пайт кириб келди. У кишининг ташрифи барчанинг кайфиятини кўтарди:
— Сизга ўрганиб қолган эканмиз, — деди онам ҳам хурсанд бўлиб. — Кетиб қолганингиздан хавотирга ҳам тушдик, зерикиб ҳам қолдик.
— Мен ҳам сизларни дарров соғиниб қолдим, — жилмайди у.
Ҳаммага шўхчан гапираётган меҳмонимиз менга қиё ҳам боқиб қўймасди. Тинчимни йўқотдим. Нимадир юрагимни тинмай тимдалай бошлади. Надоматми, аламми, гинами билолмасдим.
“Нега унинг бефарқлигига чидай олмаяпман? Қалбимда қандай ҳислар ўйғонмоқда? Наҳот, юрагимда ҳам мактублардаги каби жанг бошланмоқда?”
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ойи, сизга анчадан буён мактуб ёзмадим. Чунки ўзим билан ўзим курашиб овора эдим. Агар инсон ўзига ўралашиб қолса атрофдагиларни унутаркан. Энди унақа эмас. Ўзимизни ўйлашга бизда фурсат ҳам қолмади. Биз даҳшат ичидамиз, ойи. Бир кун олдин бизни ярим тунда уйғотишди. Нима бўлаётганини бир биз эмас, офицерлар ҳам тушунишмагандир? Тоғ томондан келаётган ўқ овозларини эшитгач, кимдир ваҳимага тушди, кимдир қизиқсиниб қулоғини динг қилди. Тонгда эса бизга кимдир ҳужум қилганини билдик. Ҳамма оёққа турган. Лекин ҳали биз томонга ўқ ёғдирганларни кўрмадик. Ким бўлиши мумкин? Ахир биз ўзимиз чегарада турибмиз-ку! Албатта, энди командирларимизга барчаси аёндир. Бироқ биз оддий аскарларга ҳали ҳеч нарса маълум эмас. Бир ғалати маълумот эса ҳаммани лол қолдирди. Биздан сал нарида қишлоқларда яшайдиган аҳолининг гапича, уларнинг чўпонлари йўқолаётган эмиш. Бу воқеа бир ҳафта олдин бошланган экан. Бир ҳафта ичида тўртта чўпон бедарак кетибди. Хуллас, ойи мавҳумлик ва ҳадик ичидамиз. У дунёдан бўлса-да, бизни дуо қилинг.
МАН. 31.08. 2000”
* * *
Эрталаб вақтли туриб ҳовлига сув сепдим, супирдим. Тонг ёришгани билан ҳали қуёш чиқмаганди. Негадир Азиз аканинг уйғонишини кутаётгандим. Кечаги кўринишини чарчоқнинг зўрига йўйгандим. Бугун аслига қайтар? Нонушта ҳозирлаётганимда отам дарвозадан кириб келди:
— Азиз турмадими? Цехни айланиб келдим. Бугун нон пиширсак керак.
Отам шундай дея сўрига яқинлашди. Ҳовлининг нариги четига қўйилган сўрига кунчиқар томондан қўшни уйнинг девори, жанубдан эса эски ток соя солиб туради. Шунинг учун туш пайтида ҳам бемалол унда ўтирса бўлади. Ҳозир у ерда, тонгнинг салқин ҳавосида Азиз ака мазза қилиб ухламоқда. Ёнида ётган укаларим аллақачон туриб, бири молларга, бири экинларга қарашга киришиб кетган. Отам яқинлашиши билан Азиз ака ирғиб турди:
— Уйғотмабсиз, тоға. Овозингизни эшитиб, тонг отганини билдим.
— Йўл чарчатган. Дамингни ол, дедим-да.
У юзини ювиб, нонушта учун дастурхон бошига келгунича зимдан кузатдим. Қандайдир ўйчан ва тунд. Бизни гоҳ уялтирадиган, баъзан ноқулай вазиятга соладиган ажабтовур гапларидан ҳам дарак йўқ. Эътибор қилдим, у яна менга умуман қарамади.
“Шунчалар кўнгли қолдими? Айни пайтда мени тушунса бўларди-ку! Мен ҳам ошириб юбордим. Нима қилган бўлса ҳам, ёрдамлашмоқчи эди менга...”
— Бугун кечга хамир қорамиз. Эртага тонгда пиширамиз, — отамга тушунтира бошлади у. — Уч йигит ҳам менинг ёнимда бўлади. Ҳаммангизга бирдан ўргатаман. Эртага мен кетсам бирингиз билмаганингизни бошқангиз айтиб турасиз. Ҳозир туман марказига бориб магазинларни гаплашиб келамиз. Тушдан сўнг печни, хамир қозонни, ҳамма жиҳозни жойлаштириб, текширамиз. Моҳрўй, тушликдан кейин сен ҳам бир соатга борасан, хўп. Биринчи сафарга бир қоп ундан пишириб турамиз.
Моҳрўй бош силкиб қўйди. Мен атай Азиз акадан кўз узмай турдим. У менга нигоҳ ташлаб ҳам қўймади.
Шу билан ҳамма ўз ишига тарқади. Биз янгам иккаламиз сабзини бегона ўтлардан тозаладик. Кейин тушликка овқат тайёрлашга киришдик.
— Тезлашинглар, даданг тушликни цехга олиб келишсин, деди, — дея онам шошилтирди.
Моҳрўй иккаламиз яна озиқ-овқат кўтариб йўлга тушдик. Борганмизда барча йигитлар иш билан банд эди. Улар шунчалик ишга киришиб кетган эдики, бизга эътибор ҳам бермади.
— Дада, кичик хонадаги стол устига тушликни тайёрлайликми?
Моҳрўйнинг саволига Азиз ака жавоб берди:
— Ҳали овқат емаймиз, сен дераза ойналарини артиб берсанг-чи?
Синглим негадир Азиз акага сира гапирмайди. Одатига кўра яна бош ирғади-ю, дадамга деди:
— Дада, мен уйга югуриб бориб ойна артиш учун челак ва латта олиб келаман. Овқат емоқчи бўлсаларингиз опам бор.
Яна эътиборсиз қолдим. Моҳрўй қайтиб келгунича ўн беш дақиқача вақт ўтди. Бу вақт ичида Азиз ака менга гапириш тугул мўралаб ҳам қўймади.
— Мана, ёрдамчи билан келдим, — деди Моҳрўй айбдордек ёнидаги Сарвинозга ишора қилиб. — Дарс олишга келган экан. Кейинроқ кел десам, цехга бораман деди.
— Яхши қилибсиз, яхши қиз, — кутилмаганда Сарвинозга гап отиб қолди Азиз ака. — Бизга ишчи қизлар ҳам керак.
Мен Азиз аканинг нега бунақа ўзини шодон кўрсатиб, сохта тутаётганини тушунмадим. Тушлик қилгунларича ҳам у Сарвинозга гап ташлаб қўйди. Идишларни йиғиштириб, уйга отландим:
— Сарвиноз кетдик.
Ҳали уйга бориб унга дарс ўтишимни ўйласам асабим ўйнаётганди. Бу етмагандек яна Азиз ака суқилди:
— Сарви, ишламоқчи бўлсангиз Моҳрўй билан қолинг. Бир сизларга ун элатай.
“Сарви”миш...”
Қиз ҳам имога маҳтал экан, нега келганини унутди:
— Моҳ опа кетаверинг, мен ишлайман.
Сарвиноздан қутулганимдан қувонсам-да, Азиз аканинг қилиғи ғашимни келтираётганди. Шу билан улар кечки овқат маҳали кириб келишди. Дастурхон атрофида яна Азиз акани кузатдим. У ҳамон ўйчан ва паришондек. Атай синглимдан сўрадим:
— Рўй, энди ҳар куни ун элаб берасизларми? Ҳамма цехларда ҳам шунақамикан? Балки унни элаб берадиган асбоблари бордир?
Шунда Азиз ака ўзини бепарво тутгани билан аслида гапларимга эътиборсиз эмаслиги аён бўлди:
— Катта цехларда ҳам ун элайдиган асбоб йўқ. Элаб ўтиришмайди ҳам. Мен хамиримиз яхши кўпчисин, нонимиз сифатли чиқсин, деб шундай қиляпман. Биринчи чиқарган нонимиз қанча яхши бўлса, ўзимизга фойда.
Унинг гаплари менга қаратилган бўлса-да, икки кўзи отамда эди. Бу қилиғидан ҳам ғалати аҳволга тушдим. Уйдагилар унинг менга муносабати ўзгарганини билиб қолгандек ўнғайсизландим. Шу пайт қўшнимиз ҳовлисида кўтарилган шовқин барчани чалғитди.
— Бошланди! — деди акам энса қотириб.
— Бу Эркин инсофга келмади-келмади. На болаларини ўйлайди, на рўзғорини, — бувим афсус билан бош чайқайди.
Азиз аканинг ҳайрон ўтирганини кўриб онам изоҳлай кетди:
— Қўшнимиз кўп ичади-да. Ароққа пул топа олмаса жанжал қилади. Болаларини, аёлини кўчага қувиб солади, калтаклайди.
— Аҳмоқ! — отамнинг жаҳли чиқа бошлади. — Уйига бир тийинлик фойдаси тегмайди. Шўрлик келин уйма-уй калиш, резинка шиппак сотиб, пул топади. Шуни ҳам бу ноинсоф тортиб олиб ичса-да.
Кутилмаганда Ойдин янганинг аянчли чинқириғи ҳаммамизни сергак торттирди.
— Ўлдириб қўймасайди, қарасанг-чи? — бувим отамга юзланди.
— Қўйинг, ҳозир тинчишади.
Аммо улар тинчимади. Болалар йиғиси, аёлнинг дод-войи кучайиб, унга сўкиш ҳам қўшилди. Кейин тўсатдан бизнинг дарвоза очилди-ю, Ойдин янга югуриб кирди. Унинг сочлари тўзиган, юзи шилинган, кўзи кўкарган эди.
— Момо, Абдулла ака, эримни қайтаринг.
У бизнинг ёнимизга етиб улгурмасдан жаҳл ва ичкиликдан қизариб кетган Эркин ака кўринди. Бақира кетди:
— Ўлдираман! Пулингни кимга сарфлаяпсан, дедим сенга? Менга бермай ўйнашингга берасанми?
— Эркин болам, ўзингни бос! Айланай ўзим сендан, — бувим ширин гапира бошлади.
— Сиз аралашманг. Ўлдираман, кел, бу ёққа! — Эркин ака хотинига яқинлаша бошлади. Мен ростмана қўрқиб кетдим. Ҳамма жимиб қолди.
Дарвозадан бирин-кетин кириб келган уч боласи баравар изиллаб йиғларди. Уларнинг бири “дада” деб бақирса, бошқаси “аяжон” деб уввос соларди.
— Аямни урманг, жон дада! — саккиз-тўққиз ёш атрофидаги Ойдин янганинг катта қизи йиғи аралаш ялина бошлади.
Эркин ака эса бу пайтда Ойдин янганинг сочидан тортқилаб уйи томон судраётганди:
— Ўлдираман! Қонингни ичаман!
Унинг қаршисига жаҳлдан қошлари чимирилган, тез-тез нафас олаётган Азиз аканинг югуриб чиққанини кўриб қотиб қолдик. Қўлида салгина олдин тарвуз сўйиш учун олиб келинган пичоқ...
— Азиз! — бувим жон ҳолатда бақириб юборди
Отам ўрнидан ирғиб турди:
— Азиз, ўзингни бос!
Бу гаплар Азиз аканинг қулоғига кирмади. У секин Эркин акага яқинлашди. Негадир ҳозиргина шердек ўкираётган Эркин аканинг ҳам уни ўчиб қолганди. Азиз ака пичоқни оҳиста унинг бурни тагига олиб борди. Буни кўриб турган болалари чинқириб юборишди. Ҳалиги катта қизи югуриб келди:
— Тенгманг, дадамга! Тегманг, дедим!
— Кўряпсизми, қизингизни? — Азиз ака тишлари орасидан Эркин акага гапира бошлади. — Сизга қанчалар жони ачияпти. Сиз учун ўз жонини хатарга қўйиб, ёнимга югуриб келди. Сиз-чи? Бирор марта шу фарзандларингиз учун жон куйдирганмисиз? Уларни ўйлаганмисиз? Сизга фақат пул ва ароқ керак, а? Бошқа нарса қизиқтирмайди. Аёлингизни ўлдирмоқчимисиз? Ушланг, пичоқни! Олинг, ҳозироқ ўлдиринг. Ҳеч ким қарши эмас! Мана, аёлингизнинг ўзи ҳам индамай турибди. Ўлдира оласизми? Болаларингизни ўз қўлингиз билан етим қилишга журъатингиз етадими?
Эркин аканинг кўзлари атрофга олазарак боқди, мастлиги ҳам тарқаб кетгандек эди. Секин хотинининг сочларини қўйиб юборди.
— Нега ўлдирмоқчисиз, уни? Сизга, болаларига нон бўлсин деб бир сўмни икки қилолмаётгани учунми? Йўқ! Ароққа пул бермагани учун тўғрими? Мана, ўлдиринг! Кейин нима қиласиз? Сиз ва онаси учун жони ачиётган мана бу гўдакларни ўзингиз боқасизми?
Эркин ака “қулт” этиб ютинди-ю, болаларига бир қараб олди.
— Мана шу қилиғингиз билан уларнинг юрагида нима уйғотаётганингизни биласизми? Сиз ураётган бу аёл уларга она! Агар сизнинг онангизни кимдир урса яхши кўрармидингиз? Отаси бўлсангиз ҳам, онасини урганингиз учун улар сизни яхши кўришмайди. Уларнинг мурғак юрагига нафрат ва алам соляпсиз. Ўзингиздан совутяпсиз! Улар ҳам, сиз ҳам доим шу ҳолда турмайсиз. Болалар улғаяди, сиз кексаясиз! Ҳозирдан уларнинг дилига нафрат уруғини экиб борсангиз, эртага нима оласиз? Келажакни ҳам ўйлаш керак, акам! Боринг! Ҳайф, сизга оталик!
Эркин ака индамай бош эгганча чиқиб кетаркан, ҳадик билан қараб турган хотинига “юр” деб қўйди.
Авзойи бутунлай бузилган Азиз ака эса индамай уйга кириб кетди. Ҳаммамиз жимиб қолдик. Сал ўтиб отам бир томоқ қирди-да, укамга деди:
— Тарвузни сўй-да, Азизни чақир.
“Тарвуз егим йўқ”, дебди Азиз ака.
— Унинг бир дарди бор. Бизга айтолмаяптимикан, ё? — ўйланиб қолди отам.
— Шаҳар боласи, бунақа нарсани кўрмаган. Чидаб туролмади-да! — бувим ҳам хўрсиниб қўйди.
— Тезроқ йиғиштириб, супага жой солинглар, ётиб дамини олсин. Ўзига келиб қолар, — отам у киши учун ташвишланиб қолганди.
— Бугун ухламаймиз, — деди ичкаридан иш кийимини кийиб чиққан Азиз ака. — Мен билан ким боради? Хамир қориш, тақсимлаш, пишириш керак.
— Ҳаммамиз борамиз! — шошиб қолди отам.
— Ҳозир иш ўрганиш учун ҳамма керак. Аммо эртани ҳам ўйлайлик. Навбат қилмасак, тунги иш жуда ҳолдан тойдиради.
— Бир-икки кун ўргангунча амаллаб турамиз. Тушда ухлаб оламиз. Кетдик!
— Аввал ўтириб ким нима иш қилишини келишиб олайлик. Озроқ тушунча берай, — Азиз ака сўрининг бир четига чўккалади. — Жаҳон, дафтар ва ручка олиб кел. Иложи бўлса, янги ва қалин бўлсин. Ҳисоб-китоб дафтари бўлади.
Жаҳонгир югургилаб уйга кириб чиқди.
— Биринчи маҳсулотнинг тақсимоти ҳақида билиб олишларингиз зарур. Буни дафтарга ёзиб қўяман. Юз кило ундан икки юз ўттизта нон чиқади, — Азиз ака шундай дея дафтарни қоралашга киришди. Унинг жиддийлиги, жон куйдириб гапириши, қалин, қора қошларини чимириб туриши қандайдир ўзига тортарди. — Хўш, юз кило ундан меъёрдаги нон чиқариш учун қанча туз, қанча сув керак бўлади? Буни ҳам ёзиб қўямиз. Эсдан чиққанда қараб олсизлар. Хуллас, юз кило унга икки килограмм туз, бир юз йигирма беш грамм ачитқи, олтмиш литр сув керак бўлади. Нон кўнгилдагидек чиқиши учун ҳар сафар икки кило тузни қайнаган сувга солиб, намакобга айлантиришдан эринманг. Албатта хамирга ҳам қайнаган сув ишлатамиз. Печимизга бир пиширишда тўқсонта нон кетади. Айтганча, тоға торози олдингизми? Мен айтгандек, хамир ўлчайдиган.
— Олдим, олдим, — дафтардан кўз узмай гапирди отам.
— Шуни унутмангки, хамир ачигандан кейин уни олти юз эллик граммли зувалаларга бўлиб чиқиш керак. Шунда нонлар бир хил бўлади. Яна бир гап, олти юз эллик грамли хамир, пишгач олти юз грам бўлиб қолади.
— Вой, зиёнимизга пишаркан-да! — деди акам.
— Йўқ, сиз бундан ҳеч нарса йўқотмайсиз. Ҳозир бориб аввало, сув қайнатамиз, кейин хамир қорамиз. Бугун эллик кило ундан нон пиширамиз. У ачигунча, мизғиб олиш мумкин. Тонгда бир юз ўн бешта нон қўлимизда бўлиши керак. Аннажон, қани, бир дуо қилинг! Ишимизнинг барорини, топганимизнинг баракасини берсин!
Бувим узоқдан-узоқ дуо қилиб омад тилагач, эркаклар қўзғалди. Улар дарвозадан чиқиб кетишганида хонтахта устида қолган дафтарга кўзим тушди.
— Вой, дафтарлари қолиб кетибди, — уни олиб дарвоза томонга югурарканман, Азиз аканинг ҳустихати эътиборимни тортди. Қанақадир таниш эди у.
“Менинг хатларимдаги ёзувга ўхшарканми? Йўғ-е, мактубдаги каби чиройли эмас. Аммо ўхшашдек...”
Дафтарни укам қўлимдан олди. Аммо менинг ёдимга яна жондан азиз номаларим тушганди...
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ассалому алайкум, ойижон! Мана икки кундирки, ўғлингиз чин маънода Ватанни, чегарани ҳимоя қилмоқда. Яна ажал билан юзма-юз туриб. Анча-мунча қуролдошларимиздан айрилдик. Ҳали йигирмага кирмаган йигитлар жувонмарг бўлди. Уларни деб нечта онанинг бағри қон бўлишини ўйлаб эзилдим. Биласиз, мен ҳеч бир онанинг “болам” деб кўз ёш тўкишини истамайман.
Бизга ким ҳужум қилгани, ким билан курашаётганимиз энди маълум. Ғафлатда қолибмиз. Сарҳадларимиз билан туташ тоғнинг энг баланд чўққисига ақидапарастлар ўрнашиб олибди. Ғорга “ин” қуришган. Вақти-вақти билан отишма бўляпти. Улар буни атай мустақиллик байрамига “туҳфа” тарзида тайёрлашган.
Халқни байрам билан андармон пайтида ғафлатда қолдирмоқчи бўлишган. Аммо биз бунга йўл қўймаймиз. Бизни чўчитаётган биргина нарса — бегуноҳ чўпонлар. Ақидапарастлар ҳамон йўлда учраган чўпонни асир олмоқда. Нимани режа қилганини ҳозирча билмаймиз. Хуллас, уруш...
Бу ҳақда бутун Ўзбекистон хабардор. Телевизор ва радиоларда ҳам “Сариосиёда бошланган уруш” ҳақида тинмай айтишмоқда. Хавотирдаман. Адам ва акаларим юрак ҳовучлаб ўтиришгандир? Ахир улар менинг айнан Сурхондарёнинг Сариосиё туманида хизмат қилаётганимни билишади. Шунинг учун кеча уларга ўзимни ҳеч нарсадан хабарим йўқдек тутиб, мактуб йўлладим. Ойижон, дуо қилинг, Ватанни ҳимоя қилаётган ҳеч бир жон ўлмасин, токи оналар кўзидан ёш оқмасин! Мен сизнинг кўзёшларингизни ҳали унутмадим. Руҳингиз шод бўлишини Худодан сўраб...
МАН. 02.09.2000
* * *
Тонгни укам Жаҳонгирнинг овози билан қаршиладим. У биз ухлаётган уйнинг дераза ойнасини чертиб, бувимга шивирларди:
— Туринг, биз пиширган нонни бир кўринг. Азиз ака айтдики, биринчисини сиз синдириб, дуо қиларкансиз. Кейин қолганини биз туман марказига олиб кетарканмиз.
Бу хабардан биргина бувим эмас, мен ва Моҳрўй ҳам ирғиб турдик. Барчамиз учун қишлоқда пишган “буханка” нонини кўриш жуда қизиқ.
— Қани, қаерга қўйдинг? — дедим ҳовлиқиб ҳовлига чиқарканман.
— Аввал юз-қўлингизни ювмайсизми, тавба! Энг биринчи аннам кўради.
— Соат неча бўлди? Ҳали тонг ёришгани ҳам йўқ-ку!
— Тўрт бўлди.
— Намунча, эрта пиширмасанглар?
— Тўқсонтаси пишди. Яна йигирма бештаси бор. Унинг пишишига ҳам қирқ беш дақиқа вақт кетаркан. Яна нон сал совуши керак, деди Азиз ака.
— Кечаси билан ухламадингларми?
— Вой, боринг, юзингизни ювинг! Кейин берасиз, саволларни! — жўртага жаҳл қилган бўлди укам. — Ювилмаган юзини менга тикиб гапиргани-гапирган. Менинг юзим ҳам нондек азиз. Кечаси билан уларнинг тафтидан нафас олдим.
— Ўзимнинг нонвой укагинам-ей, — дедиму юзимни ювгани шошилдим. Қайтганимда сўрида бувим, ойим, дадам, синглим ва укам ўтирарди. Иссиқ булка ноннинг ҳиди димоғимга урилди.
— Наҳот, шу нонни сизлар пиширдингиз? Эсиз, кўргани бормаган эканман-да! — дедим иссиқ ва иштаҳани очгудек қизариб пишган нонни қўлимга олиб.
— Азизга қойил! Ишининг устаси экан. Нарзулла бекорга юбормаганига амин бўлдим. Жонини бериб ишлайди, — деди отам чин дилдан миннатдор бўлиб.
Бувим дуога қўл очди, сўнг нонни синдирди. Сариёғ суркалган иссиқ нон ҳаммамизга манзур бўлди.
— Энди кетдик, Жаҳон, — деди отам. — Аканглар кутиб қолмасин. Улар туман марказига нонни тарқатгани кетишади.
Биз ҳам уй юмушларига шўнғиб кетдик. Қишлоқда ҳамма жуда эрта уйғонгани учун бемалол бир-бирининг ҳам уйига келаверишади. Ҳали соат тонгги олтига яқинлашмасдан дарвозамиздан қишлоқдошлар кела бошлади:
— Абдулла ака борми? Цехда иш бошланган эмиш. Ишчи керак эмасми, деб...
— Цехда иш бўлса, менам ишламоқчи эдим.
— Ишчи керакми? Биз қолиб кетмайлик!
Уларнинг ҳаммасига бувим жавоб берди. Аввалига роса мақтанди. Дастурхонда қолган нондан ушатиб едиртирди:
— Мана, **** кўр. Кўрдинг! Улар шунақа нон пиширишяпти. Ишчи масаласида кечга томон келинглар. Абдулланинг ўзи ҳал қилади. Янаям аниғини Азиз билади.
“Азиз...”
Тағин Азиз акани ўйлай бошладим.
“Жуда ғалати одам. Аммо ҳали бирор ёмон томонини кўрмадик. Аниқ билганим, у ноҳақликка сира чидаб туролмайди. Кеча ҳам қони қайнаб Эркин аканинг ёнига отилиб тушди. Бунақа пайтда қўшнимиз одатда ҳеч кимни танимасди. Негадир Азиз акага индамади. Балки, Азиз аканинг жонни ачитувчи гаплари сал бўлса-да, таъсир қилгандир? Янаям Худо билади. Қизиқ, Азиз аканинг ўзи хотинига қандай муносабатда экан? Болаларига-чи?”
“Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади”, дейишади. Ҳақ гап. Ўйларим ниҳояланмай дарвозадан Эркин ака кўринди:
— Азиз! Ҳо, Азиз!
— Кел, Эркин болам, — бувим ҳеч нарса бўлмагандек қаршилади.
Ҳовлига гердайиб назар солаётган қўшнимиз бувимга парво қилмади. На салом, на алик бор.
— Азиз туман марказига нон тарқатгани кетган, болам...
Бу гапдан кейин Эркин ака гап-сўзсиз изига қайтди.
— Шу бир нимани бошламасайди, — ҳовли этагидан ташвишланиб чиқиб келди онам. — Кеча жим кетгани ёқмаганди менга. Худонинг ўзи инсоф берсин. Азизни майиб қилмаса эди...
— Майиб қилгунча қараб турамизми? — жаҳли чиқди бувимнинг.
Бувимга ҳам Эркин аканинг ташрифи ёқмаганди.
— Моҳ опа! — дарвоза томондан яна овоз келди.
— Бугун жуда йўқловчи кўп бўлдими? — онам бўйнини чўзди.
— Ўзим қарайман. Мени чақиришяпти-ку! — дарвоза олдида абитуриентларимни кўриб шошиб қолдим. — Ие, қачон келдиларинг?
Кеча кечки пайт қайтган бўлажак талабаларим бугун дарс олгани мени йўқлашибди. Уларни уйга киритдим. Икки соатча дарс билан банд бўлдик. Сабоқ тугаб, бўшаганимда отам уйда эди. Кайфиятсиз чеҳрасидан хавотирга тушдим:
— Дада, тинчликми? Кайфиятингиз йўқ.
— Азиз билан Суннат ҳали қайтмади. Боя қўнғироқ қилсам, “бор-йўғи элликта нонни тарқатдик. Дўконлар олишни истамаяпти”, дейди.
Юрагим ортга тортди: “Энди нима бўлади? Қолган олтмишдан ортиқ нонни нима қилишади? Ё Худо, наҳот, дадамнинг бошлаган иши ўхшамаса? Азиз ака қай ҳолга тушди экан?”
— Опа, телефонингиз, — ичкаридан синглим овоз берди.
Дадамга тасалли берадиган бирор гап айта олмай уйга кирдим.
— Ким экан?
Моҳрўй индамай қўлимга телефонни тутқазди.
— Бунинг нима гапи бор экан, шу пайт? — ростдан ҳам гаплашишни истамадим. Аммо Зариф қайта-қайта қўнғироқ қилаверди. Жавоб беришдан бошқа чора йўқ.
— Моҳгул, ҳалиги... — деди Зариф саломлашгач. У жуда ҳаяжонда эди. — Буни сизга қандай айтсам экан? Аввало, сизга катта раҳмат. Туйғуларимни жавобсиз қолдирмаганингиз, севгимизни деб курашганингиз учун раҳмат!
Мен ҳеч нарсага тушунмадим.
“Нималар деяпти, бу йигит? Тушида севги изҳор қилиб чиқмадиммикан?”
— Азиз ака қўнғироқ қилганида тўғриси қўрқдим, — курсдошимнинг бу гапи бирдан мени сергак торттирди.
— Азиз ака сизга қўнғироқ қилдими?
— Ҳа, “учрашайлик, Тошкентга келинг”, деди. Очиғи, ҳам рашким келди, ҳам сиздан айрилишимдан қўрқдим. Чунки севган йигитингиз деб ўйладим-да...
Мен бутунлай ўзимни йўқотиб қўйдим.
“Азиз ака нега Зариф билан учрашди?”
— Учрашганимизда эса, у кишига жуда ҳурматим ошди. Айтишича, мен учун кўз ёш тўкибсиз...
— Нима? — миямга қон тепгандек бўлди.
“Мен Зариф учун йиғлабманми? Йиғлаганим, қайғуларимдан бехабар-ку. Билса, балки излаб келарди. Менинг кўз ёшларимни оққизган инсон шунга арзийди! У ўн йил эмас, юз йил кутишга, туну кун кўз ёш тўкишга лойиқ йигит!”
Мижжаларимда ёш айланди. Рост. Мактублар ҳам унинг шундай қимматли йигитлиги билдирарди...
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ойижон, адамдан хат олдим. Мендан хавотирда эканлигини ёзибдилар. Нафақат адам, бугун бутун Ўзбекистон хотижамлигини йўқотди. Не-не ота-оналар тонгни уйқусиз, бизга умр, душманга ўлим тилаб оттираётгандир? Холбуки, биз уларнинг тинч ухлашлари учун курашяпмиз. Уруш биз аскарларни уч кун ичида оға-инидан-да яқин қилди. Аввалги келишмовчиликлар қайда? “Дембл”лар энди “дух”ларга гапини ўтказишни эмас, далда бўлиш, ҳимоя қилиш учун қайғуряпти. Ҳамма бир-бирига тасалли ва куч беришга интилади. Бир тан, бир жон бўлиб курашяпмиз. Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмас экан. Аллоҳ кимнидир жасур, кимнидир акси қилиб яратган. Кеча ҳужум чоғида бир офицер йиғлади. “Ўлишни истамайман. Болаларим бор, уларнинг отасиз қолишини истамайман! Ортиқ жанг қилмайман. Шу ердан чиқмайман!” дейди титраб-қақшаб. Аввалига нафратим қўзиди. Кейин ўйлаб қолдим. Ахир, ким ҳам жажжи дилбандининг жонсиз танаси устида “отажон” деб йиғлашини хоҳлайди. Дарров ёнига бордим: “Ўртоқ лейтенант! Ҳеч ким ўлмайди! Биз ўлмаймиз! Биз ўлсак ортимизда турган болалар, оналар, боболар, бувиларни ким ҳимоя қилади? Бизни Худонинг ўзи асрайди!”
Шундан сўнг у ўзига келгандек бўлди. Биз тоғни айланиб ўтиб, душманга орқа томондан зарба бермоқчимиз. Бунинг учун гуруҳ тузилди. Ушбу гуруҳда мен ҳам борман. Дўстим Ўроз ҳам бор. Насиб қилса, албатта ақидапарстларни қўлга оламиз! Дуо қилинг, ойи...
МАН. 08.09.2000”
* * *
— Моҳгул, йиғлаяпсизми? — бурнимни тортганим Зарифни хушёр қилди. — Хавотирга тушманг. Ўша деканнинг жиянига сизни бериб қўймайман!
“Бунча жасоратни қаердан олди, бу йигит? “Деканнинг жияни” дедими? Бу гапларни қаердан билади? Наҳот, ҳамма гапни Азиз ака айтиб берди? Ё Худо, Азиз ака шу учун Тошкентга кетганмиди?”
— Зариф, бу гапларни қаердан эшитдингиз?
— Азиз ака айтди. “Тезроқ ҳаракатингни қилмасанг Моҳгулдан айриласан, уни деканларинг келин қиляпти”, деди. Дардингизни ҳеч кимга айтолмай жуда кўп йиғлабсиз. Бошқа сизни йиғлатиб қўймайман!
“Шу ўзимизнинг Зариф курсдошми? Бунақа гапларни айтишга журъатни қаердан олди экан?”
У худди фикримни ўқигандек гапида давом этди:
— Муҳаббат одамга куч бераркан. Мен сизга бўлган ҳисларимни жавобсиз деб ўйлаганим сари ожиз қолардим. Энди унақа эмасман. Ишонасизми, деканнинг ёнига бордим. Гаплашдим.
— Нима? — қичқириб юбордим. Зарифнинг бу гапи мени ақлдан оздираёзганди.
— У кишига муҳаббатимиз ҳақида айтдим. Яхшиям, Азиз ака бор экан. Бўлмаса, мен сизнинг туйғуларингиздан бехабар ўтиб кетарканман. Ўзимда ҳам айб бор, — тинмай гапирарди Зариф. Гўё ҳаммасини ёзиб, ёдлаб олгандек тутилмай, адашмай сўзларди. — Кўзларингиздан, сўзларингиздан англашим керак эди. Биласиз, бироз уятчанман. Шунинг учун эътиборсизлик қилганман. Кечиринг, мени Моҳгул! Мен жуда ҳам бахтлиман. Сиз ҳам сиқилманг. Декан билан муаммони ҳал қиламиз. Борамиз уйингизга.
Бу гаплардан соқовга айландим. Ҳаётимда шиддат билан юз бераётган ўзгаришлардан ўзимни йўқотиб қўяётгандим. Ҳаммасига қўл силтаб қишлоққа қайтишим, деканнинг совчи бўлиши, Азиз аканинг ўзбошимчаликлари барча-барчаси шунчалар тез юз беряптики...
— Майли, Моҳгул. Вақтингизни олмай. Сизга раҳмат, ҳаммаси учун. Мен сизни жуда яхши кўраман, — шу гапни айтиши билан Зариф алоқани узди.
“Балки ҳозир айтган гапидан ўзи қизариб ўтиргандир? Ахир бу унинг менга қилган илк севги изҳори. Тавба, бу гаплар мени ҳаяжонга солмади. Нега бу қадар бефарқман ўз тақдиримга? Уйланган йигит оғиз солди, рад этмадим. Энди курсдошим мени ўзига нисбатан бефарқ эмас, деб ўйлаяпти. Бу ҳам ташвишга солаётгани йўқ. Наҳот, қисматимни шу қадар қоғозларга боғлаб ташладим. Азиз ака-чи? У мендан сўроқсиз нималар қиляпти? Шунча ишни қилиб яна нега мендан хафа? Балки, ўз ишидан хижолатдадир? Деканимиз нима деган хаёлга борди, экан? Ҳойнаҳой, “писмиқ қиз” дегандир? Илгари ўзимга нисбатан айтилган ҳар қандай гапдан қочишга, ҳимояланишга ҳаракат қилардим. Энди бу қалбимга ғулғула ҳам солмаяпти. Менга нималар бўляпти?”
— Азиз, — Эркин аканинг чақириғи хаёлимни тўзитиб юборди. — Азиз борми?
— Ҳали келмади, — деди отам.
“Бу одам нега Азиз акани сўраб қолди? Жанжал бошламаса эди. Шундоқ ҳам ўзи жиғибийрон бўлиб юргандир?”
Сотилмаган нонлар менинг дардимдан муҳимроқдек эди, наздимда. Чунки бу иш юришмаса, отамнинг қай аҳволга тушишини тасаввуримга ҳам сиғдира олмасдим. Касод бўлишдан ҳам кўра отам қишлоқда бош кўтариб юролмаслигини, битта ишни эплай олмади, деган гапга чидай олмаслигини жуда яхши билардим. Азиз акани эса гапирмаса ҳам бўлади. Бировнинг масъулиятини зиммасига олиб, оқлай олмаслик...
“Балки шунинг учун Азиз аканинг қилган ўзбилармонлигига бефарқдирман! Эҳтимол, жонкуярлиги ҳамма айбини ювиб кетаётгандир? Чунки мени ўйлаб шу ишни қилган-ку!”
— Ичкарига тезроқ кир, бола! Жиддий гап бор! — ҳозиргина чиқиб кетган Эркин ака дарвозадан қайтиб кириб ўйларимни тўзғитиб юборди. У Азиз аканинг билагидан тутиб олганди.
— Эркин, сен менинг ёнимга кел, болам, — уларни кўриб бувимнинг капалаги учиб кетгани аниқ эди. — Азиз уйга кирақол, чарчагансан.
— Мом-а-а, — деди ёшига ярашмаган эркалик билан Эркин ака. — Азизни мендан олиб қочманг. У билан гаплашиб олмасам бўлмайди.
Азиз аканинг кўзлари ичига тортиб қизарган, кайфиятсиз ва ҳорғин эди. Қўшнимизни хушламаётгани, гаплашгиси йўқлиги аён. У бувимнинг гапига буйсунгандек индамай уй томон юрди.
— Шошма, Азиз! Ҳаммасини ўзинг бошладинг. Энди эшитасан! Менга қара! — деди Эркин ака ғалати аҳволда.
Азиз ака тўхтаб, қовоқ осганча унга жим тикилди.
Давоми бор
#Манзилсизмактубларгрдил
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев