31 -32 - қисм
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
Умид Осиёнинг саволини эшитиб бир зум тараддудланиб қолди:
- Ҳаа,- деди у ўйчанлик билан,- меҳмонлар бекорга келиб кетишмабди-да?! Оббо қизи тушмагурлар-ей, сендан суюнчи олишга ҳам улгуришибди чамаси.
У Осиёга меҳр билан тикилди:
- Шундай қилиб мени маликамнинг кун бўйи кўнгли бузилиб юрди дегин?
Осиё эрига жавоб қайтармай ерга қаради. Умид унинг кўзларидаги бир олам араз ва гинани кўриб завқи келди.
- Ҳоо, бизнинг маликамиз рашк қиляптиларми мени? Агар маликамнинг рашки шунақа ширин тотишини билганимда бир эмас юз Шаҳзодага фотиҳа қилиниб, кейин тўйни бузган бўлармидим?
- Қизларнинг туйғулари ўйинчоқ денг? - Осиёнинг овози зардали эшитилди,- ўзингизни ҳузурингиз учун шунча қиз бебахт бўлиб кетаверсин экан-да? Очиғи сиздан ҳафсалам пир бўла бошламоқда...
- Ҳафсаланг пир бўлмаслигини тавсия қиламан,- ҳамон кулимсирар эди Умид,- ундан кейин ким айтди сенга Шаҳзодани бебахт деб? Ҳечам ундай эмас-да,- Умид Осиёга Шаҳзода билан бўлган воқеаларни бир бошдан гапириб берди,- хуллас биз иккимиз ҳозирги кунларимиз учун Шаҳзодадан қанча миннатдор бўлсак шунча кам, агар у севгани билан қочиб кетмаганида... - сўзини тугатди у
- Умид ака, - эркаланиб эрининг елкасига бош қўйди Осиё,- мени кечиринг. Билмасдан ўринсиз рашк қилибман
-Маликамнинг ўринсиз рашки шу қадар ёқимли бўлса, ўринли рашки қандоқ бўларкин? - кўзини қисди Умид,- нима дейсан ростакамига бир ҳаракат қилиб кўрсаммикан?
- Бўлади,- танглайини тақиллатиб эрини сўзларини маъқуллади Осиё,- фақат бир нарса ёдингизда турса бўлгани. Агар кўнглимни синдирсангиз ваъда бераман, мени қайтиб ҳеч қачон кўрмайсиз.
- Бўлди, бўлди,- таслимман дегандек икки қўлини кўтарди Умид,- илтимос бошқа мавзуда гаплашайлик. Сени қайтиб ҳеч қачон кўрмаслик ҳақида тасаввур қилиб уйқум ҳам ўчиб кетди. Бу туришда эрталабгача алла айтиб чиқмасанг бўлгани.
- Мени эса айнан уйқум келяпти. Сиз аллани телефондан қўйиб эшитақолинг,- Осиё ўрнига чўзилиб у ерда турган паҳмоқ айиқчани бағрига босганча кўзларини юмди,- сизга хайрли тун. Яхши ётиб туринг. Мен эрталаб барвақт туришим керак.
- Осиёёё....
- Нимаааа?- озорланиб жавоб қайтарди Осиё...
- Эртак айтиб берайми ? Анави сичқонларнинг никоҳ тўйи ҳақидагиси бор-у? Ана ўшанисини?
- Керакмас, - айиқчасини янада маҳкам қучганча кўзларини очмай жавоб қайтарди Осиё,- айтиб қўяй агар эрталаб ухлаб қолиб ҳовли ва кўчалар супуриқсиз қолса ўша сичқонларингиз ҳам жонингизга оро киролмайди.
-Хўп, хўп,- дарҳол ён босди Умид, бироқ кўп ўтмай яна қитмирлиги тутди,- яхшиси сенга қурбақадан бўса олиб маликага айлантирган шаҳзода ҳақидаги эртакни айтиб бераман.
Осиё эрига жавоб қайтармади. У аллақачон уйқулар салтанатига йўл олганди...
🔳 🔳 🔳
- Қизим,- деди эртаси чошгоҳ маҳали Адҳам ака,- чангютгич қаерда эди? Хоналарни бир сидра айланиб чиқдим, топа олмадим лекин.
- Чангютгични нима қиласиз, адажон?- ҳайрон бўлиб сўради Осиё
- Кутубхонамни тозаламоқчи эдим. У ерни тозаламаганимга ҳам анча вақт бўлибди. Шунга нима дерди, "юк тушиб" лоҳас бўлиб кетяпман.
- Кутубхонамни дейсизми? - кўзлари яшнаб кетди Осиёнинг,- даҳлизнинг оҳиридаги хонами?-Осиё "Ҳар доим қулфлолиқ турадиган хонами?" дейишдан ўзини базўр тийиб қолди,- майлими, у ерни бир кўрсам? Руҳсат берсангиз сизга қарашиб юборардим.
Осиёнинг саволидан Адҳам аканинг юзи ёришиб кетди:
- Қарашиб юборсангиз бир ажойиб иш бўларди-я? - деди у хонадонига китобларга қизиқадиган келин келганидан кайфияти кўтарилиб.
- Мен ҳозир чангютгични олиб келай?
- Айтганча Умид қани? Эрталабдан буён кўринмайди?
- Улар ойижонни дугоналари билан бўладиган "гап" га олиб кетган эдилар. Ҳадемай келиб қоладилар.
- Ойингиз гапга кетдиларми? Жаҳонда тинчлик экан-да унда? - мийиғида жилмайди Адҳам ака,- ҳай майли. Чангютгични олиб келаверинг-чи?
Осиё чангютгични олиб даҳлиздан қайтар экан йўлда Умидга дуч келди.
- Ҳа, нозанин, йўл бўлсин?
- Келдингизми, Умид ака? - очиқ чеҳра билан жавоб қайтарди Осиё,- кутубхонани тозалаш керак экан.
- Йўғ-ей? - ҳайрон боқди Умид,- адамлар бу ҳақда биладиларми?
- Ҳаа? - ажабланди Осиё,- адажоннинг ўзлари мендан чангютгич сўрадилар-у? Мен улардан "Ёрдамлашиб юборсам майлими?" деб сўрасам "Майли" дедилар.
- Қойил! Шунчалик тез адамларни ишончларини қозонасан деб ўйламагандим. Биласанми, адамлар учун китоблари шу қадар азиз-ки, ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсан. Унча- мунча одам у кутубхонани бир кўришни орзу қилади. Аммо, адамлар ўзлари истамаган одамни у ерда кўришни истамасалар минг бир баҳоналари тайёр. Нега дейсанми? Нега-ки у ерда жуда камёб ва ноёб китоблар ҳам бор. Ҳатто ер юзида саноқли нашр қилинганлари ҳам...
Осиёнинг шаҳло кўзлари катта-катта очилиб кетган эди:
- Вооой? Демак, асл хазина ўша ерда денг? Шошилдим унда?
- Майли, мен ҳам сенинг баҳонангда китоблар оламига бир саёҳат қилай. Кетдик.
Даҳлиз охиридаги хонага яқинлашгач Осиё Умидга бир нигоҳ ташлади-ю, эшикни оҳиста чертди:
- Мумкинми, адажон?
- Ҳа кираверинг эшик очиқ,-овоз эшитилди ичкаридан. Осиёга қўшилиб кутубхонага салом бериб кирган Умидни кўриб Адҳам аканинг чиройи янада очилди,- яхши бориб келдингми, болам? Мана биз Осиё қизим билан бу ерни тартибга келтирмоқчи эдик. Келганинг яхши бўлди, сен ҳам қарашиб юборасан.
Осиё ичкарига кириб ҳанг-манг бўлиб қолган эди. Хонанинг дераза ва эшик жойлашган қисмидан ташқари тўрттала тарафи бўй баравар жавон қилиб ишланган бўлиб китобларга лиқ тўла эди.
Адҳам ака Осиёдаги ўзгаришни фаҳмлаб, мақтанганнамо китобларни келинига таништира бошлади:
- Бу токчадаги китоблар жаҳон тарихига тегишли. Булари эса Ўзбекистон тарихига оид нашрлар. Бу тарафда маънавий-маърифий адабиётлар жой олган. Булари эса бадиий адабиётлар. Мана бу токчалардагилари эса қизиқишга доир китоблар. Бу ерда ошпазлик сирлари ҳам, боғдорчилик илми ҳам, машинасозлик бўйича қўлланмалар ҳам мавжуд.
- Очиғи лол бўлиб қолдим,- Осиё ҳамон ҳайратини яшира олмас эди, - шунча китоб-а? Шунча бойлик! Буларни неча йилдан буён йиғасиз?
Келинининг саволидан Адҳам ака янада яйраб кетди:
- Бу хонада тўрт минг икки юз ўн битта китоб бор. Энг биринчи китобни тўртинчи синфдалик вақтимда сотиб олганман. Шунгаям ўттиз тўққиз йил бўлибди.
- Бу китобларни барчасини сотиб олганмисиз? -сўради Осиё китоблардан кўз узгиси келмай.
- Асосий қисмини сотиб олганман. Бир қисмини эса совға қилишган. Мана бу китоблар эса,- Адҳам ака қўли билан тўрга ишора қилди,- Ибройим додамдан мерос қолган. Тирик тарих-да булар. Қаранг уларнинг кўпчилиги ҳайвон терига ёзилган. Бу китоблар мен учун жуда қадрли.
- Аям сизнинг кутубхонангиз ҳақида ўқиган эканлар,- деди Осиё тўлқинланиб,- улар менга ҳам завқ-шавқ билан гапириб берган эдилар. Аммо мен... Аммо мен кутубхонангизни бунчалик муҳташам эканлигини тасаввур қилмаган эканман.
- Нима? Муҳташам?! Нақадар чиройли бу сўз? Очиғи ҳали ҳеч ким кутубхонамга бунчалик чиройли таъриф бермаган эди. Раҳмат, қизим.
Шу пайт Умид муштига йўталди.
Адҳам ака билан Осиё тенг баравар унга ўгирилишди.
- Сен бу ерга хонани тозалаб бериш учун кирганингни эслатиб қўймоқчийдим.
- Келин, шу эрингиз математиклигига боради-да!?- оғир тин олди Адҳам ака,- Бундайлар кўпам туйғуларга асир бўлишавермайди. Масалани шарт-шурт кесишади ва шу билан тамом! Умид ҳам бу борада ойисига ўхшайди. Сурайёни пул санаш қизиқтирса, Умидни масала ечиш қизиқтиради. Ростини айтайми? Авваллари бу кутубхонам мендан кейин кимга қолар экан деб кўп ташвиш чекардим. Энди эса Аллоҳдан гўзал ҳулқли набира сўрайман. Ин шаа Аллоҳ набирам ўзимга ўхшаган тарихчи бўлади. Ибрагимовлар сулоласининг муносиб вакили бўлади у.
Адҳам ака ўртада турган стол устидаги чарм муқовали китобни қўлига олар экан, хона четида уялиб ерга қараб турган Осиёни имлади:
- Қизим, мана бу аждодларимиз қўлидан қўлга ўтиб келаётган энг қимматбаҳо китобимиз. Бу ерда
аждодларимиз шажаралари ёритилган. Қўлёзма тарзида битилган бу китобнинг ёши салкам икки юзда. Унда Ибройим додамлар, уларнинг оталари Одилхон додамлар, уларнинг оталари Асқарали додам, улардан ташқари яна кўплаб аждодларимиз, уларнинг фарзандлари, касби-корлари ёритилган. Бизнинг оилага ажратилган варақда оҳирги рақамда Умилнинг номи қайд қилинган эди. Энди Умиднинг ёнига сизнинг исми шарифингизни ёзиб қўямиз. Вақти келиб ўғил набирали бўлсам исмини Жалолиддин қўяман. Жалолиддин Мангуберди сингари ўт юрак, шижоатли, номи тилларда достон асл ватанпарвар йигит бўлишини истайман набирамни.
Адҳам ака ўғли ва келинини ортиқ ҳижолат қилишни истамай қўлларини бир-бирига урди:
- Менимча ишга киришсак бўлар энди. Ҳа айтганча, қизим, китоб ўқишга қизиқсангиз улардан бемалол фойдаланишингиз мумкин, фақат битта шарт билан.
- Қандай шарт экан, адажон?
- Бу ердаги барча китоблар рақамланган. Қайси рақамдаги китобни олсангиз, ўқиб бўлгач яна ўша жойига қўясиз. Тартиб бузилмасин, хўпми. Билсангиз тартиб мен учун энг муҳими.
- Хўп бўлади, адажон,- жавоб қайтарди Осиё ва мамнуният билан ишга киришди.
Орадан уч кун ўтгач Адҳам ака Осиёнинг қўлига чиройли тумор тутқазди.
- Нима бу, адажон?-сўради Осиё туморни қўлида айлантирар экан.
- Бунинг ичига маҳсус бўёқ билан бизнинг олти аждод шажарамизни ёздирдим. Еттинчи рақам набираларимни номларига қолди. Олиб қўйинг. Вақти келса тўнғич набирамга берасиз, бобосидан эсдалик қилиб.
- Хўп бўлади, -деди Осиё гапни ортиқча чувалаштирмай,- раҳмат, адажон.
Осиё тоза чармдан тайёрланган туморни хонасига олиб кирди ва тақинчоқлари сақланадиган мўъжазгина сандиқчага авайлаб солиб қўйди.
Бироқ у туморга Адҳам ака орзулагандек Умиднинг фарзандини исмини ёзиш узоқ йиллар насиб этмади.
Орадан_тўрт_йил_ўтди
- Одам деганда фаросат бўлмаса қийин экан,- атай эрига эшиттириб жавранди Сурайё опа,- ўзидан билиб кетай демайди-я бу сур! Ўзинг туғмаганга яраша қўйиб бер, эринг болалик бўлсин. Шуни айтадилар-да "Ит пичан емас, отга ҳам бермас" деб!
- Бўлди қил!- тоқати тоқ бўлди Адҳам аканинг,- келинингни ишдан келадиган вақти бўлиб қолди. Яна гапларингни эшитиб кўнгли бузилмасин.
- Э бузилса садқаи сар! - бадтар тутақиб кетди Сурайё опа,- итга ҳам кет деса кетади. Буни бўлса топиб олган гапи бир: Умид акалари жавобларини бермаётган эмиш! Бермайди-да жавобини обдон иссиқ-совуқ қилиб бошини айлантириб олганидан сўнг!
- Тўҳтатасанми йўқми? Худодан қўрқ, хотин!? Шундоқ тилсиз-жағсиз, саришта, пазанда, меҳрибон келинни билмасанг кўр бўласан бир куни.
- Бўлди қилмасам нима қиласиз а? А? -тобора жазавага тушаркан Сурайё опа оғзидан тупук сачратганча,- шошмай турсин, келиши билан масаласини бир ёқли қилмасамми?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев