4 - қисм.
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
- Ажойибсан-а , Элнора ,- ташқарига чиққач дугонасидан ўпкалади Осиё ,- нима учун бу йигитларга исмимизни айтдинг ?
Элнора бепарво қўл силтади :
- Шунга асабинг бузиляптими , дугош ? Ҳа энди гапнинг орасида ўрни келиб қолди- да . Қайтиб бу йигитларни кўрамизми , йўқми ? Ташвиш чекма. Ундан кўра Сайфиевани маърузасига кеч қолмаслигимизни ўйлаб , кайфиятингни кўтар !
- Ҳа майли ,- деди Осиё жонланиб ,- ҳақиқатдан ҳам дарсга кеч қолмаслигимиз қойилмақом иш бўладиган бўлди.
- Осиё , - муғомбирона кулимсиради Элнора ,- аслида ҳалиги йигитлар заб келишган эканми ? Айниқса Умид деганлари сенга бошқача қаради.Кўзини узмаслигини-чи уни ?!
- Э ўша бошқача қарашидан ўргилдим,- лабларини асабий бурди Осиё ,- тўғрисини айтсам лўқ бўлиб тикилиб олганига овқат егандек ҳам бўлмадим. Ўтказиб берган навбатиниям ҳаққини тўлаб бўлдим десам хато қилмасам керак .
- Сенга қараганига жон де. Масалан менга озгина бўлса ҳам эътибор берганида шундоқ йигитни қўлдан чиқармасдим.
- Э қўйсанг-чи ? Битта кўришганда дарҳол бир қарорга келиш нотўғри иш. Қолаверса мен ҳозир фақат ўқишни ҳақида ўйлашини истайман. Турмушга эса ота- онамнинг оқ фотиҳасини олиб чиқсам дейман. Бироқ бунга ҳали бироз эртароқ . Кел яхшиси шу мавзуни ёпа қолайлик. Аудиторияга ҳам яқинлашиб қолдик.
- Яхши ...
▪️▪️▪️
Кейинги вақтларда юрса ҳам, турса ҳам Умиднинг кўз ўнгидан Осиё кетмай қолганди. Илгарилари сира бундай ҳисни бошидан кечирмаган йигит бирданига ўйчан ва хаёлпаришон бўлиб қолди. Ундаги бу ўзгаришни дастлаб яқин дўсти Асилбек , ундан сўнг эса онаси Сурайё опа пайқаб улгуришди. Асилбек ўз йўлига , кундалик ҳазил- ҳузилини қилиб йигитнинг юрагига кунда ўт қалаш билан андармон бўлса , Сурайё опанинг бу борадаги реакцияси бутунлай бошқача бўлди:
- Сен бола , тинч юрибсанми ? Юришларинг қандайдир бежороқми ? - ўсмоқчилаб сўради Сурайё опа нонушта вақти
- Йўғей , ойи ? Нималар деяпсиз ? Нега тинч юрмас эканман? Юришимга нима қилибди ?
- Ҳа энди айтдим - қўйдим-да . Буям бир огоҳлантириш. Мабодо битта - яримта қизни кўз остингга олиб ўтирмагин хўпми ? Сен ҳозирги замон қизларини билмайсан . Келинликка номзодни ўзим танлайман,- Сурайё опа дўмбоқ бармоқларидаги шода-шода тилла узукларни кўз кўзлагандек чой қўйилган бокални кўзлари билан тенг масофада баланд кўтарди.
Умид онасига қараб маъноли қош қоқди :
- Сиз биласизми , Ойи , ҳозирги замон қизларининг қанақалигини?
- Бўлмаса- чи ? - бошини кибр билан сарак- сарак қилди Сурайё опа ,- мен уларни қандайлигини бир кўришда биламан. Сенам онангга ўхшаб шаҳарма- шаҳар юрганингда тажрибанг шунақа ошиб кетарди. Аммо унгача вақт бор .Ҳозирча мени тажрибамга суяниб турамиз. Зарар қилмайди .
- Ойиии , сиз ҳам шу юришларингизни йиғиштирсангиз яхши бўларди,- жиддийлашди Умид , - айтинг , кимдан ва нимадан камимиз бор ?
- Ҳа баракалла ! Ҳеч кимдан кам эмаслигимизга ақлинг етибди, бироқ бари мени тинимсиз ҳаракатларим туфайли эканлигига етмабди ўша ҳар балога етган ақлинг,- бирдан ловуллаб кетди Сурайё опа,- сенга қолса дадангга ўхшаб бир умр китоб қўлтиқлаб ўтасан . Дадангни орзуси ҳам , ҳаваси ҳам шу китоблар. Аммо қани шу китоб дегани қорин тўйдирса ? Номлари профессор-у , чўнтаклари қуппа- қуруқ
- Ойи. Тўғриси мана шу ҳашамат нима қилиб беради ? Одам бу дунёда бир марта яшайди. Ана шу бир марталик умрида ўзи севган ишини қилиши керак-да ?
- Мен нима қиляпман сенингча ?- тутақди Сурайё опа,- агар билсанг мен аёл бошим билан сен ва даданг учун ҳаракат қиляпман. На иссиқни иссиқ , на совуқни совуқ деяётганим йўқ . Ҳали Дубай , ҳали Хитой , ҳали Туркиядан юк олиб келиб сотаман. Олган товаримни пули чиқмагунча томоғимдан бир қошиқ овқат ўтса қани ? Буларнинг бари ким учун ?
Сизлар учун !
Умид исмли ақл берадиган ёлғиз ўғлим ҳамда дарди фикри маърузалари ва талабаларида бўлган тарихчи профессор Адҳам Ибрагимов ҳазрати олийлари учун. Бошқа ҳеч ким учун эмас.
- Ойи ,илтимос сиз ҳам шу ишингизни йиғиштиринг. Дадам ҳам сизга неча бор айтяптилар- ку , қўй шу ишларни деб ? Қулоқ солмаган ўзингиз. Агар уйда ўтириб зерикаман десангиз биб- бинойи касбингиз бор. Бир вақтлар шу касбда мазза қилиб ишлагансиз- ку ? Ҳозир нима ҳалақит қиляпти. Ҳар ҳолда ёнимизда бўлардингиз-да , ойи ?!
Умиднинг овозида озорланиш оҳанглари яққол сезилди , бироқ онаси бунга аҳамият бермади.
- У ўзинг айтгандек бир вақтлар эди. Ҳозир касал болаларга қарашга менда тоқат бор дейсанми ? Қолаверса бугунги топиш тутишим билан солиштирса оддий ҳамширанинг маоши эҳ- ҳеей...
- Ойи ... Оилада атиги уч киши бўлсак. Мен , сиз , дадам. Шу учгина жонга манави саккиз хонали иморат нимага керак? Яна ҳаммасининг ичи тўла қақур- қуқур. Уйимизда керак - керакмас буюмлар кўплигидан хафтада икки марта уларни чангини тозалашга алоҳида одам келади . Асли кимга керак шунча даҳмаза ? Инсон буюмга эмас , буюм инсонга ҳизмат қилиши керак эмасми ?
- Сен ҳам дадангни ўғлисан-да, энсаси қотди Сурайё опанинг ,- "Бели оғримаганни нон ейишини қара" деган экан машойиҳлар .
Сен бу нарсаларни фаҳмига ҳали етмайсан. Вақти келиб тушунасан , албатта. Ана ўшанда сен билан "Ассалому алайкум" дея қайта саломлашаман.
Эй сен ,- кутилмаганда Сурайё опанинг қошлари чимирилди ,- суҳбат нимадан бошланганди- ю , сен нималарга "ўтлаб" кетдинг ўзи? Хуллас ,ўзингни билиб юр , бола. Қадамингни ўйлаб бос. Насиб қилса ёзга чиқиб бошингни икки қиламиз. Бир , икки кўзлаб қўйган қизларим бор. Тагли, тугли оила фарзандларидан. Ёқтирганингга уйлантирамиз.
- Ёқмаса-чи , ойи ? - "ҳм" дея бурнини тортди Умид ,- унда ўзим топсам бўладими ?
- Йўқ ! Фақат мен топган қизга уйланасан ! Сен ҳавотир олма, онангни дидимга ишон. Мен танлаган қизларнинг бири бўлмаса бири сенга албатта ёқади.
- Майли ойи , мен энди борай . Кечроқ кўришармиз.
- Яхши бор . Аммо кечроқ кўришолмаймиз. Бугун дугонам билан Туркияга учиб кетамиз. Бир хафталарда қайтсам керак.
Умид ойисига билинтирмай хўрсинди :
- Яхши бориб келинг , ойи...
▪️▪️▪️
- Осиё !
Дарсдан чиқиб автобус бекатига йўл олган Осиё ўз исмини эшитиб бир чўчиб тушди . У бошини илкис кўтариб ён тарафда ўзи тарафга шаҳдам қадамлар билан яқинлашаётган Умидни кўриб ажабланди .
- Сиз ?!
- Ҳаа , - жилмайди Умид, - бу яна мен ...
давоми_бор
#баҳорқайтгунчагрдил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев