8-қисм
Таҳлил натижалари ҳам яхши чиқмади. Чол-кампир мунғайиб қолган эдилар.
Зулфия табиатидаги ишчанлик, ғайратни оиласига кўчиришга, турмуш ўртоғининг соғлиғи учун сарфлашга киришди.
Кечқурун жуфтининг ёнида ўтираркан, унга
—Дадаси, Тошкентга борамиз. Бирга текширувлардан ўтамиз. Мен ўзим сизга битта буйрагимни бераман. Вақтни йўқотмайлик,-деди.
—Ишинг нима бўлади?
—Ўз ҳисобимдан таътил олдим.
Музаффар индамади. Аёли қайсар. Барибир, айтганини қилади.
Кечаси аёл керакли нарсаларни, кийим-кечакларни сумкага жойлади. Эрталаб улар ягона нажот бўлиб кўринаётган, азми шаҳарга—Тошкентга йўл олдилар.
Зумрад хола ҳам, Бакир амаки узоқ дуо қилдилар. Ўғиллари қучоқлашиб хайрлашди. Ҳозирча бу касаллик ҳақида ҳеч кимга хабар бермасликни маъқул кўрдилар.
Пештоқига Республика ихтисослаштирилган урология маркази деб ёзилган бинога етиб келганларида Музаффарнинг тинкаси қуриб қолганди.
Шифокор обдон сўроқ қилгач, бир қатор таҳлил ва текширувлардан ўтиши лозимлигини айтди...
Улар меҳмонхонага қайтиб келганларида кун пешиндан ўтган эди. Зулфия деразани очди. Атрофдан азон овози эшитиларди. Яқин ўртада масжид бор шекилли, азон саси жудаям тиниқ келарди...
—Музаффар ака, намоз ўқиймизми? Ҳамма сабабини қилибмизу, пешонамизни саждага қўймабмиз-ку!.
—Ҳа, онаси, ўзимнинг ҳам кўнглимдан шу ўй ўтаётганди, бу ерларга келишимизда ҳам, шу касалликка чалинишимда ҳам бир ҳикмат бор, қанча умрим қолди Худо билади.
—Унақа деманг, сиз ҳали менга кўп чиннигуллар беришингиз керак.Биласизми, сизга ўтадиган буйрагим мендан рози бўлса керак, худбин бир аёлдан сиздек олийжаноб одамга ўтиш бошқача бўлса керак...
Улар азми шаҳарда ҳидоят топган эдилар. Пешонасини саждага қўйгандаги лаззатни аввал сира ҳис қилмаганини тан оларди. Орзулари нақадар майда бўлган экан унинг. Аёл киши учун энг муҳими жуфтининг борлиги-ю, фарзандларининг саломатлиги экан.
У энди аниқ билади, ишласа ҳам оддий ўқитувчи бўлиб ишлайди. Энди кўпроқ вақтини фарзандлари ва оиласи тарбияси учун сарфлайди.
Улар барча таҳлил натижаларини йиғиб, шифокорнинг ҳузурига кирдилар.
Кўзойнак таққанча барча қоғозларни бирма бир, синчиклаб кўраётган шифокорга қараб ўтирган Зулфиянинг сабри тугади.
—Дўхтир, балки мен ҳам тезроқ таҳлиллар топширишим керакдир. Вақтдан ютайлик.
—Сиз нимага таҳлил топширасиз?-кўзойнак остидан қаради шифокор.
—Бу кишига донорлик қилмоқчиман.
Шифокор қоғозларни бир четга суриб гапирди.
—Бунга ҳожат йўқ. Ҳозир муолажа белгилайман, ҳаммаси яҳши бўлиб кетади. Шамоллаш бор холос. Сизнинг эса буйрагингиз ўзингизга буюрсин!
Бу бир мўъжиза эди. Улар ҳамма дори-дармонларни олиб, Кўкадирга қайтар эканлар машинада ўтирган Музаффар аёлининг қўлини ушлади.
—Бошимни бир марта саждага қўйганимда оҳимни эшитган Роббимга ҳамдлар бўлсин. Қара, ўзини топишимиз учун Тошкентга бориб келишимиз керак экан.
—Ёки мен вақтида эсимни йиғиб олишим, дунёдаги энг муқаддас, топилмас нарса оилам эканлигини ҳис қилишим керак экан. Аслида, бу синов сизга эмас, менга келди...
Қаҳрамонларимиз бугунги кундаги замондошларимиз. Ҳа иккиси ҳам соғ-саломат, сизу бизнинг орамизда!
Эр-хотинлик меҳр-муҳаббат демакдир. Аллоҳ таоло Рум сурасида шундай марҳамат қилади:
«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани…» (21-оят).
Шунинг учун ҳам ҳар икки томон бир-бирига интилади, бир-бирини севади ва гўёки ўзининг йўқолиб қолган ярмини қидиргандек, бир-бирини соғиниб яшайди.
Фақиҳлардан бири Абу Рабиъанинг аёли вафот этганида, уни дафн қилиб, уйига қайтиб келар экан, улуғ фақиҳ йиғлаган ҳолда «ла ҳавла» ва истиржоъ айтди ҳамда ўзига ўзи хитоб қилиб: «Мана, ҳовли ҳам ўлди, эй Абу Холид! Уй ўз ичидаги қимирлаб турган руҳ – аёл билан тирикдир», деган экан.
Аёлнинг қалби чиннигул каби нозик, аммо у жуфти учун керак бўлса жонини ҳам бера олади, агар эркакдан озгина бўлса ҳам меҳр кўрган бўлса...
(тугади)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев