Биламан,
Ғуруринг асло эгмас бош,
Қиёмат бўлса ҳам турасан шу ҳол.
Қанча соғинч бўлса берасан бардош,
Қанча азобларга кўниб бемалол.
Тан олсанг дунёни олади олов,
Мен томон бир қадам қўйсанг, "ўласан".
Истасанг, кел хозир ўйнаймиз гаров,
Мендан кўп соғинган ўзинг бўласан.
Шунда ҳам жимгина юрасан яшаб,
Қалбинга ўргимчак инини қурган.
Уммондаги улкан муз тоғга ўхшаб,
Қирғоқда тош қотиб турганинг, турган.
Темир сим тортасан ҳудудинг ўраб,
Пистирма қурасан туйғуларга жим.
Ичингда қоялар кетса ҳам нураб,
Сиртингдан ҳеч нарса сезмайди ҳеч ким.
Офарин!
Тасанно!
Яна не сўз бор,
Қанча олқиш бўлса сенга бариси.
Сендек бўлолмаслик мен учун озор,
Сенга ҳавасим бор билсанг, тўғриси.
Дучормиз қисматнинг қийинларига,
Бахтли бўлишга ҳам сиғмас ҳаддимиз.
Кўргин, мағрурликнинг ўйинларига,
Енгилиб турибди мухаббатимиз.
Малика Тавфиқ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев