Киши бирор мақсадига осонгина етиши мумкин бўла туриб, кибр билан яқин йўлини узоқ қилади.
Бунинг бир неча мисолини келтираман:
Нуҳ алайҳиссалам ўғлини сувга ғарқ бўлаётганини кўриб, ундан кемага чиқишини сўради:
📖"У (кема) улар билан тоғлардек тўлқинда сузиб борар экан, Нуҳ четдаги ўғлига деди : «Эй ўғлим, биз билан (кемага) чиқ, кофирлар билан бирга бўлма!»
(Ҳуд: 42).
Аммо, кибр отига миниб олган ўғилнинг жавобини қаранг:
📖«У деди: «Мен ҳозир тоққа чиқиб оламан, у мени сувдан сақлайди»
(Ҳуд: 43).
Бир ақл қилиб кўринг, кемага чиқиш тоққа чиқишдан осонроқ эмасмиди?
Ахмоқ бола нега осонгина кемага чиқишини қўйиб, ундан-да баланд тоққа чиқишни танлади?
Чунки кибр маҳлуқни ана шу кўйга солади. Олдидаги осонгина ишни қилишдан уни ман қилиб, ундан қийин ишга мубтало қилади..
Яна ўзи ўйлаган "тоққа" чиқа олса ҳам майли эди! Ундан ҳам маҳрум бўлади..
Бунга яна бир мисол иблис бўлади.
Бир марта одамга бўйин эгиб, сажда қилиш осонми, ёки қиёматгача одамлар кетидан қувлаб, уларни фитналаш осонми?
Албатта, бир сажда осон эди. Лекин унинг кибри ҳам унга бу ишда монелик қилиб, ундан-да оғирроқ ишга, қиёматгача одамзот изидан қувишга уни мубтало қилди. Устига-устак унга ҳали охиратда ҳам азоб бор..
Фиръавнни эсланг.
Аллоҳ таоло айтади:
📖«Улар эрта тонгда уларнинг (бану Исроилнинг) ортидан тушдилар»
(Шуаро: 60).
Мусо алайҳиссалам ва бану Исроил ярим тунда қочиб кетгач, кетса-кетибди деб, ташлаб қўйиш осонми ёки эрталабдан бутун давлатни сафарбар қилиб, уларнинг изидан тушиб, яна ета олмай ғарқ бўлишми?
Уни ҳам "кўзига кўрсатиб қўяман" деган кибри бошига етди..
Бу қонун сизга ҳаётда кўп узун йўлларни қисқартиради.
Биров йўлингиздан чиқди, бир сония тўхтаб турсангиз, олам гулистон! У ҳам, сен ҳам тезда манзилга етасан.
Аммо кибр отига миниб, тўхтаб жанжаллашсангиз, бир соат вақтингизни йўқотасиз, манзилга кечикасиз.
Илм олмоқчимисиз, устозинг "аччиқ"ларига сабр қилсангиз, йўлингиз қисқаради.
Аммо кибр отига миниб, шохдан-шохга сакрасангиз, тувагидан кўчаверган гул каби яқин орада кўкармай, ўзингизга йўлни узоқ қиласиз.
Иш, касб-ҳунарингда ҳам кибрни четга қўйиб озгина ҳаракат қилсангиз, тезда натижасини кўрасиз. “Шу ишни қиламанми", деб кибр қилсангиз, ҳали бундан ёмонини ҳам қилишга мажбур бўласиз.
Оилада ҳам "хўп" деб қўйган энг қисқа йўл билан манзилга етади. "Мен" деган эса ўзига йўлни узоқ қилади.
Аллоҳ таоло айтади:
📖"Улар ерда кибр қилдилар ва ўзиб кетувчи бўлмадилар"
(Анкабут: 39).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев