Алла! Сени илк бор дунёда қайси бир она айтди экан?! Сўзларингни ёзган сенинг қайси бир шоир, бастакоринг қайси замона?! Онанинг сени узун тунлар куйлаб чиқишидан мақсади фақат гўдагини ухлатишми?! Ё болакайига эзгу олий тилаклар тилаяптими?
Дунёда гўдак туғилган хонадон борки, беихтиёр муқаддас бурч адо этила бошланади ва бола ҳам, она ҳам, табиатнинг ўзи ҳам ширин, осойишта орзулар сукунатига сингийди.
Аллани беихтиёр катта ёшдаги одам эшитиб қолса, хаёлга чўмади, лекин уни уйқу элитмайди, аксинча, хотирида ўчиб бораёзган таассуротлар, ухлаб бораётган, унутилай деб қолган туйғулар, умрининг жонли лавҳалари, болалиги эсига тушади.
Аллада биз ҳатто хаёлимизга келтирмаган бошқа бир мўжиза, муқаддас қудрат бор.
Розия, Робия, Гулжон.
Уч ажралмас дугона, чиқон, ўртоқ. Уч дўст, уч сирдош, уч тенгдош.
Уларнинг қизалоқлик пайтлари бирга кечди.
Болаликнинг турли ўйин-эрмакларини бирга тўқиб-чатишди.
Дейлик, Гулжон бирон эрмакни – қўғирчоқ ўйнашни таклиф қилса, Робия дарҳол эски-туски латталардан “гўдак” ясар, Розия эса уни қўлига олиб алла айтишга тушар эди.
Гўдакнинг “туғилиш” тўйини ҳам улар катталардан кўрганларидек ўтказишарди.
Робия аллани, албатта, онасининг укаларига айтганидан ёдлаб айтарди. Лекин барибир ўзидан ҳам нималарнидир қўшар эди:
Олмадандир бешиги,
Олсин энди опаси.
Алла.
Жийдадандир бешиги
Жийранмасин опаси,
Алла.
Ўрикдандир бешиги,
Ўртанмасин опаси.
Алла.
Қўғирчоқ ўйини дарров уларни зериктиради.
Қарабсизки, бир неча лаҳза ўтмай, тут боғда ёки ўрик боғда шохлар орасида юришади.
Ҳатто ўғил болаларга қўшилиб бекинмачоқ ўйнашгаям киришиб кетадилар.
Сўнг эса ҳаммаси Амударёдан оқиб келадиган Хизрелиёпнинг лойқа-бўтана сувида шаталоқ отишади.
Кечқурун эса улар юз-кўзларида лойқа сув излари билан биронтасининг уйида қандайдир маросимда халфа кампирнинг сирли лаҳжасини — ярим қўшиқ, ярим сўз-айтимларини тинглаб ўтиришади.
Хотинлар бошларидаги оқ пахта рўмоллари кўзига тушиб, чайқалиб, кўзлари ёшланиб тинглашади. Қизалоқлар ҳам халфанинг гаплари қайғули эканини сезгандай, анча жим ўтириб, кейин ҳар бири ўз ойисига бош қўйганча ухлаб қолишади. Фақат халфа бир маромда давом этади:
Ман ўлсам, э жамии маҳрами роз,
Мани ўзга ўлукдек қилманг эъзоз.
Кўзингиздан чиқарманг қатраи ёш,
Жанозам орқасидан отингиз тош…
Воқеалар қадимги Гурланда кечаётганини эслатиб ўтаман.
Узун қиш кечаларини хотин-халаж шундай ўтказишади. Баҳорда ҳамманинг ташвиши кўпаяди.
Уч дугона ҳам шубҳасиз анча улғайган. Хотинлар сумалак солиш билан овора. Эрлар хўкизларнинг шоҳларини ёғлаб, ўтизга чиқиб кетишган.
Кечаси билан ўт ёнади қирқ қулоқли қозон остида.
Кечаси билан байт, топишмоқ айтишлар, гоҳ қувноқ, гоҳ қайғули қўшиқлар. Аёллар тунда қандайдир мард бўлиб кетадилар қизлар назарида.
Бири шундай бошлайди:
Осмонга қарасам ойнинг боласи,
Орқамга қарасам Гурлан қалъаси.
Умидимга еткизмади чиқинжон,
Ҳаром ўлсин улли бойнинг боласи.
Иккинчиси:
Осмонда ой эдим айланиб турган,
Долонда той эдим бойланиб турган.
Севганимга тезроқ ета қолсам деб,
Қизларнинг ичинда шайланиб турган.
Учинчиси:
Осон эмас денгизнинг
Топмоқ оппоқ тошини.
Яна қийинроқ экан
Топмоқ дил йўлдошини.
Одамларнинг аслида йилларнинг ўтиши эмас, юртнинг урф-одатлари улғайтиради.
Қизлар шу тариқа катта бўлишмоқда эди.
Кузда қизил шоли пишганда яна хотинлар йиғилишиб келиб шоли оқлашга тушадилар.
Яна қўшиқ, байтлар, тез айтишлар, эртаклар…
Ҳайит баҳорга тўғри келса яна қизларнинг куни туққани.
Ё гужум, ё қорамон, ё ўрикка арқон ташлаб, арғимчоқ солишади. Икки-уч жойда ёнма-ён ва басма-басига учишлар…
Яна қўшиқ айтишлар…
Тўйлар қизлар учун катта байрам. Дугонасини узатишга бирга боришади. От аравада ойдин кеча ёр-ёр айтиб йўл юриш, куёвникига кираверишда катта саҳнда ёнаётган гулхандан ўтиш, сочқи сочаётган хотинларнинг қўполлиги, юз-кўзга урилган қанд, новвот, парварда парчалари, куёвнинг белбоғини ечиш маросимлари… ҳамма-ҳаммаси янги бир олам, юракда янгича зарблар…
Розия, Робия, Гулжон.
Учаласининг бўйи бараварига етилди. Энди улар атрофидаги ҳаётга эмас, балки бошқа бир шоҳга тобе, фуқаролигини қабул этгандай эдилар. Муҳаббат кирган эди уларнинг юрагига. Робия билан Гулжон севги домига тез тушиб, ўз йигитлари билан қатъий ваъдалар олишиб, тўй умиди билан яшай бошладилар.
Лекин нимагадир Розия шошилмас, ҳалиям ўз болалигидан ажралгиси келмаётгандай, ҳамма нарсага бепарводай эди.
Юртда ҳаёт ҳамон ўз эски йўсинида. Ҳаёт навбаҳорга тўғри келган йили Амударё бўйига одам сиғмай кетди. Айтишларича, бу сайлга тўқсон юртдан ҳофиз, дорбоз, савдогар, меҳмон келган.
Кўрсатилмаган томоша, пиширилмаган таом, айтилмаган қўшиқ, сўз қолмаган. Бу сайлда қизларда катта ўзгариш бўлиб, учовига қорама-қора Робия билан Гулжоннинг йигитлари ҳам юришарди.
Розияга бу бир оз алам қилгандек ҳам бўлди.
Иккала дугонаси унга йигитлари борлиги билан мақтанаётгандек туюларди.
Фақат болаликдаги дўстликнинг интиқ ипларигина ўртада жиддий бир гап чиқишидан сақлаб турарди. Лекин воқеалар бирданига бошқача тус олиб кетди.
Савдогарлар растасини улар негадир Розиянинг тазийғи билан уч марта айланиб чиқишди ва тўртинчи сафарида Розия хорижлик ёш ва кўркам йигитнинг матосига харидор бўлди. Йигит эса ўйланмасдан молини, шундоқ, бепул тутқазди қўйди Розияга! Қизиқ-ку! Қизлар лол.
Хорижлик йигит эсанкираган. Розия эса мағрур!
Сайл ўтиб кетди.
Лекин воқеа давом этди. Савдогар йигит ўзи билан келган ҳамроҳлари билан хайрлашди. Гурлан карвонсаройида мустаҳкам жойлашиб Розияларнинг кўчасидан кунда бир марта ўтадиган бўлди.
Ўртада ғалати бир муҳаббат пайдо бўлгани аниқ эди. Ғалати деганимизнинг сабаби, қиз бошқа миллатдан, устига, хориждан келган бировни яхши кўриб қолиб, масала турмуш қуриш даражасигача тақалиб қолса, биз томонларда бугун ҳам кўпчилик таажжуб ила ёқа тутади.
Иш жиддий, Розия ўзининг ғалати севгисидан карахт ва гаранг. На дугоналарининг, на қариндошларининг ўгит-маслаҳатлари ва на отасининг дуоибад қиламан деб дўқ қилишлари бир наф берди.
Она касалланиб ётиб қолди. Лекин Розиянинг ўз билгани билган, хорижлик билан кетишга қатъий жазм қилган эди. Йўлимни тўсманглар, ўзимни ўзим ўлдираман ва йигитим ўлигимни бўлсаям олиб кетади, деб дўқ ҳам ура бошлади.
… Ҳар бир юртда донишманд оқсақоллар бўлади. О, Гурланда катхудолар ҳамма замонларда истаганча топилган.
Розия воқеасига улар аралашишди. Олдинига улар ҳам Розияни “Узоқ эл, борсанг, энди ҳеч қачон қайтиб келолмайсан, у ёқ-бу ёқ…” қабилида қайтариб кўришди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади.
Шунда улар қизнинг отаси билан онасини бир амаллаб оқ фотиҳа беришга кўндиришди.
Оҳ, қандай донишманд, оқкўнгил, саховатли донишмандлар яшайди Гурланда!
Қиз кетди. Кичикроқ тўй ҳам қилиб беришди шўрлик ота-она.
Кетиши олдидан она Розияни бағрига босиб қизиқ бир илтимос қилди.
“Жон болам, соғ бўл, саломат бўл. бахтли бўл.
Битта ўтинчим: Бола кўрсанг уларнинг ҳеч бирига алла айтма! Айтсанг, бутун умр норози кетаман…”
Розия хўп деб ойисини ишонтирди ва йўлга равона бўлди.
Нима бўпти алла айтмаса?! Ҳеч нима! Чиқонлари Робия билан Гулжон етти чақирим жойгача араванинг панжарасига ёпишиб, хайрлашиб йиғлаб келишди ва охир улар ҳам, укалари ҳам, қизиқсиниб эргашган одамлар ҳам қолиб кетишди.
Гурлан қолиб кетди. Амударё, тўқайлар, қум саҳроси… Кўп нарса ортда қолиб кетди…
Хуллас, улар йигитнинг юртига етиб келиб, тўй-маърака қилиб биринчи фарзанд кўрганларида орадан етти-саккиз йил вақт ўтиб кетган эди. Розия бой-бадавлат яшар, турмушнинг ҳеч нарсасини ўйламас, фақат хизматкорлар қуршовида ўз гўдаги билан овора эди холос.
Уни гоҳ олисдаги отасига ўхшатар, гоҳ ойисига, гоҳ укаларига менгзатиб, соғинчини босиб, ўзини овутар эди. Онаси илтижоси эсидан чиққани йўқ, боласига сира алла айтмади.
Лекин кунларнинг бирида ўғил қандайдир касалга чалиниб, тезгина оламдан ўтди.
Розиянинг қайғуси еру осмонга сиғмади, фақат иккинчи ўғил тугилиб, мийиғида куладиган бўлгандагина биринчи дард, йўқотиш бир оз енгиллашди.
Лекин бу фарзанди ҳам кўп турмади. Розия қора кийди.
Хизматкорлар хўжайинига хотининг болага меҳр қўймайдиган тоифадан экан, аввалги иккитасига ҳам бирон марта алла айтганини кўрмадик деган гапларни албатта етказишган эди. Учинчи ўғил туғилганда ҳамма енгил нафас олди.
Розия энди уни еру кўкка ишонмас, эрининг унга бўлган муҳаббати энди шу гўдакнинг тақдири билан боғланиб қолганини Розиянинг ўзи ҳам сезиб турар эди.
Ё фалак! Ногаҳон эрка ўғилча касалланиб қолди.
Розия, эри ўзини ҳар томонга уришди, узоқ-яқиндан келган табиблар сарсон-наф йўқ… Мана, неча кеча бола йиғидан тинмайди. Розия ўзини йўқотар даражада.
Тонг олдида эри даҳшатли қиёфада ҳайқирди:
— Қандай онасан ўзи?! Меҳр деган нарса борми сенда ҳам?! Бир алла айтиб бағрингга боссанг-чи шўрликни?! Алла айт…
Розия лол. Эрининг бу ғалати важоҳатиданми ё онасига берган ваъдаси учунми, узоқ вақт бирон нима деёлмади.
Боланинг аҳволи оғирлашгандан оғирлашиб, бир аҳвол бўлганда, бирдан болани кўкрагига босиб даст ўрнидан турди ва йиғими, ўтинчга ўхшаш бир овоз билан алла айта бошлади…
Гўдак инграниб-инграниб, ахир тинч уйқуга кирди.
Биринчи, иккинчи, учинчи кеча алла айтди… Бола тузала бошлади… Розия энди онасига берган сўзини унутган, соат сайин тўлишаётган гўдагига маҳлиё, алла айтар, кўнглига қувонч ва умид ина бошлаган эди.
Бола бутунлай тузалиб кетди. Лекин барибир то алла айтмагунча ухлай олмас эди. Бир куни кечаси алла айтиб, мудраб ўтириб тўсатдан Розиянинг кўнгли тўлишиб кетди, кўзлари иссиқ ёшга тўлди. У аллани гўё ўзи учун айтаётгандай, ёшликда дугоналари ясаган қўғирчоққа айтаётгандай туюлди. Рост!
Дугоналари ҳозир қандай экан-а? онаси-чи? Шўрлик, қариб қолгандир?! Ё… Худо кўрсатмасин, касалванд эди, оламдан ўтган бўлса-я… “Онажон! Дод, ойижоним!”
Розия фарёд солиб ўрнидан турди. Чинқириққа хизматкорлар, эри кириб келишди.
Розия ўзини босди, босинқирабман, деди. Лекин ётиб уйқуси келмади. “Укаларим катта бўлиб кетишгандир. Отам-чи?! Бечора отагинам. Биргина кўрсам сизларни армоним йўқ эди! Биргина кўрсам! Робия! Гулжон! Кўраманми сизларни энди?!”
Робиянинг кўз ўнгидан болалик хотиралари – Хизрелиёп лойқа сувлари, ғарқ пишган оқ тутлар, ўрикларга осилган арғимчоқлар, қўшиқ айтиб қизил шоли туяётган хушчақчақ хотинлар бирма-бир тизилиб ўта бошлади.
Шу кечадан бошлаб, тинчи буткул йўқолди.
Шўрликнинг уйини кўргиси келди. Онасини… Юртини… Охири эри ҳам сезди унинг аҳволини.
Розиянинг кўнглини олди. Лекин Хоразмга боришнинг ҳеч-ҳеч иложи йўқ эди.
Биринчидан, йўл бениҳоя узоқ ва машаққатли, иккинчидан, ўртадаги мамлакатлар бир-бирлари билан катта уруш қилар, кўп қонлар тўкилиб, карвонлар қатнови тамом тиниб қолганди…
Розия қийноқда қолди.
Ўғли катта бўлиб, тенгқурлари билан ўйинга чиқиб кетганида, ўзига ўзи алла айтади, йиғлайди.
Болалигида эшитган қўшиқлари узуқ-юлуқ бўлиб бўғзига тиқилади:
Осмонга қарасам ойнинг боласи,
Орқамга қарасам Гурлан қалъаси…
Гурланнинг йўллари олисдан-олис,
Гурланнинг йўлинда ёнади фонус…
Гурланнинг йўллари йўл бўлғонмикан,
Эгнида оқ кўйнак кир бўлғонмикан?!
Манов турган бизни ёрнинг ҳовлиси,
Шамол билан келар Гурланнинг иси…
Хуллас, Розия онаси қилган илтимосига энди тушунгандай бўлди.
Лекин у алла шунчаки яқин кишиларни, қариндош-дўстларни эсга солиб, юракни сиқар экан, деб ўйлади.
Лекин у бу соғинч, бу интилишнинг туб замини қаердан эканини англаб етгани йўқ!
Аллада биз хаёлимизга келтирмаган бошқа бир мўжиза, муқаддас қудрат, сеҳр бор деган эдик.
Алла-онадан ўтган мерос эмас, бизга у – оналаримиздан ҳам катта она бўлган Она тупроқдан келаётган садо!
Омон Матжон.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев