− Ука, ўзинг тушунган йигитсан, биздан кичик бўлсанг ҳам, рўзғоримизга бошсан, мартабанг бундан ҳам улуғ бўлсин, менинг ҳам, опа-сингилларингнинг ҳам рўзғори сен туфайли обод бўлиб турибди, − гапни узоқдан бошлади Шобадир ака. – Отам ҳам нима иш қилсак, “Шовосилдан бир оғиз сўранглар, Шовосил нима деса, шу”, деб турадилар.
− Ака, биз ҳам сизнинг орқангиздан гердайиб юрамиз, “Шовосил бизнесменнинг синглисимиз”, деб, − деди Оқила. – Бир ерга бориб, номингизни тилга олсак, ишимиз ҳал бўлмай қолган ери йўқ.
− Маслаҳатчимиз ҳам, йўл кўрсатаримиз ҳам сенсан, укажон, − акаси ва синглисининг гапини маъқуллади Вакила опа.
− Жуда “Шоп-шоп”ларинг чўзилиб кетди-да, қачон шафтоли дейсизлар? − ака-опаларининг бемаврид мақтовларидан Шовосилнинг энсаси қотди. – Билишимча, дўржироқ нарса сўрамоқчига ўхшайсизлар, айтинглар, қанча? Қайси бирингиз каттароқ иш бошлаб қўйдингиз?
Опаси акасига қаради, акаси синглисига, синглиси кичик сингилга.
− Ўзингиз айтинг, ака, − деди Оқила. – Эркак кишисиз.
− Ишимиз ҳам катта, сўрайдиганимиз ҳам катта нарса, − деди Шобадир ака. – Аммо сен тушунармикансан? Аямни сен бошқача яхши кўрардинг.
− Ака, чайналманг, − энди асабийлаша бошлади Шовосил. – Аямни эслатмасдан сўранг сўрайдиганингизни! Аямни ҳаммангиздан кўпроқ яхши кўришимни яхши биласизлар.
− Аям ҳам сени айрича яхши кўрарди, − кўзларини рўмолининг учи билан артди Вакила опа.
− Жуда чўзилиб кетди-я, кириш қисми? – опасининг гапини чўрт кесди Шовосил. – Ўзларингга ҳам сезилаяптими?
Ҳаммалари бироз жим қолишди.
− Агар …хўп десанг, дадамни уйлантирсак. Шунинг маслаҳитига келувдик.
Шовосил акасига қараб, анграйиб қолди.
− Яхши эшитмадимми ёки англамай қолдимми?
− Дадамни уйлантирмасак бўлмайди, ука. Буни дадам айтганлари йўқ, ҳали бу қарорга келганимизни сенга айтмай туриб, дадамизга айтганимиз ҳам йўқ. Ўзинг айтасан, деб турибмиз.
Шовосил ўрнидан туриб кетди. У ёқ-бу ёққа асабий бориб-кела бошлади. Ниҳоят, акасининг рўпарасида тўхтади. Акасининг кўзларига қаҳр билан тикилди. Дона-дона, эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб сўзлади:
− Кетадиган вақтларинг бўлибди. Яхши боринглар!
Шовосилнинг феълини яхши билган акаси ва опа-сингиллари дарҳол ўринларидан туриб, дарвозага қараб йўл олишди. Дарвозадан чиққанларида ичкаридан Шовосилнинг овозини эшитдилар:
− Аямнинг ўрнига бошқа аёл?! Калласи жойидами буларнинг? Ярамаслар! Кўрнамаклар! Хиёнатчилар!
Шобадир ака ва сингилларининг қадамлари тезлашди…
Шовосил ҳар куни бир коса қаймоқ ва иккита иссиқ нонни олиб, бирга нонушта қилгани отасининг олдига борарди. Отаси ҳам Шовосил келмагунча нонушта қилмай ўтирар эди.
Икки кун Шовосил ота ҳовлисига бормади.
Икки кундир-ки, Шоумар бобо нонушта қилмайди.
Икки кундир-ки, Шовосил аччиғини боса олмайди. Акалари ва опа-сингилларини кечира олмайди.
Икки кундир-ки, Шовосил отасидан ҳам аразлаган.
− Отам хотинсираб қолибди, − дейди ўзига ўзи. – Бу гап отамнинг ўзидан чиққан. Буларни ҳам отамнинг ўзи юборган.
Икки кундир-ки, Шовосилинг қўли ишга бормайди. Ишларидан ҳам хабар олмай қўйди. Телефонларини ҳам ўчириб ташлади. Ичкари хонага қамалиб олиб, онасининг суратларини кўриб, хаёлан онаси билан суҳбатлашиб ўтирди.
− Аяжон, кўрмайсизми бу нодон фарзандларингизни? Буларнинг хаёли жойида эмас. Ахир кимдир сизнинг ўрнингизда ўтиришини, сизнинг кийимларингизни кийишини, сизнинг … жойингизда ётишини булар тасаввур қилиб кўраяптиларми, аяжон? Акам-да, бўлмаса, шу гаплари учун уриб, бошини ёрган бўлардим. Дадамга ҳам беш кетмадим. Дарров хотинсираб қолганларини-чи. Буларни дадамнинг ўзлари юборганлар.
2.
Уч кун ўтди. Шовосил туш кўрди. Тушига онаси кирибди. Тириклик чоғларидагидек, Шовосилнинг сочларини силаб ўтирган эмиш.
− Шовосилжон, болам, аканг, опанг ва сингилларингни даданг юборганлари йўқ, ўзлари келишди, − дер эмиш онаси. – Улар дадангнинг аҳволини кўриб туришибди-да, ўғлим. Сен эрталаб бир борасан ва ишингга кетасан. Аканг дадангнинг аҳволини ҳар куни эртадан кечгача кўриб турибди. Шунинг учун шу қарорга келишган.
− Дадамнинг аҳволига нима қилибди, аяжон? – сўради Шовосил.
− Ранг кўр, ҳол сўр, дейдилар, − деди онаси. – Бориб, дадангнинг рангига яхшилаб разм сол-чи, болам.
− Дадамнинг рангларига нима қилибди? – онаси билан ҳам келиша олмади Шовосил. – Дадамнинг ранглари ойдай. Еганлари олдиларида, емаганлари орқаларида. Ҳар йили икки марта курорт, санаторийларга юбориб турибман. Врачлари ҳар куни бир назорат қилади. Битта ҳамширанинг ойлигини тўлаб, дадамга қаратиб қўйган бўлсам, яна нима қилай, аяжон?
− Ейиш-ичиши, соғлиги ҳам жойида, болам, аммо ёлғиз-да, ёлғиз. Сизлар ўз ишларингиз билан кетасизлар, кечқурун ҳар бирингиз ўз ётоғингизга кириб кетасизлар, дадангиз ёлғиз қолаяпти-да. У кишига бир маҳрам, суҳбатдош керак.
− Сизнинг ўрнингизда бошқа аёлни тасаввур ҳам қила олмайман, аяжон.
Онаси секин ўрнидан туриб, деразага яқин борди. Унинг юзи тундлашган, ўғлидан хафа эди.
− Дадангни уйлантириб қўй, болам. Шунда мен сендан рози бўламан.
Шовосил онаси томон талпинди, аммо онаси дераза пардаларига сингиб кетгандек, кўздан йўқолди.
3.
Эрталаб бир коса қаймоқ ва иккита иссиқ нонни олиб, Шовосил ота ҳовлисига кириб борди. Отаси ҳовлидаги олма дарахти остидаги сўрида хомуш ўтирар, кўзлари дарвоза томонга тикилган эди.
− Келдингми, ўғлим? – деди Шоумар бобо. – Хайрият.
− Иш билан Тошкентга кетувдим, дадажон, − отасини қучоқлаган Шовосилнинг тилига келган ёлғон шу бўлди. – Яхши ўтирибсизми?
− Яхши ўтирмай нима қилардим, болам? – деди Шоумар бобо. – Қани, омин, Аллоҳ ишларингни ўнгидан бошқарсин! Аканг, опа-сингилларингга бош бўлиб юргин!
Янгаси дарров чой олиб келди.
− Ассалому алайкум, яхши келдингизми?
− Акам кўринмайдилар?
− Мактабга текшириш келадиган экан, эртароқ кетувдилар, − жавоб берди янгаси. – Мен ҳам эртароқ борсам дегандим.
− Сиз кетаверинг, биз дадам билан бироз суҳбатлашамиз.
− Яхши келдингиз-да, сиз келмаган кунлари дадам нонушта ҳам қилмадилар, тузук-қуруқ овқат ҳам емадилар. Бизлар билан гаплашгилари ҳам келмай қолган.
− Ундай қилманг-да, дада, ўзингиз айтар эдингиз-ку, “Бўш қоп тик турмайди, яхши-яхши енглар”, деб. Яхши-яхши енг-да, ўзингиз ҳам.
− Нимагадир шу кунларда иштаҳам йўқ, ўғлим, − деди Шоумар бобо. – Кўнглим ҳеч нарсани тусамайди.
Шовосилнинг эсига онаси тушида айтган сўзлар келди. Отасининг юзларига яхшилаб разм солди.
Ҳа, отаси мунғайиб қолибди. Шовосил бехабар бўлибди, отаси қариб қолибди. Юзига ажинлар тушибди. Шовосил отасининг юзидаги ажинларни меҳр билан сийпалаб, секин пичирлади:
− Дадажон, бу ажинлар юзингизга қачон тушди? Нега мен уларни кўрмай қолдим?
− Ўғлим, энди юзимга ажин тушмай, тирсиллармиди? – маҳзун табассум қилди Шоумар бобо. – “Етмиш – кетмиш”, дебдилар, ёш ҳам етмишга қараб кетди, болам.
− Олтмишдан энди икки ёш ўтдингиз, дадажон, ҳали етмиш демай туринг, − деди Шовосил.
− Икки кам эмас экан-ку, икки ёш ўтибман, ўғлим, − синиқ кулди Шоумар бобо. – Бу ёғи етмиш-да.
− Дада, акам, опам ва синглим сизга бир гапни айта олмай юришган экан, нима дейсиз, сизни уйлантириб қўймоқчимиз? – дангалига ўтди Шовосил.
Шоумар бобо ялт этиб, ўғлининг юзига бир қаради-ю, яна дастурхонга термулиб, жим қолди.
− Бир нима денг, дадажон, − деди Шовосил. – Юрагим тарс этиб ёрилиб кетади бўлмаса.
− Одам уялади бир нима дегани, болам, эл нима дейди, халқ нима дейди?
− Эл билан ишингиз бўлмасин, дадажон, сиз уйлансангиз, эл келиб тўй ейди, дуо қилади, қандингни ур, дейди. Элга тўй бўлсин!
− Қариндошлар нима дейди? Тоғаларинг бор, холаларинг бор?
− Ҳаммаси рози, дадажон, ҳаммаси билан келишиб бўлиб, кейин сизга бу гапни айтаяпман, − деди ичида “ёлғонни Худо кечирсин!” деб қўйган Шовосил.
− Билмасам, болам, одам бир нима дегани ҳам тили бормайди.
− Сиз хижолат бўлиб ўтирманг, − дадасини қучоқлаб олди Шовосил. − Ундан кўра, бошқа саволимга жавоб беринг, бирорта кўз остингизга олган кампирингиз борми? Ана шуни айтинг!
Ота-бола жим қолдилар. Ниҳоят, Шоумар бобо тилга кирди:
− Болам, туманда ишлаганимда бир фермага мудир бўлганман, биласанми?
− Эсимда, дадажон, мени олиб борардингиз, бузоқчаларнинг ичида ўйнаб юрардим.
− Ўша фермада Қорасоч деган жувон ишларди, чиндан ҳам сочлари зулукдай қоп-қора эди, − деди Шоумар бобо. – Бир қизи, бир ўғли билан бева қолганди. Кўп озода ва ориятли жувон эди. Унга ичим ачиганидан иккинчи хотин қилиб олсаммикан, деганимда “Бировнинг бахтини ярим қилиб, бахтли бўлмайман”, деб унамаган эди. Билмайман, турмуш қуриб кетдимикан ё ҳалиям бевамикан?
− Шу бугуноқ бориб, суриштираман, дадажон, − ўрнидан турди Шовосил.
− Маҳалласида Турғун бобо, Эргаш бобо, Рашид бобо деган оқсоқоллар бор, шулардан бир суриштир, тўғри уйига борма, болам!
− Хўп, дадажон, айтганингиздек қиламан!
− Яхши бориб кел, болам, − дуо қилди Шоумар бобо. – Ишинг ўнгидан келсин!
− Дуони қарасин, − кулди машинасига ўтираётган Шовосил. – Дуо менгами, ўзингизгами?
4.
− Сизларни бир катайса қилдирай, дедим-да, отахонлар, − деди отаси айтган чолларни “Жип”ига миндириб олган Шовосил. – Дадамнинг ошналари экансизлар, энди битта зиёфат ҳам қиламан.
− Ҳа, даданг зўр одам, − деди Турғун бобо. – Даданг билан анча ишларни қилганмиз.
− Дадангиз бизда ишлаганларида шу Жаласойнинг йўлларини чиройли қилиб асфальт қилдирган эдилар, − деди Рашид бобо. – Йўлнинг икки четига каштан дарахтларини ҳам раисликларида дадангиз экдирган эдилар.
− Дадангдай раислар юз йилда бир марта дунёга келади, ўғлим, − деди Эргаш бобо. − Дадангнинг дуосини олсанг, кам бўлмайсан!
− Дадамнинг дуосини олай, деб шу ёқларга келдим, отахонлар, − деди машинасини ресторан олдида тўхтатган Шовосил.
Шовосил отахонларни роса қуюқ қилиб зиёфат қилгач, Қорасоч опа ҳақида суриштирди.
− Ҳа, Қорасочми? Яхши юрибди, − бирданига Шовосил нима учун сўраётганини тушунмади Турғун бобо. – Қизини чиқарди. Ҳали ўғлини уйлантира олмади. Қўли калталик қилиб турибди. Аммо ўғли деҳқончилик қилаяпти, шу йилги даромади яхши бўлиб қолса, уйланади, хаёлимда.
− Қорасоч опанинг ўзлари эрга тегмадиларми?
− Йўқ, уни сўраб келувчи кўп бўлган эди, аммо болаларимни ўгай отанинг қош-қовоғига қаратмайман, деб унамади. Энди болалари катта бўлди, сўраб келмай ҳам қўйишди. Нима эди, нега Қорасочни суриштириб қолдинг? Қизини келин қилмоқчимидинг, айтдим-ку, қизи эрга тегди.
− Қорасоч опанининг ўзини келин қилиб, шаҳарга олиб кетмоқчиман, отахонлар, − деди Шовосил. – Дадам фермага мудирлик қилганларида шу аёлга кўнгил қўйган эканлар. Аммо иккинчи хотин бўлишга опа кўнмаган эканлар.
− Ҳа, Қорасоч унақага кўнадиган аёл эмас, жуда ориятли аёл у, − деди Эргаш бобо.
− Эшитгандирсизлар, уч йил бўлди, аям дунёдан ўтиб қолдилар, энди дадам ёлғизланиб қолдилар, − деди Шовосил. – Шунга дадамни уйлантирмоқчимиз. “Бирортада кўнглингиз бўлса, айтинг”, десам шу Қорасоч опани эслаб қолдилар. Турғун, Эргаш, Рашид боболарингни топиб, бир суриштир, Қорасоч эрга тегиб кетмаган бўлса, бирга боринглар, ўша боболар Қорасочнинг кўнглини сўраб кўришсин, аммо зинҳор хафа қилиб қўйишмасин, дедилар дадам.
− Ҳа, пишиқнинг боласи пишиқ бўлар экан-да, − тиззасига шаппатлади Турғун бобо. – Зиёфатингни **** қўйдик, энди ишингни ҳал қилиб бермасак, “Еган оғиз уялар”, деган гаплар бор. Туринглар, Қорасочникига совчиликка борамиз.
Қоп-қора “Жип” машинасини, ундан тушиб келган бобойларни кўрган Қорасоч опа шошиб қолди. Меҳмонларни сўрига таклиф қилиб, ичкаридан янги кўрпачалар олиб чиқди.
− Хуш келибсизлар, отахонлар, хуш келибсиз, меҳмон, − қўлини кўксига қўйди Қорасоч опа. – Қани, тўрга чиқингизлар.
Ҳаммалари сўрига чиқиб ўтиришди.
− Қадам етди, бало етмасин, хонадонга файз-барака ёғилсин, тўйлар бўлсин! – дуо қилди Турғун бобо.
− Яхши келдингизларми? Ҳозир чой дамлаб чиқаман, − ошхонага йўл олди Қорасоч опа.
Шовосил ҳовлига кўз югуртирди. Хонадон соҳиблари анча қўли каталик билан кун кечиришаётгани ҳар жабҳада кўриниб турарди. Икки уй, икки даҳлизнинг томи лойшувоқ қилинган, айвони устунлари эскириб кетган, уйларнинг оддий тахта эшик-деразалари бўёқни унутганига анча бўлган эди. Иккита тахтага михланган тўртта хода дарвоза ўрнида эди. Томда иккита патнисдан ясалган антенна туришига қараб, телевизор ҳам оқ-қора тасвирда кўрсатишини тахмин қилди Шовосил.
Қорасоч опа битта чойнакда чой, тўртта пиёла, иккита нон олиб келди, дастурхон ёзди. Шовосил чойни қайтариб, бобойларга бир пиёладан чой узатди ва меҳмонларнинг оғзини пойлаб турган Қорасоч опага юзланди:
− Отахонлар гапириши керак эди-ю, булар гапни жуда узоқдан бошлаб, кўп вақтни олишади-да, − кулди Шовосил. Ўзим гапнинг дангалини айтиб қўя қолай. Биз совчиликка келдик.
Қорасоч опа ҳайрон бўлиб, бобойларга бир-бир тикилди.
− Ҳайрон бўлманг, ўзингизга совчиликка келдик, − деди Шовосил. – Фермада ишлаганингизда мудирлик қилган Шоумар Шорасулов эсингиздами?
Қорасоч опа маъқуллаб, бош силкиди.
− Мен ўша кишининг ўғлиман. Уч йил олдин аям дунёдан ўтиб қолдилар. Дадамни уйлантирмоқчи бўлиб, кўнгилларини сўрасак, сизни эсладилар. “Эр қилмаган бўлса, шу аёлни суриштиринглар, шу аёлда кўнглим бор эди”, дедилар. Мана, ўзим қулчиликка келиб турибман-да.
Қорасоч опа секин туриб, ичкари уйга кириб кетди.
− Кап-катта аёлни хижолат қилдинг, ғўр бола, − деди Турғун бобо. – Совчилик шунақа бўладими? Гапни асталик ва усталик билан олиб келиш керак эди. Сен эса бир қоп тарашани тапиллатиб томдан ташладинг. Энди Қорасоч опанг “Сизни кутиб ўтирувдим ўзи, юринг, дадангизнинг олдига олиб боринг, мен розиман”, дермиди? Э, хом бола.
− Қорасоч, бу ёққа қара, − чақирди Эргаш бобо. – Сенда бизнинг гапимиз бор.
Қорасоч опа ер чизиб, буларга яқин келди.
− Бунинг гапидан хафа бўлма, аммо ўзи яхши бола экан, отасига яхшилик қиламан, деб шунақа довдираб юрибди, уни кечир, − деди Эргаш бобо. – Отасини биласан, бирга ишлагансан. Шунча йил мудир бўлиб, раис бўлиб, бировга ола қарамаган. Сенда кўнгли бор экан, қара, бизга ҳам бир оғиз билдирмаган.
− Оталар, мен эрга тегадиган ёшда эмасман, − деди Қорасоч опа. – Қолаверса, ўғлимни уйлантиришим керак. Бир қиз билан аҳдлашган экан, қизнинг ота-онаси келиб, уй-жойимизни кўриб кетгач, рози бўлишмабди. Уй-жойларимизни тузатиб олиб, кейин совчи қўямиз, деб турибмиз. Шунча ташвишни ўғлимга ташлаб, ўзим эрга тегиб кетсам, қандай бўларкан, оталар?
− Барака топ, Қорасоч, фаросатли аёлсан, барака топ, − деди Рашид бобо. – Туринглар, бу иш битамайдиган иш.
− Сен ҳовлиқма, Рашид, ўтир! – буюрди Турғун бобо. – Одамлар сенинг кўнглингни сўраб келгани йўқ, хўпми? Қорасочнинг кўнглини сўрайлик, Шоумар раис ҳақида нима дейди?
− Мудир акани ҳурмат қиламан, яхши одам, − деди Қорасоч опа. – Аммо мен олдин мана бу ташвишларимдан қутулиб олай, бу ҳақда кейин гаплашамиз. Унгача бирор яхши аёл топилса, Мудир акани болалари уйлантириб қўяверсинлар. Чунки, бу ташвишларимиз бир-икки йилда битиши қийин.
5.
Шовосил ҳамма гапни отасига оқизмай-томизмай айтиб берди.
− Шароитлари оғир эканми? – сўради Шоумар бобо. – Уй-жойлари яхши эмасми?
− Шароитлари анча оғир, − деди Шовосил. – Уй-жойларини уй десангиз ҳам бўлади, демасангиз ҳам. Сиз у уйда ўтирмаслигингиз аниқ, дада.
− Шуни кўриб, индамай келавердингми, ўғлим? – овози баланд бўлди Шоумар бобонинг.
− Нима қилишим керак эди, дадажон? – ҳайрон бўлди Шовосил. – Сал тушунтириб гапиринг!
− Ҳамма нарсага етган ақлинг шу ерга келганда оқсаб қолдими? Бир муштипарнинг уй-жойини созлаб беришга қурбинг етмайдими? Ё шунга ўзингнинг ақлинг етмадими?
− Бўлди, дадажон, тушундим, − ўрнидан турди Шовосил. – Ҳаммасини тушундим.
Шовосил шу куниёқ қурувчилик фирмасининг раҳбари бўлган ўртоғи Шавкатжонни олиб, яна Қорасоч опанинг уйига борди. Шавкатжон ҳовлини айланиб чиқди. Дафтарига бир нималарни чизиб, ёзиб олди.
− Олти ой муҳлат берасанми? – сўради Шавкатжон.
− Олти ой кўп, − деди Шовосил. – Уч ой.
− Уч ой етмайди, − деди Шавкатжон. – Тўрт ой, шуда ҳам иккита бригадани ташласам.
− Келишдик, − қўл ташлади Шовосил. – Иккита эмас, учта бригадангни ташла!
Эртасига улкан машиналарда қурилиш ашёларини олиб келган қурувчилар Қорасоч опани ҳовли адоғига ўзлари ўрнатган чодирга кўчирдилар. Булдозерлар Қорасоч опа яшаган уйни суриб ташлади. Экскаваторлар катта майдонда ертўла ўрнини кавлашди. Машиналарда тайёр қорилган бетонлар келди. Саноқли кунларда саккиз хонали уйнинг пойдевори тайёр бўлди. Ошхонаси ҳам, ҳаммоми ҳам, ҳожатхонаси ҳам ичида бўлган, замонавий лойиҳадаги бу уйнинг қурилишини томоша қилгани ҳар куни қишлоқ одамлари ёпириб келар эдилар. Қурувчиларнинг эса қўллари қўлларига тегмасди. Шавкатжон уларни шоширар, иш кечаю-кундуз бирдек давом этар эди.
Тўрт ой деганда чиройли уй битиб, томлари замонавий черипицалар билан ёпилди. Хоналарнинг деворлари ҳар бири ўзга рангдаги бежирим гулқоғозлар билан ишланди. Шифтларига нозик қандиллар осилди. Ҳар бир хонанинг ўзига хос мебеллар жойлаштирилди. Деразаларга энг сўнгги урф бўлган пардалар илинди.
Ҳашаматли дарвоза ўрнатилган ҳовли шаҳарликларнинг ҳовлисига ўхшатиб, яшил ўтлоқ қилинди. Гуллар экилиб, уларнинг орасидан мармар йўлаклар ўтказилди. Митти фавворачалар ўтлоқ ва гулларга сув сепиб турди.
Тўрт ой ўтиб, Қорасоч опаникида ҳовли тўйи бўлди. Ҳовли тўйи келин тўйига уланди.
Икки ҳафтадан сўнг Шовосил отасини, акаси, опаси ва синглисини машинасига миндириб, Қорасоч опаникига олиб келди. Қишлоқнинг оқсоқолларини чақирдилар. Яна ош дамланди. Ошдан кейин мулла Сафар бобо Шоумар бобо билан Қорасоч опанинг никоҳини ўқиди.
6.
Шовосил барибир холис бўла олмади. Отасини уйлантириб қўйиб, бир ҳафта отасининг олдига бора олмади. У отасининг кўзига қандай қарашни, янги онасининг кўзига қандай қарашни билмасди.
Шовосил Қорасоч опани ўз онасининг ўрнида тасаввур ҳам қилолмасди.
Синглиси келди.
− Ака, бунақа қилиб юрманг, − деди Оқила. − Дадам “Шовосил шунақа қилиб юраверса, хотинимни қўйиб юбораман”, деяпти.
− Ўзи, қандай аёл экан? – тутилиб-тутилиб сўради Шовосил. – Дадамга яхши қараяптими?
− Э, дадамни айтасиз, акамни сўранг. Акамни эмас, янгамни сўранг. Ҳаммаси хурсанд. Айниқса, янгам. Қорасоч опа келин-у, янгам қайнона. Эрталаб турсалар, нонушта тайёр. Нонуштани қилиб, эр-хотин сумкачани олиб, мактабга кетадилар. Мактабдан келсалар, тушлик тайёр. Кечки овқатни ҳам елиб-югуриб, ёш келиндек бўлиб, Қорасоч опа қилиб юрибдилар. Акамнинг болаларини айтинг, ҳаммаси Қорасоч опани яхши кўриб қолишибди. Уларга қараган, дарсини тайёрлашган, эртак айтиб берган, ривоят ўргатган, шеър ёдлатган. Асти қўяверинг, ҳаммаси шунча пайт Қорасоч опасиз қандай яшашди экан?
− Дадамиздан гапир! – энсаси қотди Шовосилнинг.
− Ўзингиз бориб, бир кўринг, акажон, айтсам, ишонмайсиз, − деди Оқила. – Иккови иккита мусичага ўхшашади. Қаерга борсалар бирга. Нима иш қилсалар бирга.
− Юр-чи, жуда гапни ҳам олиб қочадиган бўлибсан-да.
Боришди. Олдин сўридан тушмайдиган дадаси сўридан тушиб кутиб олди ўғил-қизларини.
− Кел-да, Шовосил, нега келмай юрибсан? – деди Шоумар бобо ўғлини бағрига босиб. – Қани, сўрига чиқ! Қорасоч, қараб юбор, ўғлинг келди!
Шовосил ялт этиб, отаси қараган томонга қаради. Янги атлас кўйлакда яна ҳам очилиб кетган Қорасоч опа, икки қўлида чойнак-пиёлалар билан буларга томон келарди.
− Келинг, Мудир аканинг ўғли, хуш келибсиз!
− Ўзимни шундай чақирасан, майли, энди болаларга ҳам мени Мудир ака дема-да, Қорасоч! – кулди Шоумар бобо.
− Умримда сизни бошқача чақирмаганман-да, Мудир ака, нима қилай? – Қорасоч опа ҳам кулиб гапирди. – Келинг, ўғлим, яхши келдингизми?
− Ўғлим? – ҳайрон бўлди Шовосил кейин ўзи ҳам уларга қўшилиб кулди. – Тўғри, сиз дадамнинг хотини бўлгач, мен сизнинг ўғлингиз бўламан-да, …опа!
Она дея олмаган Шовосил зимдан дадасини кузатди. Дадасининг юзларидаги ажинлар йўқолган, чеҳрасидан нур ёғилиб турарди.
7.
Ўша куни Шовосил туш кўрди. Тушига онаси кирибди.
− Умрингдан барака топ, болам! – дермиш онаси доимгидек, Шовосилнинг сочларини силаб. – Мен сендан розиман, ўғлим! Мингдан минг розиман. Ана энди қабримда тинч ётадиган бўлдим…
Каримберди Тўрамуродов.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев