Насиб қилса келар Шому Ироқдан
Насиб кетса кетур қошу қобоқдан.
*****
Иззатилло квартирага қайтиб келса Шерзод ошхонада ашула айтганча овқат қилаётган экан.
–Қўрбошига ноз қилма
Юраккинанг куяди
Бой боласин соз билма
Сени алдаб қўяди.
У Иззатиллони кўриб келдингми дегандек бош ирғаб қўйди. Иззатилло “жуп бўсин” деб унга яқинлашди.
–Қозонда буғлар елди
Мана Тилло хам келди.
–Вох–вохе–ей!–ичкаридан кимдир қийқириб кулди. Шерзод ўша томонга бир қараб олиб чўмични қозонга солди.
–Чўмич солдим қозонга
Қараб хамма томонга
Гўштни тополмаяпман
Ким еди билмаяпман.–Шерзод кулимсираганча Иззатиллога кўз қисиб қўйди.–Қўрма, сенга яраша гўшт солганман.
–Ака, ресторанга борайликми, харажат мендан.–таклиф қилди.
–Фомични хазинасини ўмардингми?–деди у овқатни тузини кўраркан.
–Топтингизей!–кулди Иззатилло.–аммо ўмармадим, ўзи тухфа қилди.
–Қандай?
–Пулни жойини айтти, олиб юртингга қоч деди.
–Қанча берди?
–Уч пачка, юзталик.
–Долларми?–Шерзоднинг кўзлари ола–кула бўлиб кетти.
–Ха, доллар! Бели букилмаган хали.
–Вухти, шунча пулни берворурдими?
–Яна бор эди, олмадим. Рубл эди қолгани.
–Берганнни бетига қарама, деб олавериш керак эди.
–Шу пуллар хам ўзи анчагинаку.
–Ха, ўттиз минг кичкина пулмас. Аммочи, зўр иш бўпти. Ўзим олгандек хурсанд бўлиб кеттим.
–Шунинг учун ресторанга борайлик деяпманда ака.
–Бугун бўлмайди. Хозир Тошкентлик, Қаршилик тўрт киши келади. Бир кечага тунашга жой сўрашганди. Уларни ташлаб кетсак мехмондорчиликка тўғри кемайди. Олиб борсак анча пулинг кетади. Яхшиси, атаганингни чиқар шу ерга харажат қилиб келамиз. Бўладими?
–Бўлади ака. Кеттикми?
–Йўқ, сен чиқма! Шунча пулни ташлаб чиқаверасанми? Ўзингни эхтиёт қил, қўшнини ўғри тутма, дейишади. Қани, калбошдан биттасини узатчи!
–Бўладими битта?
–Оз бўлса етар, кўп бўлса кетар, укам. Мен хозир шу пулингга магазинни кўчириб келаман. Келадиган мехмонлар хам мазза қилишади.
Икки киши кўчага чиқиб кетти. Орадан ярим соат хам ўтмай хар иккиси қўлларини тўлдириб харажат кўтариб қайтишди. Ярим кечагача зиёфат авжида бўлди. Ярим кечаси уйқуга ётганларида Иззатилло эртага уйга учмоқчи эканини айтти. Шерзод бироз ўйланиб туриб, буни рад қилди.
–Шошма ука. Аэрапортга борсанг сени топиб олишлари мумкин. Поезд хам хавфли.
–Ие, унда трахтирга осилиб кетаманми?–кулди.
–Шунақа қиласан ука. Битта яхши укахон бор, машинада олиб кетади. Аввал пулингни жўнатворишимиз керак. Шунча пул билан кетиш хафли. Эртага мен ишга кечроқ чиқаман, сени жўнатиб бўлиб кейин.
–Аямга жўнатсак бўладими хамма пулни?
–Банкданми? Йўқ, муаммоси кўп. Яхшиси битта таниш брат бор, телефон қиламиз, келади. Анжанда укаси бор, айтиши билан уйларингга пулни олиб бориб беришади. Сен бу ёғини ўйлама, ухлаб дамингни олавер!
Эртага уйга кетаман деб турган одамни ухлаши осонмикан? Хаёллар тинмай олиб қочади, у кўчага, бу кўчага...
Аммо, чарчоқ барибир устун келди. Ухлаганини билмай хам қолди. Телефони мусиқа чалиб бомдодга уйғотганда худди ухламагандек эди. Аввалига туришга эриниб бироз ётти. Қараса яна уйқу босяпти. Шартта туриб ваннага кирди.
“Домда яшаш маззада, иссиқ сув совуқ сув доим тайёр,–ўйлади у тахорат олишга шайланиб.–дачада қийналиб юрарканман.”
Йигит бомдодни ўқиб бўлиб ойна орқали ташқарига қаради. Атроф қоронғу, кўчаларда хали харакат бошланмаган. Гох–гохида бир–иккита машина ўтиб қолмаса, кўчалар бўм – бўш эди. У жойига қайтиб ётти. Бир зумда ухлаб қолибди. Хонадаги овозлардан уйғониб кетти. Йигитлар уйғонган, нонуштага тайёрланишаётган экан.
–Хаммом бўшадими?–Шерзод уйғонган жойида коридор томон бақирди.
–Бўшади!–деди кимдир ошхонадан.
Иззатилло уйғонса хам кўрпадан чиққиси келмай ётарди. Шерзод хаммомдан юз–қўлини артганча чиқиб келди хамки, мудраб ётарди.
–Турсинлар энди бойвачча йигит, нонушта қиламиз.
–Хўп,–деди Иззатилло.–Сизлар нонушта қилиб олаверинглар, хонтахтада қисилишиб қоляпмизу.
–Мехмонлар тонг сахарда жўнаб кетибдию, туравер, сиғамиз бемалол.
Иззатилло туриб ўтираркан, пули ёдига тушиб қолди. Ие, сумкаси йўқми? Шошиб ўрнидан тураркан, хона бурчагига бориб яқиндан қаради. Иккита сумка турибди аммо Хикматиллоники йўқ.
–Ака, пул йўқ!–деди ранги оқариб.
–Нега йўқ бўларкан!–Шерзод хатто ўгирилб қарамади. Жемферини кияркан, юзини ундан яширгандек бўлди. “Пул йўқ” деган гапни дастурхон атрофига ўтираётган хамхоналари хам эшитишган экан. Уч киши чопиб чиқди:
–Пулингиз йўқми?–хавотир билан сўрашди улар.–Мехмонлар обкетиб қолдимикан?
–Балки сумкани адаштириб кўтариб кетгандир?–деди кимдир.
–Қарангларчи, бегона сумка қолдимикан.–деди Шерзод.
Хамма ўзининг сумкасини қараб чиқди. Йўқ, хамманики ўз жойида фақат Иззатиллоники йўқ.
–Сенга кеча айттимку Иззатилло, ўзингни эхтиёт қил, қўшнини ўғри тутма.
–Ўттиз минг доллара!!!–йигитлар ўз пулларини ўғирлатгандек ачиниб кетишди.
–Анави болларни топиш керак!–Азимхон хушёр тортти.
–Энди қаёқдан топамиз!–деди Ахрор бўшашибгина.–Топганимиз билан бўйнига олармиди?
–Тез топсак пулни яширмасидан тортиб оламиз!–деди Азимхон.
–Кеттик унда, ортларидан тушамиз!–Латифжон этигини кия бошлади.
–Тўхтанглар!–деди Шерзод.–Хеч қаёққа бормаймиз. Мен билан шунча яшаб мени характеримни билволмапсизлар а ошналар! Ахир мен қичийдиган жойимни олдиндан қашлаб қўяманку, унуттингизми?
Хамма унга анграйиб қараб қолди. Шерзод ўз ўрнига яқинлашиб, ёстиғи ва бир қават кўрпани кўтарди. Пулларни олиб Иззатиллога ташлади:
–Ол ука, халолинг экан, ўзингга насиб қилди.
–Вей, хақиқий қўрбошисизда Шерзод!–Латифжон қувончдан қарсак чалиб юборди.
–Сиз... сиз уларни ўғирлик қилишини билганмидингиз?–Иззатилло хамон хайратдан лол эди.
–Биламанми, билмайманми энди фарқи йўқ ука. Сумкангда нима бор эди ўзи?
–Иш киймларим бор эди.
–Бўпти, уларга шу керак эканда. Эски кийимларингни деб уларни кетидан қувишимиззни истамасанг керак?
–Ха йўғе, олса олаверсин!
–Бўпти, қани, нонушта қилволинглар, кейин хамма ишга!
Нонуштадан сўнг йигитлар ишга йўл олишди. Шерзод эса кимларгадир телефон қилар, Иззатиллонинг муаммосини хал қилишга уринарди. У телефондан қилгандан кейин орадан ярим соат ўтиб иккита одам келди. Шерзод билан бир нималар хақида гаплашганларидан сўнг, Иззатиллони чақиришди.
–Бўлди ука, пулни бер, узоғи эртага тонгда аянгга етказишади.
Иззатилло йигирма тўққиз минг долларни уларга санаб берди. Хизмат хақига алохида пул берди.
–Ана, пулингни жўнаттик, энди устахонага борамиз.
–Устахонага?–Иззатилло хайрон бўлди.
–Ха, Хусниддинни телефонига тушиб бўлмаяпти. Устахонага борайлик, ўзи билан юзма–юз гаплашамиз.
Шерзод Иззатиллони бошлаб машина устахонасига бордилар. Хусниддин йўқ экан, жиянлари ишда экан. Улардан Хусниддиннинг янги рақамини олиб қўнғироқ қилишди.
–Шерзод ака, мен кейинги хафтага қайтаман. Аммо, бир ошнам бор, бугун кечга йўлга чиқади,–деб қолди.
–Биздан битта одам бор, жой бормикан, олиб кета олармикан?
–Шерзод ака, битта одам олганини биламан, менимча жой бор. Хозир телефон қилай, аниғини айтвораман.
Хусниддин ўн минутдан кейин телефон қилди, Иззатиллони хам олиб кетаркан.
Ишлар хал бўлгач, Шерзод Иззатилло билан хайрлашиб, ортига қайтти.
–Рахмат сизга яхши одам!–Иззатилло унинг ортидан маюс қараб қолди. Дунёда яхши одамлар кўп, ўйларди у. Мени бахтимга, деди шукрона айтиб.
Шундан сўнг онасига қўнғироқ қилди. Эртага пул олиб келишларини айтаркан, пулни олишингиз билан отамга олиб бориб беринг, сиз хам менам хотиржам бўламиз, деб огохлантириб қўйди.
Шундан кейин машинани кутиб устахонада узоқ ўтирди. Кечки пайт қоронғу тушаётганда қоп–қора Жип келиб тўхтади.
–Иззатилло шу ердами?–хайдовчи машинадан тушмай бақирди.
–Шеттаман,–Иззатилло ташқарига қараб югурди.
–КЕттик ука, кеч қоляпмиз!
Иззатилло орқа ўриндиққа чиқиб ўтириши билан машина ўрнидан қўзғолди.
–Худойим оқ йўл берсин!–хайдовчи юзига фотиха тортти.
–Омин!–Иззатилло ва олд ўриндиқдаги одам хам унга жўр бўлдилар.
Шундай қилиб, уччовлон қайдасан Ўзбекистон дея йўлга тушдилар. Изатилло икки кунда Тошкентга етиб борамиз деб тахмин қилганди. Аммо, икки кунда Россия чегарасидан хам чиқолмадилар. Олд ўриндиқдаги одам умрида машина хадамаган экан. Хайдовчи Хайдарали уйқуси келганда иложсиз тўхтаб кутардилар. Учинчи куни Иззатилло:
–Правам йўқ, аммо машина мина оламан!–деб ўз хизматини таклиф қилди.
–Э–э, вахлироқ айтмайсизми ука. Ўтиринг, сиз хайданг мен икки соатгина ухлаб олай!
Иззатилло то Қозоғистон чегарасигача машинани миниб борди. Қолганига хайдовчи ўзи уйғониб, рулга ўтирди. Аммо, Чимкентга келганларида хайдовчининг тоби қочди. Ўзини ноқулай хис қилгани учун биринчи дуч келган касалхонага тўхтадилар. Унинг юрагида муаммо бор экан. Юриш, хатто ўрнидан туриш хам мумкин эмас, деб касалхонада олиб қолмоқчи бўлишди.
Иззатилло ва бояги йўловчи йўл кирони унга бериб, ўзлари бошқа машинада Тошкентга кетишга келишиб олдилар.
–Агар имконингиз бўлса, Турдимат ака, Иззатилло, менга яна юз доллардан бериб кетинглар, уйга қайтсам албатта қайтараман!–илтимос қилиб қолди хайдовчи.
–Менда йўл кирога етиб етмай пул қолди,–деди Турдимат ака.
–Майли, мен икки юз бераман ака, тузалиб кетинг!
Иззатилло йўлга чиққанларига беш кун бўлганда уйга етиб келди. Қоронғу тушиб қолгани учун дарвозани беркитиб қўйишган экан. Кўчага қараган деразани аста чертти.
–Аяжон, мен келдим!
–Ие, акам келдибдию ая!–Мубина ташқарига чопиб чиқди. Дарвозани очаркан акасининг бўйнга осилиб олди.–Акажон, келдингизми!
–Келдим, Мубина келдим. Бўлди, белимни синдирасанку хозир!
Улар етаклашиб Робиянинг олдига киришди. Робия хар қанча уринмасин ўғлига пешвоз чиқа олмади. Ўтирган жойида қўлларини ёзиб уни кутиб олди.
–Мени полвон болам келдими? Ўзимни арслоним, шунқорим келди! –Робия кўзда ёш оққанча ўғлини бағрига босди.
–Аяжоним, сизга нима бўлди? Нега ўрнингиздан тура олмаяпсиз?
–Бироз тобим қочди болам, энди яхши бўлиб кетаман.
–Қаттиқ шамоллабди аям, совуқ ўтиб кетибди,–Мубина акасига изох берди.
–Ўзим сизни энг яхши дохтирларга олиб бораман! Хозир эса манави узукни тақиб олинг!–Иззатиллло Тошкентдаги тилла тақичоқлар дўконидан сотиб олган ёқут кўзли узукни Робиянинг қўлига тутди.
–Вох, болажонима, нима қилардинг овора бўлиб?
–НЕга овора бўларканман? Сизни кайфиятингизни кўтариш учун керак бўлса ўнта узук олиб бераман.
–Рахмат ўғлим, рахмат... жудаям... жудаям хурсанд қилдинг.
–Мубина,–Иззатилло зангори кўзли тилла сирғаларни олиб синглисига узатти,–Бу сенга синглим.
–Вой, менгами?!–синглиси хайратдан қотиб қолди.
–Сенга синглим, тақиб ол! Яхши кунларингга хизмат қилсин!
Дониёр Аҳмаджонов.
#тиллаБолаХикоя
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3