Икки кун ва бир тун қиссаси ёки Мени ёлғиз қолдирма
(кичик қисса)
1. Ошкор бўлган сир
Назира ишдан келиб, эшикни ўз калити билан очди-ю, костюмини ечиб кийим илгичга илди. Оёғига енгил шиппак кийиб ўз хонасига қараб йўналаркан, ошхонада куймаланаётган қайнонасининг ким биландир телефонда баланд овозда гаплашаётгани қулоғига чалинди.Муслима аянинг охирги йилларда қулоғи сал оғирлашгани боис баланд овозда гапиришига ҳаммалари ўрганиб қолишганди.
”Ким билан гаплашяптилар экан,ойим? Ҳа,қайнсинглим Меҳри бўлса керак...Бошқа ким билан ҳам гаплашардилар?” Табиатан камгап, камсуқум бўлган қайнонаси уйдан кўчага бир зарурият юзасидан чиқмаса,қўни-қўшни билан кирди-чиқди қилишга унча ҳуши йўқ эди.Назира кўчалик кийимларини енгилгина кўйлакка алмаштириб, ошхона томонга қараб юрди.Эшикни очаркан,қайнонасининг охирги гаплари унинг остонада михланиб қолишига сабаб бўлди.
― Ҳа, қўшнингнинг оғзида гап турмас экан-да,а?Акангни қуриб кетгур ўша ўрис хотинидан 6 ёшли қизчаси бор экан.Менга келганида бу ҳақда айтган эди. Аммо сен оғзингга эҳтиёт бўл.Янганг эшитса, аканг иккисининг ўртаси бузилиши мумкин.Ахир Назира акангни қанчалик яхши кўришини биласан-ку. Сал кейинроқ ўзим ётиғи билан тушунтираман.Ҳа,ҳа албатта.
Ошхона деразасидан кўчага қараганича қўл телефонида гаплашаётган Муслима ая келинининг шарпасини илғадими, бирдан ортига ўгирилди. Остонада қотиб турган Назирага кўзи тушиб гапини йўқотиб қўйгандай, шоша -пиша хайрлашди-да телефонни ўчирди.
― Ҳа,қизим ишдан қайтдингизми? ― У гўё ҳеч нарса бўлмагандай келинини одатдаги сўзлари билан қаршилашга ҳаракат қилаётган бўлса-да, нимадандир ҳадиксираётгани кўзларидан маълум эди. –Яхши келдингизми?
Назира хорижга ишлаш мақсадида кетган севимли Шуҳрат акаси ҳақида дабдурустдан бундай нохуш хабар эшитгани туфайли ўзини ёмон ҳис қилди.”Нима учун?”-деган саволдан мияси зўриқиб ёрилиб кетаётгандай туюлиб, беихтиёр чаккасини ушлади.”Ҳа, шу сабаб ҳам охирги бор келганларида икки ҳафта ўтмай “кетаман”га тушган эканлар-да.Наҳотки, мени, икки боламизни ўйламадилар...Буёғига нима бўлади энди Қандай яшайми7?”Назира ҳолсизланиб,оёғидан мадор кетаётганини ҳис қилди-ю,яқинида турган курсичага ўтирди.
Унинг ранги оқариб кетганини кўрган қайнонаси кранни очиб, бир пиёла муздай сув тутди.
―Қизим ўзингизни қўлга олинг.Шуҳратжон биринчи марта ишлашга Москвага борганида ўша рус аёл кўп ёрдам берган экан...Меҳри синглингизни қўшниси эрингиз билан бирга ишлайди, биласиз.Ўша яқинда Москвадан келибди.Хотинига “Шуҳратнинг ўрис хотини,қизчаси бор экан,”―дебди. Хотини бўлса бу гапни дарров қайнсинглингизга етказибди.Мен бу ҳақда анча олдин эшитгандим... ― деди Муслима ая қарияларга хос салмоқланиб.Сўнг насиҳатомуз тарзда давом этди. ―Сиз оғир бўлинг,қизим.От айланиб қозиғини топади.Сизларни ташлаб қаерга ҳам кетарди, ўғлим. Ўзи ҳам роса пушаймон бўлиб юргандир...
Назира қайнонасига ҳеч нарса демай ўзларининг ётоқхонасига кириб кетди. У ақлли,мулоҳазали, етти ўлчаб бир кесадиган аёллар тоифасидан эди. Жувон ўзини босишга қанчалик ҳаракат қилмасин,ҳозир ўзини қўлга олиши мушкул эди. Назира тошойна пастидаги шкафчани титкилаб,қайнонасининг дорилари орасидан асабни тинчлантирувчи дори олиб, тилининг остига ташлади.Диванга чўзилди.Қизи ва ўғли мактабдан келиш вақти яқинлашган бўлса-да, жойидан тургиси келмади.
Кўзи пардоз столининг ўртасида турган тўйлари куни тушган суратга тушди.Оқ либосдаги гўзал келинчак Назира бир қўлида гулдаста тутганча иккинчи қўли билан куёв Шуҳратни қўлтиқлаб олган, ҳар иккисининг ҳам нигоҳида бахтиёрлик намоён эди. Назира шу суратга кўзи тушгач, кўзларидан шашқатор оқаётган кўзёшларини бошқа тутиб туролмади...
Ахир ҳаммаси бошида яхши эди-ку.Ота -оналарининг ҳоҳиш -иродаси билан турмуш қурган бўлсалар-да, тўйдан кейин ораларида туғилган муҳаббат, бир- бирларини тушуниш икки ёшни бир- бирларига ипсиз боғлаб қўйганди.
Қайнонасининг айтишича, Шуҳрат технология институтини битириб,икки йил давомида пахта тозалаш ва қайта ишлаш заводида цех бошлиғи бўлиб ишлабди.Аммо уйланиш масаласини орқага суриб келаётган экан.Амма-ю,холалари кўрсатган қизларнинг бирортаси ҳам маъқул бўлмабди. Шу орада синглиси Меҳринисонинг ошқозони оғриб, бирдан касалхонага тушиб қолибди.Назира шаҳар касалхонасининг “Ички касалликлар бўлими”да ҳамшира бўлиб ишлар, қош-кўзлари қора, узун сочлари,истараликкина чеҳраси, қолаверса ширин муомаласи билан кишининг эътиборини тортадиган қиз эди. Мана шу қиз Меҳринисога ёқиб қолиб,келин излашдан чарчаган Муслима холага кўрсатган экан.
Муслима хола аввал қизнинг оиласини, авлодларини суриштирибди.Худди ўзлари каби меҳнатдан обрў топган оддий инсонлар эканлигини билгач, ўғлини Назирани кўришга ундабди. Шуҳрат бошида ”Ойи,мени бошимни қотирмасдан совчи бўлиб бораверинг.Сизга маъқул келган бўлса бўлди. Қиз кўришдан ҳам зерикдим,”―деб қутилмоқчи бўлибди.Аммо Муслима ая “Уйланадиган сен, яшайдиган сенми, қиз аввало сенга ёқиши керак,”―деб туриб олибди.
Шуҳрат илк кўрганиданоқ ўзини ёқтириб қолганини Назира сезганди.Қолаверса,баланд бўйли,келишган йигит ўзига ҳам маъқул келди. Орадан икки ой ўтиб, уларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Назиранинг қадами қутлуғ келиб, тез орада қайнсинглиси Меҳринисонинг ҳам бахти очилиб,яхши бир оилага келин бўлиб тушди.
Ёш оилада қиз-ўғил фарзандлар Шаҳноза ва Шоҳжаҳоннинг туғилиши ҳаммага қувонч бағишлади. Назира шифохонада ҳамшира бўлиб ишлар, қайнонаси Муслима ая ёлғиз ўғлининг фарзандларига парвона эди. Кўпчилик уларнинг аҳил ва тинч ҳаёт кечиришларига ҳавас қиларди. Муслима ая эри ёшликда номаълум касаллик туфайли вафот этиб, икки фарзандини оёққа қўйгунича ҳаётнинг минг бир машаққатини чеккан она сифатида фарзандларининг бахтидан хурсанд эди. Шуҳратжон заводда муҳандис, икки ёшнинг бахтлари тўкис бўлиши учун гўё ҳамма нарса етарлидек туюларди.
Аммо бирдан Шуҳрат ишлаётган заводнинг касодга учраб ёпилиши, бунинг натижасида оиланинг моддий аҳволи ёмонлашгани унинг Россияга иш излаб кетишига сабаб бўлди. Шуҳратжон дастлабки борган пайтларда олти ойча уйига пул жўнатолмади. Рўзғор, болаларнинг ташвиши, кекса қайнонасининг парвариши Назиранинг ўзига қолиб кетган кунлар ҳам бўлди. Меҳринисо қўлидан келгунча уларга қарашиб турди.
Кейинроқ Шуҳрат Москвадаги электромеханика заводига ишга жойлашгач, бироз аҳволлари ўнгланди.Шуҳрат бир келганида шаҳарнинг чеккароғидан участка ери ҳам сотиб олди.Яхши ният билан бетон қуйдириб, атрофини девор билан ўратиб қўйди.
Охирги марта шу йилнинг баҳорида келганида эрининг негадир безовта эканлигини Назира сезганди.”Бу ҳақда ўзидан сўраганида Шуҳрат акаси ”Тезроқ Мосвага қайтишим керак.Чунки иш учун тайёрлаган ҳужжатларим маълум бир вақт учун хизмат қилади. Муддат ўтиб кетса, ҳаммасини бошқатдан тайёрлаш керак бўлади. Шу сабаб ишга қанча тез борсам,шунча яхши,”―деганди.Ўшанда ўн кунча юриб, кейин яна йўлга отланган эрига Назиранинг раҳми келган, ораларида бошқа аёлнинг борлиги хаёлига ҳам келмаган эди.
“Энди нима қиламан? Шу сабаб ҳам тезроқ қайтишим керак, деб беҳаловат бўлган эканлар-да.Шуҳрат акамнинг шу қилганига менам Россияга борсаммикан? Ўша ойимчасини бир кўриб келай-чи.Нимаси ортиқ экан мендан? Бораман...”
Назира шу қарорга келиб,жойидан ирғиб турди.Бошидаги рўмолини қайтиб ўради-да,ётоқхонасидан чиқди.Қайнонаси ошхонада қўлини чеккасига тираб, хаёлчан ўтирган экан.
―Ойижон,кўп сиқилаверманг.Мен эртагаёқ Москвага учаман.Шуҳрат акамни олиб келаман.Менга уларнинг пуллари эмас,ўзлари керак,―деди Назира қайнонасига.―Келиб, шу ерда ишласинлар,доимо ёнимизда бўлсинлар Тўғриси,болаларимнинг отасиз ўсишини истамайман...
― Ўзимнинг ақлли келинимдан ўргилай,― чеҳраси очилиб кетган қайнонаси жойидан туриб келиб,келинини маҳкам қучоқлаб олди.―Мен аразлаб онангизникига кетиб қоласизми,деб чўчиб тургандим. Майли,бориб келинг. Аммо қийналмасмикансиз? Ҳеч қачон бунақа олис жойга бормаган бўлсангиз...
Назира қайнонаси тўғри айтаётганини билиб турса-да, ён бергиси келмади. Ўпкаси тўлиб”Ойижон, рози бўлинг.Бориб келақолай.” ― деди зўрға.Унинг юрагида пайдо бўлган эрини қизғаниш ва рашк туйғулари шундай қилишга ундаётган эди.
Келинининг ёш милтираб турган кўзларига қараб Муслима аянинг кўнгли эриб кетди.Секингина “Майли бориб келинг.Зора, шу билан ҳаммаси ўз ўрнига тушса...” ― деб қўйди.
Назира эртасига ишхонасига бориб, ўз ҳисобидан таътил олгач, аэропортга йўл олди. Москвага индин кунга билет сотиб олгач, ота уйига борди.Ота-онасига Шуҳрат акаси чақиртирганини, узоғи билан бирор ҳафталарда қайтишини айтиб хайрлашди. Улар дастлаб ҳайрон қолишган бўлса-да,кейин қизларига оқ фотиҳа беришди. Назиранинг шошилинч кетаётганидан хавотирланган онаси дарвозагача уни кузатиб чиқди.
―Тинчликми? Нимага бирдан Москвага кетаяпсан,қизим? – нотинчлигини яшириб сўради она. ―Рангларинг ҳам бир аҳволда.Нима бўлди,сенга?
― Онажон,ҳаммаси жойида. Шунчаки,Шуҳрат акам чақиртирдилар. Бирор ҳафта айланиб, бирга қайтамиз, худо ҳоҳласа.―Назира ўзи тўқиган ёлғонига ишонгиси келаётганини ҳис қилганча,онасини маҳкам қучоқлади.―Насиб бўлса, ўн кунларда кўришамиз,онажон.
Назира эртасига бозорга чиқиб сафар учун лозим бўлган майда-чуйдаларни харид қилди.Банкка бориб,қўлидаги пулларидан бир қисмини рублга алмаштирди. Кетишидан олдин қайнонасидан эри қўнғироқ қилиб қолса,ўзининг Москвага кетганлигини зинҳор айтмасликни,бу ҳозирча сир бўлиб туришини қаттиқ илтимос қилди.
Аэропортга қайнсинглиси Меҳринисо ва болалари билан бирга боришди. Қайнонаси ҳам кузатишга чиқмоқчи эди, аммо Меҳринисо “Ўзим кузатиб келаман.Сиз уйда ўтиринг,”― деб қўймади. Чиптаси қайд қилиниб,самолётга чиқиш пайти яқинлашгунча,Меҳринисо Назирага насиҳат қилиб,тинчлантиришга ҳаракат қилди.
―Янгамулложон, акам сизни севиб уйланганлар.Сизгача қанча қизларни кўрсатганмиз, ҳеч бирига диллари чопмаган эди. Энди бир адашган бўлишлари мумкиндир-ку, лекин барибир сизни дейишларини кўнглим сезиб турибди. Бу ҳаётда ҳаммамиз ҳам хато қиламиз...Мусофирчилик қийинчиликлари сабаб,шундай қилганларми, дейман-да. Сиз вазмин бўлинг. Оғир тошни сув этмас, дейдилар.
―Мен болаларимни бағримга босиб, ортиқча орзу-ҳавасга берилмай, рўзғорим деб яшаб юрибман. Тўғриси, акангизнинг бу қилмиши сабабларини шунча излаб ҳеч тополмадим.―деди Назира хомуш.―Шу сабаб бир борай-чи,ёнларига.Балки нега бундай қилганларининг сабабини тушунтириб берарлар.
―Асабингизни бузманг. Биласиз,янгамулложон, мен сизни ўз жигаримдай яхши кўраман. Акамни яхши биламан.Улар болаликдан шунақа.Ўйламай бир иш қиладилар-у,кейин қийналиб юрадилар.―Меҳринисонинг овозида ачиниш сезилди.―Бировга дардларини айтолмайдилар.
―Ахир уларнинг ўртасида фарзанд бор-ку.―Назира қайнсинглисининг тўғри гапираётганига ишониб турган бўлса-да, ён бергиси келмади.―У нима бўлади?
―Янгамулложон,ўша қизча унинг ягона фарзанди экан.Акамга бериб қўймаса керак, ―деб сўз бошлаган Меҳринисонинг гапи оғзида қолди.Чунки шу пайт самолётга чиқиш вақти эълон қилинди.
Назира болалари билан хайрлашаркан, уларни бағрига узоқ босиб турди. “Тавба,иккиси ҳам мендан кўра кўпроқ отасига ўхшайди-я. Нима қилиб бўлсаям, шу фарзандларим учун оиламни сақлаб қолишим керак”. Шу хаёллар билан Шаҳноза ва Шоҳжаҳонни ўпиб, қайнсинглиси билан ҳам қучоқлашиб хайрлашди-да, ичкарига кириб кетди.(Давоми бор...)
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1