ҚОРНИ ёхуд ДАДАСИЗ УЙ
…Бугун ўртоғим Аъзамнинг дадаси ҳам Россияга кетди. Уям менга ўхшаб дадасининг ортидан роса йиғлади…
Дадам бир ойдан буён қўнғироқ қилмайдилар. Бу йил келганларида уйимизда икки ойгина турдилар-у, яна Россияга қайтиб кетдилар. Нега ҳамма дадалар узоққа ишлагани кетаверишаркин-а? Дадасиз яшаш жуда қийин экан. Дадамга “Менга велосипед олиб беринг”, деб қилган хархашаларимни эсласам, роса пушаймон бўламан. Онамга:
– Дадам узоққа кетмасинлар, энди уни олиб беринг, буни олиб беринг, деб хархаша қилмайман, – десам, онам:
– Даданг кўп пул ишлаб топмаса бўлмайди, уй қуришимиз керак, шунинг учун кетди, – дейдилар. Ҳайронман, икки йилдан буён дадам пул жўнатадилар, лекин ҳали уй қуришга ҳаракат қилганимиз йўқ.
Онам узатилган опамнинг уйига тез-тез тоғорада ош, сомса, қатлама, яна алланарсалар жўнатиб турадилар. Кеча келинчак бўлган опам келиб, онамга куёвининг туғилган кунида юбориладиган совғалар рўйхатини тузиб бериб кетди. Онам дадам юборган пулни санаб, харажатга ажратганларидан кейин роса хуноб бўлдилар. Синглимга:
– Қизалоғим, туфлини сенга кейинги сафар олиб бераман, бу пулдан сенга ортмас экан, – дегандилар, синглим хафа бўлиб, роса йиғлади. Шунақа пайтда поччамни жуда ёмон кўриб кетаман. Кап-катта йигит кийимларини ўзи олса бўлмайдими?! Шундоқ ҳам онам уларга бизга едирмаган ноз-неъматлардан юбориб турибди-ку!
Ўтган ҳафта қуда холага жўнатиладиган ошдан синглим иккимизга озгинагина солиб беришди, биз тўймадик ҳам. Қуданинг тоғорасига қарасам тўла, тағин устига қази босилган! Бошқа тугунда ҳар хил ширинликлар. Синглим биттагина шоколад олмоқчийди, холам унинг қўлига қарсиллатиб бир туширдилар. Жуда хафа бўлиб кетдим. Қуда холанинг қорни роса катта экан, ҳеч тўймайди… Нима, дадам уларни боқиш учун узоқларда юрибдиларми?!
…Бир синфдошимнинг дадаси Қозоғистонда ишларди. Ўн кун олдин ўлигини ўша ёқлардан олиб келишди. Қурилишда ишларкан, тепадан тушиб кетибди. Синфдошим “Дадам менга компьютер олиб келарканлар”, деб мақтаниб юрганди… Энди мактабга ҳам келмай қўйди. Уни кўргани бориб, ҳаммамиз йиғладик…
Дадам уйимизда эканларида ўртанча опамни бемаҳалда кўчага чиқармасдилар. Ҳозир бўлса, кечқурунлари опам онамнинг кўзини шамғалат қилиб, кўчага қочиб қолади. Тунов куни қоронғида ҳовлимизда кимдир юргандай бўлди. Секин ташқарига чиқиб қарасам, дарвозахонада Қобил дўкончининг такасалтанг ўғли опам билан ачомлашиб туришибди… Менга жуда алам қилиб кетди. Шудгордан кесак олиб, иккаласига ота бошладим. Шовқинни эшитган онам югуриб чиқдилар, роса тўполон бўлди… Эрталаб онам билан Қобил дўкончиникига бордик.
– Аввал қизингизни тийиб олинг! Ғунажин кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди, – деди дўкончи. Онам мулзам бўлиб уйга қайтдилар, опамни роса қарғадилар, йиғладилар, кейин қон босимлари кўтарилиб кетди… Опам бўлса, “Тергашларингиздан тўйиб кетдим, ўзимни ўлдираман!” – деб йиғлайди…
Дадам уйда бўлсалар, шунақа бўлмасди, ҳеч ким остонамизни бесўроқ ҳатлолмасди. Мен ҳали кичкинаман, биров мени уйнинг эркаги ўрнида кўрмайди. Кичкина синглим билан ўзаро дардлашамиз. Уям дадамни жуда соғинади. “Дадам менга ка-атта қўғирчоқ олиб келадилар”, деб мақтанарди авваллари. Ҳозир бўлса, “Қўғирчоқ ҳам керакмас! Дадам ўзлари тезроқ келсалар, мени тиззаларида олиб ўтирсалар, бўлди…” дейди.
…Шу кунларда онам жуда асабий бўлиб қолганлар. Қарғанишни бошласалар, синглим иккимиз кўчага қочиб чиқиб кетамиз.
Эҳ, тезроқ катта бўлсам эди, дадамни узоққа ишлагани юбормасдим. Ота-онамни ўзим боқардим! Мен ҳеч қачон уларни ташлаб, узоқларга кетмайман…
@namangancity_1 https://t.me/joinchat/AAAAAELYRsmapFNbGvy5eg
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев