Ўртанаман меҳрингиз қўмсаб,
Соғинчлардан кўзда ёшларим.
Сиз ҳам мендек ҳасратдадирсиз,
Узоқдаги ватандошларим!
Мусофирсиз, юртдан йироқсиз,
Меҳнат қилиб қўли қадоқсиз,
Юрт меҳрига ҳар дам муштоқсиз,
Узоқдаги ватандошларим!
Тўйлар ўтди, кўринмадингиз,
Уйлар битди, кўринмадингиз,
Ёрлар кутди, кўринмадингиз,
Узоқдаги ватандошларим!
Ширин- ширин ҳаёл сурдингиз,
Саҳар ётиб, тонгда турдингиз,
Кимлар учун уйлар қурдингиз?
Узоқдаги ватандошларим!
Ёр ишқида эди ўйингиз,
Кеча ўтди никоҳ тўйингиз,
Ёстиқларда қолди бўйингиз,
Узоқдаги ватандошларим!
Онаизор оғриниб қолди,
Ўз ёғига қоврилиб қолди,
Ёш келинчак соғиниб қолди,
Узоқдаги ватандошларим!
Фарзандингиз бир ёшга етди,
Узоқ бир йил сизларсиз ўтди,
Ёш тўйини отасиз кутди,
Узоқдаги ватандошларим!
Бир ойгина келиб кетдингиз,
Қувончларга тўлиб кетдингиз,
Йиғлаб туриб кулиб кетдингиз,
Узоқдаги ватандошларим!
Суннатига етди болангиз,
Қағоз- қалам тутди болангиз,
Сизни жуда кутди болангиз,
Узоқдаги ватандошларим!
Фарзандингиз бўйига келинг,
Орзу- истак, ўйига келинг,
Лоқал висол тўйига келинг,
Узоқдаги ватандошларим!
Сизга атаб шеърлар битамиз,
Қўлингизга гуллар тутамиз,
Янги йилга келинг, кутамиз,
Узоқдаги ватандошларим!
Қўҳна диёр Турон бизники,
Еру замин, осмон бизники,
Она Ўзбекистон бизники,
Узоқдаги ватандошларим!
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев