----
Саҳар чоғида, атроф сокин, ҳаво мусаффо бир вақтда истиғфор айтишнинг ўзига хос гашти бор. Бу пайтда бедор бўлиш – таҳажжуд намози ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр-тасбеҳ, истиғфор айтиш қалбга қувонч, танага тетиклик бағишлайди.
Қуръони каримда тақводорлар сифатлари шундай келтирилган:
“Улар (дунёда): “Парвардигоро, биз Сенга имон келтирганмиз. Энди Ўзинг гуноҳларимизни кечир, бизни дўзах азобидан асра”, деб (Аллоҳга илтижо қилган) эдилар. Улар сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли, саҳарларда Аллоҳга истиғфор айтадиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-18-оятлар).
Одамлар айни ширин уйқудалигида туриб намоз ўқиш, истиғфор айтиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун кучли имон, ихлос, қунт, ҳафсала бўлиши керак.
Саҳобаи киромлар саҳарда истиғфор айтишни одат қилишганди. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга саҳарда етмиш марта истиғфор айтишни буюргандилар .
Ривоят қилинишича, улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тунги намозни ўқиб бўлиб, шогирдидан: “Эй Нофеъ, саҳар вақти кирдими?” деб сўрарди. Агар Нофеъ “Ҳа”, деса, тонг отгунча дуо қиларди, истиғфор айтарди .
Иброҳим ибн Ҳотиб отасидан ривоят қилади: “Мен саҳарда масжид бурчагида бир киши: “Парвардигорим! Сен буюрдинг, мен итоат этдим. Ҳозир саҳар вақти. Менинг гуноҳларимни кечир!” деб дуо қилаётганини эшитдим. Қарасам, у Абдуллоҳ ибн Масъуд экан ”.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1