Махлуқотни яратишдан аввал ҳам барча сифатлари Аллоҳда бор эди.
Юқорида мусаннифнинг «Ибтидосиз қадим», ҳеч бир нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан аввал эмас, деган сўзи ўтди. Бунинг маъноси шуки, У комиллик сифатлари билан сифатланган, Унинг сифатлари азалий ва абадий. У бошланишсиз Аввал бўлганидек, Унинг сифатлари ҳам худди шундай, улар ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг авваллигидек аввалдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло залолат аҳли даъво қилганидек, сифатларсиз Аввал бўлиб, сифатлари кейин пайдо бўлган эмас. Улар айтишадики: «Азалда Унинг сифатлари бўлган эмас, улар кейинчалик бўлган. Агар шундай демасак, маъбудлар – ёки қадимлар – бир нечта бўлишига тўғри келиб қолади ва исму сифатлар Аллоҳга аввалликда шерик бўлиб қолади». Биз айтамиз: «Ё субҳаналлоҳ! Бу даъводан Аллоҳ таоло бир қанча вақт ноқис бўлган-у, кейин исму сифатлари пайдо бўлиб, комил бўлган, деган гап келиб чиқади. Аллоҳ улар айтаётган нарсалардан олийдир! Сифатларнинг қадим бўлишидан бир неча Робларнинг қадимлиги келиб чиқмайди. Чунки, сифатлар фақат мавсуфда (яъни сифат эгасида) бор бўлган маънолардир, мавсуфдан мустақил алоҳида нарсалар эмас. Агар масалан, «Фалончи эшитувчи, кўрувчи, олим, фақиҳ, луғатшунос, наҳвшунос» дейилса, бундан битта инсон бир неча шахслар бўлиб қолгани тушуниладими?! Залолат аҳли даъво қилганидек, сифатларнинг бир қанча бўлишидан мавсуфнинг бир нечталиги келиб чиқмайди!».
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотининг бошланиши бўлмаганидек, Унинг сифатларининг ҳам бошланиши бўлмаган, У доимо ва абадий Холиқ-яратувчи деб сифатланади.
У зотнинг феъллари эса нав жиҳатидан қадим, бирма-бир бўлиши жиҳатидан ҳодис (янгиланиб турувчи)дир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ундан калом содир бўлмасидан аввал ҳам мутакаллим (сўзловчи) эди, яратиши содир бўлмасидан туриб ҳам яратувчи эди. Унинг гапириши ва яратиши эса янгиланиб тураверади, ва ҳоказо.
لَمْ يَزْدَدْ بِكَوْنِهِمْ شَيْئًا لَمْ يَكُنْ قَبْلَهُمْ مِنْ صِفَتِهِ
16. Уларнинг яралиши билан Унга аввал Ўзида мавжуд бўлмаган бирор сифат қўшилиб қолгани йўқ.
Яъни, У махлуқотларни яратмасидан аввал қандай сифатлар эгаси бўлса, кейин ҳам ўша сифатларига бирон бошқа сифат қўшилиб қолмаган. Махлуқотларни яратганидан кейин Холиқ бўлди, деб айтилмайди. Балки, У азалдан Холиқ – яратувчи эди, унинг бошланиши бўлмаган. Яратишлиги эса янгиланиб тураверади.
وَكَمَا كَانَ بِصِفَاتِهِ أَزَلِيًّا، كَذَلِكَ لا يَزَالُ عَلَيْهَا أَبَدِيًّا
17. Барча сифатлари Аллоҳда азалдан бор бўлгани каби, улар Унда абадий мавжуд бўлиб қолади.
У Ўзининг барча сифатлари билан азалдан мавсуф бўлган, яъни уларнинг бошланиши бўлмаган. Худди шунингдек, барча сифатлари келажакда ҳам тоабад У билан бирга қолади. У Ўз сифатлари билан бирга бениҳоя абадийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Сен (исм ва сифатларинг билан) Охирсан, Сендан сўнг ҳеч нарса йўқ». Ушбу сифатлари келажакда Ундан ажралади, деб айтиш жоиз эмас, балки улар У билан абадий биргадир.
لَيْسَ بَعْدَ خَلْقِ الْخَلْقِ اسْتَفَادَ اسْمَ "الْخَالِقِ"
18. «Холиқ» (Яратувчи) номини махлуқотни яратгандан сўнг олгани йўқ.
Бу юқоридаги гапнинг изоҳи ва такроридир.
ولا بِإِحْدَاثِهِ الْبَرِيَّةَ اسْتَفَادَ اسْمَ "الْبَارِي"
19. Борлиқни яратмай туриб ҳам «Борий» (Бор қилувчи) исми бор эди!
Борий ҳам яратувчи маъносида бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исмларидан. У зот махлуқотларни яратди ва бор қилди. Бу исм У зотда азалдан, бошланишсиз биргадир.
لَهُ مَعْنَى الرُّبوبِيَّةِ ولا مَرْبوبَ ، ومَعْنَى الْخَالِقِ وَ لا مَخْلوقَ
20. Ҳеч қандай марбуб бўлмаганда ҳам рубубият (парвардигорлик) сифати Унда мавжуд эди ва ҳеч қандай махлуқ бўлмаган ҳолда ҳам холиқлик-яратувчилик сифати Унга собит эди.
У марбублар, яъни парваришга муҳтож махлуқот ва мавжудотлар вужудга келишларидан олдин ҳам Роб – парвардигор эди. Парвардигор маъноси – молик, тасарруф қилувчи, ислоҳ қилувчи, хожа, тарбият қилувчи деганидир. Ушбу сифатлар Унинг зотига азалий ва абадий лозим, марбублар вужудга келишидан олдин ҳам, улар йўқ бўлиб кетганидан кейин ҳам биргадир.
وَكَمَا أَنَّهُ مُحْيِي الْمَوْتَى بَعْدَ مَا أَحْيَا اسْتَحَقَّ هَذا الاِسْمَ قَبْلَ إِحْيَائِهِمْ، كَذَلِكَ اسْتَحَقَّ اسْمَ الْخَالِقِ قَبْلَ إِنْشَائِهِمْ
21. Аллоҳ Таоло ўликларни қайта тирилтиргандан сўнг ўликларни тирилтирувчи бўлса-да, уларни қайта тирилтиришдан аввал ҳам шу исмга ҳақли бўлган. Шунингдек, У махлуқларини яратмасдан аввал ҳам яратувчи исмига ҳақли бўлган.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло азалдан ўликларни тирилтирувчи, ҳаёт бахш этувчи ва ўлим берувчи деган сифатга эга. Ушбу сифат то ўликларни тирилтиргунига қадар йўқ бўлиб турмайди, балки Унда қадимдан ва азалдан мавжуд. Аммо ўликларни тирилтириши янгиланиб тураверади, Ўзи истаган пайт ҳаёт беради, ўлдиради.
ذَلِكَ بِأَنَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
22. Чунки Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
Бу Унинг азалий васфидир. У махлуқотларни яратганидан ва пайдо қилганидан кейингина қудратга эга бўлган, деб айтилмайди. Балки қодирлик Унинг азалий сифати. Махлуқотларни вужудга келтирганлиги Унинг ҳамма нарсага қодир эканининг асаридир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини борлиғу йўқликдаги барча нарсалар устидан қодир, деб сифатлади, У Ўзининг қудратини бирон муайян нарсага чекламади. Уни ҳеч нарса ожиз қолдира олмайди, «У фалон нарсага қодир» деб чеклаш жоиз эмас. Шунингдек, «У Ўзи истаган нарсасига қодир» дейиш нотўғри бўлади. Чунки, бу мазмундаги оят Унинг самовот ва ер аҳлини Ўзи истаган пайт йиғиб-жамлашга қодир эканига хос: «Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир» (Шуро: 29).
وَكُلُّ شَيْءٍٍ إِلَيْهِ فَقِيرٌ
23. Барча нарса Унга муҳтождир.
Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолодан беҳожат бўлиши имконсиз. Малоикалар бўлсин, самовоту ер бўлсин, инсу жинлар бўлсин, тоғу тошлар, денгиз ва кўллардан иборат жонсиз мавжудотлар бўлсин, барча-барчаси Аллоҳ таолога муҳтож: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барчадан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир: 15).
Хоҳ анбиё-ю авлиё бўлсин, хоҳ муқарраб фаришта бўлсин, Аллоҳдан беҳожат ва Унинг тасарруфидан ташқари бўлиши иложсиз. Кимда-ким авлиёларнинг ғайриинсоний қудратлари бўлади, улар коинотни бошқариб туришга эгалар деса, у кофир ва мушрикларнинг сўзини айтган бўлади.
Қубурий (яъни, қабрдагилардан мадад сўраш жоиз деб биладиган тоифа) уламоларидан бири тавҳид аҳлидан бўлган бир илмсиз кишига: «Сизлар: Авлиёлар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайди, дейсизлар» деганида у: «Ҳа, биз улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайди, деймиз», дейди. У: «Ахир Аллоҳ таоло: «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида ризқланиб турадилар» (Оли Имрон: 169) деб айтади-ку», дейди. Шунда у: «Хўп, Аллоҳ таоло: «Улар ризқланиб турадилар» деганми ёки «Ризқ бериб турадилар» деганми?» деб сўрайди. ««Ризқланиб турадилар» деган», деганида «Ундай бўлса, мен уларга ризқ бериб турган Зотдан сўраб қўя қоламан, улардан сўрамайман», деб жавоб беради. Илмсиз, бироқ тўғри табиатли бу кишининг жавобидан ҳалиги олим каловланиб қолади.
وَكُلُّ أَمْرٍ عَلَيْهِ يَسِيرٌ
24. Ҳар қандай иш Унга осон.
«Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).
У ҳаёт бахш этади, ўлдиради, яратади, ризқ беради, ато этадиган ҳам, бермай қўядиган ҳам Ўзи, йўқ бўлиб кетган ўликларни қайта тирилтиради, бу ишлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога жуда ҳам осон, Унга ҳеч қандай меҳнат-машаққат юкламайди. Махлуқотларда иш бунинг аксича, баъзи ишларни қилишга қийналади, ожизлик қилади, аммо Аллоҳ таолога оғир ишнинг ўзи йўқ:«Сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни шу қадар осондир)» (Луқмон: 28).
لا يَحْتَاجُ إِلَى شَيْءٍ
25. У ҳеч нарсага муҳтож эмас.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсадан беҳожат, У махлуқотларга муҳтож эмас, чунки У Ғанийдир, махлуқотларга ато этувчи Унинг Ўзидир.
لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ، وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ
26. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчидир.
Бу ибора Аллоҳ таолони махлуқотларига ўхшашини мутлақо рад қилишдир. Оламдаги ҳеч бир нарса, малоикалар бўлсин, анбиё-ю расуллар бўлсин, азиз-авлиёлар бўлсин, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ўхшамайди: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўриб турувчидир»(Шуро: 11). Оятнинг аввалги қисмида мушаббиҳалар (ташбеҳ аҳли, Аллоҳнинг сифатларини махлуқларникига ўхшаш деб эътиқод қиладиганлар)га раддия бўлса, кейинги қисмида муъаттилалар (таътил аҳли, Аллоҳни айбу нуқсонлардан поклаш даъвоси билан Унинг собит исм-сифатларини йўққа чиқарувчилар)га раддия бор. Оят яна далолат қиладики, исм ва сифатларни исбот қилишдан махлуқотларга ўхшатиш келиб чиқмайди, махлуқотларнинг эшитиш ва кўриши Аллоҳ азза ва жалланинг эшитиши ва кўришига ўхшамайди.
خَلَقَ الْخَلْقَ بِعِلْمِهِ
27. Махлуқотларни ўз илми билан яратди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни)билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14). Яратган эканлиги Унинг билими ва қудратига далолатдир. «На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмас. Зотан У билимли ва қудратлидир» (Фотир: 44).
وَ قَدَّرَ لَهُمْ أَقْدَارًا
28. Улар учун тақдирларни ўлчаб-белгилаб қўйди.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани тақдирлаб-ўлчаб қўйган, ҳеч бир нарса ўлчовсиз яратилмаган: «(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг асли — манбаи Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз» (Ҳижр: 21). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир нарсага ўзига хос ўлчов ва кайфиятларни белгилаб қўйганки, ўшандан заррача фарқланмайди ва ўзгача бўлмайди. Мисол учун, Аллоҳ таоло инсоннинг жисмини, сезгиларини, аъзоларини, таркибини, вазнларини аниқ ўлчов билан яратди, у шу билан туриш ва юришга қодир инсон бўлди. Агар инсоннинг аъзоларидан ёки унинг таркибидан биронтасига халаллик етса, унинг бутун жисми бузилади. Бошқа мавжудотлар ҳақида ҳам гап шу. «У зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд: 8). Ҳар бир нарсанинг ўзига хос ўлчови бор, ҳар бирининг ўлчови бошқасининг ўлчовидан фарқлидир.
وَ ضَرَبَ لَهُمْ آجَالا
29. Уларнинг ажалларини тайинлади.
Барча махлуқотнинг ниҳояси ва тугаб-битадиган ажаллари-муддатлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи — Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 26, 27), яна айтади: «Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88).
Ҳамма нарсанинг Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган – узундир, қисқадир – чек-чегарали умри бор. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир умр кўрувчининг умри узун қилинмас ва (ё)умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Фотир: 11). Умрлар (узун-қисқалиги) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлида. Бу Унинг рубубиятининг комиллигига ва қудратининг мукаммаллигига далолат қилади. У истаган нарса бўлади, истамаган нарса бўлмайди.
وَ لَمْ يَخْفَ عَلَيْهِ شَيْءٌ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَهُمْ
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев