(Яна шуни айтамизки,) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси, сараланган пайғамбари ҳамда (Парвардигори ундан) рози бўлган расулидирлар.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ сўзларининг аввалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таниш, Унинг ёлғизЎзи ибодатга сазовор маъбуд ва тарбияткунанда эканига, Унинг камолот сифатлари ва жалолат васфлари билан азалий ва абадий сифатланган эканига эътиқод қилиш каби У зот ҳаққида вожиб бўлган нарсаларни баён қилгач, энди пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида эътиқод қилиш лозим бўлган нарсаларга ўтдилар. «Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки: Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир...» деган сўзларининг давоми сифатида «Яна шуни айтамизки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси...» дейдилар. Шундай эътиқод қилиш вожиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг улуҳиятига қандай гувоҳлик берсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига ҳам худди шундай гувоҳлик беришимиз лозим. Шунинг учун ҳам бу икки шаҳодат калималари доимо чамбарчас ва ҳар доим ёнма-ён зикр қилинади.
«Муҳаммад» пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур исмларидир. Бу ҳақда Қуръони каримда келган:
«Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
«Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага (Қуръонга) — ҳолбуки у Парвардигорлари томонидан келган ҳақиқатдир— иймон келтирган зотларнинг эса ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва ишларини ўнглар» (Муҳаммад: 2).
«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир» (Фатҳ: 29).
Қуръонда Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳис-салом тилидан келтирган сўзлари орасида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аҳмад деган исмлари ҳам зикр қилинган: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)» (Саф: 6).
Ҳадисларда У зотнинг бошқа исмлари ҳам келган, Ибнул Қаййим «Жалоул-афҳом» китобларида уларни зикр қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни билиш дин вожиботлари ва Ислом асосларидан. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон «Уч асос» китобида айтади: «Биринчи асос: Аллоҳни таниш, иккинчи асос: Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни таниш, учинчи асос: Ислом динини далиллар билан билиш». Демак, сизга Аллоҳни таниш қанчалик вожиб бўлса, Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у зот олиб келган Ислом динини далиллар билан билиш шунчалик вожиб бўлади. Маййит қабрига қўйилгач сўраладиган асосий нарсалар ҳам шулардир.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жалланинг бандасидирлар, у кишига на улуҳиятдан, на рубубиятдан бирон насиба-улуш берилмаган. У зот Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, Унинг буйруқларига бўйсунувчи, қайтариқларидан тийилувчи ва Аллоҳ азза ва жалладан етказувчидирлар. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларида ғулув кетувчиларга раддия борки, баъзилар у зотни улуҳият ёки рурубиятдан насибадор қилишади ва Аллоҳ билан биргаликда у кишига ҳам дуо-илтижо қилишади. Бу эса гўё масиҳийлар Ийсо ибн Марям ҳақларида ғулув кетиб, уни Аллоҳнинг ўғли ёки худо деб ёки учта илоҳнинг бири деб даъво қилишларига ўхшаб кетади.
«Танланган бандаси» деган сўзда ғулув кетишдан қайтариш бор. У киши банда, самовоту ердаги барча мавжудот Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) банда-қул ҳолида келур» (Марям: 93).
Малоикалар Аллоҳнинг бандаларидир: «Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар»(Анбиё: 26, 27).
Расуллар ва набийлар Аллоҳнинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нуҳ алайҳис-салом ҳақида: «Зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди» (Исро: 3), «Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишди» (Қамар: 9), дейди.
Довуд «Бизнинг бандамиз (тоат-ибодатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат у(Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 17), дейди.
Сулаймон алайҳис-салом ҳақида: «(Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 30), дейди.
Айюб алайҳис-салом ҳақида: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб «Дарҳақиқат мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг!» (Сод: 41), дейди.
Ийсо алайҳис-салом ҳақида: «У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир»(Зухруф: 59), дейди.
Агар махлуқотларнинг энг улуғи бўлган набийлар, расуллар, малоикалар Аллоҳнинг бандалари бўлар экан, энди улардан қуйироқда турувчи азиз-авлиёлар-у солиҳ кишилар албатта банда эканликлари аниқдир.
Пайғамбарларнинг энг афзали ва сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда банда деб атади:
«Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз...» (Бақара: 23).
«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1).
«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1).
Бандалик мақоми энг олий мақомлардан бўлиб, Аллоҳ азза ва жаллага банда бўлишдан юксак шараф йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мени насоролар Ийсо ибн Марямни мақтаб кўкларга кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар. Мен оддий бир бандаман. Аллоҳнинг бандаси ва расули, денглар»11.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мустафо – танланган ва саралаб олингандирлар. Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотни қавмлари орасидан Ўз рисолатига танлаб олган. Аллоҳ Ўзининг рисолатини қаерга қўйишни яхши билади, унга сазоворлигини ва ушбу вазифани адо эта олишини билган кишисинигина унга ихтиёр қилади. Чунки, бу жуда оғир ва улкан вазифа бўлиб, Аллоҳ таоло унга нолойиқ одамни ҳаргиз танламайди: «Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом: 124). (Сараланган деб таржима қилганимиз) Мужтабо ҳам мустафо маъносидадир.
Набий — Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва лекин уни таблиғ қилишга-етказишга буюрилмаган кишидир, расул эса Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва уни таблиғ қилишга амр қилинган кишидир. Таблиғ қилишга буюрилиш – одамларни унга тортиш ва у сабабли жанг қилишга буюрилиш маъносидадир.
Ундан ташқари, набийга ҳам ваҳий келади, у ҳам Аллоҳ азза ва жаллага даъват қилади. Лекин у ўзидан аввалги пайғамбарга эргашган ва унинг йўлида юрган, алоҳида хос шариат олиб келмаган бўлади. Бани Исроил пайғамбарлари шу қабилдан бўлиб, улар Мусо алайҳис-саломга нозил қилинган Тавротга даъват қилиб келардилар.
و إِنَّهُ خـَاتَــمُ الأَنْبِياءِ وإمامُ الأَتْقِياءِ وسَـيـِّدُ المُرسَـلِين وحَبـِيبُ رَبِّ العَالـَمِين
41. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси, тақводорларнинг имоми, элчиларнинг саййиди (улуғи) ва оламлар Роббисининг ҳабибидирлар.
Булар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан баъзиларидир.
У зот пайғамбарларнинг сўнггиси – хотамул анбиёдирлар. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари билан пайғамбарлик силсиласига муҳр қўйди. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбар келишига ҳожат қолмади. Чунки Қуръон бор, суннати набавия бор, раббоний уламолар мавжуд, улар одамларни даъват қиладилар, уларга йўл кўрсатадилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динлари то қиёмат боқий, у мансух бўлмайди, ўзгармайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ҳамма замон ва маконга яроқли қилди. Ўтган пайғамбарларнинг шариатлари эса ўзларининг умматларига, маълум бир даврга хос бўлар, сўнг Аллоҳ таоло кейинги умматга ўзига мос келувчи шариат юбориб, бу билан аввалгисини мансух-бекор қиларди. «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин аҳли) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48).
Ислом дини комил дин, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бошқа пайғамбарга муҳтожлиги йўқ. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин яна пайғамбар келади, деб эътиқод қилса, кофир бўлиб, диндан чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан кейин пайғамбарлик даъвоси билан чиқадиган каззоблар ҳақида хабар бериб шундай деганлар: «Мендан кейин ўттизта каззоб келади, ҳаммаси пайғамбарлик даъво қилади. Ҳолбуки, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан кейин пайғамбар келмайди»12.
Пайғамбарлик даъвоси билан чиққан одам ҳам, унга эргашганлар ҳам ҳаммаси кофирдирлар. Мусулмонлар уларга қарши жанг қилганлар ва уларни кофир санаганлар. Кейинги даврда пайғамбарлик даъвоси билан чиққан охирги киши покистонлик Аҳмад Қодиёний бўлиб, унга эргашганлар, яъни қодиёнийлар уни пайғамбар эканини даъво қилдилар, улар унинг исмига нисбатан аҳмадийлар деб ҳам аталишади. Уламолар уни кофир деб эълон қилганлар ва исломий ўлкалардан бадарға қилганлар, унга эргашганларни ҳам кофир санаганлар. Чунки, бу Аллоҳ ва расулини ёлғончи қилиш бўларди. Мусулмонлар уларнинг кофирликларига ижмоъ-иттифоқ қилганлар, бу борада ҳеч ким ихтилоф қилмаган.
Мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва элчиларнинг сўнггиси, тақводорларнинг пешвоси, яъни Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилувчи зотларнинг ўрнак-намунаси, деб эътиқод қилмоғи лозим: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари(иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳар қандай кишига агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашаётган бўлсагина эргашилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф қилган кишига асло эргашиш мумкин эмас: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир» (Оли Имрон: 31). Аллоҳга олиб борувчи йўл фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва у зотнинг йўлларини маҳкам тутишдадир.
У зот элчиларнинг саййидидирлар. Нафақат пайғамбарларнинг, балки бутун одамзотнинг саййидидирлар. У зот: «Мен Одам авлодининг саййидиман, бироқ бу билан фахрланмайман»13, деганлар, буни Аллоҳ азза ва жаллага шукр келтириш бобида айтганлар, шунингдек умматлари Парвардигорга у зотни ўзларига пайғамбар қилгани ва элчиларнинг саййиди қилгани неъматига шукрона адо қилишлари учун айтганлар.
Саййид – имом, пешво маъносидадир, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг энг афзали, имоми ва пешвосидирлар.
«Оламлар Роббисининг ҳабибидирлар» деган ибора хусусида бир оз мулоҳазамиз бор. Чунки, ҳабиб бўлишлари кифоя қилмайди, балки у зот оламлар Роббисининг халилидирлар. Халиллик ҳабибликдан афзалдир. Муҳаббатнинг даражалари бўлиб, энг олийси халиллик даражасидир. Бу мартабага махлуқотлардан фақат икки киши – Иброҳим алайҳис-солату вас-салом ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эришганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳимни Аллоҳ Ўзига халил тутган» (Нисо: 125). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:«Албатта Аллоҳ таоло мени худди Иброҳимни халил қилганидек халил қилди»14. Ҳабибуллоҳ дейиш етарли эмас, чунки ҳар бир мўмин бунга эришиши мумкин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунда имтиёз бўлмайди. Аммо халилликда ҳеч ким у зотга етолмайди.
و كلّ دَعوًى النـُبـُوَّة بَعْدَه فـَغـَيٌّ و هَوًى
42. У зотдан кейинги ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва ёлғондир.
Бу ҳақда гап пайғамбарларнинг охиргиси эканлари ҳақидаги мавзуда ўтди. У зотдан кейин ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва куфрдир. Чунки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳеч қачон пайғамбар келмайди. Ийсо алайҳис-салом охирзамонда тушганларида у киши янгидан пайғамбар бўлиб, янги шариат билан келмайдилар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларини қувватлаб ва у зотга эргашувчи бўлиб келадилар ва ислом шариати билан ҳукм қиладилар.
و هُوَ الْمَبْعُوثُ إِلَى عَامَّةِ الْجِنِّ وَ كَافـَّةِ الوَرَى، بِالْحَقِّ وَالْهُدَى، وَبِالنُّـورِ وَ الضِّيَاءِ
43. У зот барча инсону жинларга ҳақ ва ҳидоят, нур ва зиё билан юборилгандирлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ана шундай эътиқодда бўлмоқ зарур. У зотни Аллоҳнинг элчиси дебгина қўйиш кифоя қилмайди, балки бутун инсониятга ва балки инсу-жинларга элчи қилинганлар деб эътиқод қиламиз.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28).
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).
У зотнинг рисолатлари бутун инсониятга ва бу у зотнинг хусусиятларидандир. У зот бутун инсониятга элчи, унга итоат қилиш барча махлуқотларга – арабига ҳам, ажамига ҳам, қоратанлисига ҳам, оқтанлисига ҳам, инсига ҳам, жинига ҳам фарз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати етиб борган ҳар бир киши у зотга итоат қилиши ва эргашиши лозим бўлади. Ким насоролар даъво қилганидек, у зотни фақат арабларга пайғамбар бўлиб келганлар деса ва бошқаларга ҳам пайғамбар эканларини инкор қилса, Аллоҳга кофир бўлган ва Аллоҳу расулини ёлғончи қилган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28), «Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1). Демак, у зотнинг рисолатлари оламшумулдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига хос юбориларди, мен ҳамма одамларга юборилдим»15.
У зот ер юзи подшоҳларига уларни Исломга чақириб мактублар юбордилар. Шунинг ўзи ҳам у кишининг бутун ер юзи аҳлига юборилган эканларига далил бўлади. У зот то одамлар Исломга киргунларича жиҳод қилишга буюрилдилар. Бу ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари оламшумул эканига далил бўлади.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида қуйидагича эътиқодда бўлиш лозим:
Биринчи: У Аллоҳнинг бандаси ва элчиси;
Иккинчи: У пайғамбарларнинг сўнггиси, ундан кейин пайғамбар келмайди;
Учинчи: Унинг рисолати инсу жин оламига умумий.
Инсонлар оламига умумий эканига далил юқоридаги оятларда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ер юзи ҳукмдорларига мактуб ёзишларида ўтди.
Жинлар оламига ҳам пайғамбар эканларига далиллар:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни — Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур» (Аҳқоф: 29-31).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,)дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик» (Жин: 1, 2).
Хуллас, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер юзи аҳлининг ҳаммасига, инсу жин оламига юборилдилар. Ким у зотга иймон келтирса жаннатга киради, ким иймон келтирмаса жаҳаннамга тушади.
У зот нур ва зиё билан юборилганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида)хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз» (Аҳзоб: 45, 46).
وَإِنَّ الْقُرْآنَ كلامُ الله
44. Қуръон Аллоҳнинг каломидир.
Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганимиздан сўнг Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига, уни Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган эканига иймон келтирамиз. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, Жибрил алайҳис-саломнинг ҳам сўзи эмас. Балки у Аллоҳ азза ва жалланинг Каломи-сўзи, Жибрил алайҳис-салом уни Аллоҳдан қабул қилиб олганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни Жибрил алайҳис-саломдан қабул қилиб олганлар ва умматга етказганлар.
Жибрил алайҳис-салом Қуръонни Аллоҳ таолонинг Ўзидан қабул қилганлар, айрим залолат аҳллари айтганидек лавҳул-маҳфуздан олмаганлар. У Жибрил алайҳис-саломнинг ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам сўзлари эмас, оламлар Роббисининг каломидир. Жибрил алайҳис-салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аллоҳ азза ва жалла тарафидан махлуқотларга етказувчи бўлганлар, холос. Сўзни дастлаб айтувчисига нисбат берилади, ўртадаги етказувчига эмас.
Кимда-ким: Жибрил алайҳис-салом уни лавҳул-маҳфуздан олганлар, деса ёки – жаҳмийлар ва муътазилийлар айтгани каби – Аллоҳ таоло уни яратиб, бир ўринга қўйиб қўйган, Жибрил алайҳис-салом уни ўша ўриндан олганлар, деса, Аллоҳга кофир бўлиб, диндан чиқади. Қуръон ҳарфлари ва маънолари билан Аллоҳнинг Каломи, Уни Аллоҳ Ўзи истаганидек кайфиятда сўзлаган. Биз Аллоҳни сўзлаш сифатига эга деб эътиқод қиламиз. Сўзлаш Унинг феълий сифатларидан. Қандай сўзлаши ҳақида эса: «У ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига маълум, бу Унинг бошқа сифатлари кабидир, унга иймон келтирамиз, лекин кайфиятини билмаймиз. Сўзлаши маълум, кайфияти бизга номаълум», деймиз.
بَدَا بِلا كَيفيَّـةٍ قَوْلاً، و أَنْزَلـَهُ عَلىَ رَسُولِه وَحْيًا
45. У кайфияти бизга номаълум ҳолда Аллоҳ Таолонинг ўзи тарафидан (сўзма-сўз) айтилиб содир бўлган ва (кейин) уни расулига ваҳий тарзида нозил қилгандир.
Яъни, Қуръон Аллоҳдан нозил бўлган, уни Аллоҳ сўзлаган ва нозил қилган. Ундан ўзгаси томонидан нозил бўлмаган, Ундан ўзгасидан содир бўлмаган. Унинг бошланиши Жибрил алайҳис-салом томонидан ёки лавҳдан ёки ҳаводан, деб айтилмайди. У даставвал Аллоҳ азза ва жалла томонидан содир бўлган, Жибрил алайҳис-салом уни эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий сифатида етказган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни одамларга етказганлар. Агар Қуръон инсон сўзи бўлса эди, қайсидир бир инсон худди унга ўхшашини келтиришга қодир бўлган бўларди. Инсон зотининг бундай қилишдан ожиз қолган экани унинг Аллоҳ азза ва жалланинг каломи эканига далил бўлади. Аллоҳ таоло айтди: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга ёрдамчиларингизни (бу ишда кўмак беришлари учун) чақиринг — агар ростгўй бўлсангиз» (Бақара: 23).
Яна деди: «Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча махлуқотларни (ёрдамга) чорлаб шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (Ҳуд: 13).
Улар фасоҳату балоғатнинг чўққисига етган, араб бўлишларига, Қуръон уларнинг тилларида – араб тилида ва улар истеъмол қиладиган ҳарфларда тушган эканига қарамасдан бундан ожиз қолишди. Ҳолбуки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаршилик қилишга қаттиқ ҳаракат қилишар, агар Қуръонга тенг келадиган нарсани келтириш қўлларидан келса эди, ҳеч қачон бундан тортиниб ва тўхталиб турмаган бўлишарди. Бундай қилишдан ожиз бўлганликлари Қуръон олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил киролмайдиган Аллоҳнинг Каломи эканига далил бўлади.
1 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Муттафақун алайҳ).
2 Имом, аллома, буюк ҳофиз, Миср диёри муҳаддиси ва фақиҳи, ҳадис ва фиқҳ илмида забардаст олим, бу борада таълиф ва таснифлар қилган. Китобларини ўқиган киши унинг илмда тутган ўрнини ва билим доирасининг нақадар кенглигини билади. 321 ҳижрий санада вафот этган, Аллоҳ раҳмат қилсин. (Сияру аълам ан-нубалаи: 15/27-33).
3 Бу киши имом, аллома, Садруддин Абул-Ҳасан Алий ибн Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Абул-Из ал-Ҳанафий ал-Азраъий ас-Солиҳий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, заковатли ва зикр аҳли бўлган хонадонда улғайган, Ҳофиз Ибн Касирнинг шогирди ва Ибн Таймия, Ибн Қаййим раҳимаҳумулоҳ сўзларини қўллаб-қувватловчи бўлган.
4 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Толиб бетобланди, шунда Қурайш унинг ҳузурига келди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уникига келдилар, Абу Толибнинг олдида бир кишилик жой бор эди, Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни у ерга ўтиришдан тўсиш мақсадида ўрнидан турди. Қурайш Абу Толибга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шикоят қилишди. Шунда у: «Эй жиян, қавмингиздан нима истайсиз?» деди. «Мен улардан фақат битта калимани айтишларини истайман, ўша сабабли араблар уларга бўйсунади, ажамлар уларга жизя (ўлпон) тўлайдиган бўлади», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Фақат битта калима-ми?», деб сўради Абу Толиб, «Ҳа, фақат битта калима – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ) дейишларини истайман». «Нима! битта маъбуд?! Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос», дейишди. Шунда улар ҳаққида «Сод» сурасининг 1-7 оятлари нозил бўлди «Термизий ривоят қилган ва «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган, шайх Аҳмад Шокир ҳам саҳиҳ санаган (2008).
5 Имом Муслим ривояти (2713).
6 Уламолар ирода сўзини икки маънога бўлиб тушунтирадилар: 1) Кавний қадарий ирода. Борлиқдаги яхши ва ёмон иш-ҳолатларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг мана шу иродасига кўра амалга ошади, бу ирода билан Аллоҳнинг ўша ишни яхши кўриши ё ёмон кўриши ўртасида мулозамат – алоқа йўқ. Балки, куфру иймон, тоату исёнлар, рози бўлинган ва яхши кўрилганлар ҳам, ёмон кўрилганлар ҳам унинг ичига кираверади. Бу иродадан ҳеч ким на ташқарига чиқа олади, на қочиб қутулади. 2) Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган ишларга хос бўлган диний шаръий ирода. Аллоҳ таоло бандаларига буйруқларини шу иродага кўра қилади (тарж.).
7 Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, беш нарсани айтдилар: «Албатта Аллоҳ азза ва жалла ухламайди, ухлаш Унга муносиб эмас...» (Имом Муслим ривояти: 179).
8 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтардилар: «Эй Аллоҳ! Сенга бўйсундим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул этдим, Сенга тавба қилдим, Сен учун (ёки Сенинг мададинг билан) талашдим-ёмон кўрдим. Эй Аллоҳ! Мен Сенинг азизлигингни, Сендан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигини восита қилиб, мени адаштиришингдан паноҳ тилайман. Сен ўлмайдиган тирик зотсан, жинлар ва инсонлар ўладилар» (Имом Муслим ривояти: 2717).
9 Имом Аҳмад (1/214, 283, 224, 347), Имом Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (783), Ибн Можа (2117), Насоий «Амалул-явми вал-лайла»да (988) келтирганлар.
10 Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг котиби Варроддан ривоят қилинади: Муғира ибн Шуъба Муовияга ёздирган хатида менга шундай ёзишни буюрди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар фарз намозидан кейин: «Эй Аллоҳ! Сен ато қилган нарсани ман қилувчи, Сен ман қилган нарсани ато этувчи йўқдир! Улуғлик-бойлик эгасига бойлиги-улуғлиги Сенинг олдингда фойда беролмас», дердилар (Бухорий (844) ва Муслим (593) ривоятлари).
11 Имом Бухорий ривояти (3445).
12 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «То икки тоифа бир-бири билан уруш қилмагунича қиёмат қойим бўлмайди. Улар ўртасида жуда катта жанг кечади. Ҳар иккисининг даъвоси битта бўлади. То ўттизга яқин каззоб дажжоллар, ҳар бири ўзини Аллоҳнинг пайғамбари деган даъво билан чиқмагунича қиёмат қойим бўлмайди» (Имом Бухорий (3609) ва Имом Муслим «Фитналар китоби»да (48/157) ривоятлари).
13 Имом Термизий (3624) ва Имом Аҳмад (3/144-145) ривоятлари. Термизий: «Ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги муттафақун алайҳи ҳадис ҳам буни қувватлайди: «Мен қиёмат куни қавмнинг саййидиман», бир лафзда: «Мен қиёмат куни одамларнинг саййидиман» (Имом Бухорий (4712, 3340) ва Имом Муслим (194, 2278) ривоятлари.
14 Имом Муслим ривояти (532).
15 Имом Бухорий ривояти (335, 438), Имом Муслим ривоятида: «Қизил-у қоратанлининг ҳар бирига юборилдим.» (521).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, беш нарсани айтдилар: «Албатта Аллоҳ азза ва жалла ухламайди, ухлаш Унга муносиб эмас...» (Имом Муслим ривояти: 179)
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев