Мўминлар Қуръонни дарҳақиқат ана шундай деб тасдиқлаганлар.
Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган кишилар Қуръонни Аллоҳнинг Каломи эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аллоҳ томонидан етказувчи бўлганларига ишонадилар. Аллоҳ таолонинг: «Шак-шубҳасиз у (Қуръон) бир улуғ, қувватли, аршнинг соҳиби(бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали, у жойда (яъни осмонларда фаришталар томонидан)итоат этилувчи, ишончли элчининг (яъни Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир» (Таквир: 19-21) деган оятларида унинг Жибрил алайҳис-саломга нисбат берилиши фақат етказиш жиҳатидандир. Чунки, Қуръон бир вақтнинг ўзида ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам Жибрил алайҳис-саломнинг сўзи бўлиши мумкин эмас. Битта сўз фақат бир кишиники бўлади, уни бир неча кишининг сўзи дейиш тўғри бўлмайди. Уни Аллоҳ таолога нисбатлаш ҳақиқий, Жибрил алайҳис-саломга нисбати эса таблиғ-етказиш жиҳатидан холос.
Бошқа оятда: «У (Қуръон) шак-шубҳасиз улуғ пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган)сўзидир!» (Ал-ҳааққа: 40) деб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатланиши ҳам таблиғ-етказиш жиҳатидандир.
و أيْقـَنـُوا أنـَّهُ كَلامُ الله تعالى بالحَقـِيقـَةِ
47. Уни Аллоҳ таолонинг ҳақиқий каломидир, деб иймон келтирганлар.
Жаҳмийлар ва муътазилийлар айтганидек эмаски, улар: «Қуръон Аллоҳнинг каломи, лекин уни Аллоҳга нисбатланиши мажозий, чунки Аллоҳ уни яратган, уни Аллоҳга нисбатлаш махлуқни холиқига нисбатлаш маъносида», дейишади.
Биз айтамиз: Бекор айтибсизлар, Аллоҳга изофа қилиш – нисбатлаш икки хил бўлади: маъноларни изофа қилиш ва нарсаларнинг ўзини изофа қилиш.
Биринчиси: Маъноларни Аллоҳга изофа қилиш – нисбат бериш, бунинг мисоли калом-сўзлаш. Маъноларни Аллоҳга изофа қилиш сифатни мавсуфга изофа қилиш бўлади. Масалан, сўзлаш, эшитиш, кўриш, қудрат, иродани изофа қилиш сифатни мавсуфга изофа қилиш қабилидан. Чунки, булар ўзлари мустақил равишда амал қила олмайдиган маънолардир, балки фақат мавсуф билан бирга бўлганда амал қилади.
Иккинчиси: Нарсаларни изофа қилиш, байтулоҳ (Аллоҳнинг уйи), ноқатуллоҳ (Аллоҳнинг туяси), абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) каби. Бу – махлуқни холиқига изофа қилиш бўлиб, бу ердаги изофадан мурод – улуғлаш ва ҳурматлашдир.
لـَيْسَ بِمَخلـُوقٍ كَـكَـلامِ البَـريَّـةِ
48. У махлуқларнинг каломи каби махлуқ – яратилган эмас.
Аллоҳнинг каломи махлуқ эмас. Бу «Қуръон махлуқ» дейдиган жаҳмийлар ва муътазилийларга раддиядир. Уларнинг – ўз даъволарича – ташбеҳдан қочиш учун барча сифатларни Аллоҳдан рад қилишга қурилган манҳажларига кўра, Аллоҳ сўзламайди. Чунки улар яратувчининг сифатлари билан махлуқларнинг сифатлари ўртасини ажратмайдилар. Шу боис мавҳум – гумоний ташбеҳдан қочиб, ундан кўра ёмонроқ нарсага – таътилга тушиб қолдилар, гўёки ёмғирдан қочиб дўлга тутилдилар.
Агар улар Аллоҳ таоло Ўзига исботлаган нарсаларни исботлашганда ва Холиқ билан махлуқ сифатлари ўртасидаги фарқни илғаб олишганда эди, тўғриликка етишган бўлар, шу билан олам гулистон эди. Бироқ, таассуфки, улар залолат йўлини тутишди.
فـَمَنْ سَمِعَهُ فـَزَعَمَ أنـَّهُ كَلامُ البَـشَر فـَقـَدْ كَفـَرَ
49. Кимда-ким Қуръонни эшитгач, уни инсонларнинг сўзи деб ҳисобласа, шубҳасиз кофир бўлади.
Аллоҳнинг Каломини инсон сўзи деб даъво қилган одам шак-шубҳасиз кофир бўлади, чунки у Аллоҳ азза ва жалланинг Каломини инкор қилган бўлди. Агар Аллоҳ таолонинг бандаларга нозил қиладиган каломи бўлмаса, унда Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳужжати нима билан барпо бўлади?! Бу сўзлари билан улар шариатларни йўққа чиқаришни қасд қилишади. Агар борлиқда – хоҳ Тавротда, ҳоҳ Инжилда, хоҳ Қуръонда бўлсин –Аллоҳнинг Каломи бўлмаса, бу дегани одамлар устида Аллоҳнинг ҳужжати барпо бўлмаган, дегани бўлади. Бу эса энг катта куфр ва энг катта залолатдир.
و قـَدْ ذمَّهُ الله و عَابَهُ و أوْعَدَهُ بسَقـَرَ حَيثُ قال تعالىسَأُصْلِيهِ سَقَر
50. Бундай кимсани Аллоҳ Таоло мазаммат қилган ва «Мен уни тез кунда "сақар" - жаҳаннамга киритажакман» (Муддассир: 26) деб унга таҳдид қилгандир.
Қуръонни инсон сўзи дейдиган кимсани Аллоҳ таоло мазаммат қилди. Валид ибн Муғийра ал-Махзумий шундай деган эди. У Макка кофирларининг катталаридан ва зодагонларидан эди. Обрў-эътибори кучлилигидан уни Макканинг кўрки деб аташарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръонни эшитганида унинг жозибаси уни маҳлиё қилди ва уни инсоннинг сўзи эмаслигини билди. Қуръонни мақтаб: «У шеър эмас, сеҳр ҳам эмас. Мен шеър турларини яхши биламан, сеҳр турларини ҳам, фолбинликни ҳам биламан, яна фалон-фалон нарсаларни биламан. Қуръон уларнинг ҳеч биридан эмас», деди. Шунда қавмдошлари бўлмиш кофирлар ундан норози бўлиб, қаттиқ-қаттиқ сўзлар айтишди. Чунки, сўзларининг маъносидан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини эътироф қилаётган эди. Қавмдошларининг муомаласини кўргач, у гапини тўғрилаб олди-да: «Бу фақат башарнинг сўзидир» (Муддассир: 25), деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятларни туширди: «Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига)қаради. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини)буриштирди. Сўнгра (ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки)фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди. Яқинда Мен уни Сақарга (жаҳаннамга) киритажакман! (Муддассир: 18-26).
فَلَمَّا أَوْعَدَ اللهُ بِسَقَر لِمَن قالَ: إنْ هـَذا إلا قـَوْلُ البـَشَر (المدثر:25) عَـلِمْـنا و أيْقـنـَّا أنَّه قـَولُ خـَالِـق البـَشَر
51. (Қуръон тўғрисида): "Бу инсоннинг сўзидан бошқа нарса эмас" (Муддассир: 25) деган кимсани Аллоҳ "сақар" билан огоҳлантириб қўрқитган экан, шундан биз Қуръон Яратганнинг сўзи эканлигини билдик ва иймон келтирдик.
Кимда-ким Қуръонни Аллоҳнинг Каломи эмас, балки инсоннинг ёки малоиканинг сўзи деса, у одам худди Валид ибн Муғийрага ўхшаган бўлади. Ўртадаги фарқ шуки, у мусулмонлик даъво қилади, Валид эса Исломни даъво қилмаган. Исломни даъво қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки, Қуръонга кофир бўлган кимсага Исломни даъво қилиш асло фойда бермайди. Чунки бу муртадлик ҳисобланади. Шундан маълум бўладики, Қуръонни Аллоҳнинг ҳақиқий каломи деб эътироф қилиш зарурдир.
و لا يُـشْبِهُ قَوْلَ البَـشَر
52. Ҳамда унинг инсонлар сўзига ўхшамаслигини (билдик ва иймон келтирдик).
Агар Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари бўлса эди, Валид ибн Муғийранинг «Қуръон Муҳамад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзи» деган гапига бу даражада қаттиқ маломат бўлмас эди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло унга қаттиқ ваъид (азоб хабари) билан пўписа қилди. Демак, бу унинг Қуръонни Аллоҳдан бошқасига нисбат бериши билан жуда ёмон ва ҳақоратли сўз айтганига далил бўлади. Мана шу йўлни тутган ва шу даъвони қилган ҳар бир киши Валид ибн Муғийрадан фарқсиз ўлароқ жаҳаннамда абадий қолади.
وَمَنْ وَصَفَ اللهَ بمَعْنـًى مِنْ مَعَانِي البَـشر، فـَقـَدْ كَـفـرَ.
53. Ким Аллоҳ Таолони фақат инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади.
Яъни, кимда-ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган маъно-тушунчаларга ўхшатса кофир бўлади, чунки бу билан у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони камситган бўлади.
مَنْ أبْصَرَ هذا اعْتَبَرَ
54. Буни англаган инсон ибратланади
Чунки, Холиқнинг сифатлари билан махлуқнинг сифатлари ўртасидаги фарқ очиқ-ойдин маълум. Улар гарчи ном ва маънода муштарак бўлса-да, ҳақиқатида фарқли ва воқеъда бошқачадир. Демак, Аллоҳнинг Каломи билан инсон каломи ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг эшитиши билан инсоннинг эшитиши ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг кўриши билан инсоннинг кўриши ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг илми билан инсоннинг илми ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан инсоннинг хоҳиш-иродаси ўртасида ўхшашлик йўқ. Ким Аллоҳ таолонинг сифатлари билан махлуқотлар сифатлари ўртасини фарқламаса, кофир бўлиб қолади.
وَ عَن مِثـل قـَوْلِ الكُفـَّارِ انـْزَجَرَ
55. Ва кофирларникига ўхшаган сўзлардан тийилади.
Ким Аллоҳ таолонинг Валид ибн Муғийра ҳақида нозил қилган оятларини тафаккур қилиб кўрса, адашган фирқаларнинг Аллоҳнинг Каломи ҳақидаги гапларининг ботиллигини билади ва бундай сўзлардан тийилади.
و عَـلِمَ أنـَّهُ بصِفـَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَر
56. Ҳамда У Ўзининг сифатларида инсонларга ўхшаш эмаслигини (аниқ) билади.
Аллоҳ таолонинг сўзлаш, эшитиш, кўриш ва бошқа сифатлари инсонларнинг мазкур сифатларига ўхшаган эмас. Зеро, Холиқнинг сифатлари билан махлуқнинг сифатлари ўртасида улкан фарқ бор.
والرُؤْيَة حَـقٌ لأهْـلِ الْجَـنَّةِ، بِغَيْرِ إحَاطَةٍ و لا كَيْفيَّةٍ
57. Жаннат аҳли Қиёмат куни Аллоҳни нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, кайфияти бизга номаълум ҳолда кўриши ҳақдир.
Мўминлар охиратда Парвардигорлари субҳанаҳу ва таолони кўрадилар, деб ишонамиз. Уни ўз кўзлари билан, худди тўлин ойни кўргандек ва худди булутсиз кунда қуёшни кўргандек кўрадилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ва мутавотир ҳадисларида хабар берганлар1. Шунинг учун мусанниф: «кўриш ҳақ», дейди, яъни Китоб, Суннат, салафу халаф аҳли сунна вал-жамоанинг ижмоъ-иттифоқига кўра бу собитдир, бунга бидъат аҳли ва адашган йўллар эгаларидан бошқалар мухолиф бўлмаганлар.
Мўминлар Роббилари субҳанаҳу ва таолони кўрадилар. Унинг Ўзи бу ҳақда шундай деган: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).
Агар نظر (назар солмоқ) феъли إلى (-га) ҳарфи билан бирга келса, «қарамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъноларида бўлади. Масалан, «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига; тоғларнинг қандай тикланганига ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия: 17-20), «У Кунда (мўминларнинг)юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23) каби.
Агар ёлғиз ўзи келса, «кутиш, «кутиб туриш» маъносида келади. Масалан, «У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизни кутиб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар» (Ҳадид: 13) каби.
Агар في (-да) билан келса, «фикр юритиш, ибрат олиш» маъносида келади. Масалан, «Самовот ва Ер малакутлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида фикр юритмайдиларми?!» (Аъроф: 185) каби.
Хулоса шуки, оятдаги (Қиёмат: 22, 23) نظر (назар солмоқ) сўзи إلى (-га) ҳарфи билан бирга келди ва у «қарамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъносини англатди.
Ундан ташқари, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26) деган сўзларидаги «гўзал оқибат»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат, деб, «зиёда неъмат»ни Аллоҳ таолонинг Юзига боқиш, деб тафсир қилган эканлари «Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинган.2
Аллоҳ таолонинг: «Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир»(Қоф: 35) оятидаги «қўшимча иззат-икром»дан мурод ҳам Аллоҳ таолонинг Юзига боқишдир.
Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида: «Ҳеч шак-шубҳа йўққи, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилувчидирдар» (Мутаффифун: 15), дейди. Агар кофирлар дунёда Аллоҳга кофир бўлишгани учун охиратда Ундан тўсилсалар, яъни У зотни кўролмасалар – бу эса энг катта маҳрумлик ва энг оғир азобдир, Аллоҳ сақласин – демак, бу дегани мўминлар қиёмат куни Аллоҳ таолодан тўсилмаслигига ва улар охиратда У зотни ўз кўзлари билан кўришларига далил бўлади. Чунки, улар дунёдаликларида Уни кўрмаган ҳолда ҳам иймон келтиришган, Унинг оят-аломатлари ва рисолатлари билан ҳаққа йўлланишган эди. Энди Аллоҳ таоло қиёмат куни уларни Ўзининг жамолини кўрсатиш билан иззат-икром қилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг жамолига боқиш жаннатдаги энг катта неъмат ва мукофотдир.
Айтиб ўтилган гаплар аҳли сунна вал-жамоат мазҳаби ва уларнинг Қуръондан далиллари эди.
Уларнинг суннатдан ҳам кўплаб далиллари бор бўлиб, улар мутавотирлик даражасига етган. Аллома Ибнул Қаййим «Ҳодил-арвоҳ ила биладил-афроҳ» китобида бу ҳақда келган ва мутавотирлик даражасига етган ҳадисларни олиб келганлар.
«Сизлар қиёмат куни Роббингизни худди тўлин ойни кўрганингиздек ва худди булутсиз кунда қуёшни кўрганингиздек кўрасизлар, Уни кўришда талашиб-тортишмайсизлар»3 ҳадиси шу жумладандир. Яъни, Аллоҳ азза ва жаллани кўришда тиқилинч ҳолат юзага келиб, туртиниб-суртинмайсиз. Чунки, ҳар бир киши Аллоҳ таолони ўзи турган ўрнида, ҳеч қандай тиқилинчсиз, худди ой ва қуёшни бемалол, тиқилинчсиз кўрганидек кўра олади. Одатда, ерда бўлган нарсани кўпчилик кўрмоқчи бўлганида тиқилинчлик ҳолати вужудга келади. Аммо бир нарса юқорида, худди қуёш ва ой каби кўриниб турадиган бўлса, уни кўриш учун талашиб-тортишиш бўлмайди, ҳар ким турган ерида кўриш имконига эга бўлади. Махлуқ – қуёш ва ой ҳақида гап шу бўлса, Холиқ субҳанаҳу ва таоло ҳақида бу қандай мумкин бўлмасин?!
Аллоҳни кўришни жаҳмийлар ва муътазилийлар каби бидъат аҳлидан бошқа ҳеч ким инкор қилмайди. Улар эса буни рад қилишади ва: «Кўришни исбот қиладиган бўлсак, бундан Аллоҳнинг қайсидир бир жиҳат-тарафда экани келиб чиқади», дейишади. Уларнинг наздида Аллоҳ таоло ҳеч бир тарафда эмас, У оламнинг ичида ҳам, ташида ҳам эмас, юқорида ҳам, пастда ҳам, ўнгда ҳам, чапда ҳам эмас. Демак, Аллоҳ таоло йўқ экан-да?! Аллоҳ таоло улар айтаётган гаплардан олийдир, улар мана шу ботил фикрларидан келиб чиқиб Аллоҳ таолони кўришни рад қилишади.
Ашъарийлар эса Китобу Суннатдаги далилларни инкор қилиш имкони бўлмаганидан кўришни исботлашди, бироқ: «У кўрилади, лекин бирор тарафда эмас» дейишди. Қизиқ гап, шундай эмасми? Бир нарсани кўриш мумкин бўлса-ю, у ҳеч бир тарафда бўлмаса?! Шунинг учун муътазилийлар бундай бўлишини маҳол санаб, бу гапни инкор қилишди.
Аҳли сунна вал-жамоат айтадики: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони кўрилади, У юқори тарафда, уларнинг тепасида бўлади. Жиҳат-тараф деганда махлуқ-яратилган тараф кўзда тутилса, Аллоҳ таоло бирор тарафда эмас. Чунки, У зот Ўзининг махлуқоти ичида бўлмаслиги аниқ.
Агар у билан олийлик ва махлуқотдан юқорилик кўзда тутилса, бу Аллоҳ азза ва жалла учун собитдир. Аллоҳ таоло юксакликда, осмонлар устидадир. Қуръонда жиҳатнинг исботи ҳам, инкори ҳам келмаган, лекин у ҳақда юқоридагидек тафсилот билан айтилади.
Улар Аллоҳ таолони нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, қандайлиги бизга номаълум ҳолда кўрадилар. Зотан, Аллоҳ таоло Уни нигоҳлар тўла қамраб олишидан буюкдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Улар эса У зотни тўла била олмаслар» (Тоҳа: 110).
«Кўзлар уни идрок қила олмас» (Анъом: 103). Бунинг маъноси – кўзлар уни кўролмас, дегани эмас, кўзлар уни тўла қамраб ололмас, деганидир. Идрок қилиш бошқа, кўриш бошқа. Аллоҳ таоло: «Кўзлар уни кўра олмас» демади, балки: «Кўзлар уни идрок қила олмас» деди. Бунда ушбу оятни Аллоҳ таолони кўришни инкор қилишга далил қиладиган кишиларга раддия бор. Улар: «Аллоҳни кўришнинг имкони йўқ, чунки Унинг ўзи: «Кўзлар уни идрок қила олмас» деган», дейишади. Биз айтамизки: «Сизлар бу оят маъносини тушунмабсизлар. Унинг маъноси – кўзлар Уни кўра олмайди, дегани эмас, балки тўла қамраб ололмайди, деганидир».
Яна улар: «Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга(бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай», деди.(Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан» (Аъроф: 143) оятини далил қилиб: «Бу ҳам Аллоҳни кўриш мумкин эмаслигига далил» дейишади.
Биз уларга айтамиз: Бу мана шу дунёдаги гап. Мусо алайҳис-салом буни шу дунёда сўраган. Бу дунёда Аллоҳ таолони ҳеч ким, на пайғамбарлар, на бошқалар кўра оладилар. Аммо охиратда мўминлар Роббиларини кўрадилар. Дунё ҳолати охират ҳолати билан бир хил эмас. Одамлар дунёда жисмлари ҳам, идроклари ҳам заиф бўлади. Шу боис улар Аллоҳ таолони кўришга қодир бўлишмайди. Охиратда эса Аллоҳ уларни икром қилиб, Роббиларини кўришга қодир бўладиган қувват ато этади.
Шунинг учун Мусо алайҳис-салом Роббиларидан унга Ўз жамолини кўрсатишини сўраганида «(Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман.) Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан». Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади»(Аъроф: 143). Метин бўлган тоғ уқаланиб, майда-майда бўлиб кетган бўлса, эт ва суякдан иборат махлуқ қандай унга тоқат қила олсин?! Бу дунёда у Аллоҳ таолони кўришга ҳаргиз қодир бўлмайди!
Мусо алайҳис-саломнинг Аллоҳ таолодан Уни кўришни сўрашлиги кўриш жоиз ва мумкинлигига далилдир. Чунки, Мусо Парвардигордан ножоиз нарсани сўрамас эдилар. Лекин, бу нарса бу дунёда имконсиз ишдир. Аллоҳ таоло: «Сен Мени ҳаргиз кўролмайсан» деди, «Мен кўринмайман», демади. Аллоҳ таоло охиратда кўрилади4, Уни кўришга энг лойиқ инсонлар пайғамбарлар бўлади.
«Кайфияти номаълум ҳолда» бунинг маъноси – Аллоҳни қандай ҳолда кўрилади?, деб сўралмайди. Чунки, бу Аллоҳ азза ва жалланинг бошқа сифатлари каби кайфияти бизга номаълумдир. Биз бунга иймон келтирамиз, маъносини биламиз, исботлаймиз. Лекин унинг қандай ҳолда бўлиши бизга номаълум, Аллоҳ Ўзи билади.
كَمَا نـَطقَ بهِ كِتابُ رَبِّـنـَا: وُجُوهُ يَومَئِذٍ نـَاضِرَة إلى رَبِّهَا نـَاظِرَة (القيامة: 22-23.)
58. Парвардигоримиз китобида айтилганидек: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).
Юқорида айтиб ўтилганидек, агар نظر (назар солмоқ) феъли إلى (-га) ҳарфи билан бирга келса, «қарамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъноларида бўлади. Муътазилийлар إلَى رَبِّهَا ояти калимасидаги إلى ни «неъматлар» маъносини англатувчи исми жамъ, дейишиб: «Парвардигорининг неъматларига боқиб турувчидирлар» маъносида, дейишди. Бу ақлли кишининг кулгисини келтирадиган таҳриф (оят маъносини бузиш)дир. Чунки, ҳарф ҳеч қачон жамъга айлантирилмайди.
و تَفْسِيرُهُ عَلَى مَا أرَادَ اللهُ تعالى وعَلِمَهُ
59. Бу оятлар шарҳи Аллоҳ таоло Ўзи ирода қилгани ва билганидекдир.
Яъни, «Парвардигорларига боқиб турувчидир» (Қиёмат: 23) оятининг тафсири Аллоҳ азза ва жалла ирода қилгани каби, кўзлар билан кўриш маъносидадир, бидъат аҳли ирода қилган маъноларда эмас.
و كُلّ مَا جَاءَ فِي ذلك مِنْ الحَدِيثِ الصَّحِيحِ عَـنْ رَسولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَهُوَ كَمَا قالَ
60. Шу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар қандай саҳиҳ ҳадисни у зот қандай айтган бўлсалар шундайлигича қабул қиламиз.
Аллоҳ таолони кўриш ҳақлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар бир ҳадисни Қуръонда бу ҳақда келган оятларни қандай қабул қилсак шундай, ҳақиқатига кўра қабул қиламиз. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳ тарафидан ваҳийдир: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3, 4). У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари иккинчи ваҳий деб номланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп мутавотир ҳадисларида мўминлар қиёмат куни Роббиларини кўришлари ҳақида хабар берганлар. Бунга ҳеч қандай таҳрифсиз (ўзгартирмасдан), таътилсиз (йўққа чиқармасдан), тамсилсиз (ўхшатмасдан), такйифсиз (қандайлигини суриштирмасдан) иймон келтириш вожиб бўлади.
و مَعْـنـَاهُ عَـلى مَا أرَادَ
61. Маъноси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай кўзда тутган бўлсалар шундайдир.
У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган маънодадир, бидъат ва таҳриф аҳли айтганидек эмас.
لا نـَدْخـُلُ فِي ذلك مُتـَأوِّلِـينَ بآرَائِنـَا و لا مُتَوَهِّمِـيـنَ بأهْوَائِنا
62. Бундай хабарларни тушунишда ўз фикрларимиз билан таъвил қилиб, ҳавою хоҳиш таъсирига берилмаймиз.
Яъни, жаҳмия ва муътазилалар, шунингдек уларнинг этагини тутган ва ботил таъвил билан айтган фикрларини қабул қилган кимсаларнинг йўлларини тутмаймиз.
Балки Китобу Суннатга эргашамиз, ўз ақлимиз ва фикримизга суянмаймиз, ақлимизни Китобу Суннатда келган хабарлар устидан ҳоким қилмаймиз, аксинча Китобу Суннатни ақллар ва фикрлар устидан ҳоким қиламиз5.
فإنـَّهُ مَا سَـلِمَ فِي دِينِهِ إلا مَنْ سَلَّمَ لِلّهِ عَـزَّ وجَلَّ و لِرَسُولِهِ صلى الله عليه وسلم ورَدَّ عِلْمَ مَا اشْتَبَهَ عَلَيْهِ إلَى عَالِمِهِ
63. Зеро, Аллоҳ азза ва жаллага ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла бўйсунган ва тушунмай қолган нарсасини Билувчи Зот иродасига ҳавола қилган кишигина динида саломат қолади.
Аллоҳ ва Расулига тўла бўйсунган киши улар тарафидан келган нарсани қандай бўлса шундайлигича қабул қилган ва иймон келтирган, унга таҳриф ва таъвиллар киритмаган кишидир.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Аллоҳга иймон келтирдим ва Аллоҳнинг китобида келган нарсаларга Аллоҳ нимани мурод қилган бўлса ўшандоқ иймон келтирдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган нарсаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани мурод қилган бўлсалар ўшандоқ иймон келтирдим». Яъни, хоҳиш-ҳавойимга мувофиқ ёки таҳриф қилиб ёки одамларнинг сўзларига қараб эмас.6
Ким ана шундай тарзда бўйсунса, ўзига яхши тушунарсиз бўлган, маъноси ёки кайфиятини англаб етмаган нарсани унинг олимига, яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳавола қилса, динида саломат қолади. Кимга бирон нарса чигал ва тушунарсиз бўлса, уни илм аҳлига ҳавола қилсин, ҳар бир илм соҳибининг устида ундан устунроқ билимдон бўлади, агар уламоларнинг илми етмаса, уни Аллоҳ жалла ва алога топшириш вожиб бўлади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан улар билмайдиган бирон нарса ҳақида сўрасалар, улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришар, тахмин ва гумонлари бўйича жавоб беришмас эди.
Шундай экан, ўзингиз тушунмаган нарсани тушунтириб беришга қодир ишончли олим топсангиз, Аллоҳга ҳамд айтинг. Аксинча бўлганда, унинг ҳақ эканига ва маъноси борлигига, бироқ сиз уни тушунолмаётган эканингизга эътиқод қилинг-да, уни Аллоҳга топширинг.
لا تَـثْبُتُ قَدَمُ الإِسْلامِ إِلاَّ عَلَى ظَهْرِ التَّسْلِيمِ وَالاِسْتِسْلامِ
64. Аслида, Исломнинг қадами фақат тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан мустаҳкам бўлади.
Ҳақиқий мусулмончилик Аллоҳ азза ва жаллага тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан, яъни У зот ҳузуридан ва Расули тарафидан келган нарсага тўла итоат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар»(Нисо: 65).
فـَمَنْ رَامَ عِلْمَ مَا حُظِّرَ عَنْهُ عِلْمُهُ، ولَمْ يَقْنَعْ بالتـَّسْلِيم فَهْمُهُ، حَجَبَهُ مَرَامُهُ عَـنْ خـَالِص التـَّوْحِيدِ، وصَافِي الْمَعْرِفـَةِ، وصَحِيحِ الإيمَان
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев