Аллоҳ Таоло Одам алайҳис-салом ва унинг зурриётидан олган аҳд-мийсоқ ҳақдир.
Аллоҳ таоло Одам алайҳис-салом ва унинг зурриётидан Унгагина ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари ҳақида олган мийсоқ – аҳду паймон ҳадисда қандай келган бўлса шундай, ҳақдир деб эътиқод қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, Аллоҳ таоло Одам алайҳис-саломнинг зурриётини унинг белидан чиқарди ва Ўзининг ягона маъбудлиги ҳақида уларни ўзлари устида гувоҳ қилди, улардан ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишлари ва Унга ширк келтирмасликлари ҳақида аҳду паймон олди20. Биз бунга иймон келтирамиз. Бироқ, бу аҳду паймоннинг ўзи кифоя қилмайди, бу билан бирга пайғамбарлар юбориш ҳам зарур. Шу боис Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Агар ўша мийсоқнинг ўзи кифоя қилганда эди, пайғамбарларни юбормаган бўларди. Лекин У пайғамбарларни ўша аҳду паймонни ёдга солиш ва одамларни унга риоя қилишга чорлаш учун учун юборди.
Баъзи муфассирлар «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172) оятини Аллоҳ таоло Одам алайҳис-саломнинг зурриётидан олган ўша аҳди-паймони, дейишади. Бу тўғри эмас. Бу ундан бошқа. Аллоҳ таоло: «Одам болаларининг белларидан» деди, «Одамнинг белидан» демади. Оятнинг давомидан ҳам маълумки: «Улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», дедилар». Баъзи уламолар айтишича, бунинг маъноси – Аллоҳ уларни табиатлантирган фитрат-табиат ҳамда Аллоҳ таоло улар учун ўрнатиб қўйган ва шу билан Роббиларини танишлари керак бўлган борлиқдаги оят-аломатлардир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни тавҳидда ва Исломда яратди.21 «Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни (сақлангиз!)». У Ислом ва тавҳид динидир. Исломнинг маъноси – пайғамбарлар олиб келган тавҳид демакдир, унинг маъноси – ягона Аллоҳнинг Ўзига бирон шерик қилмасдан ибодат қилишдир. Энг тўғри дин шудир.
Шу билан бирга Ўзининг рубубиятига далолат қилувчи далилларни уларнинг ажойиб тарзда яратилган жисмларида ўрнатиб қўйдики, буларнинг ўзи ҳам Яратувчи субҳанаҳу ва таолонинг борлигига далолат қилади.
Яна уларнинг кўз олдиларида Яратувчининг борлигига далил бўлувчи осмонлару ерни ҳамда улардаги махлуқоту мавжудотларни яратиб қўйди. Буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан ёки яратувчисиз пайдо бўлиб қолгани йўқ. «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35, 36).
Шоир айтади: (Шеър мазмуни:) «Қизиқ, Аллоҳга қандай осий бўлиш мумкин ёки Уни қандай қилиб инкор қилиш мумкин?! Ахир ҳар бир нарсада Унинг ягоналигига далил бўлувчи аломатлар тўлиб ётибди-ку!»
Олдингиздаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг ягоналигига далолат қилади, ушбу мавжудотларни яратишда Унинг бирон шериги йўқлигига гувоҳлик беради, «Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар» (Ҳаж: 73), Яратувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир, Ундан бошқа яратувчи йўқ! Шундай экан, нега энди яратмаган, ризқ бермаган, ҳатто ўзи учун бирон фойда ёки зарарга эга бўлолмаган нарсага ибодат қилиш керак?! Юқоридаги «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан зурриётларини олиб» (Аъроф: 172) ояти Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ягоналигига фитрат гувоҳлигидир, бутун борлиқнинг гувоҳлигидир. Энди бирон кишига қиёмат куни «Бизлар бундан бехабар эдик» (Аъроф: 172) деб узр айтишга ўрин қолмади. Кўр-кўрона ҳужжат келтириш қатъий далил-ҳужжатлар олдида яроқсиз бўлиб қолади.
و قـَدْ عَلِمَ اللهُ تـَعَالى فِيمَا لم يـَزلْ عَدَدَ مَنْ يَدْخـُلُ الْجَنَّةَ، وعَدَدَ مَنْ يَدْخـُلُ النـَّارَ,جُمْـلةً وَاحِدَةً, فلا يَزْدَادُ فِي ذلِكَ العَدَدِ و لا يَنْقُصُ مِنْهُ
80. Аллоҳ Таоло жаннатга кирувчиларнинг ҳам, дўзахга кирувчиларнинг ҳам умумий сонини азалда аниқ билган. Энди бу сонга ҳеч нима қўшилмайди ва ундан бирон нарса камайтирилмайди.
Мусаннифнинг бу ва кейинги сўзлари ҳаммаси қазо ва қадар мавзусидадир.
Қазо ва қадарга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»22.
Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Албатта Биз ҳар бир нарсани қадар (аниқ ўлчов) билан яратдик» (Қамар: 49), «У — осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон: 2).
Оламда тақдирсиз – ўлчовсиз ишнинг ўзи йўқ, ҳеч нарса тасодифан содир бўлмайди. Юз берувчи ҳар бир ҳодиса аввалдан битилган ва ўлчаб қўйилгандир.
Қазо ва қадарга иймон тўрт даражани ўз ичига олади, қуйида уларни қисқача баён қиламиз:
Биринчи даража: Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани қамраб олувчи комил ва шомил илмига иймон келтириш, У бўлган нарсаларни ҳам, энди бўладиган нарсаларни ҳам, бўлмаган нарсаларни агар бўлганида қандай бўлган бўлишини ҳам билади, Унинг илмидан ҳеч нарса яширин қолмайди, деб ишониш.
Бу – ҳамма нарсани ўз ичига олган умумий китобат (битиб қўйиш)дир. Ҳадисда келадики:«Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёмат бўлажак барча нарсанинг (тақдирини) ёз!», деди».23 Шунда қалам то қиёматга қадар юз беражак барча нарсани ёзди.
Иккинчи даража: Аллоҳ азза ва жалла халойиқларнинг тақдирларини лавҳи маҳфузга ёзиб қўйганига ишониш.
Учинчи даража: Борлиқда ҳеч бир нарса Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиш-истагисиз рўй бермайди, деб ишониш. Лавҳи маҳфуздаги нарса бўлсин ёки Аллоҳнинг Ўз илмидаги нарса бўлсин, Унинг хоҳишисиз амалга ошмайди. Унинг мулкида У истамаган иш жорий бўлмайди: «Албатта Аллоҳ ёлғиз Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Ҳаж: 14), «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур» (Оли Имрон: 40). Коинотда юз бераётган туғилиш, ўлиш, бойлик, камбағаллик, иймон, куфр, буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг истак-иродаси билан бўлмоқда. У Зот яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам, иймонни ҳам, куфрни ҳам хоҳлаган, ҳамма нарса Унинг истак-хоҳиши ичига дохил, У хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди.
Тўртинчи даража: Яратиш ва вужудга келтириш даражаси: У Ўзи истаган нарсасини яратади ва вужудга келтиради. «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62), Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир» (Аъроф: 54), «На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).
Аллоҳнинг илми ҳақида далиллар жуда кўп.
Илм - Аллоҳ таоло Ўзини васфлаган сифатлар жумласидандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жаннатга кирадиган кишиларнинг сонини ҳам, дўзахга кирадиган кишиларнинг сонини ҳам билади, бу Унинг азалий илмида мавжуд.
Аллоҳ таоло тақдир қилиб, ўлчаб қўйган нарса зиёда ҳам бўлмайди, камаймайди ҳам. Жумладан, У жаннат аҳлларини ҳам, дўзах аҳлларини ҳам билади, улар нима амал қилишларини ҳам билади. Биз бунга иймон келтирамиз ва амал қилишга юзланамиз, қазо ва қадар ҳақида: «қандай?», «нега?» деб талашиб-тортишмаймиз, «Қандай қилиб Ўзи аввалдан тақдир қилиб қўйган иш устида ҳисоб-китоб қилади?», деган каби ўринсиз саволлар билан вақтимизни зое қилмаймиз, Аллоҳ азза ва жаллага эътироз билдирмаймиз.
Банданинг вазифаси тоат-ибодатларни адо этиш ва маъсиятлардан сақланишдир. Аллоҳ азза ва жалла сир қилган ишларни тафтиш қилиш, Парвардигор жалла ва ало билан тортишиш унинг ҳаққидан эмас. Унинг вазифаси амал қилиш. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ҳар бир кишининг жаннатдаги ва дўзахдаги ўрни аввалдан ёзиб қўйилганини айтганларида баъзилар: «Тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўрашганда: «Йўқ, амал қилаверинглар. Ҳар ким ўзи яратилган нарсага муяссар бўлувчидир»24 деб жавоб берганлар.
Аллоҳ таоло айтади: «4. Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу ҳаракатларингиз ҳилма-ҳилдир. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини)тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 4-10).
Демак, бахтли бўлиш ёки бахтсиз бўлишнинг сабаби банданинг ўзидан, сиз билан биздан солиҳ амал қилиш ва гуноҳ ишларни тарк қилиш талаб қилинади.
Қазо ва қадарни ҳужжат қилиш узрга ўтмайди. Аллоҳ азза ва жалла биз учун яхшилик ва ёмонликни баён қилиб қўйган, энди олдимизда узрга ўрин қолмаган. Одамлар ўзларига алоқаси бўлмаган ишларга аралашгани сабабли муаммоларга тушиб қолишади, «Агар амал қилмасам ҳам Аллоҳ таоло жаннатга киришимни битган бўлса барибир жаннатга кираман, дўзахга тушишимни битган бўлса барибир дўзахга тушаман» дейишади.
Уларга айтиш керакки: «Сиз ўз нафсингизга тааллуқли ишларда бундай демайсиз-ку! Ё уйингиздан чиқмай: «Аллоҳ менга ризқни битган бўлса Ўзи етказиб беради» деб қимирламай ўтириб оласизми ё тирикчилик ва ризқ талабида елиб-югуриб ҳаракат қиласизми?! Албатта ризқ талаб қилиб ҳаракат қиласиз. Ҳайвонлару қушлар ҳам инларида ўтирмайди, ризқ истаб ташқарига чиқишади. Ҳадисда келганки: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи бўлганларингизда эди, эрталаб оч ҳолда чиқиб, кечқурун тўйиб қайтадиган қушлар ризқланганидек ризқланган бўлур эдингиз.»25 Аллоҳ таоло ўша ақлсиз жониворларга ҳам ризқ талаб қилиш, ризқнинг сабабларини ахтариш табиатини ўрнатиб қўйган, сиз ақлли инсонсиз-ку! Ёки бўлмаса, агар биров сизнинг бирон нарсангизни ўғирлаб олган бўлса: «Ҳа, энди Аллоҳнинг қазоси ва қадари шу экан» деб индамай қўяверасизми ё унинг устидан шикоят қиласизми?! Албатта шикоят қиласиз, жанжаллашасиз, ҳеч қачон қазо ва қадарни ҳужжат қилмайсиз!»
وكذلِكَ أفـْعَالهُمْ فِيمَا عَلِمَ مِنـْهُمْ أنْ يَفـْعَلـُوهُ
81. Амаллар ҳам худди шундай. Аллоҳ Таоло улар нима қилишларини билган бўлса, (ўша амалларгина қилинади, ҳеч нарса қўшилмайди ва ҳеч нарса камайтирилмайди).
Яъни, Аллоҳ таоло азалда уларнинг нима қилишларини билган бўлса, ўшани қилишади.
وكُلٌّ مُيَسَّرٌ لِمَا خـُلِقَ لـَهُ
82. Ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар этилади.
Аллоҳ таоло айтади: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни(яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким(Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни)ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!»(Вал-лайл: 5-10).
وَالأعْمَالُ بِالْخَـوَاتِيمِ
83. Амалларга якунига қараб баҳо берилади.
Инсон солиҳларнинг солиҳи бўлса ҳам амали билан мағрурланмаслиги, доим ёмон оқибатдан қўрқиб туриши, бирон кишини амалига қараб у дўзах аҳлидан деб ҳукм қилмаслиги лозим. Чунки, ўзининг оқибати нима билан якун топишини билмайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис буни очиқ изоҳлаб беради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дарҳақиқат, ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» (томчи сув) ҳолида жамланади, сўнгра худди шунча муддат ичида «алақа» (лахта қон) ҳолида бўлади, сўнгра худди шунча муддат ичида «музға» (бир парча гўшт) ҳолида бўлади. Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади, сўнг унга жон пуркалади. Албатта, бир киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газ (ярим қадам)гина масофа қолади. Шунда унинг китоби (Аллоҳ таоло унинг жаннатий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) ўзиб кетиб (яъни ундан ғолиб келиб), жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади. Яна бир киши жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобида (Аллоҳ таоло унинг дўзахий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) етиб келиб (яъни ундан ғолиб келиб), дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади».26
Инсон ёмон хотимадан қўрқиши, бировга ҳам ёмон хотима билан ҳукм қилмаслиги керак. Чунки ҳаёти нима билан хотималанишини билмайди. Тавба ўзидан олдинги гуноҳларни ўчириб юборади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар(кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38).
Амалларга якунига қараб баҳо берилади, бироқ Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлиги улуғки, ким яхши амаллар устида яшаб ўтса, охирги ҳаётида ҳам яхшилик билан кетишига муваффақ қилиб қўяди. Ким ёмон амаллар билан ҳаётини ўтказса, охирида ҳам ёмон амал билан ҳаётини якунлайдиган қилиб қўяди. Инсон Аллоҳ азза ва жаллага яхши гумонда бўлган ҳолда сабабларни қилиб бориши лозим.
Баъзи бировлар: «Ўлимдан олдин тавба қилиб оламан» дейишади. «Хўш, қачон ўлишингни биласанми?!» – деймиз унга – бир лаҳзада, тавба қилишга ҳам улгурмасдан ўлиб қолишинг ҳам мумкин-ку! Ўлим олдидаги тавбанг мақбул бўладими, йўқми, буниси ҳам маълум эмас! Тавбанинг ҳам ўзига яраша шартлари бор!»
والسَّعِيدُ مَنْ سَعِدَ بِقـَضَاءِ اللهِ, والشَّقِيُّ مَنْ شَقِيَ بقـَضَاءِ اللهِ
84. Чинакам бахтли инсон Аллоҳнинг тақдири ила бахтли бўлган инсондир. Ҳақиқий бадбахт Аллоҳнинг тақдири ила бахтсиз бўлган кимсадир.
Лекин у Аллоҳнинг қазоси билан эмас, балки Аллоҳ унга тақдир қилган амали билан бахтсиз бўлади. Аллоҳ кимни бахтли ёки бахтсиз бўлишини тақдир қилган бўлса, уни ўшанга муяссар қилиб қўяди.
و أصْـلُ القـَدَر سِرُّ اللهِ تـَعَالى فِي خـَلـْقِهِ
85. Тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидаги сиридир.
Яъни, қазо ва қадар ҳақида ҳар қанча изланманг, барибир унинг сирига етолмайсиз. Шунинг учун ўзингизни уринтирмай қўяверинг-да, қазо ва қадарга иймон келтиринг, солиҳ амаллар қилинг ва ёмон ишлардан сақланинг. Қазо ва қадарнинг сирига етиш сизнинг ихтисосингиз ҳам, имконингиздаги иш ҳам эмас, унга таклиф ҳам қилинмагансиз.
لـَمْ يَطَّلِعْ عَلى ذلك مَلـَكٌ مُقـَرَّبٌ, و لا نـَبيّ مُرْسَلٌ
86. Ушбу сирдан ҳеч бир муқарраб фаришта ва ҳеч қайси пайғамбар воқиф бўлмаган.
Бу Аллоҳ таолонинг Ўзига хос ишлардан, Унинг Ўзидан бошқага маълум бўлмаган ғайбий нарсалардан. Уни на фаришталар, на пайғамбарлар, на бошқалар била олади. Аллоҳ таоло Пайғамбарлар саййиди бўлган зотнинг сўзларини Қуръонда шундай баён қилган: «Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди» (Аъроф: 188).
و التـَّعَمّقُ و النـَّظرُ فِي ذلك ذريعَةُ الخِذلانِ, و سُلـَّمُ الحِرْمَانِ, و دَرَجَةُ الطـُغـْيَان
87. Бу ҳақда фикрлашга шўнғиш ва мунозарага берилиш муваффақиятсизликка олиб боради, маҳрумликка етказади, туғёнга сабаб бўлади.
Бу жуда катта ва оғир гап. Яъни, қазо ва қадарга ва у ҳақдаги масалаларга чуқур шўнғиш, вақтни, қалб ва нафсни шунга машғул қилиш шак-шубҳалар келтириб чиқаради, амалдан буриб юборади, Аллоҳнинг мададидан узилишга ва муваффақиятсизликка олиб боради.
Аллоҳ бандадан ёрдамини дариғ тутса, уни шу каби ишларга машғул қилиб қўяди. Аллоҳ бандани мукаррам қилса, уни Ўзининг тоатига ва вақтидан унумли фойдаланишга муваффақ қилиб қўяди.
Биз учун белгилаб қўйилган чегаралар бор, улардан ўтиб кетолмаймиз. Аллоҳ таоло бизни қазо ва қадар ҳақида баҳс қилишга таклиф этмаган, балки солиҳ амаллар қилишга ва ёмон ишлардан сақланишга таклиф қилган.
فالحَذر كُلّ الحَذر مِن ذلك نـَظرًا و فِكْرًا و وَسْوَسَةً
88. Шунинг учун бу ҳақда мунозара қилиш, фикрга шўнғиш, васвасаланиб қолишдан ҳазир бўлмоқ лозим.
Яъни, бундай қилишдан эҳтиёт ва узоқ бўлиш зарур. Васвасаланиш – шак-шубҳа ва иккиланиш тўрига ўралашишдир. Бу ишларни тарк қилинг ва бу эшикни бутунлай ёпиб ташланг!
فإنَّ اللهَ َطوَى عِلـْمَ القـَدَر عَن أنـَامِهِ
89. Зеро, Аллоҳ Таоло тақдир илмини махлуқотидан беркитди.
Бу ибора юқоридаги «тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидан тутган сиридир» деган сўзларни таъкидлаш учун келтирилди. Аллоҳ таоло ушбу маълумотларни махлуқотларидан яширди, чунки уларни билишдан уларга ҳеч қандай манфаат келмас эди.
و نـَهَاهُم عَن مَرَامِهِ
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев