Қиёмат кунига қадар нима бўлиши керак бўлса, ўшани қалам ёзган, сиёҳ қуригандир. Бандага нимаики етмаган бўлса, аслида унга етиши керак эмас эди. Унга етган нарса эса, аслида уни четлаб ўтиши мумкин эмас эди.
Бу, яъни сизга Аллоҳ таоло ёзган нарсадан бошқаси етмаслиги, сизга етган иш ёки кўргулик албатта етиши керак бўлгани учун етгани, сиздан четлаб ўтиб кетган иш ёки кўргулик эса сизга етмаслиги керак бўлгани учунгина етмаган эканига ишониш қазо ва қадарга иймон келтиришга киради.
Агар сизга бирон ёқимсиз иш ёки мусибат етса, биласизки, бу нарса лавҳул маҳфузда битилган ва албатта бўлмасдан иложи йўқ эди. Шу ишонч билан тасалли топасиз, жазавага тушишдан қутуласиз, Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирган бўласиз.
Сизга етмаган нарса (яъни омад ё мусибат, бахт ё бахтсизлик) ҳаргиз етмаган бўларди. Сиз бир нарсани талаб қилиб унинг йўлида ҳар қанча ҳаракат қилманг, пул-мол сарфламанг, агар тақдирда битилмаган бўлса асло у нарсага етишолмайсиз. Сабабини қилсангиз, ҳамма нарсани сарф қилиб ҳам унга эришмасангиз, қазо ва қадарга бўлган ишончингиз туфайли сиз бунга таслим бўласиз, сиқилиб, ғамга ботмайсиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингга фойдали бўлган нарсага интил, Аллоҳдан мадад сўра ва ожиз бўлма! Агар бирон (кўнгилсизлик) етса: «Агар ундай қилганимда бундай бўларди экан» дема, балки: «Аллоҳ шуни тақдир қилибди, У Ўзи истаган ишини қилди», дегин! Чунки «агар» шайтоннинг иши(га йўл) очади»1 (Муслим ривояти).
Мана шуларни билсангиз, иш сизга осон кўчади, жазавага ҳам тушмайсиз, ҳасратга ҳам ботмайсиз. Барча ишлар Аллоҳнинг қўлида. Тўғри, сиз сабабларни қиласиз, ўзингизга фойдали бўлган ишларга уринаверасиз, лекин натижалар Аллоҳ азза ва жалла тарафидан келади, ўзингиз учун яхшилик нимада эканини сиз билмайсиз. Балки, Аллоҳ азза ва жалла ўша нарсани сизга бермаганининг сабаби – мабодо унга эришган бўлганингизда ундан сизга фойда эмас, аксинча зарар етиши мумкин бўлар эди, Аллоҳ билади, сиз билмайсиз. Шундай экан, Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиш сиз учун энг яхши йўлдир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан айтади:«Айтинг: Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳгагина суянсинлар!» (Тавба: 51).
Кофирларнинг Уҳуд куни ўлдирилган кишилар ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», (Оли Имрон: 156) деб айтган гапларига жавобан Аллоҳ таоло айтди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган бўлар эдилар» (Оли Имрон: 154).
Инсоннинг тақдирига битилган нарса жорий бўлмай иложи йўқ. Ҳар қанча эҳтиётини қилмасин, яшириниб ва ўраниб олган бўлмасин, бу нарсалар уни Аллоҳнинг қазо ва қадаридан тўсолмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур» (Нисо: 78).
وعَلى العَبْدِ أنْ يَعْلمَ أنَّ اللهَ قَدْ سَبَقَ عِلمُهُ فِي كُلِّ كَائِنٍ مِنْ خَـلْقِهِ
102. Банда яна шуни билиши лозимки, махлуқот тарафидан нимаики содир бўлса, ўшани Аллоҳ Таоло аввалдан билган.
Бу қазо ва қадарга иймон келтириш даражаларининг биринчи даражасидир. Яъни, банда ишонади ва эътиқод қиладики, Аллоҳ таоло бўлган-у бўлмаган нарсаларнинг ҳаммасини Ўзининг азалий илми билан билган, уларнинг ҳаммасини ҳали бўлмасиданоқ Ўзининг ҳамма нарсани иҳота қилувчи илми билан билган. Шундай эътиқод қилиш лозим.
فَقَدَّرَ ذلك تَقْدِيراً مُحْكَماً مُبْرَماً
103. Ҳамда уни пухта ва ўзгармас қилиб тақдир этган.
Аллоҳ таоло билган ва пухта ўлчаб, тақдир қилган: «У барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон: 2).
Демак, оламдаги ҳеч бир иш тартиб-интизомсиз эмас, ҳаммаси пухта тартибланган ва Аллоҳнинг қазо ва қадарига бўйсундирилган. Аллоҳ таоло бетартиблик ва беҳуда яратишдан покдир.
لـَيْسَ فِيهِ نـَاقِضٌ، ولا مُعَقِّبٌ، وََ لا مُزيلٌ، ولا مُغَيِّرٌ، ولا نـَاقِصٌ ولا زَائِدٌ مِنْ خَلْقِـهِ فِي سَمَاوَاتِهِ وَأرْضِهِ.
104. Осмонлару ердаги бирон махлуқ ушбу тақдирни бузишга, текширишга, йўқотишга, ўзгартиришга, камайтиришга ёки кўпайтиришга қодир эмас.
Бирон жонзот ўзи билганича тасарруф қилиб, Аллоҳ қазо (ҳукм) қилган ва тақдир қилган нарсани ўзгартиришга қодир эмас. Унинг қазосини қайтарувчи, Унинг ҳукмини текширувчи йўқ.«Аллоҳ ҳукм қилур — Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас» (Раъд: 41). Ҳеч ким Аллоҳнинг қазосидан бирон нарсани камайтиришга ёки унга бирон нарса қўшиб қўйишга қодир эмас. Бу аллақачон ҳал қилинган ишдир.
Мусулмон киши мана шу эътиқодда бўлса, жуда кўп шак-шубҳа ва гумонлардан қутулади. Лекин, бунинг маъноси қазо ва қадарга, лавҳул маҳфуздаги битикка суяниб, амални тарк қилиш дегани эмас2. Мусулмон киши амал қилишга, ризқ талаб қилишга, сабабларни қилишга буюрилган. Аммо, натижалар Аллоҳ азза ва жалланинг қўлидадир.
وذلِكَ مِن عَقـْدِ الإيمَان، وأصُولِ الْمَعْرِفـَةِ
105. (Тақдир ҳақида) ана шундай эътиқодда бўлиш иймон арконларидан ҳамда Аллоҳни тўғри таниш асосларидандир.
Қазо ва қадар ҳақидаги бу ақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон ақидаси ичига киради. Яъни, қазо ва қадарга иймони бўлмаган одам Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирган бўлмайди. Қазо ва қадарга иймон келтириш иккиламчи ёки жузъий масалалардан эмас, балки у ақиданинг асосларидан ва иймоннинг рукнларидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришингдир»3.
والاعْتِرَافِ بِتَوْحِيدِ اللهِ تَعالَى ورُبُوبـِيَّتِهِ، كَما قال تعالى في كِتـَابهِ: وَخـَلـَقَ كُلّ شَيْءٍ فـَقـَدَّرَهُ تـَقـْدِيراً وقال تعالى: وكَانَ أمْرُ اللهِ قـَدَراً مَقـْدُوراً.
106. Ва бу рубубиятда Унинг ягона зот эканлигини эътироф этиш асосларидандир. Аллоҳ Таоло айтади: «У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди» (Фурқон: 2). Яна бир оятда эса: «Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).
Қазо ва қадарга иймон келтириш рубубият тавҳидига киради. Чунки қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг феълларидан, ким уни инкор қилса рубубият тавҳидига иймон келтирган бўлмайди.
«У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди» (Фурқон: 2).
«Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).
«Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).
«(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур)» (Тағобун: 11).
«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).
Бу ва бошқа шу маънодаги оятлар қазо ва қадарга иймон келтиришга далолат қилади.
فوَيْلٌ لِمَنْ صَارَ لِلّهِ تَعالَى في القـَدَر خـَصِيمًا, وأحْضَرَ لِلنـَّظـَر فِيهِ قَلْباً سَقِيماً
107. Шундай экан, тақдир борасида касал қалб билан фикр юритиб, ушбу масалада Аллоҳга хусуматчи бўлган кимсага вайл бўлсин.
Қазо ва қадар ишига аралашиб, бу ҳақда шубҳа-гумонлар пайдо қилган одам Аллоҳга хасим (рақиб) бўлган ва У билан талашган бўлади. Қазо ва қадарнинг тўртов даражасига Китобу Суннатда келган равишда иймон келтиришсиз кишининг иймони дуруст саналмайди. Ҳар хил саволлар, шубҳа ва гумонлар гирдобига шўнғиш ярамайди, зеро бундай қилиш Аллоҳ билан талашиш бўлиб қолади. Қазо ва қадар ҳақида чуқур киришган кишилар ҳеч нарсага етиб бормаганлар, балки гангиш ва беқарорлика тушиб қолганлар, ақидалари бузилгани қолган, холос.
Қазо ва қадар каби Аллоҳ таолонинг Ўзига хос бўлган ишларига фикр ва ақл билан етиб бўлмайди. Шундай экан, ақлингизни у ҳеч қачон англаб етолмайдиган ишларга ишлатманг. Ақл чекланган, у ҳамма нарсани идрок қилишга қодир эмас. Уни кучи етмайдиган ишларга ишлатиб овора бўлманг.
لَـقَـدِ الـْتـَمَسَ بـِوَهْمِهِ فِي فـَحْصِ الغـَيْبِ سِرّاً كَـتِـيماً
108. Зеро у ожиз фикри билан ғайбни титкилаб, Аллоҳ беркитган сирни билмоқчи бўлди.
Чунки, қазо ва қадар Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларидан сир тутган нарсасидир. Шундай экан, у ҳақда баҳс юритманг. Сиз бунга буюрилмагансиз. Сиз амалга, тоат ва бўйсунишга буюрилгансиз.
وعَادَ بمَا قال فِيهِ أَفـَّاكاً أَثـِيمًا.
109. Ва тақдир тўғрисида гапириб ёлғончи гуноҳкор бўлди.
Яъни, унинг ҳар бир айтган сўзи ва юритган баҳси ёлғон ва бўҳтон бўлди. Чунки у буюрилмаган ишга қўл урди, ўзига тегишли бўлмаган ва ақли етмайдиган нарсага аралашди.
وَالْعَرْشُ وَالْكُرْسِيُّ حَقٌّ.
110. Арш ҳам, Курсий ҳам ҳақдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонларни яратди, ерни яратди, Курсийни яратди, Аршни яратди. Буларнинг барчаси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқоти. Осмонлар ернинг устида, осмонлар устида денгиз, денгиз устида курсий, курсий устида арш бўлиб, у махлуқотлар ичида энг олий-юқорисидир. Ҳадисда айтилишича: «Етти осмон(нинг) курсийга нисбатан (ҳажми) қалқонга ташлаб қўйилган етти танга кабидир». Яъни, етти осмон ўзининг улканлиги ва ўз ичига олган барча нарсалар билан биргаликда курсийга қиёс қилинса, жангчининг қалқонига ташлаб қўйилган етти тангага ўхшаб қолади. «Унинг курсиси осмонлар ва ердан кенгдир» (Бақара: 255) ояти шуни ифодалайди. Арш курсийдан катта, ҳадисда келганидек, курсий аршга нисбатан олиб қаралганда бепоён саҳрога ташлаб қўйилган битта ҳалқа мисолидадир.
Ушбу махлуқотларнинг нақадар буюк ва улканлиги ёлғиз Аллоҳннинг Ўзигагина маълум.
Арш махлуқотларнинг энг олийси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло арши устида, махлуқотларидан юқорида.
Курсий аршнинг остида, ривоятларда айтилишича, у икки қадам-пойнинг ўрни. Курсий махлуқ, ундан мақсад – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога нисбат берилган сўзда айтилганидек илм эмас. У киши «Унинг курсиси осмонлар ва ердан кенгдир» оятидаги курсисидан мурод – илми, деганликлари айтилади. Яъни, Унинг илми осмонлару ердан кенг. Маъно саҳиҳ. Бироқ, оятдан мақсад бу эмас. Курсий махлуқ, илм эса Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларидан бири, у махлуқ эмас. Арш ва курсийга ҳақиқий маъносида иймон келтириш вожиб. Арш ашъарийлар ва уларга ўхшаганлар айтишганидек мулк эмас, улар «Арш мулкдир» дейишади, Аллоҳ таолонинг «Ўз аршига кўтарилди» (Аъроф: 54) оятини «мулкни истило қилди (эгаллади)» деб айтишади. Ундай эмас, арш махлуқдир: «Илгари У зотнинг арши сув устида эди» (Ҳуд: 7). Аршнинг остида курсий бор, курсийнинг остида осмонлар бор, ер эса осмонлар остида. Ҳадисда айтилганки: «Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир»4. Демак, Фирдавс жаннатларнинг энг олийси, унинг устида Раҳмон таолонинг арши бор.
Аллоҳнинг арши махлуқ, унинг бир тоифа малоикалардан иборат кўтариб турувчилари бор:«Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-ҳаққо: 17). Қиёматдан аввал уни тўртта фаришта кўтариб туради, қиёмат бўлганда икки баробар бўлиб, саккизта фаришта кўтаради. Ҳар бир фариштанинг хилқати, буюклиги ва куч-қудрати тасаввурга сиғмас даражададир.5
Арш мулк дейиладиган бўлса, унда, мулкни малоикалар кўтариб туради, деймизми?!
وَهُوَ مُسْتَغْنٍ عَنِ الْعَرْشِ وَما دُونَهُ
111. Аллоҳ Таоло Аршдан ҳам, ундан қуйи нарсалардан ҳам беҳожатдир.
«Сўнгра Ўз аршига ўрнашди» (Аъроф: 54) оятининг маъноси – Аллоҳ таоло аршга бир махлуқ бошқа бир махлуқнинг устига ўрнашгани каби муҳтож, дегани эмас. Балки Аллоҳ азза ва жалла арш устига кўтарилган, ўрнашган, ваҳоланки У аршдан ҳам, ундан қуйидаги нарсалардан ҳам беҳожат.
Барча махлуқотлар Аллоҳ таолога муҳтож: «Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41). Аршни тутиб турадиган, осмонларни тутиб турадиган, ерни ва махлуқотларни тутиб турадиган ёлғиз Унинг Ўзидир. У Ўзининг қудрати билан уларни ушлаб-асраб туради. Улар ҳаммаси Унга муҳтож, У эса улардан беҳожатдир.
Бир нарса бошқа нарсанинг устида бўлишидан юқоридаги нарса пастдаги нарсага албатта муҳтожлиги келиб чиқмайди. Мана, осмонлар ернинг устида, бироқ улар ерга муҳтож эмас.
مُحِيطٌ بِكُلِّ شَيْءٍ وَفَوْقَهُ
112. У ҳамма нарсани (илми ва қудрати билан ўраб) иҳота қилган ва (ҳамма нарсадан) юқоридадир.
У ҳамма нарсани иҳота қилган, «Албатта Аллоҳга на Ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир» (Оли Имрон: 5), иҳота қилиши ўша нарсаларни билишидир. Чунки, аслида, У зот ҳамма нарсадан юқоридадир.
وَقَدْ أَعْجَزَ عَنِ الإحاطَةِ خَلْقَهُ
113. Махлуқотларини эса Ўзини иҳота қилишдан ожиз қолдиргандир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билади. Улар эса У зотни илм (билиш) билан иҳота қила олмайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255). Аллоҳ ҳамма нарсани Ўз илми билан иҳота қилган: «Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).
وَنَقولُ: إِنَّ اللهَ اتَّخَذَ إبراهيمَ خَليلاً، وكَلَّمَ اللهُ موسَى تَكْليماً، إيماناً وتَصْديقاً وتَسْليماً.
114. Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳис-саломни Ўзига халил (яқин дўст) қилган ва Мусо алайҳис-саломга чинакам тарзда гапирган, деб иймон келтирамиз, (шу тўғрида келган саҳиҳ хабарларни) тасдиқлаймиз ва (кайфиятини Аллоҳга ҳавола этиб) таслим бўламиз.
Пайғамбарлар махлуқотларнинг энг афзаллари эканига ва улар ҳам ўзаро бир-бирларидан афзал бўлишларига ишониш ҳам мусулмонларнинг ақидаларидан саналади. Яна улар, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломни Ўзига халил қилган, деб эътиқод қиладилар. Унинг Ўзи айтганидек: «Иброҳимни Аллоҳ Ўзига халил-дўст тутган» (Нисо: 125). Халиллик – дўстлик ва муҳаббатнинг энг олий даражасидир. Аллоҳ жалла ва ало Ўзининг мўмин, тақводор, муҳсин бандаларини яхши кўради, дўст тутади, тавба қилувчиларни ва ўзини пок тутувчиларни яхши кўради, лекин халилликка оламда фақат икки киши – Иброҳим алайҳис-салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эришганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:«Аллоҳ таоло мени худди Иброҳимни халил қилганидек халил қилди»6.
«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164). Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилди. Гарчи уларнинг ҳаммаси юксак мартаба эгалари бўлсалар-да, афзалликда ўзаро тафовутлари мавжуд: «Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва(уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253). Ҳар бир пайғамбарга Аллоҳ азза ва жалла ўзига хос афзаллик ато этди. Иброҳим ва Муҳаммад алайҳимас салоту вассаломни халиллик билан афзал қилди, Мусо алайҳис-саломни унга бевосита гапириш билан афзал қилди, Мусо У зотнинг каломини эшитди, У субҳанаҳу ва таоло Мусога ҳам баланд овозда нидо қилди, ҳам паст овозда муножот қилди, шуларнинг ҳаммаси Мусо алайҳис-саломга ҳосил бўлди, ушбу фазилат у кишидан бошқа пайғамбарга насиб бўлмаган. Бироқ, бир пайғамбарда бошқаларида бўлмаган бир афзаллик-имтиёз бор бўлишидан у бошқа пайғамбарлардан мутлақ афзал экани келиб чиқмайди. Балки у мана шу хислатдагина бошқа пайғамбарлардан афзал бўлади.
وَنُؤْمِنُ بِالْمَلائِكَةِ وَالنَّبِيِّينَ
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев