Қиёмат кунида қайта тирилиш, амаллар учун мукофот берилиши, рўпара қилиниш, (амалларнинг) ҳисоб-китоб қилиниши, номаи-аъмолларнинг ўқилиши, савоб ва жазо (берилиши), (жаҳаннам устига тортилган кўприк бўлмиш) Сирот, (бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари тортиладиган) тарози – барчаси ҳақ эканлигига иймон келтирамиз.
Барзах ҳаётидан сўнг одамлар қабрларидан тирилиб чиқадилар. Қабрлар жасадларни ўзи бағрида сақлаб турган бўлади. Қайта тирилиш куни Аллоҳ таоло бу жисмларни аввалда қандай яратган бўлса шундай, бирон нуқсонсиз, қайта яратади: «..биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай)қилувчидирмиз» (Анбиё: 104).
У аввал қандай бўлган бўлса худди ўша ҳолига қайтади, яъни кимдир биров ўзи таниган бир кишининг ёнидан ўтса: «бу фалончи-ку», дейдиган даражада бўлади. Сўнг Аллоҳ таоло Исрофил алайҳис-саломга буюради, у сурни иккинчи бор чалади, шунда руҳлар жасадларга қараб учади.
Маҳшар – халойиқлар йиғиладиган жой бўлиб, Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларни қайта тирилгач, бир жойга йиғади. Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир. Қайта тирилишга иймон келтириш, ҳадисда келганидек, иймоннинг олтита рукнидан биридир.
Мушрик ва худосизлар ўз ақлларига суяниб, қайта тирилишни инкор қилишди, «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилувчимизми, аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» (Воқеа: 47, 48) дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бундай инкорларини Қуръоннинг бир неча жойида келтирган, масалан, «У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди» (Ёсин: 78).
Аллоҳ таоло қайта тирилишнинг ҳақлигига ақлий далилларни ҳам зикр қилган: «У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир» (Рум: 27).
Буни фақат мисол тариқасида келтирган, холос. Аслида, арзимас бир томчи сувдан яратган зот уларни тупроқдан яна қайта яратишга ва аввал қандай бўлган бўлсалар ўша ҳолга қайтаришга қодир бўлмайдими?! «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у(бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас,(Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир)!» (Қиёмат: 36-40).
Қайта тирилишга далиллардан яна бири – сувсизликдан қақраган, биронта гиёҳ унмай ётган дашт ердирки, Аллоҳ таоло унга ёмғир ёғдиргач, саноқли кунлар ичида у кўкаламзор ерга айланади.
Ўлик ерни тирилтира олган зот инсонни қайта тирилтиришга қодир бўлмайдими?! Бу ақлга ҳам тўғри келадиган, кўз билан кўриб турилган нарсадир:
«Ўлик-қуруқ ер улар учун (қайта тирилиш ҳақ эканига) бир оят-аломатдир – Биз уни (сув билан) тирилтирдик» ва ундан (турли) дон-дунни ундириб чиқардик » (Ёсин: 33).
«(Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) — сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур» (Ҳаж: 5).
Қайта тирилишга яна бир далил – агар Аллоҳ таоло одамларни қайта тирилтирмаса ва жазо ва мукофотларини бермаса эди, уларни абас ва беҳуда яратган бўлиб қоларди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бирон ишни беҳуда қилишдан пок зотдир: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ - Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир» (Муъминун: 115, 116).
Ҳаёти дунёда умрини тоат-ибодатда ўтказган киши ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Бир умр ерда бузғунчилик ва фаҳш ишлар билан умргузаронлик қилган кофир кимса ҳам ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Ахир бу Аллоҳнинг ҳикматига тўғри келмайди-ку!
«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри)ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35, 36).
«Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу(яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай! Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 27, 28).
Баъзан мўмин киши дунёда роҳат кўрмай, фақат меҳнат-машаққат ичида ўтади. У ҳам амалининг мукофотини кўрмаса?! Кофир эса роҳат-фароғатда яшаб, бузғунчиликлар билан ҳаёт кечириб, у ҳам амалига яраша жазо кўрмаса?! Бу Аллоҳ таолонинг ҳикматига муносиб иш бўлмайди.
Амалларнинг жазо ва мукофотига бу дунёда эришилмайди, балки охират диёрида етилади.
«Рўпара қилиниш»дан мақсад – Аллоҳ таолога рўпара қилинишдир: «Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар» (Ал-ҳаққа: 18), «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз» (Каҳф: 48). Яъни, улар Аллоҳ азза ва жаллага ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолларида рўпара қилинадилар.
Амалларнинг ҳисоб қилиниши – мўминларга нисбатан уларни яхши ва ёмон амалларига иқрор қилдириш маъносида бўлади. Кофирларнинг яхши ва ёмон амалларини ўлчаш деган нарса бўлмайди, уларга нисбатан ҳисоб-китоб фақат ёмонлик ва гуноҳларига иқрор қилдириш маъносида бўлади, чунки уларда савобли амалнинг ўзи бўлмайди.
Мўминлардан баъзилари ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар, баъзилари осон-енгил ҳисоб билан ҳисоб қилинади, баъзиларга эса ҳисоб тўла қилинади. Ҳадисда айтилади: «Ким тўла-тўкис ҳисобга тортилса, азобга дучор бўлади».27
Номаи аъмоллар – дунёда қилинган амаллар ёзилган саҳифалар бўлиб, қиёмат куни ҳар бир кишига амаллари саҳифаси берилади, унда ҳамма ишлари ёзилган бўлади:
«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган)нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта(гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас»(Каҳф: 49).
«Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур:) «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро: 13, 14).
«Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга)рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур» (Ал-ҳаққа: 19-23).
«Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (Ал-ҳаққа: 25-29).
Бу саҳифаларнинг ўнгдан ё чапдан берилишидир.
Савоб ва жазо – яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва ёмонликларга бериладиган азоб-уқубатлардир.
Сирот – жаҳаннам устига тикилган кўприк бўлиб, қиличдан ўткир, қилдан ингичка, чўғдан иссиқдир. Одамлар унинг устидан ҳар ким амалига қараб ўтади. Кимдир яшиндек, кимдир шамолдек елиб, кимдир учқур отдек чопиб, кимдир туядек лўкиллаб, кимдир югуриб, кимдир юриб, кимдир судралиб ўтади, баъзиларни эса кўприкнинг икки чеккасидаги чангаклар тутиб қолиб, жаҳаннамга улоқтиради. Бу ғайб ишларидан бўлиб, унга инсоннинг ақли етмайди. Ҳамма шу кўприк устидан ўтади: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз(амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 71, 72).
Амаллар тарозида тортилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади. Ёмонликлари яхшиликларидан оғир келган одам зиёнкорга айланади: «(Амалларни) тўғри тортиш ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8, 9).
Амалларнинг тортилиши ва тарози бир неча оятларда зикр қилинган. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг адолатидан бўлиб, У ҳеч кимга зулм қилмайди. Тарози ҳақиқий бўлиб, унинг икки палласи бўлади. Яхшиликлар бир палласига, ёмонликлар иккинчи палласига қўйилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади, кимнинг ёмонликлари оғир келса, зиёнкор бўлади: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
اَلْجَنَّةُ و النّار مَخْلوقَتَانِ، لا تَفْنِيانِ أَبَدًا و لا تَبِيدانِ
166. Жаннат билан дўзах яратиб қўйилган ва асло йўқ бўлиб кетмайди.
Жаннат тақводорлар ҳовлиси, дўзах эса жиноятчилар ҳовлисидир. Аллоҳ таоло жаннат ҳақида:«тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган» (Оли Имрон: 133), дўзах ҳақида: «кофирлар учун тайёрлаб қўйилган» (Бақара: 24) деб зикр қилган. Иккаласи ҳам абадийлик ҳовлиси, сўнгги манзил ва қарорланиш ўрнидир.
Жаннат ва дўзаъ яратиб қўйилган ва ҳозирда мавжуд. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир. Аллоҳ таоло: «тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган» (Оли Имрон: 133), «кофирлар учун тайёрлаб қўйилган» (Бақара: 24) деб ўтган замон феъли шаклида зикр қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, тўсатдан гумбурлаган товуш эшитилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биласизларми, бу нима?», дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедик. «Бу – бундан етмиш йил олдин дўзахга ташланган тош эди. У ҳозиргача дўзахга тушиб борарди, энди тубига етди», дедилар.28 Бу ҳам дўзахнинг яратиб қўйилган эканига далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаҳаннамнинг икки нафаси бўлади. Қишдаги нафаси сизлар билган энг қаттиқ совуқдир, ёздаги нафаси сизлар билган энг қаттиқ иссиқдир», деганлар.29
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Ҳарорат кучайганида намозни (яъни пешинни) салқинлатиб ўқинглар, чунки ҳароратнинг кучайиши жаҳаннамнинг нафасидандир».30
Шунингдек, мўминнинг қабрига жаннатдан дарича очиб қўйилади, кофирнинг қабрига дўзахдан дарича очиб қўйилади. Бу ҳам жаннат ва дўзахнинг бор эканига далил бўлади. Адашган тоифалар буни инкор қилишади ва «жаннат ва дўзах қиёмат куни яратилади» дейишади.
فَإِنَّ اللهَ تَعالَى خَلَقَ الْجَنَّةَ والنّارَ قَبْلَ الْخَلْقِ، وَخَلَقَ لَهُما أَهْلاً
167. Аллоҳ Таоло жаннат билан дўзахни бошқа махлуқотларидан олдин яратди ва ҳар иккиси учун (муносиб) бандаларни ҳам яратди.
Аллоҳ таоло жаннатга ҳам ўзига муносиб кишиларни яратиб қўйган, дўзахга ҳам ўзига лойиқ кишиларни яратиб қўйган. Ҳар ким амалига яраша жазо ва мукофотга эришади.
فَمَنْ شاءَ مِنْهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ فَضْلاً مِنْهُ، وَ مَنْ شاءَ مِنْهُمْ إِلَى النّارِ عَدْلاً مِنْهُ
168. Бандаларидан кимни Аллоҳ жаннатий бўлишини ирода қилган бўлса, бу Унинг фазли-карами туфайлидир. Кимнинг дўзахий бўлишини истаган бўлса, бу Унинг адли тақозосидир.
Жаннатга амал билан эришиб бўлмайди. Амал бир сабаб холос. Аслида жаннатга фақат Аллоҳнинг фазли билангина эришилади. Одамзот ҳарчанд кўп ва хўп солиҳ амаллар қилган бўлмасин, бу жаннат муқобилида тўлов бўлишга арзимайди. Солиҳ амаллар жаннатга киришга сабабдир: «(Фаришталар уларга:) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар»(Наҳл: 32).
Дўзахга тушиш ҳам куфр сабаблидир. Бу ҳам Аллоҳнинг адолати тақозоси бўлиб, У зот бировни зулм билан эмас, амали сабабли дўзахга туширади.
وَكُلٌّ يَعْمَلُ لِمَا قَدْ فُرِغَ لَهُ، وَ صائِرٌ إلَى ما خُلِقَ لَهُ.
169. Ҳар бир инсон ўзи учун азалдан ҳал этиб қўйилган нарса (жаннат ёки дўзах) учун амал қилади ва нима учун яратилган бўлса, ўша сари боради.
Саодат аҳлидан бўлса, саодат аҳлининг амалини қилади, шақоват (бадбахтлик) аҳлидан бўлса, шақоват аҳлининг амалини қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади», деганлар.31
Аллоҳ таоло айтади: «Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу ҳаракатларингиз ҳилма-ҳилдир. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) адо этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини)тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 4-10).
Демак, амалларингиз сизга ҳакам бўлади. Агар яхши бўлса, сиз осон йўлга муяссар қилинасиз, ёмон бўлса, оғир йўлга йўлланасиз.
وَالْخَيْرُ وَالشَّرُّ مُقَدَّرانِ عَلَى الْعِبادِ.
170. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга (азалдан) тақдир қилингандир.
Бу ҳақдаги баҳс қадарга иймон келтириш бобида ўтди. Қадарга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан биридир. Ҳадисда келганидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига(барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»32.
Муаллиф бу иборани ҳадис маъносидан олганлар.
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг тақдири биландир. Борлиқда бирон нарса У зотнинг қазо ва қадарисиз амалга ошмайди. Бунга иймон келтириш шартдир.
Аллоҳ азза ва жалла яхшилик ва ёмонликни ҳикмат учун яратган: «Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар» (Анбиё: 35). Бу билан иймон, тавҳид, Аллоҳга бўйсуниш аҳли билан куфр, ширк ва бединлик аҳли ўртаси ажралади. Агар яхшилик бўлмаса эди, ажралиш ҳам бўлмас эди.
Аллоҳ таоло яхшиликни яхши кўради, уни яратади ва тақдир қилади. Ёмонликни эса ёмон кўради, бироқ уни ҳам ҳикмат учун, синов ва имтиҳон учун яратади. Агар ёмонлик бўлмасайди, куфр ҳам, пайғамбарларга адоват ҳам бўлмасди. Агар яхшилик бўлмасайди, жиҳод, амру маъруф, наҳий мункар, дўстлашиш ва душманлашиш бўлмасди, одамлар ўртасида тафовут ҳам бўлмасди.
Эътироз бўлиши мумкинки: «Аллоҳ таоло ширкни ва куфрни ёмон кўради-ку, қандай қилиб уни тақдир қилади?» Айтамизки: Уни ҳикмат учун, одамлар ўртасидаги тафовут зоҳир бўлиши учун яратган: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. У нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади» (Оли Имрон: 179). Биз тоат-ибодатли кишининг осий кимсадан фарқини фақат амаллари орқали биламиз, амаллар саодат аҳли билан шақоват аҳли ўртасини ажратиб туради.
وَالاِسْتِطاعَةُ الَّتِي يَجِبُ بِها الْفِعْلُ، مِنْ نَحْوِ التَّوْفِيقِ الَّذِي [لا يَجُوزُ أَنْ] يُوصَفَ الْمَخْلوقُ بِهِ – [ تَـكُونُ] مَعَ الْفِعْلِ، وَأَمَّا الاِسْتِطاعَةُ مِنْ جِهَةِ الصِّحَّةِ وَالْوُسْعِ، وَالتَّمَكُّنِ وَسَلامَةِ الآلاتِ – فَهِيَ قَبْلَ الْفِعْلِ، وَبِها يَتَعَلَّقُ الْخِطابُ، وَهُوَ كَما قالَ تَعالَى: لاَ يُكَلِّفُ اللهُ نَفْساً إلاَّ وُسْعَهَا البقرة: 286.
171. Бирор ишнинг амалга оширилиши учун зарур бўлган (ҳақиқий) қодирлик – масалан, Аллоҳнинг бандани бир ишни амалга оширишга муваффақ қилиб қўйиши ўша иш амалга ошаётган пайтда вужудга келади (ва банда бундан масъул эмасдир). Аммо соғлиқ, тоқат-имконият, асбоб-ускуналар каби банда тарафидан бўладиган қодирлик эса ўша амалдан олдин мавжуд бўлади. Шариатнинг хитоблари ана шу иккинчи қудратга тааллуқли бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ бирон кимсага унинг тоқатидан ортиқ бўлган нарсани юкламайди» (Бақара: 286).
Инсон тарафидан бўладиган қодирлик икки қисм бўлади:
Биринчиси: диний мажбурият, буйруқ ва қайтариқ унга тааллуқли бўладиган қодирлик.
Иккинчиси: Инсон у билан бир иш-феълни қила олишга тайёрлиги.
Биринчи қодирликнинг маъноси – куч-қувват, яъни инсонда бир ишни қилишга куч ва имконият бўлишидир. Диний мажбуриятлар мана шу қодирликка тааллуқлидир. Имконият ва қудрати бўлмаган инсонга шаръий мажбуриятлар юкланмайди. Масалан, мажнун ва гўдак болага буйруқ ва қайтариқ йўқдир. Лекин ёш бола етти ёшга етганида унда қодирлик пайдо бўлади, шу боис тарбия, ибодатга ўрганиш ва чиниқиш юзасидан уни намозга буюрилади. Балоғатга етганидан кейингина мукаллафга айланади. Бу қодирлик ишни қилишдан олдин мавжуд бўлиши шарт бўлган туридир.
Иккинчи қодирлик – у билан бир амални ижро қилиш ва бажариш ҳосил бўладиган қодирликдир. Бу қодирлик феъл билан бирга, ўша иш амалга ошаётган пайтда бўлади. Масалан, ҳажда ҳар икки қодирлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97). Бу – имкониятга эга бўлиш қодирлигидир. Ҳаж йўлига қодир бўлган одамга, яъни йўл озуқаси ва улови бўлган кишига фарз бўлади. Шу нарсаларга эга бўлган одамга ҳаж фарз бўлади, чунки унда имконият вужудга келган бўлади. Бу – ишни бажаришдан олдин бўлиши шарт қилинган қодирликдир. Иш билан бирга ҳосил бўладиган қодирлик – яъни ҳажни адо этиш – оғир касал ёки ўта қари одамда бу қудрат бўлмаслиги мумкин. Бундай одам ижро этиш ва адо қилиш қодирлигига эга бўлмайди, лекин мукаллаф бўлиш қодирлигига эгадир. Шу боис унинг зиммасида ҳаж фарзлиги қолаверади.
Яна масалан, намоз вақти кириши мукаллафга намозни вожиб қилади, адо этиш эса унингимкониятига қараб бўлади. Бемор одам тик туриб намоз ўқийди, қодир бўлмаса ўтириб ўқийди, унга ҳам қодир бўлмаса, ёнбошлаб ўқийди. Намоз ҳар қандай ҳолда ҳам фарз, чунки у одамда мана шу қодирлик мавжуд. Бу – феълдан олдинги қодирликдир. Аммо феъл билан бирга бўладиган қодирлик баъзан мутлақо бўлмаслиги, баъзан бор бўлса-да, тўла бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда унга имконияти даражасида фарз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16), «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).
Демак, икки қодирлик ўртасидаги фарқ шуки, биринчисига хитоб (шаръий мажбуриятлар) тааллуқ топади, иккинчисига ижро ва адо қилиш тааллуқ топади.
وَأَفْعَالُ الْعِبادِ [هِيَ] خَلْقُ اللهِ، وَكَسْبٌ مِنَ الْعِبادِ.
172. Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратади, бандалар эса (ўша амалларни) касб қиладилар.
Бу масала атрофида тортишувлар, адашиш ва тойилишлар содир бўлган. Яъни, бандаларнинг иш-амалларини Аллоҳ яратадими ёки уларни бандаларнинг ўзлари яратадиларми?
Бир тоифа, яъни жабрийлар ва жаҳмиялар айтишларича, банда мажбур, содир бўлаётган амалларга унинг дахли, яъни инон-ихтиёри йўқ. Уларни фақат Аллоҳ азза ва жалланинг ўзи яратади. Масалан, адо этаётган намозини ҳам ўз ихтиёрисиз адо этади, у бунга мажбур. Бу тоифалар Аллоҳнинг қудратини исботлашда ғулув кетдилар. Уларнинг бу сўзлари очиқ залолат бўлиб, унинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилади ва уларни ўз ихтиёрларисиз бажарган амаллари учун азоблайди. Бандага бошқа биров қилган иш учун азоб беради, бошқа биров қилган иш учун савоб беради.
Иккинчи тоифа, яъни муътазилаларнинг сўзлари тамоман бунинг акси бўлиб, улар: иш-амаллар банданинг мутлақ иродаси ва истак-хоҳиши самарасидир, уларга Аллоҳ аралашмайди, банда ўз феълини ўзи яратади, дейишади. Бу тоифа банданинг қудратини исбот қилишда ғулув кетди. Уларнинг бу гапларидан, Аллоҳ таоло ожиз, яратиш ва пайдо қилишда бошқалар Унга шерик бўлади, деган гап келиб чиқади. Бу эса айни мажусийларнинг сўзидир. Шунинг учун муътазилалар «бу умматнинг мажусийлари» деб ном олишган.33 Мажусийлар: «Борлиқнинг иккита яратувчиси бор, бири яхшиликларни яратувчиси, иккинчиси ёмонликларни яратувчиси» дейишади. Муътазилалар уларга қўшимча қилиб: «Ҳар ким ўзининг феълини ўзи яратади» дейишди.
Аҳли сунна вал-жамоа Китоб ва Суннат ёруғлигидаги ўрта йўлни ушлаганлар. Улар айтадилар: Бандаларнинг феъллари уларнинг истак-иродалари билан бўлади ва уларни Аллоҳ азза ва жалла яратади: «Сизларни ҳам, қилаётган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган» (Соффат: 96), «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62),«Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?!»(Фотир: 3). Аллоҳ таоло танҳо Ўзи яратади ва тақдир қилади. Банданинг ҳам истак-хоҳиши, иродаси бор, у феълини ўзи бажаради. Масжидга ҳам ўз ихтиёри билан боради, кино-театрга ҳам ўз ихтиёри билан боради, чунки бунинг учун унда қудрат бор. Аллоҳ таоло кимга куч-қудрат бермаган бўлса, уни Ўзи маъзур санаган. Масалан, мажнун ёки мажбурланган одамда инон-ихтиёр ҳам, қасд ҳам бўлмайди. Кимнинг инон-ихтиёри ва қасди ўзида бўлса, у иш-амалини ўзига ўзи ихтиёр қилади. Жазо ёки мукофотни ҳам ўзининг амалига биноан олади, Аллоҳ азза ва жалла қилган иш учун эмас.
Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган кишилар» (Бақара: 62, Нисо: 59), «Кофир бўлган кимсалар» (Оли Имрон: 116) деб, иймон ва куфр келтиришни инсонларнинг ўзларига нисбат берди, «Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!»(Нисо: 59), «Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилса» (Нур: 52) деб, феълларни бандаларнинг ўзларига нисбатлади.
Банданинг ўз истак-иродаси ва қасди бўлишига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам далил бўлади: «(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас)» (Инсон: 30). Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг истак-хоҳиши борлигини, бандасининг ҳам истак-хоҳиши борлигини исботлади ва банданинг истак-хоҳишини Ўзининг истак-хоҳиши остига киритди.
«Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун» (Таквир: 28) оятида жабрияларга раддия бор,«фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина» (Инсон: 30) оятида қадарияларга раддия бор.
وَلَمْ يُكَلِّفْهُمُ اللهُ تَعالَى إِلاَّ ما يُطِيقُونَ
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев