Бу онамнинг вафот этган учинчи фарзандлари эди!
Жуда тўкилиб қолдилар. Сал ўтмасдан камина ҳам касал бўлиб ётиб қолдим.
Онам "лип" этиб қўшни Ойим ҳолани чақириб чиқдилар. Жим шифтга қараб ётганимни кўриб- кўпни кўрган кампир хола онамга "бунисини ҳам умри шунақароқ экан-да" дедилар ҳазин овозда.
Эшитиб, "жим" бўлиб қолдим. Онамнинг ғамга "фил" аёлликларини ўшанда билганман.
Индамай қўшни холани кузатиб кириб, бурчакка қараб ўтириб олдилар. Анча пайтгача сас-садосиз "жим" ўтирдилар.
Кўзим илинибди, онамнинг бутун танамни қўллари билан силаб, сидираётганларидан уйғониб кетдим. Оғриётган суякларим "ором олгандек" бўлди.
Ухлаб қолибман.
Тушимга аммамнинг уйлари кирибди. Узумток устига аммам патнис қўйиб, газетага ёғлиқ сузмадан қурут ясаб ташлаб қўярдилар, газетага ёғи чиқиб, тараша бўлиб қурирди.
Чақириб қўлимизга кўп-кўп бериб қўярдилар. Шу қурутлар тушимга кириб, оғзимнинг суви қочиб уйғондим.
Кипригим жимирлагандан онам сезгирлашиб, оғзимга ойна тутиб кўряптилар экан.
Имо-ишора билан базўр "қурут" ҳоҳлаётганимни тушунтирдим.
Онам шошиб кўчага чиқиб кетдилар. Ўшанда қўшни болага пул бериб бозорга жўнатган эканлар.
Бир оздан сўнг кафтимга думалоқ қурутни қистириб, қўлимни оғзимга яқинлаштирдилар.
Ун қўшиб тайёрланган чучмал таъмли қурутни шимгандек бўлдим...
Онам ҳурсандчиликдан тинмай "ўзингга шукр Аллоҳим" дердилар...
Уч кундан сўнг батамом оёққа туриб кетдим.
Бу воқеага ҳам йигирма етти йил бўлибди.
Умримдан бўлиб, яшаб кетиб, тўрт фарзанд дунёга келтирдим. Қизиғи юкли бўлганимда, бошқоронғуликда қурут ейман.
Жуфтим олдинлари савол бериб қолардилар: "Одамларнинг аёллари қишда қулупнайга, тарвузга, кузда довуччага, яна қанқадир топиш мушкул нарсаларга бош қоронғу бўлса, сиз доим арзонгина, кўча бошидаги пистачи холанинг банкаси ичидаги қурутга бошқоронғу бўласиз-а?!"...
Индамай жилмайиб қўя қоламан. Аслида ҳаммаси унчалик ҳам осон эмас.
Ўша худойим жонимни қайтариб бергани-да, онам кафтимга иссиқ қўллари билан қистирган ун қўшилган чучмал мазали қурутнинг мазасига ҳали- ҳали" "бошқоронғу"ман нима қилай?!...
Қани онамни яна бир бора шу ёнимга қолган умрим кунларида бағриларида бўлиб қолсам...
Афсуски, ҳидларини ҳам тополмаймиз...
Ҳар сафар шуларни эслайман...
#КамилаҲикоялар
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев