БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМИ
Шайх, имом ва ҳофиз (Қуръон ва ҳадисни ёд билувчи) Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ал-Бухорийни Оллоҳ таоло раҳмат қилсин, омин!
1-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нечук ваҳий кела бошлагани ҳамда Оллоҳ таолонинг «Биз сенга Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга нечук ваҳий юборган эрсак, шундай ваҳий юбордик» деган қавли хусусида
Яҳё ибн Саъид ривоят қиладирлар: «Умар ибн ал-Хаттоб минбарда турганларида: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман»,— дедилар: «Дарҳақиқат, барча амаллар ниятга яраша бўлғусидир. Кимки ҳижратдан нияти дунё топмоқ эрса, дунёга эришғуси, кимки ҳижратдан нияти хотин олмоқ эрса, хотинга никоҳланғусидир. Демак, не ниятда ҳижрат қилганлиғи эътиборга олинғусидир».
Урва ибн Зубайр ривоят қиладирлар, у киши эрса, Оиша онамиздан эшитган эрканлар: «Ҳорис ибн Ҳишом разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий нечук келғусидир»,— деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга ваҳий, баъзан қўнғироқ овози янглиғ келғусидир. Кучли ваҳий келганда шундай бўлғай. Шунда мен бутун борлиқни унутғум ва ваҳий сўзларини уқиб олғумдир. Баъзан эса, менга инсон қиёфасидаги фаришта ваҳий келтирғай, мен унинг айтганларини ёдлаб олғайман»,— деб жавоб қилдилар».
Оиша разияллоҳу анҳо: «Қаттиқ совуқ кунлардан бирида ул кишига ваҳий келганининг гувоҳи бўлган эрдим. Шунда ул зот бутун борлиқни. унутган ҳолатда бўлиб, пешоналари қаттиқ терлаб кетган эрди»,— деб айтдилар.
Урва ибн Зубайр Оиша оиамиздан бундай деб нақл қиладирлар: «Дастлабки ваҳий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга уйқуларида соф туш тарзида нозил бўлган эрди. Кейин, тонг шафағи янглиғ нурдан ўзгаси тушларига кирмай қўйди. Шундан сўнг, Расулуллоҳ ёлғизликни хушлайдирган бўлиб қолдилар. Оилаларини тарк этиб, ёлғиз ўзлари Ҳироъ тоғидаги ғорда қаторасига бир неча тун тоат-ибодат қилиб чиқар эрдилар. Шу боисдан ҳам ўзлари бирлан егулик олиб чиқиб кетар эрдилар. Егуликлари тугагач, Хадичанинг ҳузурларига келиб, яна таом олиб тоққа қайтар эрдилар. Ҳақиқатга етушгунларига қадар шундай қилавердилар. Бир куни одатдагидек Ҳироъдаги ғорда ибодат бирлан машғул бўлиб ўлтирганларида ҳузурларига бир фаришта келиб: «Иқраъ (ўқи)!»—деб айтди. «Ўқий олмасмен, дедим,— дейдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам,—шу пайт ул мени бўга бошлади, ҳатто мен хириллаб қолдим. Кейин, мени қўйиб юборди-да, яна: «Ўқи!»— деди. Мен: «Ўқий олмасмен»,— деб эрдим, ул мени иккинчи бор бўғишга тутинди, сўнг яна қўйиб юборди-да: «Ўқи!»—деди. Мен эрсам: «Ўқий олмасмен»,— деб жавоб қилдим. Ул учинчи марта бўға бошлади, мен тағин хириллаб қолдим. Кейин, қўйиб юборди-да: «Сени яратган раббингнинг, инсонни алақ (лахта қон)дан яратган парвардигорингнинг исми ила ўқи, ўқи! Раббинг энг саҳоватлидир!»—деди».
Шундан сўнг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқувдан аъзойи баданлари титраб-қақшаб Хадича бинти Ҳувайлиднинг ҳузурига келдилар-да: «Мени ўраб (яшириб) қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!»—дедилар. Ўлар Жаноб Расулуллоҳни қўрқувлари тарқалгунга қадар ўраб қўйишди. Сўнг, Хадичага бўлган воқеани айтиб бердилар-да: «Мен ўзимдан хавотир олдим (яъни, «Менга бирор нарса бўлиб қолмасайди»—деб қўрқдим»)»,— дедилар. Хадича разияллоҳу анҳо бундай дедилар: «Йўқ, мутлақо ундай эмас. Худо ҳаққи, Оллоҳ таоло сизни ҳеч вақт шарманда қилмағай, сиз қариндош-уруғчилик муносабатларини йўлга қўйғайсиз, оғирни енгил қилғайсиз, йўқсилларни тўйдирғайсиз, меҳмон кутғайсиз ва ҳақиқий эзгуликларнинг рўёбга чиқишига саъйу имдод айлағайсиз». Сўнг, Хадича онамиз Жаноб Расулуллоҳни ўзларининг амакиваччалари бўлмиш Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо ҳузурига олиб бордилар. Ўл киши жоҳилия даврида насроний динини қабул қилган эрдилар. Ибронийча хат-саводлари бўлиб, Инжилдан Оллоҳ таоло истаганча ибронийча матнларни кўчириб ёзар эрдилар. Ўзлари кекса ва кўзлари ожиз эрди. Хадича разияллоҳу анҳо Варақага: «Эй амакимнинг ўғли, биродарингизнинг гапларига қулоқ осингиз!»—дедилар. Варақа: «Эй биродаримнинг ўғли, нималарни кўрдингиз, айтингиз!»—деди. Жаноб Расулуллоҳ нимаики кўрган бўлсалар, бирма-бир баён айладилар. Варақа Жаноб Расулуллоҳга қарата: «Бу, Оллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга юборган ўша Ҳазрат Жаброилнинг ўзгинасидир. Кошки эрди, мен ёш бўлсам-у, (ислом) динига даъват қилмоқда иштирок этсам, сизни қавмингиз ўз орасидан қувиб чиқарган вақтда мен ҳаёт бўлсам!»—деб айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайратомуз: «Мени қавмим ўз орасидан ҳайдағайми?»—дедилар. Варақа: «Ҳа, шундай. Бу вақтга қадар бирор кимса менга сиз каби хабар келтирмаган эрди, гарчи келтирган эрсада, мен уни қайтариб юборган эрдим. Сизга Оллоҳ таоло муяссар этғуси кунлар мента ҳам насиб этса, сизга амалий мадад берғумдир!» — деди. Лекин, Варақа кўп ўтмай дор ул-бақога риҳлат этди. Жаноб Расулуллоҳга бир мунча вақт ваҳий келмай қўйди.
Ибн Шиҳоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладирларки, Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий Жаноб Расулуллоҳга ваҳий келган вақт ҳақида бундай деган эрканлар: «Мен (яъни, Жаноб Расулуллоҳ) йўлда кетаётган эрдим, ногаҳон осмондин келаётган бир овоз қулоғимга чалинди. Нигоҳимни юқорига қаратган эрдим, Ҳироъ ғорида ҳузуримға келган ўшал фаришта осмон ила ер оралиғинда курси узра ўлтирибдир. Мен ундан қўрқиб (уйга) «қайтиб келдим-да: «Мени (бир нарса бирлан) ўраб қўйингиз, ўраб қўйингиз!» — дедим. Шу аснода Оллоҳ таоло оят нозил қилди («Эй бурканиб олган банда, ўрнингдан турғил, огаҳ бўлғил...» дан «... азоб» деган сўзигача)».
Ўшбу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Юсуф ва Абу Солиҳ ҳам ривоят қилишган. Ҳилол ибн Раддод уни Зуҳрийдан эшитиб давом эттирган. Юнус ва Маъмар эрса, унинг камчиликларини тўлдиргандир.
Саъид ибн Жубайр айтадиларки, Ибн Аббос Оллоҳ таолонинг «(Жаброил) Қуръон ўқиганида сен такрорлашга ошиқма!» деган ояти ҳақида бундай деб ривоят қилган эркан: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам нозил бўлган оятнинг мазмунини тезда тушуниб олишга ҳаракат қилардилар. Шу сабабдан лабларини қимирлатар эрдилар». Ибн Аббос яна бундай дедилар: «Мен лабларимни, Жаноб Расулуллоҳ лабларини қандай қимирлатган бўлсалар, шундай қимирлатиб кўрсатаяпман». Саъид: «Мен ўз лабларимни Хазрат Аббос лабларини қимирлатгандек қимирлатиб кўрсатаяпман»,— деди. Оллоҳ таоло: «(Жаброил) Қуръон ўқиганда сен шошиб такрор қилма! Қуръонни қалбингга ва хотирангга жо қилмоқ, истаган вақтингда уни ўқишга сени қодир этмоқ бизнинг бўйнимиздадир» ва «Агар биз уни (Жаброил қироати орқали) ўқисак, сен унга қулоқ сол!» деган оят нозил қилди. Шундан сўнг, Жаноб Расулўллоҳ, агар Жаброил ваҳий келтирса, аввал унга қулоқ солиб, кетганидан кейин эрса, у ўқиганидек такрорлаб ўқир эрдилар».
Ибн Аббос бундай деб ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча инсонлар ичида энг саховатли зот эрдилар. Рамазонда Ҳазрат Жаброил бирлан учрашганларида саховатлари янада ортар эрди. Ҳазрат Жаброил Жаноб Расулуллоҳ бирлан ҳар кеча учрашиб, Қуръонни музокара қилар эрдилар, Ҳазрат Расулуллоҳ хайрли ишда кучли шамолдан ҳам тез эдилар».
Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд ривоят қиладирлар: «Абу Суфён ибн Ҳарб хабар қиладиларки, Ҳирақл, Қурайш карвони Шомда савдо қилиб турганида, унинг ҳузурига одам юборди. Бу вақт Жаноб Расулуллоҳ (Абу Суфён ва ) Қурайш кофирларини пойлаб турган эрдилар. Улар (Қурайш кофирлари) Илия (Байтулмуқаддас)да эканликларида Ҳирақл ҳузурига бордилар. Ҳирақл уларни ўз мажлисига чақирди, унинг атрофида Рум зодагонлари ўлтирган эрди. Улар билан бирга таржимонни ҳам чорлади-да: «Ўзини пайғамбар деб гумон қилаётган кишига қайси бирингиз насаб жиҳатдан яқинроқдирсиз?» — деди. Абу Суфён: «Мен унга насаб жиҳатдан яқинроқдурмен»—деди. Ҳирақл: «Уни (Абу Суфённи) ва унинг асҳобларини менга яқинроқ олиб келинглар!» — деди. Уларни Ҳирақлнинг елкасига яқин жойга олиб келиб, турғазиб қўйдилар. Ҳирақл таржимонга: «Унга (Абу Суфёнга) айт, мен ўша (пайғамбар) ҳақида сўрамоқчиман, менга ёлғон гапирсалар, унга ёлғон гапирган бўладилар» — деди. Абу Суфён бундай деди: «Оллоҳ ҳақи, агар мендан ёлғон талаб қилишдан ҳаё қилмасалар эрди, шу онда мен ёлғон гапирган бўлур эрдим. У (Ҳирақл) дастлаб мендан Жаноб Расулуллоҳнинг орамиздаги наСаблари қандай эканлиги ҳақида сўради. Мен: «У бизнинг орамизда баланд насаб эгасидир»,— дедим. Ҳирақл: «Ундан илгари шу қавлни (яъни, пайғамбарликни) сизлардан ҳеч ким айтганмиди?» — деб сўради. Мен: «Йўқ»,— дедим. У: «Унинг ота-боболари ичида подшоҳ бўлганлар борми?»—деди. Мен: «Йўқ»,— дедим. У: «Унга зодагонлар эргашяптими ёки заифларми?»—деди. Мен: «Заифлар эргашяпти»,— дедим. У: «Уларнинг сони кўпайяптими ёки озайяптими?» — деди. Мен: «Кўпайяпти»,— дедим. У: «Унинг динига кирганлардан бирор киши унинг динидан ғазабланиб диндан қайтяптими?»—деди. Мен: «Йўқ»,— дедим. У: «Динга даъват қилмасидан илгари уни ёлғончиликда айблар эдингизми?»—деди. Мен: «Йўқ»,— дедим. У: «Хиёнат қилармиди?» — деди. Мен: «Йўқ, бир қанча муддатдан бери унинг қандай ишлар бирлан бандлигини билмаймиз» — деб ҳам эдимки, Ҳирақл гапимни бўлиб: «Унга қарши жанг қилдингизми?» — деди. Мен: «Жанг қилдик»,— дедим. У: «Қандай қилиб жанг қилдингиз?»— деди. Мен: «Ўртача, гоҳ улар бизга, гоҳо биз уларга шикаст етказардик, баъзан улар, баъзан биз, ғалаба қилардик»,— дедим. Ҳирақл; «У сизларни нимага буюради?» — деди. Мен: «Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишни, унга ширк келтирмасликни, ҳатто оталаримиз ширкка даъват этса, уларга қулоқ солмасликни, намоз ўқишни, ростгўйликни, покиза ва иффатли. оқибатли, раҳм-шафқатли бўлмоқни буюради»,— дедим, Ҳирақл тилмоч орқали менга бундай деди: «Унинг насабини сўрасам, сен насаби баланд, деб айтдинг, пайғамбарлар айнан шундай бўлади. Сизлардан ҳеч ким бундан илгари мазкур қавл (пайғамбарлик қавли) ила чиққанми, десам, сен: «Йўқ»,— дединг. Ундан илгари ҳам бирор киши шу даъвони қилиб чиққан бўлса, бу одам илгари айтилган қавлга тақлид қиляпти, деган бўлур эрдим. Мен сендан: «Унинг ота-боболари ичида подшоҳ бўлганлар борми?» — деб сўрасам, сен: «Йўқ»,— дединг. Агар ота-боболари ичида подшоҳ ўтган бирор киши бўлганида эди, мен: «У ўшанинг мулкини талаб қиляпти»,— деган бўлур эрдим: Мен: «Уни динга даъват қилмасдан илгари, ёлғончиликда айблармидингиз?» — деб сўраганимда, сен: «Йўқ»,— дединг. Мен билдимки, у илгари ҳам одамларга ёлғон гапирмаган, бундай одам Оллоҳ ҳақида ёлғон сўзламайди. Мен сендан: «Унга зодагонлар эргашяптими ёки заифларми?» — деганимда, сен: «Заифлар» — деб айтдинг. Пайғамбарларга доимо заифлар эргашган. Мен сендан: «Эргашаётганларнинг сони кўпайяптими ёки озайяптими?» — деб сўрасам, сен: «Улар кўпайяптилар»,— дединг. Иймоннинг иши ҳам шундай баркамол бўлади. Мен сенга: «Унинг динига кирганлар ундан ғазаб қилиб диндан қайтяптими?» — десам, сен: «Йўқ»,— деб айтдинг. Иймон, кўркамлиги дилларга ёқиб қолса, худди шундай доимо баркамол бўлади. Мен сендан: «У хиёнат қиладими?» — деб сўрасам, сен: «Йўқ»,— дединг. Пайғамбарлар хиёнат қилмайди. Кейин, сендан: «У сизларни нимага буюради?» — деб сўрадим. Сен: «Оллоҳга ибодат қилишга, унга ширк келтирмасликка, бут (санам) ларга сиғинмасликка, намоз ўқишга, ростгўй ва иффатли бўлишга буюради»,— деб айтдинг. Сенинг айтганларинг рост бўлса, у келиб, мен ҳозир мана шу турган жойни олади. Мен яна пайғамбар чиқишини билар эрдим, лекин сизларнинг орангиздан чиқишидан бехабар эрдим. Агар унга ихлос қилолсам, у бирлан учрашиш учун машаққат чекишга рози эрдим. Агар унинг ҳузурига борсам, унинг оёқларини ювиб қўйган бўлар эрдим». Кейин, Ҳирақл Диҳъя (саҳоба) орқали Расулуллоҳ Бусро бошлиғига бериб юборган хатни олиб келишни амр қилди. Уни Ҳирақлга узатдилар. У хатни ўқиб кўрди, унда «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийми. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ — Оллоҳнинг Расулидан Ҳирақл — Рум бошлиғига. Ҳидоят йўлига юрганларни Оллоҳ ҳидоят қилсин! Аммо баъд: сени исломга даъват этаман, исломни қабул қил, тинч бўлурсан. Оллоҳ бунинг учун сенга икки баробар ажр ва савоб берғусидир. Агар ундан юз ўгирсанг, ерисдек (бидъатчидек) гуноҳкор бўлғайсен. Эй аҳли китоблар, ўзаро тенглик калимасини қабул қилайлик, Оллоҳдан бошқага ибодат қилмайлик, унга ширк келтирмайлик, бир-биримизни Оллоҳдан ўзга тангри деб билмайлик (яъни, инсонни Оллоҳ даражасига кўтармайлик), агар юз ўгирсалар, гувоҳ бўлингларки, биз мусулмонмиз». Абу Суфён бундай деди: «Ҳирақл сўзини тугатгач ва Жаноб Расулуллоҳнинг номаларини ўқиб бергач, унинг ҳузуридагилар шовқин-сурон кўтаришиб, бизни ташқарига ҳайдаб чиқаришди. Мен ҳамроҳларимга: «Ибн Абу Кабшанинг айтгани рост чиқди, у: «Баний ал-Асфар (румликлар) подшоҳи пайғамбардан қўрқади»,— деб айтганди. Мен исломга кирмасимдан аввал пайғамбар чиқишига ишонар эдим»,— дедим».
Илия ҳокими Ибн ан-Нотур ва Шом христианларининг усқуфи (епископи) Ҳирақл бундай дейишар эрди: «(Ҳукмдор) Ҳирақл Илияга келганида бадхулқ бўлиб қолди. Унга битриқлари (патриархлари): «Сенинг турқингни ёқтирмаяпмиз»,— дейишди. Ибн ан-Нотур бундай дейди: «Ҳирақл юлдузларга эътиқод қилар ва уларни кузатар эрди. Ундан бу борада сўрашганда, у: «Мен бу кеча юлдузларни кузатганимда хатна подшоҳи зуҳур қилганини кўрдим, бу халқ орасида ҳам хатна қилувчилар пайдо бўлди»,— деди. «Парво қилма, яҳудийлардан бошқалар хатна қилмайди. Шаҳарларга хат ёз, у ерлардаги яҳудийларни ўлдирсинлар, деб маслаҳат беришди. Шу пайт Ғассон подшоҳига Жаноб Расулуллоҳ ҳақларида хабар олиб келган кишини Ҳирақл ҳузурига олиб кирдилар. Ҳирақл: «Бориб билингларчи, у хатна қилинганми, йўқми?» — деди. Пайғамбар хатна қилинган экан, деб хабар келтиришди. Араблардан сўраб эрди, улар ҳам буни тасдиқладилар. Шунда Ҳирақл: «Бу ўша, (юлдузларни кузатганимда) зуҳур қилган мана бу уммат (яъни араблар)нинг подшоҳи»,— деди. Кейин, Ҳирақл Румиядаги ўзи каби билимдан соҳибига хат ёздида, Хумсга жўнади, у ерга етиб улгурмай соҳибидан жавоб мактуби олди. Унда Ҳирақлнинг пайгамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зуҳурлари ҳақидаги фикри қўллаб-қувватланган ва ул зотнинг ҳақиқий пайғамбар эканликлари айтилган эди.
Ҳирақл Рум зодагонларидан Хумсда қолишга ижозат сўради. Хумснинг дарвозалари ёпилгач, у шаҳар аҳлига: «Эй Рум аҳли, сизлар нажот ва тўғри йўл топмоқчи бўлсангиз, давлатингизнинг устувор бўлишини истасангиз, ўша пайғамбарга эргашинглар!» — деди. Шунда улар ёввойи эшакдек ваҳимага тушиб, ўзларини дарвозалар тамон урдилар, аммо дарвозаларнинг ёпиқлигини кўрдилар. Хирақл уларнинг ваҳимага тушганини кўриб, иймон келтиришларидан ноумид бўлди-да: «Уларни қайтаринглар!», деб амр қилди. Кейин, «Мен сизларнинг ўз динингизга бўлган ихлосингизни синаб кўриш учун шундай деган эдим. Мен бунга амин бўлдим», —деди. Шаҳар аҳли унга сажда қилдилар ва ундан мамнун бўлдилар».
Бу, Ҳирақл билан содир бўлган сўнгги воқеа эди. Мазкур воқеани Солиҳ ибн Кайсон, Юнус ва Маъмар Аз-Зуҳрийдан нақл қилдилар.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1