---
ШИЖОАТ
Одамлар шижоатни шарафлаб келган. Ахлоқ ва одоб фалсафасига кўра шижоатнинг фазилати киши учун энг зарурий инсоний фазилатлардан саналади. Шижоат бизнинг тасаввуримизга кўра ақлга таянган ҳолда бира тўла ҳиссиётларга берилиб кетмаслик ва қўрқоқ одам жонини сақлаб, ҳаётини асраб қолиш учун ҳар қанча хорлик ва пасткашликларга рози бўлган қўрқоқлиги орасида бўлади. Ҳар қандай жирканчлик ва қабоҳатдан тап тортмасликка олиб келадиган тентаклик билан қабоҳату адоватни тақозо қилмайдиган ғазаб туйғулари ораси – шижоат бўлади.
Шижоатнинг фазилати, улуғланиши ва юксак баҳоланиши шунинг учунки, шижоат шунчаки фойда ва манфаатлар мажмуасигина эмас, балки ҳаёт тарзида ҳар қанча манфаатларга сабабчи бўлса ҳам, унинг қиймати фақат амал билангина баҳоланади. Чунки шижоат ҳар қандай мағлубият ва чекинишларга дуч келса-да, токи унинг соҳиби зафар ва нусратга етмагунча ўз мақсад йўлида интилишдан қолмайди.
Шижоат бизларни фойдали амалларга чорлайди. Унинг бошқа амаллардан афзаллиги у сабабли келадиган фойда ва манфаатлар давомли бўлишидир. Шижоатли инсон яхши амалларда ҳамиша бардавом бўлади. Чарчаб, тўхтаб ёки оқсаб қолмайди.
Шижоат ҳам имондандир. Шунинг учун ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шижоатда умматига ҳамиша намуна бўлганлар.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Қачонки бирор қавмга рўпара келиб, вазият оғирлашса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиёт қилсак-да, ҳеч ким душманга Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яқин бўла олмас эди”. Яна айтадилар: “Бадр куни ҳам биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни беркитишга қанча ҳаракат қилмайлик, душманга яқинлашиб бораверардилар. Ўша куни жасоратда ҳаммага ибрат бўлдилар”.
Имон инсонни ибтидосида ҳам, ҳаёти давомида ҳам ҳар қандай ҳолатда дунёга берилмасликка ва нафсига эргашмасликка чорлайди.
Имон юксак шижоат туҳфа қилганлигининг самараси ўлароқ Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) деган номга мушарраф бўлган улуғ саҳобий Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу юзта ғазотда иштирок этиб, баданида қилич ёки найза тиғи тегмаган жой қолмаган. Бироқ тўшагида ётиб вафот қилар экан: “Қўрқоқларнинг кўзлари кўрмай қолсин!” – деган.
Имон саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга “Сен ўлимга интилсанг сенга ҳаёт ёр бўлур!” деган абадий насиҳатни илҳом қилган.
Аллоҳ таоло мўминларнинг қалбини ҳам имон билан собит қилди:
“Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила, уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”
(Оли Имрон сураси, 173-174-оятлар).
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев