Тўй барча инсон яхви кўрадиган, хусусан, вояга етган қиз-у йигитлар орзу қиладиган маросим бўлиб, у туфайли янги оилалар сони кўпаяди.
Мен айтиб бермохчи бўлган ҳикоямнинг қаҳрамонлари ҳам янги оилалардан бири. Келин бўлмиш муслима, иффатли, ҳушхулқ, динига амал қиладиган, юксак одоб соҳибаси, бунинг устига жуда гўзал ҳам эди. Аллоҳ уни кучли, тадбиркор бир инсон билан ризқлантирди. Тўй ҳамма ҳавас қилгудек чиройли шаклда ўтди. Бир неча ҳафтадан сўнг янги жуфтлик кечки овқат учун дастурхон атрофига ўтиришди. Шу пайт тўсаттан эшик қўнғироғи эшитилди. Табиатан бироз жиззакироқ бўлган эр куним бойи ишлаб энди уйига келиб бемалол овқатланиб дам олаётган бир пайтда кимдир уни безовта қилишини истамасди. Ғазабланган бир аҳволда: “Шу пайтта ким келди экан-а?!” деди. Аёл бориб ким эканини сораганида, эшик ортидан: “Неча кундан бери очман. Илтимос ейишга бирор егулик беринг” деган овоз келди. Аёл эрининг олдига қайтиб келиши билан эри шошиб ким келганини сўради. Сўради-ю қандайдир бир тиланчи ейишга озгина овқат сўраётганини эшитиб баттар афти бурушиб кетди. Эшик томон бориб ҳалиги бечорани
луғатидаги бор хунук сўзлар ила ҳақоратлаб, гўё бу иши унга камдек доппослаб кейин қувиб юборди. Дайди тиланчини боплаб тазирини берганидан гўё кўнгли тўлиб кирганида аёлининг савол назари билан тикилиб турганига жавобан: “Нима менинг уйим карвонсароймидики кўчадаги дайдиларни киргизиб уларнинг қорнини тўйғизсам. Бунақалар аслида ғирт товламачи бўлишади. Рост гапираётган тақдирида ҳам мен ахир пулни кўчадан супуриб олаётганим ёқ. Бугун биттасига раҳм қилиб берсанг, эртага бошқалари навбатга туришади. Азизим, бунақа тиланчиларга кўп ҳам аҳамият бераверма. Улар фақат олишади. Аммо бунинг эвазига биров менга бирон нарса берармиди. Мен тадбиркорман. Тадбиркорликда эса ҳеч нарса эвазсиз бўлмайди. Ундан кўра, юр, ўзимиз овқатланайлик…
Эридан бундай қўпол муомалани кутмаган аёл буткул эсанкираб қолганди. Ахир у тарбия топган уйида доимо муҳтожларга ёрдам беришар, қўл чўзганларни қуруқ қайтаришмасди. Отаси уларни шундай тарбия қилганди.
Эртаси куни эри ишдан авзойи бузуқ, ғазабланган, гўёки ким биландир уришиб қолгандай қовоғи уйилган бир қиёфада кириб келди. Унинг бу важоҳатидан манаман деган довюрак одам ҳам қўрқиб, сукут сақларди. Табиийки, аёли ҳам нима бўлганини сўрашга ботинолмади. Эри хонасига кириб олиб, гўё ақлдан озгандай ғалати ҳаракатлар қилар, хаёлида кимлар биландир уришар, баъзан бақириб берар, асабийлашиб у ёқдан бу ёққа юраверарди. Ҳатто унинг кўзига кенг дунё ҳам тордай кўриниб кетди. Аёли ундан хавотирланиб, ахийри юрак ютиб нима бўлганини сўраган эди, бечора сўраганига минг пушаймон бўлди. Унга ўшқириб берди. Кейин маълум бўлишича, ўша куни эрини қандайдир арзимаган сабабга кўра ишдан бўшатишган экан, уйга келгач эса бор аламини хотинидан олиб, ҳатто жаҳл устида уни талоқ қилиб юборди.
Ўғзининг бир чеккасидан чиқиб кетган “уч талоқсан” сўзи яқиндагина барпо этилган янги оилани бузиб юборди. Ҳатто биргина шу сўз туфайли арш ларзага келар ва Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларининг энг ёмон кўргани экан.
Аёл бунда ҳам ҳикмат бордир, деб сабр қилди ва сабри эвазига Аллоҳ ҳузурида ажр бор, деб умид қилди. Шу зайлда орадан бир неча йил ўтди. Бу орада ҳалиги аёлга яхши бир инсондан совчи келди. Рози бўлгач тўй бўлди. Улар рисоладагидек тотув, бахтли ҳаёт кечиришаётган эди. Шундай кунларнинг бирида кечки овқатга ўтиришаётган маҳал ногоҳ кимдир эшик қоқди. Аёл тезда бориб эшик ортидан кимлигини сўраганида бир овоз келди: “Бирор ейишга нарсангиз бўлса беринг, илтимос, неча кундан бери овқат емайман. Раҳм қилинг” Ичкарига кириб, эрига ким келганини айтиши билан у дарҳол дастурхондаги бор ноз-у нематларни олиб чиқиб беришини, ўша одам қорнини тўйғазганидан кейингина овқатланишларини айтди. Рафиқаси мамнун ҳолда у айтганидек қилди.
Бу каби ялинчоқ овоз, бу ҳолат аёлга таниш эди. Бир зум ўтмишини эслади-ю йиғлаб юборди. Аёлининг йиғлаётганини кўрган эри: ”Сенга нима бўлди, тинчликми, бирор корҳол бўлдими ёки бояги одам сенга бирор гап айтиб, хафа қилдими? Кўзларидан шашқатор ёш оққанча: “Йўқ” деди. “Бирор еринг оғрияптими бетобмисан?” “Йўқ” “У ҳолда нима бўлди, нега тўсаттан йиғлаяпсан?” “Ҳозир сиз таом берган инсон бир неча йил аввал менинг эрим эди, дея ўтмишдаги ўша машъум воқеани сўзлай кетди. Тиланчининг қандай калтакланганлари-ю эрининг ҳолатини айтиб берди. “Мен унга нима бўлганини ҳам, қаерга борганини ҳам билмасдим. Ўша кундан бери дараги йўқ эди. Мана бугун кўриб турганимдек, у инсонлардан нарса сўраб, тиланчилик қилиб юрган экан”
Аёлининг ўтмишидаги ҳикоясини эшитиб, эри ҳам йиғлаб юборди. “Сиз нима учун йиғлаяпсиз?” “Сен ўша эринг ҳақоратлаб, уриб сўнг қувиб юборган инсон кимлигинни биласанми?” “Йўқ, албатта, ким экан у?” “Ўша калтакланган инсон – мен эдим!”
Субҳаналлоҳ! Аллоҳ азза ва жалла фақир мискин қулининг интиқомини олибди. Мазлум билан золимни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Инсон бировга яхшилик қилганида, хусусан, мана шундай ёрдамга муҳтожларга ёрдам берганида унга яхшилик қиляпман деп ўйлайди.
Ваҳоланки, бу иш ҳам аслида ўзининг манфаатига, охиратига заҳирадир. Яхшиямки, дунёда муҳтож инсонлар бор. Яхшиямки, Аллоҳ бизларни уларга йўлиқтиради. Йўқса, биз кимга яхшилик қилиб фойда олардик.
Яқинларимиздан-ку бирор нарсага эҳтиёжи борми йўқми сўрамаймиз. Ҳеч бўлмаганда сўраб келганларнинг қўлини қуруқ қайтаришга истиҳола қилайлик. Ахир бунинг эвазига бизга 10 баравар бўлиб қайтиши ваъда қилинганку!
Рихсибоева Одина
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев