(Gipnoz nima?)
Гипно́з (қадимий грек тилида - уйқу) — онгнинг ўзгарган ҳолати бўлиб, бир вақтнинг ўзида уч ҳолатни: тетиклик, уйқу ва туш кўриш билан кечадиган уйқуни мужассам этади. Гипноз онгнинг бир бирига зид бўлган ҳолатларини бир вақтнинг ўзида намоён бўлишига имкон яратади.
Тарихи
Гипнотик таъсир этиш бундан 3 минг йил бурун маълум бўлган. Ундан Қадимги Миср, Ҳиндистон, Тибет, Шарқ табиблари, кейинроқ гипноздан Қадимги Рим ва Греция табиблари ҳам фойдаланишган. Уни турли халқлар турлича номлашган. Масалан Европада XVIII асрда Антон Франц Месмер уни ҳайвоний магнетизм деб номлади.
1842 йилда инглиз врачи Джеймс Брэйд шуни исботладики, ялтироқ жисмга диққатни жамлаган вақтда тана ва ақл шундай холатга ўтадики, у мудраётган одамни эслатади ва бу холат фанда бирингчи бор гипноз деган номни олди. XIX асрнинг иккинчи ярмида гипнозни ўрганувчи олимлар икки "мактабга” бўлинди ва ўзларини «флюидистлар» ва «анимистлар» дея номлашди. Ҳозирги кунда ҳам масаланинг моҳияти ўзгаргани йўқ, фақат терминларга янгича ном берилди. 1870 йилдан бошлаб француз невропатологи Жан Мартен Шарко (J. M. Charcot) гипнозни истерия билан касалланган беморларда синай бошлайди. Улар гипноздан даволаш воситасида фойдаланиб туриб унинг даврларини ўрганишни бошладилар. Нанси шаҳрида эса гипноз ҳодисасини ўрганувчи олийгоҳ ташкил этилган бўлиб, уни Ипполит Бернгейм (H. Bernheim) бошқарди. Унинг фикрича гипнознинг барча даврлари ишонтириш кучига боғлиқ бўлиб бу ерда гипнознинг ғайриоддий табиати ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. "Агарда сиз беморнинг ҳаёлотини ва гипнозчининг обрў-эътиборини олиб ташласангиз. Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди”. Бернгеймнинг бу мактаби шу кунгача ўз фаолиятини олиб бормоқда. Париждаги Шарко мактаби эса ҳанузгача бошқача фикрда: Гипноз инсонга жисмоний воситалар билан таъсир этиш орқали амалга оширилади. Булар қаторига иссиқлик оқими, ёруғлик, мусиқа, майин овоз ва ҳоказоларни киритиш мумкин.
Мунозара Нанси мактабининг ғалабаси билан якунланиб, кўпчилик олимлар гипнозни ишонтириш дея қабул килишган.
1880 йилларда рус олимлари томонидан ҳам гипноз ҳодисаси ва унинг таркибий қисмларини ўрганиш ишлари олиб борилган. 1881йилда Одесса шаҳри касалхонасининг шифокорлари О. О. Мочутковский ва Б. А. Окс руҳий касалга дучор бўлган беморлар билан гипноз муолажалари олиб борилаётгани тўғрисида ҳабар беришди. Шу йилларда Казань шаҳрида И. В. Годнев томонидан, Москва шаҳрида А. А. Токарский ва Г. И. Россолимо томонидан илмий ишлар олиб борилди. XX асрнинг бошларида гипнознинг ривожланишига рус олимлари Владимир Михайлович Бехтерев ва Константин Иванович Платонов (Гипноз и внушение в практической медицине, Харьков, 1925)лар катта ҳисса қўшдилар. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Ҳозирги кунда ҳам гипноз феноменини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, лекин унинг моҳияти тўлалигича аниқлангани йўқ. Гипноз ҳолати гипнозчининг маҳсус таъсир этиш воситалари натижасида ёки бир мақсадга йўналтирилган ўз ўзини ишонтириш кучи орқали пайдо бўлади.
Кенгроқ маънода гипноз бу ижтимоий-тиббий тушунча бўлиб ўз ичига инсон руҳиятига овозли сўзлар ёрдамида маълум бир воситалар орқали тормозланиб турган (беҳуш) онгга таъсир этувчи бир нечта усулларни қамраб олади. Шу орқали сунъий равишда чала уйқуга кетган инсон онгсиз равишда гипнозчининг турли хил топшириқларини бажара бошлайди. Хозирги тиббиёт гипнозни инсон миясининг алоҳида холати деб ҳисоблайди.
Фанда Эриксон гипнози маълум бўлиб, у америка тиббиёт ходими, психиатр ва терапевт Милтон Эриксон (1901—1980) номи билан аталган. Унинг гипноз усули шуниси билан фарқ қиладики, шифокор беморга енгил транс ҳолатига ўтишга ёрдам беради. Бу ҳолатда бемор ўзини тетик ҳис этади ва шифокор билан бемалол мулоқотда бўлиши мумкин. Бу ҳолатда бемор ташқи муҳитдан узилади, барча ташқи муаммоларни унутиб диқат- эътиборини фақат ўзига қаратади. Ташқаридан қараган вақтда бемор бўшашган холатда, нафас олиши юзаки бўлиб ўзини бошқа жойда юргандек ҳис этади.
Эриксон фикрича транс инсоннинг табиий холати бўлиб, инсон учун ўзини қайта тарбиялаш, ўзига бошқача назар билан қараш, йиллар давомида онгсиз равишда қабул қилган ахборотларни ўзлаштириш учун муҳим холатдир. Шифокор беморларга транс холатида турли ҳилдаги тарбиявий мақсадга йўналтирилган воқеаларни гапириб беради. Бу воқеаларнинг баъзиларини унинг «Мой голос останется с вами…» ( Овозим сиз билан қолади...) номли китобидан ўқиш мумкин.
Болалигида Милтон Эриксон бошқача бўлган. У 4 ёшида гапира бошлаган. Ўсмирлик пайтида полиомиелит билан касалланиб ногиронлик аравачасига михланиб қолган. Ҳаётини шу тарзда кечишини ҳохламаган ўсмир ўзи учун машқлар мажмуасини ўйлаб топган ва оёққа турган. Милтон Эриксон Клиник гипнознинг Америка жамиятини ташкил этди ва унинг биринчи президенти бўлди. (American Society for Clinical Hypnosis). Унинг даволаш усули 1970—1980 йилларда энг илғор усул дея эътироф этилган. Замонавий тиббиётда эриксон усулидан шу кунгача фойдаланиб келинмоқда.
Баъзи олимлар гипноз холатини инкор этиб, бу холатни тасдиқловчи далиллар йўқлигини рўкач қилмоқда. Масалан гипноз ҳолатида инсон қонида ҳеч қандай ўзгаришлар қайд этилмаган . Лекин Санкт- Петербург шаҳрида жойлашган Россия Фанлар Академиясига қарашли Инсон миясини ўрганувчи олийгоҳ раҳбари Наталья Петровна Бехтерева ўтказган тажрибалар шуни кўрсатдики, гипноз ҳолатида инсон миясида маълум ўзгаришлар юзага келади.
Кўпчилик гипноз тўғрисидаги маълумотларни омадсиз ва енгилтак филмлардан оладилар. Айниқса саҳна гипнози инсонларда гипноз тўғрисида нотўғри тасаввур туғдиради. Гипнозчининг ишонтиришга мойиллик(трансга тушиш холати) хаммада ҳар ҳил бўлади. Кимдир гипнозга тезроқ берилади, кимнидир эса умуман транс ҳолатига солиб бўлмайди. Саҳнада гипнозчилик қобилиятини намойиш этаётганлар вақти чегараланганлиги учун кўпинча олдиндан томошабинлар билан суҳбатлашиб кўриб, улар орасидан ишонишга мойиллиги кучли бўлганларни танлаб оладилар.
Аслида гипнознинг асосий мақсади – инсонларга зарарли одатлардан қутулишга ёки ноҳуш хотираларни онгдан ўчиришга ёрдам беришдирдир. Гипнозчи аслида яхши психолог бўлиб, инсоннинг руҳиятини синчиклаб ўрганиб чиққан мутахассисдир. Гипноз сўзининг асл маъноси уйқу бўлгани билан, хеч ким муолажа пайтида уйқуга кетмайди. Инсон онги уйғоқ бўлиб, ўзи ҳохламаган топшириқларни бажармайди.
Оддий бир мисол: катта залда томошабинлар тўпланган. Гипнозчи тоза сувда бир бўлак пахтани ҳўллайди ва бир дақиқадан сўнг пахта ёқимсиз ҳид чиқара бошлаши тўғрисида эълон қилади. Агарда ким ёқимсиз ҳидни сезса қўл кўтариш лозимлиги сўралади. Икки-уч дақиқадан сўнг биринчи қаторда ўтирганлар қўл кўтара бошлайди. Кейин иккинчи қатор қўшилади. Ниҳоят хамма қўлини кўтаради, баъзи томошабинлар эса ўзларини ёмон ҳис этиб залдан чиқиб кетишади. Аслида пахта ва сув топ-тоза, ҳеч қандай ҳиди йўқ эди.
Австралияда гипноз курслари фаолият юргизиб, унда кўпроқ тилла дўкони сотувчилари ва банк ходимлари ўқитилади. Уларга босқинчилик пайтида қандай қилиб қароқчиларни гипноз қилиш мумкинлиги ўргатилади.
Сўнгги пайтларда кўча-куйда ёки матбуотда қаллоблар томонидан гипноз усули қўллангани тўғрисидаги хабарларни эшитиб қоламиз. Бу усул "лўли гипнози” (цыганский гипноз) деган номни олиб, қаллобларга қалтис ишларида кўпинча қўл келмоқда. Улар кўпроқ аёлларни, ёш болаларни ёки ўсмирларни транс холатига тушириб, эгнидаги тақинчоқларини ёки уйидаги қимматбаҳо нарсаларни олиб кетишади. Огоҳ бўлиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Кўчада кетаётганда шубҳали кўринган одамлар билан суҳбатлашишдан воз кечиш керак. Қаллобларнинг биринчи гапи : "Сизни ёки оила аъзоларингиздан бирини кулфат кутмоқда”, бўлади. Агар довдирашни бошласангиз, "қопқонга” тушган бўласиз ва қаллобнинг емишига айланишингиз мумкин. Бундай қаллоблар ўзига ишонган, бақувват эркаклар ёнига келмайдилар. Уларнинг ўлжасига ожизроқ, ишонишга мойиллиги бор аёллар ёки ёш қизлар айланадилар.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2