Туғма юрак пороги — она қорнида (ҳомиладорликнинг биринчи ярмида) юзага келган юрак тузилиши ёки клапан аппарати ёки унинг томирлари бузилиши оқибатида ривожланган анатомик нуқсон. Шунингдек, орттирилган юрак пороги ҳам учраб туради. Унга ревматизм, инфекцион эндокардит, атеросклероз, жароҳат сабаб бўлиши мумкин. Бола туғилгандан аниқлаш мумкинми? Ҳа, касалликни бола туғилиши билан аниқлаш мумкин, аммо баъзи ҳолларда юрак пороги яширинча ҳам кечади. Бу жиддий муаммо бўлиб, бола ҳаётига айниқса, у 1 ёшга киргунга қадар жиддий хавф туғдиради. Операция шартми? Туғма юрак порогини даволашнинг ягона йўли жарроҳлик орқали амалга оширилади. Ҳозирги кунда кардиохирургия ривожланган. Авваллари операция қилинмаган юрак порокларини ҳам бугунги кунда операция йўли орқали даволаш имконияти туғилди. Бу дардга чалинган болаларга энг биринчи ёрдам — касалликни вақтида аниқлаб, керакли операцияни ўтказиш. Болани мутахассис шифокорлар кардиохирургик клиникаларда текшириши лозим. Юрак порогининг мураккаблигига кўра, операция уч хил услубда ўтказилади: ёпиқ, яъни махсус ускуналар ёрдамида юракдаги нуқсон бартараф этиш; беморга сунъий қон айланиш аппарати қўшмаган ҳолатда; сунъий қон айлантириш аппарати қўшилган ҳолда. Қай бир операция тури лозимлиги эса беморнинг касаллиги билан танишиб чиққан ҳолда шифокорлар томонидан белгиланади. Сабаблари Юрак порогининг бир қанча сабаблари бор. Улардан бири наслий бўлса, иккинчиси — аёлнинг ҳомиладорлик даврида вирусли касалликлар (ТОРЧ-инфекция, вирус, қизилча, баъзи дори воситаларини қабул қилиш, онанинг нурланиши, алькоголизм, наркомания)га чалиниши сабаб бўлади. Бу борада айниқса, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлиги муҳим аҳамият касб этади. Вирус эндигина шаклланган йўлдошдан ўтиб, ҳомилага таъсир қилади. ЎРВИ, грипп, оддий герпес ҳам ҳомилага зарарли таъсир кўрсатиши исботланган. Шунингдек, отанинг саломатлиги ҳам муҳим омиллардан бирига киради. Онанинг ёши, эр-хотиннинг эндокрин касалликларга чалинганлиги, токсикоз, ҳомила тушиб қолиши ва бошқа қариндошларда юрак пороги касаллиги учраши ҳам болада юрак пороги ривожланиши хавфини юзага келтириши мумкин. Туғма порок турлари Юздан ортиқ туғма порог турлари мавжуд. Касаллик қанча эрта аниқланса, уни вақтида даволаш имконияти шунча кўп. Янги туғилган чақалоқда касалликни аниқлаш бироз қийинчилик туғдириши мумкин. Хасталик бир неча аломатлар билан ўзини намоён қилади: бола туғилганидан сўнг тери ранги, лаблари, қулоқ чиғаноқлари кўк рангга киради. Бақирганида, эмганида ҳам кўкаришни кузатиш мумкин. Юрак порогининг оқ турида эса тери оқаради, қўл ва оёқлар совийди; Юрак қисми ёки қўл оёқларда шиш ҳосил бўлиши; Сал каттароқ болаларда эса: Кўкрак қафасида оғриқ; бироз жисмоний ҳаракатлардан нафас қисиши; юрак уришининг ўзгариб туриши кузатилади. Фарзандингизда бу каби аломатларни кузатсангиз, педиатр ва кардиологга мурожаат қилинг. Шифокор керакли текширувларни ўтказиб, тавсиялар беради. Шифокор бола юрагини тинглаганида, унда шовқин эшитилади. Хавотир олманг, доим ҳам юракдаги шовқин юрак пороги аломати бўлавермайди. Юракдаги шовқин сабабини аниқлаш зарур. Бунинг учун қўшимча равишда ЭКГ ва рентген текширувларидан ўтказилади. Таҳлиллар натижасига кўра, шифокор томонидан муолажа белгиланади. Юрак шовқинларининг 50 фоизи «кичик» юрак пороги сабабли юзага келади ва махсус даволашни талаб қилмайди. Бемор доимий равишда кардиолог назоратида бўлиши керак. Юрак етишмовчилиги аломатлари ҳам кузатилади. Электрокардиограмма, рентган суратлари, эходоплерокардиографик текширувларда ўзгаришлар аниқланади. Бола туғма юрак порогига чалинган бўлса-да, илк 10 йилликда ўз тенгдошларидан фарқ қилмаслиги, яъни соғлом кўриниши мумкин. Аммо кейинчалик касаллик секин-аста ўзини намоён қила бошлайди. Бола жисмоний ривожланишида тенгқурларидан орқада қолиши, жисмоний ҳаракатларда нафаси қисиши, терининг оқариши ёки кўкариши каби аломатлар пайдо бўлади. Бунинг сабабини аниқлаш учун болани комплекс текширувдан ўтказиш лозим. Ташхис Туғма юрак порогини кардиолог ва кардиохирург текшириб, ташхис қўяди. Эходоплерокардиография ультратовуш ёрдамида юрак мушаклар ва клапанлари ҳолатини, юрак ҳудудида қон ҳаракати тезлигини баҳолашга ёрдам беради. Шунингдек, рентген текшируви ҳам талаб қилиниши мумкин. Албатта электрокардиограмма текшируви ҳам ўтказилади. Олдини олиш учун… Бўлажак фарзандингизнинг бу касалликка чалиниш хавфини камайтириш учун ҳомиладорликни режалаштираётганда саломатлигингизга аҳамиятли бўлинг. ТОРЧ-инфекциялари текширувидан ўтинг. Ҳомиладорлик даврида эса вирусли касалликларга чалинмаслик чорасини кўриб юринг. Агар бунинг олдини ололмасангиз, ўзингизда шамоллаш аломаларини сезишингиз билан даволанишни ортга сурманг. Даволаса бўладими? Бу касалликнинг қай даражада мураккаблигига боғлиқ. Аммо керакли муолажаларни олган беморларнинг 90 фоизи соғайиб, одатий ҳаёт тарзини давом эттиришади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда тиббиёт, жумладан, кардиохирургия ҳам анчайин ривожланган. Масалан, дунёдаги кардиологик клиникалар 4 босқичли бўлса, Тошкент Педиатрия Тиббиёт институти клиникасида 3 босқичга жавоб беради. Яъни, бу операцияларни ўзимизда ўтказиш имконияти мавжуд. Даволаш турлари Туғма юрак порогини даволаш юқорида айтилгани каби операция йўли билан амалга оширилади. Шу билан бирга, терапевтик даволаш йўли ҳам бор. Аммо бу даволаш тури фақат ёрдамчи бўлиб, беморнинг ҳолатини бир маромда тутиб туриш учун қўлланилади, яъни касалликни даволамайди. Баъзи бир сабабларга кўра операцияни ўтказиш имконияти бўлмаган ёки уни кечиктириш лозим бўлган ҳолатларда терапевтик даволаш тури қўлланилади. Ота-оналар учун! Ўзингиз ва бўлажак фарзандингиз саломатлигига аҳамиятли бўлинг. Агар сизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг оиласида юрак порогига чалинган беморлар бўлса, албатта бу борада генетик билан маслаҳатлашинг. Ҳомиладорлик даврингизда ҳам керакли муолажаларни олиб, УТТдан ўтиб туришни канда қилманг.
•
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 67