Марҳум келинчакнинг хиёнати. 1-қисм.
БОТҚОҚЛИК ШАРПАСИ
Ўша йили уйланишим керак эди.
Тўйга атаб тийрамоҳда иккита тана
олдик. Қиш бўйи боқсак, кўкламгача
семириб қолади. Бироқ қишнинг
охирларида мол сўёлмаслигимизни,
оёқлай сотолмаслигимизни хаёлимга
ҳам келтирмай Сунбул билан тўй олди
учрашувларига чиқиб юрардим. Яқин
кунларда даҳшатли ҳодисалар
иштирокчисига айланишимни
қаёқдан билай.
Қишлоғимиз чекка бир маконда
эмас. Бир чақирим наридан катта йўл
ўтган, туман маркази машинада ўн
дақиқалик масофа. Электр қачон
келганини билмайману, аммо
газлаштирилганига ҳам қирқ йиллар
бўлган. Қишлоқ клубида тез-тез
концерт кечалари уюштилади,
симёғочлардаги чироқлар асфальт
кўчаларни беармон ёритади.
Шундай кечаларнинг бирида
Сунбул иккимиз яқинлашиб келаётган
қишними ёки қишдан кейинги
тўйними – қайси бирини интиқ
кутаётганимизни сир тутиб, вақтнинг
секин ўтиши ҳақида гаплашиб
борардик. Кутилмаганда энг
чеккадаги симёғоч чироғи лип эти
ўчиб, муюлиш зулмат билан
қопланди. Қоронғиликка эндигина
кирганимизда, Сунбул таққа тўхтади.
– Уйга нариги кўчадан кетайлик, –
деди у. – Концертдан сўнг маза қилиб
ухламоқчиман. Бу ерда ҳозир
нимадандир чўчисам, эрталабгача
алоқ-чалоқ тушлар кўриб чиқаман.
Аниқ биламанки, мен ҳам,
Сунбул ҳам жа қоронғиликдан
қўрқадиганлардан эмасмиз. Аммо
айнан шу йўл омборхонани айланиб
ўтарди. Омборхонанинг нариги
томонида эса пастлик бошланган. Ой
чиққан тунлари ахлатхонага айланган
қиялик, қабристон дўнглиги, илонизи
бўлиб оқаётган сой, олисроқда Жунай
ботқоқлиги бемалол кўринади. Қиш
кунлари бўриларга дуч келиш ҳам
мумкин.
Сунбулнинг таклифига кўнмадим.
Нариги кўча деганлари қишлоқ
ўртасидаги чароғон йўл эди. Вақт
алламаҳал бўлиб қолган эса-да, ҳозир
клубдан чиққан ёшлар тўда-тўда
бўлиб алланималарни баҳслашиб
ўтиришгани аниқ. Иккимизни бирга
кўрганлар дарров ҳазил қилади,
ҳиринглайди. Оқибатда жанжаллашиб
қоламиз.
Симёғоч тагига етганимизда
беихтиёр бошимни кўтардим. Чироқ
нега ўчганлигини билмоқчи эдимми,
эсимда йўқ. Кўзим қандайдир
шарпана илғаб, ичим шув этди. Қоп-
қора бир махлуқ электр симини
ғажимоқда эди. Тобора қоронғилик
қўйнига кириб борарканмиз, қизнинг
қўлидан маҳкамроқ ушладим.
Ниҳоятда қўрқиб кетганимни у
билмаслиги керак эди.
– Одам сесканади-я, – деди
Сунбул омборхона ортига
етганимизда.
– Нимадан сесканасан? – ўзимни
ҳайрон қилиб кўрсатдим. – Ўша
кундузги жойлар бўлса! Ер шар
шаклида, қуёш нурлари тушмаяпти,
холос.
– Хаёлимда симёғоч чироғи
устида биров ўтиргандек туюлди, –
дея Сунбул орқага қаради.
– Бўлиши мумкин эмас, юрсанг-
чи тезроқ, – дедим ва иложи борича
симёғочга қарамасликка тиришиб,
қизни етаклаб кетдим.
Чарағон жойгача эллик қадамлар
бор эди. Ҳали ўн одим ҳам
ташламасимиздан олисдан аянчли
нола эшитилгандек туюлди. Шу пайт
қияликдан бир кимса чиқиб келди.
Сунбул "вой" деди-ю пинжимга
тиқилди. Бу сафар қўрқиб кетганимни
яширолмадим. Овозим титраб:
– Ким?.. Кимсиз? – деб сўрадим.
Шарпа бизга яқин келди.
Шундагина танидим. Бу
ҳамқишлоғимиз Нишон овчи эди. У
милтиғини елкасига осиб: "Артистлар
кетдими?" деган кўйи жавобимни ҳам
кутмай йўлида давом этди.
– Сойдан ниманинг овози
эшитилди? – дедим қизиқсинаб.
Овчи тўхтади.
– Сойдан эмас, ботқоқликдан
келди, – деди дағал овозда. – У ёққа
тушманглар.
– Худо сақласин, шу паллада-я... –
минғирладим мен. Кейин симёғоч
тепасидаги маҳлуқни эслаб: – Ўв,
Нишон ака, "столпа"га қаранг-чи, бир
нарса борга ўхшайди, – дедим.
Сунбул қўлимдан тортса ҳам
кутиб турдим. Ҳаял ўтмай овчининг:
– Келинни эҳтиёт қил, ука,
клёнкадан қўрққан юрагингга
ишонавермасин, – дегани қулоғимга
чалинди.
– Тентак, – дедим ўзимга-ўзим, –
ярим кечаси мозорат оралаб,
жарликларни кезади. Бир кун келиб
ботқоққа ботиб ўлади.
Сездим, Сунбул ичида кулиб
қўйди.
Эрталаб атайин шу кўчадан
юрдим. Қоровул ўчиришни унутган,
шекилли, симёғоч чироғи сарғайиб
ёниб турарди; на симда, на яқин-
атрофда клёнка кўринарди. Ўйлаб 4
кўрсам, кеча умуман шамол ҳам
бўлмаган эди.
* * *
Нишон овчи овоз ботқоқликдан
эшитилганини айтганида ҳозиргидек
таъсирланмаган эдим. Уйга бориб,
Жунай ботқоқлиги ҳақидаги эски
мишмишни эсладим. Урушдан
кейинги йилларда ҳукумат ерларни
ўзлаштиришга бел боғлаган дамлар
чорвадор аҳолининг кўпчилигини
унумдор ерларга кўчиртириб
келишади. Қишлоғимиз ҳам ўша
йиллари барпо этилган. Одамлар
кичик-кичик пахса уйлар, оғилхоналар
қуришади. Пахтазорда ишлаш билан
бирга кишилар тўртта-бешта мол ҳам
асрашарди, албатта. Бу ерда
даштдагидек бепоён яйловлар
бўлмаса-да, ҳар ҳолда текислашнинг
иложи топилмаган дўнгликлар, қўриқ
ва бўзалоқдан иборат сой бўйи,
Жунай ботқоқлиги атрофидаги кичик
ўтлоқлар бор эди. Қишлоқ болалари
кун бўйи пастликдаги мазкур маконда
мол-қўй боқиб юришарди.
Ботқоқлик катта бир майдон эди.
Айтишларича, қадимда унинг ўрнида
кўл бўлган эмиш. Кўп йиллар тақво
қилган, ҳажга пиёда бориб келган
шайхлар зотидан бўлмиш Жунай
деган киши кечқурун кўл ёнидан
ўтаётиб, гўзал бир қизни кўриб
қолади. Атрофда қишлоқ кўринмасди.
Жунайнинг фикри бир зум ўзгаради.
Қиз билан жуда-жуда гаплашгиси,
уйига кузатиб қўйгиси, манзили узоқ
бўлса, бир кеча меҳмон қилгиси
келади.
Қиз кўзасига сув тўлдираверади,
Жунай секин-аста яқинлашаверади.
"Ҳой қиз" деса ҳам қиз қарамайди.
Шунда Жунай қўл чўзади. Еру кўк
бирдан ларзага келиб, қиз ғойиб
бўлади ва қўлдан одамсимон
баҳайбат махлуқ чиқиб, Жунайни
тортиб кетади. Тақводордан аянчли
ҳайқириққина қолади. Сув юзаси яна
аввалгидек сокин жимирлаб, қип-
қизил тусга киради.
Жунай иблис тузоғига тушган эди,
аммо унинг ибодатлари ҳам зое
кетмайди. Фаришталар кўлни
қарғайдилар. Кўл лойқаланиб, барча
жонзотлари қирилиб битади. Сўнгра
балчиққа айланади. Охир-оқибат ўт-
ўланлар униб чиқади. Аммо ўтлар ва
кўлмаклар ёлғончи эди, билқ-билқ
этиб пуфакчалар чиқишидан
билсангиз бўлардики, қадам
қўйишингиз билан очафотдек ютиб
юборади.
Қишлоқ бунёд бўлгач, аҳоли
кечқурунлари ботқоқ атрофида кўпам
ўралашавермасликни одат қилганди.
Кимдир афсонага ишонади, кимдир
йўқ. Ҳар ким ўз ҳолини билиб
юраверади. Дўнгликлардан бири
қабристонга айланди, ўтлоқлардан
бирида қўй қўраси қурилди. Йилда
бир-икки марта кечаси ботқоқликдан
баҳайбат махлуқ чиқармиш, ҳамла
қилиш тугул унинг турқини кўрган
одам тил тортмай ўлармиш, дерди
қариялар.
Ва ниҳоят, кунларнинг бирида
(бундан эллик йиллар муқаддам) бир
бола мол боқиб юриб, ухлаб қолади.
Қандайдир шовқиндан чўчиб уйғонса,
қош қорайиб қолган экан. Атрофда
ҳеч зоғ кўринмайди. Ўтакаси
ёрилаёзган бола қочишга тушади. Шу 5
пайт ботқоқликдан ўкирик
эшитилади. Бола янтоққа қоқилиб
йиқилади-ю яқинлашиб келаётган
баҳайбат яшил махлуққа кўзи тушади.
Одам деса одамга, дев деса девга
ўхшамас экан. Даҳшатли қўрқувдан
ҳушини йўқотган бола умрбод телба
бўлиб қолади. Ботқоқликдан чиққан
махлуқ ҳақида гапириб-гапириб, ўтган
асрнинг саксонинчи йилларида ўзини
осиб ўлдиради.
Бугунги қариялар ўша боланинг
фожиасига сабаб бўлган ҳодисага ҳам
чиппа-чин ишонардилар. Аммо ҳар
қандай мишмишнинг ҳовури
босилади. Жунай ботқоқлиги
ҳақидаги гапларга сафсата деб
қарайдиганлар сал кам бутун қишлоқ
аҳлини ташкил этарди. Жумладан,
мен ҳам ишонмас эдим.
Кузнинг сўнгги изғиринли
кунларида қўшни қишлоқлик мол
дўхтириникидан туз олиб келмоқда
эдим. Адашмасам, қайсидир
қишлоқда тўй бўлганди.
Сой устига қурилган кўприкда
чайқалиб турган Нишон акани кўриб,
ёнига шошилдим.
– Эсингиздами, – дедим унга, –
қишлоққа концерт келган куни
келинингиз билан уйга қайтаётиб,
омборхона орқасида сизни
учратгандик. Ўзиям зим-зиё эди.
Пастликда алламбалонинг овози
эшитилганда, сиз овоз ботқоқликдан
келди, дегандингиз. Наҳотки, ботқоқ
махлуқи борлигига ишонсангиз?
– "Ишонсангиз?" деганинг
нимаси? – овчи норозилик оҳангида
пўнғиллади. – Ахир, чинқириқни
эшитдинг-ку. Мен бир кунмас-бир кун
уни пақ-пуқ отаман. Қара, ҳув ана,
ботқоқликнинг бир чети кўриниб
турибди. Ундан ҳам нарига диққат
қил. Нимани кўраяпсан?
Мен дўнгликнинг қоқ белидан
ўтган четан деворни илғадим.
– Яхшимас, – деди Нишон ака, –
одамлар ерга тўймай ўтлоғу
дўнгликларни ҳам тўсиқлар билан
ўраб олишаяпти. Нега улар
тушунмайди-я? Сен бирон мозорни ўз
ҳовлингга қўшиб олишни
хоҳлармидинг?
– Йўқ.
– Мен овчиман, отам ҳам овчи
эди. Биз табиат ва унинг
махлуқотларини бошқалардан
яхшироқ биламиз. Ука, битта нарсани
тушун. Табиат томорқа эмас! Кўрасан,
бир фалокат бўлади.
Овчини маст деб ўйладим. Унинг
гапи башорат бўлиб чиқди.
* * *
Сойдан илонбалиқ, тангабалиқ ва
катта сазанларни овлаш мумкин эди.
Ондатралар ҳам кўп бўлиб, ғоза деб
аталмиш саватсимон тузоқларда
мўйна учун овланарди. Бироқ энг
қизиқарли ов тулки ва ўрдакларни
отиш эди. Қор қалин ёққан
кунларнинг бирида Қосим деган
қассоб милтиғини кўтариб ботқоқлик
томон кетади...
Ўша куни мен кунжара олиб
келиш мақсадида бир фермерникига
чана судраб борардим. Ҳали одамлар
кўчага чиқишмагани боис қорда
яккам-дуккам излар кўзга
ташланарди. Бир вақт чопиб
келаётган уч кишига рўпара бўлдим.
Худойназар деган бўлажак қўшним
(биз қишлоқ четидан томорқа
олганмиз) деди:
– Эшитдингми, Қосим қассоб
ботқоқлик ёнида ўлиб ётганмиш.
Уларга қўшилдим. Тизза бўйи қор
кечиб, сой бўйига тушдик. Йўл-
йўлакай "юраги касал эди", "балки
қон босими ошгандир" деб турли
тахминлар қилдик.
Ботқоқликка етмасдан, оппоқ қор
устида Қосим қассоб узала тушиб
ётарди. Милтиғи ва этик изларига
қараганда, сўнгги сонияларда у
қуролини ташлаб, қочишга уринганди.
– Милтиқ икки марта отилди,
аниқ эшитдим, – деди ўликни
биринчи бўлиб кўрган йигит. – Лекин
бошқа ҳеч кимга кўзим тушмади.
Мурдадан йигирма қадамлар
наридан қайтган излардан ҳайратга
тушдим: шунчалик бесўнақай эдики,
одамники эмаслиги аниқ, ахир,
менинг изимдан нақд иккита келади-
ку.
Бу излардан ботқоқликка
боришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади.
Ўликни олиб кетаётганимизда шамол
турди; қор гоҳ пастдан, гоҳ
дўнгликлардан юзга урилиб, кўз
очиргани қўймасди.
Ғалати излар ҳақида яна мишмиш
тарқалди. Қилдек жойи ҳам лат
емаган қассобнинг мурдасини
оқсоқоллар экспертизага
бердирмади. "Юраги хуруж қилган,
ҳар бало деб сандирайверманглар",
дейишди улар.
Давоми бор
#МарҳумКелиннингХиёнатитх