Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратди. Беҳисоб неъматларини ато қилди. Бу дунёдаги барча махлуқотни инсон учун, инсонга хизмат қилиш учун яратди ва инсонга бўйсундириб қўйди:
أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ وَالْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِأَمْرِهِ وَيُمْسِكُ السَّمَاء أَن تَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ إِلَّا بِإِذْنِهِ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
“Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир”. (Ҳаж. 65)
Инсонга бунча неъмат эвазига Ўзининг бирлиги ва борлигига имон келтириб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқатан Аллоҳнинг расули эканлигини тасдиқлаш, намоз ўқиш ва рўза тутиш каби фарз амалларни адо қилиш каби инсоннинг ўзигагина фойдали амалларни қилишни буюрди.
Шубҳасизки, инсон ўзига берилган неъматлар баробарида шукр қила олмайди. Буни Аллоҳ таоло Қурони каримда баён ҳам қилган:
وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَةَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ اللّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир”. (Наҳл. 18)
Шундай экан, ҳеч бўлмаса инсоф қилишимиз керак. Яқинда интернетда бир ҳикояни ўқиганим юқоридаги фикрларни айтишимга туртки бўлди. Унда бир кўзи ожиз қизнинг сўзлари келган. Қиз айтади:
“Мактабда яхши ўқир эдим, эшитганларимни мартадаёқ ёдлаб олар эдим. Устозларим мени жудаям яхши кўришарди. Ёшим ўн иккига борганда бирдан кўзларим хиралашиб қолди. Натижада узоқ вақт даволанишга тўғри келди. Ҳаттоки уч операцияни бошдан ўтказдим. Лекин фойдаси бўлмади. Кўзим бутунлай кўрмай қолди.
Мендан кўра ҳам ота-онам кўпроқ тушкунликка тушиб қолишди. Ким нима маслаҳат берса, шуни қилиб кўришга шошилишарди. Бир куни чорасиз қолган онам қишлоғимиздаги машҳур фолбинни еталаб келибди. Мен бундан жаҳлим чиқиб уни уйимиздан қувиб чиқардим. Аллоҳ бу дардни менга бердими, демак шифосини ҳам ўзи беради, дердим. Меҳрибон Аллоҳим дард билан бирга қалбимга чексиз сабр ҳам берган эди.
Кейин мени табибга кўрсатишмоқчи бўлишди. Рози бўлдим ва Аллоҳдан менга ўша томонлардан яхшилик беришини сўрадим.
Табиб мени кўриб чиқиб бир ҳафта ёнида қолиб муолажа олишим кераклигини айтди. Онам мен билан бир ҳафта қололмас эдилар. Шунинг учун у ерда даволанаётган аёлларга ишониб, мени уларга топшириб уйга қайтдилар.
Мен у жойда жудда ҳам оқкўнгил бир муслима аёл билан танишиб қолдим. У менга ёрдам берар, қаерга боришим керак бўлса, қўлимдан етаклаб борар эди. Кейин эса менга намоз ўқишим кераклигини, дардимга шукр қилишим лозимлигини айтди. Қалбимга гўзал илиқлик кириб келганди. Зеҳним яхшилигидан кичкина сураларни ёдлаб намозни дарров ўргандим. Илк бора бошимни саждаги қўярканман жуда гўзал ҳислар қалбимни қамраб олганди. Иймоннинг лаззатини ҳис қила бошладим. Ҳар намоз вақти киришини интизорлик билан кутардим.
Бир куни бу аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида айтиб бердилар. У зот ҳақида эшитарканман нимагадир кўзларимдан ёш селдай оқиб бораверарди. Қалбимда у зотга чексиз муҳаббат пайдо бўлганди. Муҳаммад саллоллоху алайхи васалламни бир бора тушимда кўришни орзу қила бошладим. Орзуимни пайғамбарга муҳаббат қўйишимга сабабчи бўлган аёлга айтдим. У менга кўплаб саловотларни ўргатди ва Аллоҳдан муҳаббатим абадий бўлишини сўраб дуо қилди.
Мен пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни тушимда кўрдим. Жуда ҳам гўзал шаҳарда юрган эмишман. Одамлари меҳрибон, юзларидан нур ёғилиб турар. Кўзларим кўрлиги эсимда, лекин кўзи очиқ инсондай шаҳар айланиб юрардим. Шу пайт ёнимдан жуда хушсурат одам чиқди. Бу Абу Бакр разияллоҳу анҳу эдилар.
«Марҳабо, хуш келибсиз, бизникига!», дедилар. Мен у зотга эргашиб уйга кирдим. Шинамгина уй экан. Менга камтарона безатилган дастурхон тўридан жой беришди. Кейин Абу Бакр «Хуш келдингиз меҳмон», деб мени аёли билан кузатиб қўйдилар.
«Раҳмат сизга, Абу Бакр! Аллоҳ сиздан рози бўлсин», дедим.
Хиёл юриб бир уй ёнидан ўтдим. Одамларнинг:
«Ана Аллоҳнинг пайғамбари!», деган товушларини эшитиб қолдим. Дарҳол ўша тмонга қарасам юзларидан нур ёғилиб Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам келардилар. Оппоқ кийимлари, бошларига ташлаб олган оқ мато ўртасидан боқиб турган нурли чеҳралари ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Ёнларига бориб салом бердим. У зот алик олдилар.
Мен:
-Аллоҳнинг пайғамбаримисиз, - деб сўрадим.
-Ҳа, - дедилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан менинг хаққимга дуо қилишларини, кўзларим очилишини сўрадим. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум ила қўлларини дуога очдилар. Оппоқ енглари кафтларигача келган эди. Қўлларини баланд кўтариб ҳаққимга дуо қилдилар. Кейин уйғониб кетдим.
Мен шу онда шунчалар бахтли эдимки, энди кўзларим очилишига шубҳа қилмас эдим. Бир ҳафталик муолажам тугаб уйга қайтиб келдим. Уйга келар эканман қалбимда яна бир янги муҳаббат пайдо бўлганди. Энди Қуръонни севиб қолгандим. Уни тинмай ўқигим келаётганини ҳис қила бошладим. Ва бир йил ичида Қуръони Каримни эшитиб ёдладим. Лекин кўзим ҳамон кўрмасди. Кейин билсам ўшанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзимни эмас, қалб кўзларимнинг очилишини сўраб дуо қилган эканлар. Мана, кўзларимга нур қайтмаган бўлса-да, қалбим нурга, Қуръонга тўла. Энди Қуръонсиз ҳаётим зулмат. Усиз энди йўлларимдан адашаман. Қуръонсиз яшай олмайман. Энди кўзларим очилмаса ҳам хафа бўлмайман. Ахир кўзи очиқ, аммо қалби кўр инсонлар қанча. Мен эса қалбим билан бутун дунёни кўраман”.
Ҳа, ибратланиш керак.
Муҳаммадсоли Иминов. Полвонтош жомеъ масжиди имом хатиби. Марҳамат тумани.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев