Дейлик, уйингизнинг калитини йўқотиб қўйдингиз. Эшикни очолмай, кўчада қолишни тасаввур қила оласизми? Кўчада овқатланасиз, дам оласиз, ибодат қиласиз, аммо уйдагидек ҳаловат топмайсиз...
Ҳар бир уйнинг калити бўлганидек, кунимизнинг ҳам калити бор. Эрта тонгдан бошланадиган кунни лойиқ яшаб ўтиш учун, аввало, унинг калитини топиб очиш керак. Тонгги дуолар орасида бир дуо бор. Айнан ўша дуо кунимизнинг калитидир. Мусулмон киши тонгда туриб, Парвардигорига юзланиб, бу файзли дуони ўқиса, унинг куни яхшилик билан очилиши аниқ. Устидан Аллоҳнинг неъматлари ёғилади, булардан кўнгли яйраётганини ўзи ҳам ҳис этади. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиб юрган дуоларнинг биронтасида беҳудалик йўқ, чунки у зот ҳаводан олиб гапирмаганлар. Дуо нафақат кунимизнинг, балки барча яхшиликларнинг калити ҳамдир.
Умму Салама онамиз ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиб, салом берганларидан сўнг: “Эй Аллоҳ, мен Сендан манфаатли илм, ҳалол ризқ ва солиҳ амал сўрайман”, дердилар.
Эътибор беринг-а, нима учун Пайғамбар алайҳиссалом дуоларини манфаатли илм сўраш билан бошладилар? Нима учун манфаатли илмни солиҳ амал ва ҳалол ризқдан олдин сўрадилар?
Фойда берадиган илмнинг аҳамияти шундаки, ҳалол ризқ ва солиҳ амал нималигини фақат илм ҳосил қилгандан кейингина билиб олинади. Агар кишида манфаатли илм бўлмаса, у қайси амал солиҳу қайсиниси ножўя, қайси ризқ ҳалолу қайсиниси ноҳалоллигини қаердан ҳам ажрата олсин?!
Қолаверса, илмнинг ҳам манфаатлиси-манфаатсизи бўлади. Ўрганиб туриб амал қилинмаган илм эгасига кони зиёндир. Шунингдек, ўрганишнинг ўзи зарар бўлган илмлар ҳам бор. Бундай илмлардан паноҳ сўрашга буюрилганмиз.
Пайғамбар алайҳиссалом манфаатли илмдан сўнг ҳалол ризқ сўрадилар. Бу нарса бизни тонг маҳалидаёқ ноҳалол ризқдан, бошқаларнинг ҳақидан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Ундан кейин сўраганлари солиҳ амал бўлди. Демак, банда тонгданоқ эзгу ишларни, савобли юмушларни ният қилиб, дилига тугиб олиши лозим. Сўнгра эса, у ниятнинг ижроси сари таваккул ила қадам босади.
Бу ёзганларимиз ила айтмоқчимизки, кунингизнинг калитини топинг ва уни йўқотиб қўйманг.
Сурайё Зоҳир
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев