Сенинг юртларингда фаровонликми?
Ҳаёлу-ўйимдан бир зумга кетмай.
Қандай уддаладинг унутмоқликни?
Қандай яшаяпсан соғинмай, кутмай!
Бошқа бир юракни ўрнатдингми ё,
Бошқа бир кўнгилни олдингми сотиб.
Нега мен тунлардек чўкяпман гўё,
Нега мен қуёшдек боряпман ботиб?
Неча уммон ювди менинг ёдимни,
Хижрон ўқларига қандай бердинг чап?
Мен эса юрибман ютиб додимни,
Тўрвасин йўқотган гадога ўхшаб.
Тонгларинг саллона отарми ҳамон,
Шомларинг ботарми оловдек ёниб.
Менинг баҳорда ҳам баргларим ҳазон,
Мендан ҳаловатлар кетмоқда тониб!
Биламан, қачонлар топгансан шифо,
Табиб ҳам топгансан устаси фаранг.
Менгачи, тўкилиб бормоқда дунё,
Ўзим ҳам қуламай турибман аранг!
Кимда тош, кимдадир оловдан юрак,
Ҳар кимнинг аҳволи ўзига аён.
Кимдир айрилиқдан парвойи фалак,
Кимнингдир иккала дунёси вайрон!
Малика Тавфиқ.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2