Овозсиз йиғлаган кўзларни кўрдик,
Томчилар ортида уммонлар бордир.
Сукунат ортида бўронлар тирик,
Кўнишлар ортида исёнлар бордир!
Гуноҳни гуноҳ деб билмаслик гуноҳ,
Сотманг, касот бўлиб бўлган бу қадр!
Озорлар ҳаққини сўрайди Аллоҳ,
Кўнгиллар ортида инсонлар бордир!
Оёқ-қўллар буту, юраклар майиб,
Кўриб қўй тил захри неларга қодир.
Юракка санчилган ўқда не айб,
Уни қотил қилган камонлар бордир!
Ҳар ишда бир хайр, ҳар ишда хикмат,
Синовдир тақдирда не бўлса содир.
Дард ҳам берилади етгунча тоқат.
Яхшини танитган ёмонлар бордир!
Захмат келар бўлса шукрдан қолма,
Унутма, нима бор сендан ҳам нодир?!
Кўнглинг оғридими?
Кўнгилга олма...
Бошингда ҳали не давронлар бордир!
Кўнгиллар ортида инсонлар бордир...
Малика Тавфиқ.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3