Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бонг уради: ХХ аср юрак-қон томир касалликлари асри эди,XXI юз йиллик эса аллергия даври. Чунки шу кунларда жаҳон аҳолисининг 20 фоиздан ортиқроғи бу касалликдан азоб чекмоқда. Организм учун улкан ўзгаришлардаври бўлган ҳомиладорликда эса илгари аллергия ҳақида умуман эшитмаган аёллар ҳам унга мубтало бўлишлари мумкин. Даволаш жуда эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши керак.
У қаердан пайдо бўлади?
Аввало, ҳомиладор аёл ўз саломатлигига эътиборли бўлиши лозим. Бу даврда ортиқча дори-дармон истеъмол қилмаслик, косметик ва маиший кимё воситларидан иложи борича фойдаланмаслик, сунъий эмас, фақат табиий матолардан либослар кийиш, тоза ҳавода юриш ва тўғри овқатланиш муҳим. Зеро, аллергия – организмнинг кучли ҳимоя реакцияси бўлиб, бунда иммун тизими ташқи таъсирлар у ёқда қолибинсоннинг ўз тўқималарини зарарлай бошлайди. Шу сабабли танамизни зарарли ташқи таъсирлардан ҳимояласак, иммун тизими ҳам издан чиқмай, ўз вазифасини тўғри ва аниқ бажара олади.
Маълумотларга кўра, 18 – 24 ёш оралиғидаги ҳомиладорлар аллергиядан энг кўп азият чекишар экан.
Ҳомиладорликда аллергиянинг икки даражаси кузатилади:
1. Енгил даражаси. Бунда аллергик ринит (бурундан тинмай сув келиши), аллергик конъюктивит (кўз қичиш, ёшланиши), локаллашган тошмалар (тананинг айрим ерларига тошма тошиши) кузатилади.
2. Оғир даражаси. Бутунтанага тошма тошиши, Квинке шиши (шиллиқ қаватларнинг аллергикреакция оқибатида шишиб, нафас йўлини тўсиб қўйиши), анафилактик шок (артериал босимнинг кескин тушиб кетиши оқибатида юзага келадиган карахтлик ҳолати).
Ҳомилага таъсири
Аллергенлар бевосита ҳомилага таъсир қилмайди, чунки уларнинг йўлини плацента тўсиб туради. Шунга қарамай, онанинг умумий аҳволидаги ўзгаришлар, аллергия симптомлари оқибатида юзага келган ноқулайликлар,қабул қилинадиган дори-дармонлар (аллергияда қабул қилинадиган дори воситалари бачадон-плацента қон айланиш тизимини сусайтириб, ҳомилага кислород етишмаслигини юзга келтириши) болага салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Даволаш
Асосий мақсад ҳомилага таъсир ўтказмай туриб онадаги аллергия симптомларини йўқотишдан иборат. Буни мутахассис ёрдамисиз амалга ошириб бўлмайди. Шу сабабли ҳомиладор аёлўзида аллергия белгиларини сезгани ҳамоно шифокорга мурожаат қилиши керак. Ўзбошимчалик билан даволаниб бўлмайди, чунки аллергияда қўлланиладиган кўпчилик антигистамин препаратлар ҳомиладорларга мумкин эмас.
Олдини олиш
Бунинг учун ҳомиладораёл аллергия чақириши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан тийилиши, чанг, турли ўткир ҳидлардан узоқроқ бўлиши, ўзбошимчалик билан турли дори воситаларини қабул қилмаслиги лозим. Қуйида озиқ-овқат маҳсулотлари аллергиячақириш даражасига қараб таснифланган.
Юқори даражада: сигирсути, балиқ, денгиз маҳсулотлари, балиқ икраси, тухум, цитрус мевалари, ёнғоқ, ананас, қовун, хурмо, қора смородина, шоколад, қаҳва, какао, хантал, помидорлар.
Ўрта даражада: қизил смородина, картошка, нўхот, курка гўшти, қуён гўшти, шафтоли, ўрик, гармдори, жўхори, гречка, гуруч, карам.
Қуйи даражада: кабачки, патиссон, шолғом, қовоқ, олма, банан, оқ смородина, олхўри, тарвуз, от гўшти, қўй гўшти, бодринг.
Албатта, бу маълумотлар ўта нисбий. Соғлом аёл ҳомиладорликда бу маҳсулотлардан ҳар куни маълум миқдордаистеъмол қилиб турса бўлади. Аммо меъёрни унутмаслик, бордию аллергия белгилари сезилса, дарҳол ўша маҳсулот истеъмолини чеклаш лозим.
Эслатма
Чекиш, алкогол ичимликлар ичиш ҳам аллергияга мойилликни кучайтиради, ҳомиладор аёл буни эътибордан қочирмаслиги керак. Шунингдек, бу даврда уй ҳайвонлари боқишни ҳам тавсия этмаймиз. Чунки уларнинг жунида ўткир аллергенлар яшайди. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг, ҳар куни чангларни хўл латта билан артиб чиқинг, ҳафтада камида бир марта гиламларни чангютгич билан тозаланг, ёстиқларнинг чангини қоқиб офтобга ёйиб қўйинг. Хуллас, атрофингизда аллергиячақариши мумкин бўлган барча нарсаларни йўқотинг.
Унутманг, ҳомиладор аёл аллергияга мойилми-йўқми – қатъи назар, соғлом турмуш тарзига риоя этиши, стресслардан қочиши, камроқ касал бўлиши, ўзини авайлаши ва ўз билганича дори воситаларини қабул қилмаслиги керак.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1